ҚАҲРАМОН АЁЛ МАҲБУБА ЗОКИРОВАГА.

Исмат Хушев.
Канада.
71167.jpg
Рамазон кунларнинг бир жумасида,
«Озодлик» дунёга тарқатди хабар:
– Ўзбекларнинг Олий Маҳкамасида
Бир аёл ҳақ гапни айтди бу сафар!

Наҳотки ёлғоннинг йўлини ёпдинг,
Бу не кароматинг бўлди эй фалак!
Сен бу Маҳкамага қайдан йўл топдинг,
Андижондан келган эй жасур малак!

Шунча самимият, шунча ҳалоллик,
Шунча шижоатни қайдан ололдинг?
Олий Суд юзига боққанингча тик,
Миллион юракларга титроқ сололдинг.

Зулм ва ҳақорат ҳоким Ватанда,
Намойиш этолдинг гўзал исённи.
Менда йўқ жасорат бор экан санда,
Кўзини очдинг-ку Ўзбекистонни!

Кўзларини очди бу кўҳна олам,
Сесканиб уйғонди мудроқ кўнгиллар.
Энди юрагимни тирнамас алам,
Токи тирик экан сендек сингиллар!

Қонхўр ҳукуматни ҳамкор деб билган,
Россия, Хитойга аччиқ сабоқ бу!
Улар хаёлини паришон қилган,
Маҳбуба исмли дилбар маёқ бу!

Зулмнинг қоронғу йўлкаларини,
Бир ғужум нур бўлиб ёрита олдинг.
Ўзбекнинг эгилган елкаларини,
Кўтариб дардини арита олдинг.

Гўзал Руминия гўшаларида,
Номинг дуо билан тилларда достон.
Тешиктош ва Ўшнинг кўчаларида,
Бошланган дейишди сендаги исён…

Бугун тақдир сенинг қўлингдан тутди,
Хориж ва ҳибсда қолди эркаклар…
Синглим, ўн олти йил умримиз ўтди,
Сармаст юртбошидан тинглаб эртаклар.

Олис Канаданинг сўлим шаҳридан,
Таъзимлар йўллайман Маҳбуба синглим.
Ислом Каримовнинг зулму-қаҳридан,
Энди хавотирлар беҳуда, синглим!

Энди тонглар яқин, инқилоб яқин,
Шўрлик ҳурриятнинг тикланур қадди.
Энди мамлакатда бўлса бир чақин,
Унга ҳукуматнинг етмайди ҳадди…

«Мени қамайсизми?» – дема, эгма бош!
Сени паноҳида асрайди Эгам.
Эртага нур сочиб чиқади қуёш,
Ҳали Ватанимга қайтаман мен ҳам!

Умринг узоқ бўлсин, ғам кўрма сира,
Барча балолардан асрасин Оллоҳ.
Тўртта фарзандинг ҳам ҳалол, бокира,
Ўсиб улғайишсин! Омин! ИншоОллох!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares