Эрон полицияси инсон савдоси тўғрисида кўпроқ маълумот тарқатадиган бўлган
Эрон полициясининг хабар беришича, мамлакатнинг Карач шаҳрида инсон савдоси билан шуғулланган бир гуруҳ қўлга олинган.
Полицияга кўра, йўлбошчилари эронлик бўлган гуруҳ таркибида 15 Ўзбекистон ва озарбайжонлик аёллар бўлишган.
Полиция мазкур гуруҳ ўз қурбонларини Эрон ҳудудига шимолий чегаралар орқали олиб кириб, бир муддат ўтгач, уларни кўрфазбўйи мамлакатларига йўллаш билан шуғулланганини айтган.
Полиция ноқонуний одам ташиш билан шуғулланган гуруҳни тутиш амалиёти икки ой давом этганини билдирган.
Хорижий аёлларни ташиш билан шуғулланган гуруҳнинг қўлга олиниши Эронда биринчи марта кузатилаётгани йўқ.
Умуман олганда Эрон орқали кўрфазбўйи давлатларига, айниқса, Дубайга аёлларни ташиш анчадан буён яхши йўлга қўйилгани назарга ташланади.
Аммо охирги йилларда бу гуруҳлар фаолияти сўнгги йилларда янада шиддат олгани кузатилган.
Ҳаттоки баъзи кўрфаз мамлакатлари дипломатлари аралашгани айтиладиган бундай жиноий тўдаларни ошкор этиш анча мураккаб жараёндан ўтишни талаб қилади.
Баъзиларнинг иддао қилишича, ҳаттоки Эрон полицияси ичида баъзи зобитлар ҳам бу жиноий тармоқ билан ҳамкорлик қилаётган бўлиши мумкин.
Анчадан буён Эронда аёлларни ташишни хавфсизлик даражасидаги масаладек кўришарди.
Шунинг учун бу гуруҳларнинг сони ва иш услублари ҳақида матбуотга деярли ҳеч нарса ошкор этилмасди.
Аммо, афтидан, ҳукумат кейинчалик аҳоли ҳушёрлигини орттириш мақсадида бу турдаги фаолиятлар ҳақида очиқ маълумотлар бера бошлаган.
Полициянинг сўнги баёнотидан англаш мумкинки, энди Эрон ҳукумати бундай қилмишлар ҳақида кўпроқ ва очиқроқ маълумот тарқатиш ниятида.
Тана сотиш ва одам ташиш билан шуғулланганлик учун Эронда ўта оғир жазо берилади.
Бунга ўлим жазоси ҳам тайинланиши мумкин.
Манба: bbcuzbek



