- Собиқ СССР давлатлари орасида фарқлар ортмоқда
Шу кунларда аксар собиқ Совет давлатлари ўз мустақилликларининг 16 йиллигини нишонлашмоқда.
Ўтган 16 йил ичида Болтиқбўйи давлатлари Ғарбий Оврўпо билан интеграцияга киришдилар. Гуржистон ва Украинада ҳам ғарбга мойил сиёсатчилар ҳокимиятга келишди
Аммо Марказий Осиёда ҳамон аксар собиқ коммунистлар ҳукмрон.
Шу қаторда, Россия ва Қозоғистонда жадал иқтисодий ўсиш кўзга ташланса, Ўзбекистон ва Туркманистонда ҳам сиёсий ва ҳам иқтисодий эркинликлар қаттиқ назорат остида қолмоқда.
Тожикистон ва Арманистон каби кичикроқ ва бойлиги кам давлатларда эса қашшоқлик қаторида, ёнидаги қўшниларининг босими остида қолиш каби ҳолатлар ҳам кўзга ташланади. Ҳақиқатан ҳам ўтган 16 йил давомида бир давлатдан ажралиб чиққан мамлакатлар орасидаги фарқлар неқадар яққол кўзга ташланмоқда.
Би би си Ўзбек хизмати бу савол билан Би-би-сининг собиқ Совет Иттифоқи бўйича таҳлилчиси Малкольм Ҳазлетга мурожаат қилди.
Малкольм Ҳазлет: Ҳар йили орадаги фарқлар тобора яққолроқ кўзга ташланиб бормоқда. Бу иқтисодда ҳам, сиёсий йўналишда ҳам кўринади.
Масалан, бир тарафда Гуржистон ё Украинани қўйсак, қарама қарши томонда Тожикистонга ўхшаган давлатларни қўйса бўлади.
Хусусан, Гуржистон эркин иқтисодлар қаторига киришга, собиқ Совет Иттифоқига улаб турадиган иплардан қутулишга қаттиқ интилмоқда.
Аммо қарши тарафдаги давлатларда ҳамон шўровий бошқарув усуллари сақланади. Улар эски совет шиорларини миллий бир йўлда ўзгартириб, ҳамон қўллашади. Хуллас, фарқлар жуда улкан.
Би-би-си: Сиз айтаётган улкан фарқларга сабаб нима? Бу энди ҳар бир давлатдаги сиёсий раҳбариятга боғлиқми ва ёки шу мамлакатларнинг табиий бойликлари ҳамда иқтисоидй тараққиёт даражаларига тақалиб қолмоқдами?
Малкольм Ҳазлет: Менимча, бу ерда бир неча сабаблар бор. Мана, Қозоғистонга қаранг. Бу мамлакат Россия билан ўз орасидаги боғловчи ипларни узиб ташлай олмайди.
Тўғри, Қозоғистон раҳбарияти бунинг тескарисини айтиб келади. Лекин бу ерда сиёсат ҳам, иқтисод ҳам қаттиқ назорат қилинади.
Амалда эса Россиянинг «Газпром» каби ширкатлари бутунлай давлат назоратидадир.
Қозоғистондаги миллатларга қарасангиз, аҳолининг қарийб ярми ё рус, ё украин. Бу мамлакатдаги саноат ҳам Россияга боғланган.
Лекин Гуржистон азалдан Россиядан қутулишга интилган давлатдир. Шу боис мазкур жараён давлат раҳбариятига ҳам боғлиқ масала.
Би-би-си: Лекин Қозоғистон бугун иқтисодий жиҳатдан жуда яхши илгариламоқда. Айни ҳолат қайтага Козоғитсон раҳбариятининг бошқарувчиилк маҳоратидан далолат эмасми? Ва ёки Қозоғистоннинг муваққақияти биргина нефтига боғлиқ, деб ўйлайсизми?
Малкольм Ҳазлет: Шаксиз, ёқиғли бўйича Қозоғистон мислсиз даражада бой ўлка. Мислсиз бой… Тўғри, бошқа бойликлари ҳам бор.
Аммо барибир, Президент Назарбоевнинг ҳам бошқарувига тан бериш керак. Бу мамлакат кўп миллатли. Президент Назарбоев шу қаторда ҳам Россия ва ҳам Ғарб билан етарлича алоқаларни ўрнатиб, ўртада маҳорат билан сиёсат юргизаяпти.
Ғарб ҳам Қозоғистонга катта сармоялар киритмоқда. Унинг ички сиёсати қандай бўлишидан қатъий назар, халқаро доирада Президент Назарбоев моҳирлик билан сиёсат юргизмоқда.
Би-би-си: Ҳали 90-йиллари минтақада айнан Ўзбекистон анчайин тараққий этган ва катта умидлар тикилган мамлакат эди. Ўзбекистон бойликлари Қозоғистон ё Туркманистонники каби улкан эмас. Аммо Ўзбекистондаги бугунги қашшоқлик нимага боғлиқ – сиёсий бошқарувгами ё нефт ва гази камлиги туфайлими?
Малкольм Ҳазлет: Бу ерда ҳам сиёсий раҳбарият ва ҳам иқтисодий сабаблар биргаликда таъсир қилмоқда.
Тўғри, Ўзбекистонда ҳам анча-мунча табиий бойликлар бор. Аммо Ўзбекистон ўз қўшнилари Туркманистон ва ё Қозоғистончалик улкан заҳираларга эга эмас.
Бунинг устига мамлакат раҳбарияти битта йўлни изчил ушлай олмаяпти. Бошида Ўзбекистон ҳукумати ғарбапараст эди ва Совет иттифоқи ришталаридан қутулишга, мустақиллигини кучайтиришга урингандек кўринди.
Кейин эса Ислом Каримов жангари ислом баҳонасида Россия билан яқинлашди. Лекин мана, Президент Назарбоев ҳам ғарб, ҳам Россия ва ҳам Хитой билан яхши алоқаларни ўрната билди-ку.
Ўзбекистон эса аниқ бир йўлни тута олмай, ҳамманинг ҳафсаласини пир қилаяпти.
Би-би-си: Лекин Ўзбекистондаги жангари Ислом муаммоси ҳам ҳақиқат эмасми? Масалан, Қозоғистонда Ўзбекистондаги каби сиёсийлашган ислом кучли эмас.
Малкольм Ҳазлет: Менимча ҳам шундай. Чиндан ҳам Ўзбекистонда жангари Ислом муаммоси бор. Бу муаммо Тожикитсонда ҳам мавжуд.
Туркманистон ва Қирғизистонда айни муаммо миқёси анчайин паст. Қозоғистон ва Озарбайжонда, масалан, жангари Ислом муаммоси ҳеч қачон бўлмаган.
Би-би-си: Айрим таҳлилчиларга кўра, Ғарб собиқ коммунистик дунёдаги Польша ёки Чехия каби давлатларга кўп ёрдам берди, сармоялар киритди ва улар бугун анча ривожландилар. Қофқоз ё Марказий Осиёга эса ғарб етарлича эътибор қаратмагани учун ҳам илгари силжишлар жуда секин кечмоқда. Айни фикрларда қанчалик жон бор?
Малкольм Ҳазлет: Аввало, Польша ё Чех республикаси билан Қофқоз ё Марказий Осиёнинг орасидаги фарқлар катта. Польша ва Чехия бутунлай демократик давлатлардир.
Аммо Собиқ Иттифоқнинг аксарият давлатларида умуман демократия йўқ. Қирғизистон, Украина ва Гуржистонда қандайдир даражада демократия аломатлари кўзга ташланади. Ўзбекистон каби давлатлар эса демократия ва ёки соғлом жамият меъёрларига ҳатто яқин ҳам келишмаяпти.
Би-би-си: Бошқа томондан, Россияда Путиннинг ҳокимиятга келиши ва у ерда ҳам демократиядан чекиниш ҳоллари юзага келгани собиқ иттифоқ давлатларига ҳам таъсир этмаганми?
Малкольм Ҳазлет: Дарҳақиқат, шундай. Марказий Осиёнинг аксар давлатлари Россия билан бирга бўлишни танлашди.
Улар экскича тоталитар бошқарувга яқин, авторитар, яъни яккаҳоким бошқарув томонга қараб кетишаяпти.
Яъни бир қаттиққўл раҳбар ва ҳамма унга итоат этади. Хусусан, бу ўринда давлат ҳам кучли бўлади.
Лекин Россия ва Қозоғистонда Ғарбга зарур бойликлар бор ва шу туфайли ҳам бу мамлакатларга сармоялар кириб келмоқда.
Улардек йирик бойликка эга бўлмаган мамлакатлар эса азият чекиб қолишавермоқда.
Би-би-си: Дарвоқе, сиз айтган ана шу бойликсиз ва заифроқ давлатлар – Молдова, Тожикистон, ё Арманистонни олсак. Улар ўз кўшниларига кўра кичик, табиий бойликлари оз ва стратегик аҳамияти ҳам пастроқ. Шу қаторда уларда демократия ҳам гуркираётгани йўқ. Бу мамлакатларнинг келажаги қандай кўринаяпти энди?
Малкольм Ҳазлет: Бу давлатларнинг айримлари учун келажак анчайин мавҳум. Молдованинг ёнида-ку, Руминия бор.
Арманистонга кўмак кўрсатадаган бадавлат арманлар эса Америкада анча-мунча.
Лекин, масалан, Гуржистон жуда ғариб аҳволда. Чунки бу давлатга ёрдам бериш учун хорижда яшовчи бадавлат гуржистонликлар ҳам деярли йўқ.
Қирғизистон ҳам шундай бир иложсиз аҳволда қолган.
Айни давлатлар ҳақиқатан ҳам заифлар. Хорижда уларга ёрдам берадиган кучли лобби гуруҳлари йўқ. Ўз ҳудудларида эса улкан табиий заҳиралари ҳам мавжуд эмас.
Би-би-си: Айрим таҳлилчиларга кўра, Африкадаги 60-йиллари юз берган мустақиллик тажрибалари ўзини оқламаган. Бугун Собиқ Иттифоқдаги қатор давлатларда ҳам қашшоқлик кучайиб, сиёсий эркинликлар бўғилмоқда. Айрим африка давлатларида мустақиллик ишламади, деган иддаоларни қатор собиқ Совет республикаларига нисбатан ҳам қўллаш вақти келдими?
Малкольм Ҳазлет: Менимча, мустақил бўлган Африка давлатлари ва собиқ Совет республикалари орасидаги фарқлар жуда катта.
Мен ўзим янгидан мустақилликка эришган Руандада ишлаганман. Шу боис ўртадаги фарқларни яққол кўраман.
Собиқ Совет давлатларидаги иқтисод ҳам, давлатчилик ҳам, тараққиёт ҳам анча юқори.
Марказлашган Совет Иттифоқи иқтисодий инфратизилма яратганди.
Собиқ СССРдан мустақил бўлган давлатлар муаммоси эса совет давридаги ана шу марказлашган давлатчилик сиёсатини ушлаб олишлари бўлаяпти.
Масалан, Африка давлатлари канчайин демократик ўлкалар бўлишлари ҳам мумкин эди. Лекин Африканинг муаммоси иқтисодий тарққиётнинг етишмаслиги бўлиб қолаверарди.
Шу сабабли Африкадаги қатор давлатларда сиёсий раҳбарият иқтисодни ўз назоратига олди. Менимча, қатор собиқ Совет давлатлари раҳбарлари ҳам иқтисодни ва мавжуд бойликларни назорат қилишга уринишмоқда.
Бу тажриба Африкада фожеавий оқибатларга етаклади.
Шундай экан, собиқ Совет давлатларида ҳам ҳалокатли натижаларни келтириб чиқариш эҳтимолларини назардан соқит қилиш керак эмас
Манба:Би-би-си.



