Холдор Вулқон Бирдамлик ҳаракати фаоли
Рауф Парфи хотирасига
Ўзининг бор етимлиги билан ,
Далалар устида порлаётган ой ,
Биллиарднинг филсуяк соққаси эмас .
У совуқ адирда ёлғиз ва юпун ,
Шуълалардан юзи сарғайиб
Чироқ кўтариб бораётган.
Соч – соқоли оппоқ , бўйни ингичка ,
Момақаймоқ тўзғоғига ўхшаган Рауф .
Шеъриятнинг тилла чиғириғида ,
Жон ипларин йигирган вужуд .
Рауфдан йигириб олинган
Ложувард нурларнинг калаваси ой .
Хой , совуқдан товони ёрилган Рауф,
Банкротга учраган меросхўр кунда ,
Кундамас , кундада Қуёшнинг ўткир ,
Олмос нури ила кесилган ойна .
Йўлларингда баҳор жарчиси бўлиб ,
Эриб ётган маҳал кўлмаклар ,
Эшкаксиз қайиқда ёлғиз бир ўзинг ,
Севинч кўз ёшларинг кафанга артиб ,
Бегона тунларга кўчиб кетибсан.
Шиғалаб ёғарми энди ёмғирлар ?
20 январь , 2007 йил соат 11 дан 22 минут утди
Бишкек шахри , Ленинград кўчаси 35 уй.
Кузатиш
Жилмайганча кўз ёшларингни ,
Яширасан , алдаб нетасан ?
Мен перронда қоламан ёлғиз ,
Сен поездда йиғлаб кетасан .
Жиққа ёшга тўлган кўз билан ,
Йўл оласан узоқ элларга .
Югираман поезд ортидан ,
Сўзлар учар совуқ елларга .
Чирпирайди пойимда хазон ,
Декабрнинг бодлари елар
Хувиллаган перронда туриб ,
Поезд каби чинқиргим келар .
1992 йил , декабрь , Тошкент
Талабалар шахарчаси



