УЗБЕКИСТОН ИНСОН ХУКУКЛАРИ ЖАМИЯТИНИНГ БИЛДИРИШНОМАСИ

0000752.jpg 

Узбекистон Инсон Хукуклари Жамияти Коракалпогистон Республикаси (ККР) булими раиси Турсинбой Утамуратов 10 сентябрь куни ККР жиноий ишлар буйича Тахиатош шахар судида судья Жамила Хошанова раислигида булиб утган суд мажлисида суд залида озод этилди. Бирок суд уни турт ярим миллион сум жарима хисобига озодликка чикарди. Узбек «одил суди» узига содиклигини яна бир марта намойиш килди. Нимага содиклик бу?

Купйиллик кузатишларимизга таяниб айтишимиз мумкин-ки, Мангит шахрида фукаро Камол Абдуллаев оиласига нисбатан прокуратура ва милиция ходимларининг килган жиноий хатти-харакатлари Узбекистоннинг барча худудларига хос булса-да, бирок Амударёлик хукук-тартибот органлари ходимлари карокчиликни очикдан-очик амалга ошираётганлиги хар кандай одамни хайратга солади. Бу вокеа биринчиси эмас. Бу вокеа юз бериши учун бундай вокеалар оддий норма тусига кирган булиши, яъни прокуратура ва милиция карокчилик килаётган ва одамлар мулкини хаёсизларча тортиб олишни кенг йулга куйган булиши керак. Бу – давлатда адолат йуколганининг белгисидир. Бундай пайтда таланаётган инсонларда битта конуний йул колади: одил судга мурожаат килиш. Агар одил суд таланаётганлар томонида эмас, балки талаётганлар томонида турса, у холда Августин Аврелийнинг таъбирича давлат карокчилар тудасига айланади.

Биз куйида Т.Утамуратовнинг химоячилари Рустам Корабоев, Аъзам Тургунов ва Робия Утамуратоваларнинг судда изхор килишган химоя нуткини хурматли укувчилар диккатига хавола киламиз. Нутк матнида юридик термин ва тушунчалар куп булгани у укиш учун зерикарли булиши мумкин. Шундай булса-да, нуткни кизикиш ва синчковлик билан укиган укувчи Узбекистонда давлат тузуми накадар чириган холга келганини яккол куриши мумкин.

1-кисм

Жиноий ишлари бўйича Тахиатош шахар суди

раиси Ж.ХОШАНОВА га

Судланувчи Т.Утамуратовнинг ҳимоячилари:

Тошкент 100060, Умарбеков кўчаси 5а-уй

Р.Карабаев ва А.Турғунов ва

Р.Утамуратоваларнинг

Тел. 168 -15-98, 386 -73-32, 229 -83-55.,
350-41-01

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 450 –моддаси талаби асосида.

(жиноят –судлов процесси музокарасида айбловнинг мохияти юзасидан

ҳимоянинг ёзма равишдаги таклифлари)

.
Ҳурматли раислик этувчи ва процесс иштирокчилари!

Жиноят ишлари бўйича Тахиатош шахар суди иш юритувида бўлган, Ўз.Рес.ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми, 227-моддаси 2-қисми “а” банди, 236-моддаси 2-қисми, 277-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари билан дастлабки терговда айбдор деб топилиб, судга берилган Турсунбой Утамуратовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан ўтказилган суд мажлиси процессини якунлаш ва одил суднинг холисона, адолатли хукмини эшитиш арафасида турибмиз.

Ўзбекистон Республикси Конституцияси ва ЖПКнинг 409, 450-моддалари талаби асосида суд процессида иштирок этаётган тарафлар ЖПКнинг 22-моддаси талаби асосида қонунда белгиланган тартибда хақиқатни аниқлаш, иш учун ахамиятга эга бўлган юридик фактларни синчковлик билан холисона, ҳар томонлама ўрганиб чиқиши ва унга хуқуқий баҳо бериши қонунда талаб қилинади.

ЎзР Олий Суди пленумининг 2004 йил 24 сентябр 112-сонли “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” ги Қарори 1-қисмида кўрсатилган талабларига асосан, ЖПКнинг 11-моддасида мустахкамланган қонунийлик пртнципларига мувофиқ ҳар бир жиноят иши бўйича иш юритиш, жиноят-процессуал қонунида белгиланган тартибга қатъий риоя этилган холда амалга ошириш шартлиги белгиланган.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонунни аниқ бажаришдан ва унга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъий назар, шу йўл билан олинган далилларнинг номақбул (яроқсиз) деб топилишига олиб келади.

Номақбул далиллар юридик кучга эга бўлмай, улардан ЖПКнинг 82-84 моддаларида назарда тутилган ҳолатларни исботлаш учун фойдаланиш ҳамда уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмас.

Жиноят –судлов процессида ЖПКнинг 25-моддаси талаби асосида суд айблов ёки ҳимоя тарафида турмасдан, уларнинг бирон-бир манфаатларини ифодаламасдан, беғаразликни сақлаган холда тарафлар процессуал мажбуриятларини бажаришлари ва берилган хуқуқларини амалга оширишлари учун барча зарур шароитлар яратиб бериши шартлиги кўрсатилган.

ЖПКнинг 33-моддаси талаби асосида прокурорга ўз ваколатини амалга ошириш учун суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида қонун бузилишини, ким томондан содир этилганидан қатъий назар, бартараф этиш учун қонунда назарда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида кўриши шартлиги, айбсиз фуқаро жавобгарликка тортилмаслиги, жиноятчи жазосиз қолмаслигини таъминлаш мажбурияти юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 15, 2-моддалари, ЖПКнинг 11-моддаси қонунийлик принципларига кўра ҳар қандай мажбурият маъсулиятни келтириб чиқаради. Давлатнинг ваколатли органларидаги маъсул мансабдор шахслар ўзларига юклатилган мажбуриятларини қонунда белгиланган тартибда бажармаслик, қонун бузилишларини олдини олмаслик холатлари уларга нисбатан жавобгарлик масаласини келтириб чиқаради.

Иш юзасидан ЖПКнинг 11, 22, 23-моддалари талаби асосида суд процессида исботланмаган, аниқланмаган фактлар юзасидан тарафлар гапиришга хақли эмас.

Судланувчи Т.Утамуратов хақиқатдан ҳам ЖКнинг юқорида кўрсатилган моддаларида белгиланган жиноятларни содир этганми, содир этган бўлса, унинг харакатларида тугалланган жиноят аломатлари борми, бор бўлса улар нималардан иборат, бирламчи процессуал хужжатлар ваколатли мансабдор шахслар томонидан қонунда белгиланган тартибда олинганми, иш учун ахамиятга эга бўлган далилий ашёлар ЖПКнинг 81-моддаси 2-қисмида кўрсатилган тартибда тақдим этилганми, айблаш учун шу Кодекснинг 82-84 моддасида кўрсатилган талабларига жавоб берадими ва ундан фойдаланиш мумкинми, унга нисбатан қўлланилган эхтиёт чораси ЖПКнинг 242, 249, 250-моддалари талаби асосида қўлланилганми, терговчи томонидан проуцессуал хуқуқ нормаларига риоя этилганми, далилий ашёлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Жиноят Процессуал Кодекси талаблари асосида иш материалларига тақдим этилганми, этилган бўлса улар нималардан иборат?

Жиноят-судлов процесси давомида аниқланган холатларга кўра, дастлабки терговда ЖПКнинг 11, 17, 18, 22, 23, 24, 26, 33, 34, 36, 38, 39, 46-48, 81-моддаси 2-қисми, 82-моддаси 1,3,4-қисми, 83-моддаси 2, 3-қисмлари, 85-88, 90-92, 94, 95, 106, 133, 134, 135, 137, 139, 140, 141, 160-164, 214, 217, 221, 224, 225, 227, 296, 231, 242, 243, 248, 249, 250, 321, 322, 324, 325, 337, 338, 375-380, 382-388, 391- моддалари (ЖПКнинг 73 та ), Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 2, 15, 18,19, 20, 25, 27, 30, 36, 43, 44, 47, 48, 118, 120- моддалари (15та), жами 88 та процессуал ва конституциявий хуқуқ нормалари прокурор, терговчи томонидан қўпол равишда бузилганлиги, сохта гувохлик кўргазмаларига асосланиб дастлабки тергов харакатлари ўтказилганлиги, қалбаки хужжатлар тузиш йўли билан бегунох фуқаро асоссиз равишда қамоққа олинганлиги холатлари суд мажлисида сўроқ қилинган судланувчи ва гувохларнинг берган кўргазмалари билан ўз исботини топди.

Дастлабки терговда сўроқ қилинган Т.Утамуратов, 2007 йил 14 май куни фуқаро Камолбой Абдуллаев, хуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлари – Амударё туман прокуратураси кошидаги СВОЖЖДЛКК департаменти бошлиғи Жумабой Султонов, профилактика нозирлари Марлен Серсенбаев, Хамид Абдуллаев ва ўзини СЭС ходими деб таништирган Мадатова Гўзал исмли аёл унинг уйига бостириб кириб, ҳеч қандай процессуал хужжатларсиз омборида сақлаб қўйган 1300 кг пахта мойини зўровонлик йўли билан олиб кетганликлари фактлари юзасидан, унинг поймол қилинган конституциявий хуқуқларини тиклаш ва хақиқатни аниқлаш учун ёрдам беришлигини сўраб мурожаат қилганлигини айтган.

2007 йил 15 май куни К.Абдуллаев ЖПКнинг 49-моддаси 2-қисми, 50-моддаси талаби асосида Т.Утамуратовни қонуний вакил – ҳимоячи сифатида унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун нотариал идора орқали расмийлаштириб, конституциявий хуқуқларини амалга ошириш учун ваколат берган.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 49-моддаси 2-қисми, 50-моддалари талаби асосида тарафларнинг хуқуқ ва мажбуриятлари қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, ишончнома берилиб, процессуал хужжатлар расмий идоралар орқали имзолангандан сўнг, қонуний вакил-ҳимоячи ЖПКнинг 53-моддасида кўрсатилган барча хуқуқ ва мажбуриятларга, яъни адвокат статусига эга бўлган.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор қонунда белгиланган тартибда тегишли хужжатлар тақдим этилгандан сўнг, ишда иштирок этиши сўралган шахсга нисбатан дархол қарор чиқариши, ишга ҳимоячи сифатида жалб қилиши, бирламчи материаллар билан таништириши ва қонунда белгиланган тартибда барча процессуал хуқуқ нормаларидан фойдаланиш имконияти яратиши шартлиги кўрсатилган.

Бўлиб ўтган воқеалар юзасидан К.Абдуллаев томонидан Т.Утамуратовга 2007 йил 15 май куни бундай ваколат берилганлиги, ўз ваколати доирасида Т.Утамуратов туман департаменти бошлиғи Ж.Султановга, туман прокурори Ю.Розумовга ёзма равишда бир неча марта мурожаат қилганлиги, чунки милиция ва прокуратура ходимлари ЖПКнинг 160-164-моддалари талабига зид равишда фуқарога тегишли бўлган моддий-товар бойликларини бирон- бир процессуал хужжатларсиз, ўзларига берилган ваколат доирасидан четга чиқиб, мансабини суиистеъмол қилиб, талончилик йўли билан олиб кетилганлиги холатлари сабаб бўлган.

Юқорида номлари келтирилган маъсул мансабдор шахслар ўзларининг ноқонуний харакатлари оқибатида ЎзР ЖКнинг 166-моддаси 3-қисми “б” бандида кўрсатилган “уй-жойга, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний кириб”, ЎзР Олий Суди пленумининг 1999 йил 30 апрелдаги “Ўзгалар мулкини ўғирлик, талончилик ва босқинчилик йўли билан талон-тарож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли Қарорининг 4-бандида кўрсатилган тугалланган талончилик жиноятини содир этган.

Туман прокурори Ю.Розумов томонидан прокурор назорати амалга оширилмаганлиги, ЎзР “Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 28, 30, 32-моддалари, ЖПКнинг 33-моддасида кўрсатилган талабларини бажаришдан бош тортиб, ўзига берилган ваколатдан четга чиқиб, мансабини суиистеъмол қилиш, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан бирон-бир чора кўрмаганлиги, қонун талабларини бажармаганлиги оқибатда, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган моддий ва маънавий манфаатларига жиддий зиён етказганлиги фактлари иш материалларида ва жиноят-судлов процессида ўз исботини топди.

Т.Утамуратов жабрланувчи К.Абдуллаевнинг конституциявий хуқуқларини ҳимоя қилиш учун ариза ва шикоят билан туман прокурори Ю.Розумовга мурожаат қилган бўлсада, ЖПКнинг 339, 341-моддаларига зид равишда суриштирув муддатларига риоя этмасдан, жиноят иши қўзғатиш ёки рад қилиш муддати ЖПКда 10 (ўн) кун деб белгиланган бўлсада, қонуний қарор қабул қилмасдан, ариза ва шикоятларни қонунда кўрсатилган тартибда кўриб чиқмасдан, қабул қилинган қарорлар юзасидан жавоб хати бермасдан, ишни пайсалга солиш оқибатида 2007 йил 28 майга қадар жиноят иши юзасидан қонуний қарор қабул қилинмаган. Амударё тумани хуқуқни мухофаза қилувчи органлари мансабдор шахсларининг, жумладан, департамент бошлиғи Ж.Султанов, ИИБ бошлиғи Б.Машарипов, прокурор Ю.Розумовлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва процессуал хуқуқ нормаларини хурмат қилмаслиги ёки менсимаслиги, қонунчилигимизни поймол қилиши, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талабаларини қасддан бажармаслиги, ноқонуний йўллар билан давлат бошқарув системасини бир гурух уюшган жиноятчилар тўдасига айлантирганлиги холатлари иш материалларида ўз аксини топган, чунки, ЎзР Конституциясининг 27-моддаси кўрсатилган фуқароларнинг уй-жой ва мулкка бўлган дахлсизлик конституциявий хуқуқ кафолати мансабдор шахслар томонидан бирон-бир процессуал хужжатларсиз, талон-тарож қилиш йўли билан поймол қилинган, фуқарога тегишли бўлган 1300 кг пахта мойи ҳеч қандай процессуал хужжатларсиз талончилик йўли билан олиб кетилиб, 877 кг деб расмийлаштирилган.

Иш материалларининг 46-бетида 2007 йил 5 июн куни ИИБ бошлиғи ўринбосари Г.Усманов томонидан чиқарилган сохта, қалбаки, судланувчи Т.Утамуратовни ЖПКнинг 221, 227-моддалари талаби асосида вақтинчалик хибсга олиш тўғрисидаги қарорида кўрсатилган важлари мутлоқо асоссиз бўлиб, процессуал хуқуқ нормалари ва қонунчилигимиздан бехабарлиги оқибатида ЖПКнинг 225-моддасини нотўғри қўллаб чиқарган қароридан кўчирма:

“Тасдиқлайман” Амударё туман ИИБ бошлиғи

п/п-к Б.Т.Машарипов имзо

“05”июн 2007 Манғит шахри.

Амударё туман прокуратураси қошидаги СВОЖЖДЛКК департаменти бошлиғи Султоновнинг Амударё туман Манғит шахар, Охунбобоев кўчаси 20-уйда яшовчи фуқаролар Камолбой Абдуллаев ва Дилдора Йўлдошевани чақириш қоғозини “мен ва Амударё туман ИИБ профилактика инспектори В.Пирманов, А.Холбоевлар билан олиб бориб топширганимизда Амударё туман Манғит шахри Чехов кўчаси 4-уйда яшовчи,ўзини Турсунбой Утамуратов деб таништирган фуқаро бизлардан чақирув қоғозини тортиб олиб, қонунингни палон қилиб қўйибман, керак бўлса ўзи келсин, мен Абдуллаев Камолнинг ҳимоячисиман деб, ёмон сўзлар билан хақорат қилиб, қонуний талабларимизга бўйсинмасдан, қаршилик қилиб, менга ва Амударё туман профилактика инспектори В.Пирмановга тан жарохати етказди.”

Ўзини Т.Утамуратов деб таништирган фуқаронинг жинояти унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киришлигини, унинг шахсини тасдиқловчи хужжати бўлмаганлиги, олдин судланганлиги ва очиқда қолдирилса тергов ва суддан яширинишлигини инобатга олиб, вақтинча ушлаб туриш мақсадга мувофиқ деб баён қилинганларга ҳамда ЎзР ЖПКнинг 225-моддасига асосан :

Қ А Р О Р Қ И Л Д И М:

1. ЎзР ЖКнинг 219-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилиш ва гумон қилинаётган 1956 й.т. Амударё туман Чехов кўчаси 4-уйда яшовчи Т.Утамуратов вақтинча ушлаб турилсин ва бу хақда унга эълон қилинсин.

2. Қарор нусхаси ижро қилишлик учун Амударё туман ИИБ га топширилсин.

Амударё туман ИИБ ШТИБХ бўйича ўринбосари Г.И.Усманов

Мухр имзо

Қарор билан танишдим Т.Утамуратов.

07.06.06 соат 02-45 имзо………………..

кўринишда чиқарилган қарори процессуал хуқуқ нормаларига зид бўлиб, қарорни тафсив қисмида кўрсатилган холатлар Г.Усманов томонидан ўйлаб топилган субъектив сохта хужжатдан бошқа нарса эмаслиги аниқланди.

Ушбу қарор шакли, матни ва мазмуни жихатидан қонун талабларига жавоб бермайди, чунки фуқароларни вақтинча ушлаб туриш ЖПКнинг 225-моддаси билан эмас, балки 221-моддаси, 1,2,3,4-қисмлари, 227-моддалари талаби асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси “Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 28, 30, 32, ЖПКнинг 33-моддалари талаби асосида фуқароларни вақтинча хибсга олиш, ушлаш тўғрисидаги қарор нусхалари дархол прокурорга юборилиши, ушланганлик тўғрисидаги фактларни қонунийлигини текшириш прокурор ваколатига киради. Вахоланки, ушбу чиқарилган қарорнинг хулоса қисмида фуқаро ушланганлиги тўғрисидаги маълумот қонунда белгиланган тартибда прокурорга юбориш хақида қарорнинг 3-бандида кўрсатилмаган.

Судланувчи Т.Утамуратовга нисбатан тўпланаган бирламчи материалларда юқорида кўрсатилган қарор мавжуд бўлсада, терговчи Ж.Булатов ва туман прокурори Ю.Розумовнинг саводсизлиги ва маъсулиятсизлиги оқибатида сохта, қалбаки қарорга ўз вақтида хуқуқий баҳо берилмаган, назорат тартибида бекор қилинмаган.

Шу қарор юзасидан суд мажлисида сўроқ қилинган Амударё туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Г.Усманов, хақиқатдан ҳам воқеа жойига чиқмаганлигини, чақирув қоғози олиб бормаганлигини, калтакланмаганлигини, тан жарохати олмаганлигини, юқорида кўрсатилган қарорни ўзи чиқариб имзолаганлигини, бу қарор билан судланувчини шахсан таништирмаганлигини, унинг қўлида бирламчи материаллар бўлмаганлигини, ҳимоячилар томонидан берилган “сиз 2007 йил 5 июн куни судланувчига нисбатан чиқарилган қарорингизни қонуний деб хисоблайсизми?” деб берилган саволга, “ҳа, қарор қонуний чиқарилган” деб суд мажлисида кўргазма берган.

Бундан кўриниб турибдики, ўзини “ИИБ бошлиғи ўринбосариман” деб майор унвонидаги милиция офицерининг саводсизлиги ва лоқайдлиги, мансабини суиистеъмол қилиш, ваколат доирасидан четга чиқиш, ўзбошимчалик билан содир этган жиноий харакатлари оқибатида бегунох Т.Утамуратов унинг сохта, қалбаки қарори асосида хибсга олиниб, унга нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares