ШАҲОДАТ КАМПИР MУНОЖOТИ

Ғафур ЙЎЛДОШЕВ

gofurjon-yuldoshev.jpg 

(“Президентга лаънат” ҳикоялар туркумидан)

Ё худойим, ёлғиз Ўзингдан нажот,

Ўзинг харомзода президентдан қутқаргин.

Энди бизнинг юртда ҳам байрамлар бўлсин,

Эсон – омон болаларимни кўрсатгин.

Юракларим толиқди-ю, худойим,

Халқнинг қонин қачонгача ичади –

Махлуқнамо президент,

Инсоф-у, имонни-ю ютган –

Амалдорлар, итга сиғинаётган итваччалар!

Ё худойим, шундай кунга етказгин,

Анжанда одам отган

Пагонли манқуртларни,

Президент Каримовни

Хор-у, зор қилгин, кўрайлик!

Улар отган гўдакларнинг қони урсин,

Тирноққа зор қилгин уларни худойим!…

Хокимларга ойна бергин,

Ойна бергин, вазирлар-у, итялоқ маддоҳларга.

Ойна бергин, қашшоқ халқни талаётган

Харомзоданинг жами амалдорларига –

Ойна бергин худойим –

Гуноҳига тавба қилиб, инсофга келсин энди,

Эртага кеч бўлишин дилига солгин, худойим!

Юртимизга байрам ёғилсин,

Эсон – омон болаларим бағрига қайтаргин!

Жон худойим:

Юртимда,

Энди супраларни тешмасин каламушлар,

Одамларнинг қорни овқатга тўйсин,

Қайтсин, иссиқ оиласига мардикорлар,

Қайтсин ўзга юртлардан танфуруш аёллар.

Ўзинг қодирсан худойим!

Ислом Каримовнинг жазосини бергин энди!

Ўзинг бердинг, шундай кўрнамакни,

Ўзинг энди ол жонини худойим!

Инсофлиг-у, иймонлиг-у, харомзода бўлмаган

Бир юртбоши ато этгин худойим!

Бизнинг юртда ҳам байрамлар бўлсин,

Жонимни ол Андижонда худойим!

Бу Шаҳодат холанинг илтижоси. Шу пайтгача сиёсат билан мутлақо шуғулланмаган, қизлик даврида эртаклар ёдлаган-у, лекин шеър ёзмаган, дўппи тиккан, куйлак тиккан, тўнлар тиккан, бироқ шеър ёзмаган Шаҳодат холанинг шеърий илтижоси бу. Киндик қони тўкилган Андижонда олтмиш йил яшаб, биров “мушугини пишт демаган”, бироқ 13 май куни кампирга қарата ўқ отишган ва минг азоблар, минг кўргуликлар билан охири чет элдан паноҳ топган, аслида Тошкентга ҳам умрида бормаган оддий ўзбек қариясининг – Шаҳодат холанинг муножоти бу!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares