БАҲОДИР ЧОРИЕВ: НОЗЎРАВОН ФУҚАРОВИЙ КУРАШ БАЙРОҒИ ЎН ЙИЛДИРКИ БАЛАНД КЎТАРИЛГАН

ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИНИНГ ҚУРУЛТОЙИ ОЛДИДАН!

 Халқ  ҳокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!

 

БАҲОДИР ЧОРИЕВ: НОЗЎРАВОН ФУҚАРОВИЙ КУРАШ БАЙРОҒИ ЎН ЙИЛДИРКИ БАЛАНД КЎТАРИЛГАН

(саволларга жавоблар)

 

Bahodir Choriyev KutubxonadaСавол: Ўзбекистон  “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати иш бошлаганига бу йилнинг 10 апрелида ўн йил тўлди. Ҳаракатнинг ўтган даврдаги сиёсий, ташкилий, назарий ва амалий  фаолиятига қандай баҳо берасиз, ундан қониқасизми?

Жавоб: Ҳақиқатдан ҳам ўтган ўн йил ичида “Бирдамлик” жиддий эътиборга, эслашга ва ўрганишга арзийдиган салмоқли сиёсий, ташкилий, назарий ва амалий ишларни амалга оширишга мунтазам равишда уриниб келди, ва бунга қайсидир маънода эришди ҳам десам, муболаға бўлмаса керак.

Негаки, Ҳаракатимизнинг бўлажак Қурултойига тайёрланиш жараёнида, ғалвирни сувдан кўтара туриб, 10 йил давомида жамики ишларимиз, кўзланган жабҳаларда қўлга киритган ютуқ ва камчиликларимизни  танқидий нигоҳдан ўтказарканмиз, айнан ана шунга амин бўлдик.

Қайсидир маънода қўлга киритилган ютуқларимиз йўқ эмас. Бироқ, барибир Ҳаракат фаолиятига мен томонимдан берилган ҳар қандай баҳо бир ёқлама ва нохолис бўлган бўларди деган фикрдаман.

Халқ учун хизмат қилиш бизнинг мақсад ва бурчимиз, баҳони эса кузатувчилар бергани ҳақиқатга яқинроқ ва адолатлироқ бўларди деган тўхтамдаман.

Ўйлайманки, бир оз фурсатдан сўнг, Қурилтойда бўлажак қизғин баҳс-мунозара, тўлақонли муҳокама, ўз-ўзини ўзоро танқид, тафтиш, чуқур таҳлил ва ҳар тарафлама пухта ўрганиш асосида Ҳаракатимизнинг ўтган 10 йиллик  даврдаги сиёсий, ташкилий, назарий ва амалий  фаолияти ўзининг муносиб баҳосига эга бўлади.

Савол: Ҳар қандай сиёсий ҳаракатнинг охир-оқибат кўзда тутган мақсади – иқтидорга келиш ва давлат тузилмалари воситасида кўзлаган мақсадларини амалга ошириш ҳисобланади. Сизнинг назарингизда “Бирдамлик” Ҳаракати иқтидорга келадиган замон яқинми?

Жавоб: “Бирдамлик” Ҳаракати ҳокимият тепасига келадиган вақт кундан кун яқинлашмоқда. Ўзбекистондаги аҳвол нақадар аянчли ҳолатга тушиб бораётганини Сиз ва ҳурматли ўқувчиларимиз яхши билишади. Чунки зўравонлик, порахўрлик ва адолатсизликка таянган диктатурани улоқтириш ва ҳалқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминида адолатли, ҳур ва фаровон давлат ҳамда жамиятни барпо этиш юртдошларимизнинг истаги бўлиб қолмоқда.

Ислом Каримовнинг диктаторлик тузумини, деярли чорак аср ҳукмронлик қилиши давлат, жамият ва инсон ҳаётининг ҳамма жабҳаларида юртимизни инқрозга, қолоқликка, қашшоқликка олиб келгани ҳаммага аён. Аммо бу аҳволни ўзгартиришга бел боғлаган “Бирдамлик” ва бошқа муҳолиф кучлар тарафдорлари сони кун сайин ортиб бораётган бўлса-да, мазкур рақамларни Ўзбекистон аҳолисига қиёслаганда озчиликни ташкил қилади. Демакки, аянчли аҳволни тубдан ўзгартириш учун, юртдошларимиздаги қўрқувни енга олишимиз жуда муҳим. Лоқайдлик ва ёлғонга ишонишни кескин сусайтириш, иложи бўлса умуман бартараф қилиш керак.

Шунинг учун Ҳаракатимиз ўтган 2013 йил 26 августида эълон қилган, Ўзбекистонда жуда катта қаршиликларга учраса-да давом этаётган, Оқ рангли инқилобнинг биринчи босқичи, нозўравон кураш ғояларини кенг тарғиб этиш муҳим. Бу эса, Оқ рангли инқилобнинг навбатдаги иккинчи ва учинчи босқичларига ўтишга имкон яратади.

Савол: “Бирдамлик” зиёлиларнинг кўп қисмига таниш бўлиб қолди. Аммо мазкур Ҳаракатнинг ички сиёсатда, жамият ҳаётида тутадиган йўли ва мавқеини билмайдиганлар ҳам кам эмас. Ички жабҳадаги Сиз амалга оширишни режалаган ўзгаришлар хусусида эслатиб ўтсангиз.

Жавоб: Ҳаракатимиз ўн йил давомида элдошларимизга Ўзбекистонда бунёд этиладиган демократик давлат ва жамиятнинг заминини қонун устиворлиги ва оммавий мулкдорлик ташкил этишини тушунтирмоқда. Оламга очиқ кўз билан қарасак, АҚШ, Канада, Германия, Франция, Англия, Италия, Испания, Япония, Швеция, Швецария, Жанубий Корея, Туркия ва бошқа қатор юртларда реал демократия жорий бўлиб, мазкур мамлакатлар ўз фуқароларининг озодлиги, фаровонлиги учун хизмат қилаётганини кўрамиз. Бу мамлакатлардаги демократия моделлари турлича бўлишига қарамасдан, улар моҳиятан халқга, фуқароларга хизмат қилади. Турли шаклдаги оммавий мулкдорлик бу – демократик давлатлар ва фуқаровий жамиятлар асоси, ўзагидир.

Юқорида номлари келтирилган давлатларга ўхшаш, ўлкамизда  Каримов диктатурасининг ўрнига, оммавий мулкдорликка, қонун устиворлигига асосланган давлат қурамиз.  Сиёсий маҳбуслар, фуқаровий фаоллиги учун мустабид тузум зиндонларида ётганлар зудлик билан озод этилади.

Биз иқтидорга келишимиз билан улкан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва технологик  ислоҳотларни амалга оширамиз. Бу ислоҳотлар заминида, халқ ҳокимияти, инсон ҳуқуқларига асосланган, озод ва фаровон Ўзбекистонни яратиш мақсади ётади. Ерни, стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган давлат корхоналаридан ташқари, барча ишлаб чиқариш объектларини халқга бўлиб берамиз. Сув тақсимоти, электр энергия таъминоти, газ таъминотини давлат кафолатлайди. Ҳар бир қишлоқ аҳли ўз ҳокимини сайлаш ҳуқуқини қўлга киритади. Туман, шаҳар, вилоят ва жумҳуррият  суд, прокуратура, тергов органлари Конституция ва қонунлар устиворлиги асосида, халқ назоратида фаолият юритишлари шарт. Мактаблардаги барча молиявий масалаларни ота-оналар томонидан сайланган нозирлар амалга оширишади, таълим ва тарбия билан эса давлат тайинлаган мудир шуғулланади. Соғликни сақлаш муассасаларида маҳаллий халқ томонидан сайланган нозир барча сарфларни, иш сифатини назорат қилади.

Таъмагирлик ва порахўрлик учун жиноий жазолар қатъийлаштирилади ва давлат ишида ишлаб туриб халқ ишончига хиёнат қилганларга жазо берилиши алоҳида назоратда тутилади.

Тадбиркорлик ривожининг тўсиқларини олиб ташлаймиз, кичик ва ўрта бизнеснинг тез ёйилиши ва оёққа туришини қўллаймиз. Пахта монополиясини бекор қиламиз: ҳар бир деҳқон етиштирган ҳосилини истаса мамлакат ичида, истаса хорижда пуллайди.

Савол: Ўзбеклар учун ер масаласи ҳамма вақт ҳам муҳим бўлиб келган. Ер ислоҳоти хусусида батафсилроқ гапирсангиз.

Жавоб: Ер ўзбекистонликларга бепул бутунлай хусусийлаштирилиб берилади. Хусусийлаштириш туманлар бўйича олиб борилади. Мисол учун тумандаги фойдаланилаётган умумий ер майдони  келажакда давлат,  халқ равнақи учун режлантирилган қурилишлар (стадион, парк, йўллар, дам олиш масканлари, кутибхона, мактаб, олий ўқув юртлари, касалхона, ҳарбий қисмлар ва ҳокозалар) учун ўз захирасига  10% гача ер майдонларини қолдиради. Қолган ер майдони туман аҳолиси сонига бўлинади ва ҳар бир кишига (ёшидан қаттий назар) ўз ер  улушини қимматбаҳо қоғоз  ваучер ҳолида қўлга берилади. Давлат  ер устидан ишлаган мутахасислар, ерни хусусийлаштириш ортидан қилинган харажатлар таннархи миқдорида, ваучер олган киши давлатга кичик миқдорда пулини  тўлайди холос. Ер бебаҳо бўлиб, унинг бўлиб берилиши элдошларимиз, юртдошларимиз иқтисодий, ижтимоий фаоллигини кескин оширади.

Шу ерда халқимиз янада яққолроқ тушуниши учун кичик бир тизимни (схемани) келтираман.

Мисол учун: Н туманни мисол тариқасида олайлик. Туман кенгаши йиғилишида туман ер қўмитаси тузилади. Бу ер қўмитаси тумандаги барча ерларни қайта ўлчайди, аҳоли  сонини аниқлаштиради. Шундан кейин туман аҳолисига ҳисобот беради. Туманда 10500 Га ер бор. Унинг ахолиси 200 000 кишини ташкил қилади. Туман бош архитектори туман учун келажакдаги 50 йил учун ўзининг режалаштирилган  туман инфраструктурасини ривожлантириш ҳақидаги ер режасини туман  кенгашига муҳокамасига киритади. Унинг талабига кўра туман учун 500 Га ер туман ижтимоий хизмати учун  ажратилиши керак. Кенгашда ерни хуссийлаштириш бўйича, туман кенгашининг қўмитаси иш олиб боради. Туман бош архиктекторининг режасига қараб туман учун келажакда 50 йил қурилиши учун 500 Га ер ажратади. Қолган ерлар тўлиқ халққа хусийсийлаштирилиб берилади. Демак, бизнинг мисолимизда қолган 10 000Га ер 200 000 аҳолига тенг бўлиб берилиши керак. Шу ҳолатда бўлинса, ҳар бир туман аҳлига 5 сотокдан ер тегади. Демак, тумандаги барча инсонлар ёшидан қаттий назар 5 сотокка эгалик қилувчи ваучерни фақат ваучер таннархи (мисол учун ҳар бир ваучернинг таннархи тахминан 10$ бўлиши мумкин) миқдорида тўлаб паспорти ёрдамида ўзининг исм шарифи, паспорт серияси, номери (балоғатга етмаган бўлса, гувоҳнома серия ва номери) ёзилган ваучерини олади. Ёинки балоғатга етмаган кишиларнинг ваучерини ота-оналари нотариал тасдиқланган кишилар орқали оладилар ва улар ёрдамида  ваучерларини сотишга чиқарадилар.

Биз ерларни оптимал шароитда қолдиришимиз муҳим. Демак, туман ер қўмитаси тумандаги ерларни ўлчаётганда ер карталарини тузади. Ер карталарини 1Га дан 5 Га миқдорида тузган мақул. Шароитга қараб, аҳолини тумандаги зичлигига қараб,   ер майдонларининг тузилган карталари  100 Га, ҳатто 1000 Га гача бориши мумкин. Ер майдонлари аҳоли сонига қараб, тақсимланганда ер карталарини бутунлай, бузмасдан хусусийлаштириш назарда тутилади. Мисол учун қайсидир ер майдонининг картадаги ер юзаси 5 Га тенг. Бу ерга эгалик қилиш учун истаган  Ўзбекистон фуқароси, шу туманнинг  1000 дона ваучерга эга бўлиши керак.  Ўзбекистон фуқароси ёки туман аҳолисининг истаган фуқароси, шу майдонни етарлича ваучерини фуқаролардан сотиб олиш учун кишилардан ваучерларни эркин нархларда сотиб олишни бошлайди. Албатта, бу ерда қимматбаҳо қоғозларнинг бозори қизийди, ўз-ўзидан янги иш жойлари яратилади, давлат ҳам ҳар бир ваучернинг олди-соттисидан,  оз бўлсада давлат тушумига эгалик қилади.  Ваучерлар қўлдан-қўлга ўтиб ва ниҳоят ер майдони, картага тенг бўлган миқдорда ваучер чиққан инсон ер қўмитасига йиғилган ваучерларни  топшириб,  ушбу 5 Га ерга бутунлай эгалик қилиш, уни сотиши, ижарага бериши, авлодларига васият қилиб қолдириши, тақсимлаб қайта сотиши, совға қилиши ва ҳокозо ҳуқуқларга эга бўлади. Бу ер давлат назоратидан тўлиқ чиқиб, ер эгасининг шахсий мулки ҳисобланади.  Тўғри хусусийлаштириш жараёнида кўплаб муаммо ва саволлар туғилади. Уларга ечим топиш, саволларга жавоб бериш учун Республика Олий кенгаши қошида, Ер қўмитаси доим фаолият олиб боради. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, баъзи бир туманларда ер майдонини умуман йўқ бўлиб, аҳоли жуда зич жойлашган, баъзи бир туманларда бунинг акси бўлиб, ер майдонлари жуда кўп, аҳолиси ҳаддан зиёд сийрак жолашган. Ўйлайманки Республика Ер қўмитаси бу саволларга адолатли ёндашади ва ечимини ҳам бера олади.

Савол: Бугунги кунда Ўзбекистон пахта экспорти жиҳатидан дунёда иккинчи ўринда турар экан. Давлатнинг пахта етиштиришдаги монополиясини тугатиш туфайли  маҳсулот етиштириш кескин камайиб кетмайдими?

Жавоб: Аслида пахта етиришдандан муддао нима, иқтисодий манфаатми? Пахта монополиясини қўрқмасдан тугатиш керак. Ўзбекистонда ерлар бутунлай хусусийлаштирилгач ер эгалари ва деҳқонлар ерга нима экиш ва нимадан кўпроқ иқтисоий фойда олиш кераклигини сизу биздан яхши биладилар.  Ер эгаси ўз даласида, ўз ихтиёри билан пахта экса ҳам бўлади. Mонополияни бекор қилишимиз натижасида деҳқонларнинг ташқи бозорларга чиқиш имконияти кенгаяди. Натижада, “барибир фойдасини давлат, зарарини деҳқон кўради”, деб кўнгил бериб қаралмаётган пахтазорлар гуллаб-яшнаб кетади. Ҳосилдорлик ортади. Бутун дунёда бор бўлгани каби, кузда етиладиган пахта учун баҳорда пул тўлаб қўядиганлар ҳам пайдо бўлади.

Савол: Бугунги дунё жуда чигаллашган калавага ўхшайди. “Бирдамлик” Ҳаракатининг иқтидорга келиши ортидан Ўзбекистон ташқи сиёсатида қандай ўзгаришлар юз беради?

Жавоб: Демократик мамлакат дейилганда очиқ, фуқаролар эркин ташқарига чиқа оладиган ва қайта кира оладиган юрт тушунилади. Ташқи сиёсат бобида биз аввало очиқликни, қўшни давлатлар билан азалий визасиз алоқаларни тиклаймиз, иқтисодий муносабатларга кенг йўл очамиз. Ҳаракатимиз Дастурида: “Бугун Каримов бош, ҳамма идоралар амалдорларига қаранг, улар ўзларини халқдан баланд ва мустаҳкам темир панжаралар билан ўраб олишган. Режим халқимизни, миллатимизни ўзига яқин дўстларидан, тилдошларидан ва тадбирдошларидан ажратиб, бўлиб келмоқда. Режим Ўзбекистон давлатини, бутун дунёдан четлаб, ажратиб келмоқда. “Бирдамлик” бунга барҳам беради!” дейилган. Биз бу йўлимизда давом этамиз. Зеро, ёнимиздаги Қозоғистон билан олди-бердимиз аллақаёқдаги оффшор оролларидагидан юзлаб марта юксак бўлиши шарт.

Деҳқонларимиз, саноатчиларимиз, санъаткорларимиз маҳсулотлари ташқи бозорларга тўсиқсиз чиқа олишига эришарканмиз, ҳар томонлама ютамиз: ҳам иқтисодий фойда келади, ҳам дўстлик, қардошлик алоқалари яхшиланади, ҳам бизни кўпчилик таний бошлайди ва мамлакатимизга бехавотир инвестициялар киритишади. Зеро, ҳар соҳада дунёга тақдим эта оладиган маҳсулотларимиз бор.

Биз дунёдаги глобаллашув жараёнлари Ўзбекистон учун улкан ривожланиш имконияти эканлигини тушуниб, ундан самарали фойдаланамиз. Тинчлик, ҳудудий бутунлик ва даҳлсизлик, келишмовчиликларни музокаралар йўли билан ҳал этиш, ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтириш, ривожланган мамлакатлар қаторига кириш, ҳалқаро қонунларга риоя қилиш йўлини ташқи сиёсатда маҳкам тутамиз.

Биз имтиёзли қонунларимиз ёрдамида Евроосиё марказидаги тўсиқ эмас, кўприк эканлигимизни кўрсатамиз. Бу эса Ўзбекистоннинг дунё чорраҳасига айланишига олиб келади.

Россиянинг Қримни аннекция  қилганини (босиб олганини), Хитойни эса қатор худудлар бўйича Япония, Вьетнам ва бошқа мамлакатларга хуружларини доимо ёдда тутамиз. Шунинг учун АҚШ, Европа Иттифоқи, НАТО билан маҳсус дўстона ва иттифоқчилик муносабатларини ўрнатамиз.

Хориждаги ўзбекларнинг Ватанга бемалол келиб-кетишларини таъминлаймиз ва ўзга юртларда ўзбек жамоаларининг ҳуқуқларини ҳимоялашга бутун имкониятларимизни йўллаб, жонбозлик кўрсатамиз. Бобомиз буюк Амир Темирнинг “Куч адолатда!” деган хитобларини ички ва ташқи сиёсатимизда ҳамиша ёдда тутамиз.

Савол: Мусулмонлар олами сўнгги даврда зиддиятлар маконига айланди. Муҳаммад умматларини шиа ва сунний каби сунъий бўлиниш асосида хунрезликларгача даъват этаётган кучлар бор. Марказий Осиё мамлакатларида ҳам ҳар иккала мазҳаб вакиллари яшашини эътиборга олиб, ана шу зиддиятга ўз муносабатингизни билдирсангиз.

Жавоб: Саудия Арабистони, Баҳрейн, Ироқ, Покистон ва бошқа мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи мамлакатлардаги инсон эрки ва ҳуқуқларини топталиши, аёлларнинг аянчли аҳволи, болалар меҳнатидан беаёв фойдаланилишига нима деса бўлади?  Суриядаги Башар Асад ҳукумати ва муҳолифат ўртасидаги урушни, шиа ва суннийлар ўртасидаги жанглар деб ҳам талқин қилмоқдалар.

Биз, Ўзбекистон Конституциясида ёзилган давлатни диндан, мактабни мачит, мадрасадан ажратилганлигига риоя қилиниши зарур деб ҳисоблаймиз. Мусулмонми, даҳрийми, насронийми, бу ҳар бир шахснинг ўз истаги. Чунки, “динда зўравонлик йўқ”. Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) даврида ҳам, ундан кейинги тўрт халифа даврида ҳам бирор инсонни зўрлик билан Исломга олиб киришмаган. Эътиқод масаласига ҳеч кимнинг аралашишга ҳаққи йўқ. Юртимизда мусулмонлар аҳолининг асосий қисмини ташкил этишини биз ҳамиша эсда тутамиз.

Биз давлатлар, миллатлар, иттифоқлар, динлар ёки диний оқимлар (шиа ва суннийлар, протестант ва католиклар ва ҳ. к.) ўртасидаги уруш ва тўқнашишларга мутлоқ қаршимиз. Ҳар қандай зиддият муросасозлик ва бағрикенглик, мавжуд қонунчилик асосида музокаралар йўли билан ҳал этилиши тарафдоримиз. Бу келажагимиз учун хизмат қилади. Зеро, бир кун жанжал бўлган жойда қирқ кун барака йўқ.

Ўзим ҳам мусулмонман. Ҳанафий мазҳабиданман. Отамиз ҳам (Оллоҳ раҳматига олсин) имонли инсон эди, биздан Ислом талаб қилган нарсаларни талаб қилиб, тарбиялаган. Ўйлайманки, бизнинг иқтидоримиз барча мусулмонлар учун мақбул бўлади.

Савол: Сиз Ўрта Осиё регионимиз давлатлари ва халқларининг энг катта муаммоси сифатида нимани кўрасиз?

Жавоб: Туркистон давлатлари ва халқларининг энг катта муаммоси ҳокимият бошқарув тизимидадир.  Қозоғистондан ташқари, барча тўрт давлатда – Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистонда ҳокимият бошқарув тизими, биринчи раҳбарлар, яъни президент, улар атрофидаги ҳукумат амалдорлари томонидан суиистеъмол  қилинади. Бу суиистеъмолнинг даражаси бир оз фарқли, лекин моҳияти қонун устиворлигининг, инсон озодлиги ва ҳуқуқларининг бузилиши, аҳолини азоб-уқубатга маҳкум этиш каби иллатларнинг пойдевори бўлиб хизмат қилади.

Элдошларимиз, ўзбеклар ва умуман юртдошларимиз ҳаётини тараққий этганган давлатларга таққослайдиган бўлсак, халқимиз  ўта аянчли турмуш шароитларида яшашга маҳку этилганлигини кўриш мумкин.  Бунингдек кулфатларнинг бош сабаб Ўзбекистонда ҳокимият бошқарувининг, ўлкамиз  бойликларини  диктатор Каримовнинг қўлида ноқонуний тарзда жамланганлигидир. Якка ҳоким хизматидаги малай сиёсатшунослар буни авторитаризм, давлат ўсишининг “зарурий” босқичи деб тарифлайдилар. Бу ғирт ёлғон. Чунки Ўзбекистондаги Каримовнинг ҳокимият бошқарув тизими диктатура дейилсагина тўғри бўлади. Авторитаризм деб, президент Н.Назарбоев бошчилигида, ибратли ривожланиш чўққиларига кўтарилган қўшнимиз Қозоғистон давлатини айтсак  бўлади. Н. Назарбоев сиёсий бошқарувни маҳкам ушлаб туриб, бозор иқтисодини, иқтисодий эркинликларни, мулкдорликни, тадбиркорликни, техника ва илм-фан ривожини жорий этди. Қозоқлар раҳбари иқтидорли иқтисодчи ва ташкилотчиларни ҳукуматга жалб этди. Ўзи эса назорат қилиб турди.

Мухолифатчиларни қамамади, юртдан қувмади, ундаги қобилиятли инсонларга амал ва вазифалар бериб, миллат ривожида фойдаланди. Коррупцияни жиловлади. Фуқароларнинг фаровон, эркин яшашларига эришди. Қозоқ миллатини ўта илмли, моддий ва маънавий халқ даражасига кўтара олди. Оддий мисол: бугунги кунда АҚШнинг ҳамма катта шаҳарларида ўнлаб, юзлаб қозоқ талабаларини учратасиз. Ўзбек талабаларини эса кундузи прожектор ёқиб топа олмайсиз.

Савол: Марказий Осиёнинг 30 йилдан кейинги келажагини қандай кўрасиз? “Америка орзуси” деган атама бор, Қозоғистон 2050 йилгача тараққиёт режасини ишлаб чиқди. “Бирдамлик” Ҳаракатининг ҳам ана шундай позитив дунёқараши борми?

Жавоб:  Келажакни бугунги кун белгилайди. Ҳаракатимизнинг “Америка орзуси”га ўхшаш, “Ўзбек озод ва бой бўлсин!” хитобини ҳаётга жорий эта олишимизга ишонаман. Бир нарсага аниқлик киритишим керак, ўзбек деганимда, ўзбеклар ва барча юртимизда яшовчи миллатларни ҳам назарда тутаман.

Албатта, бу қисқа суҳбатда кўнглимдаги барча эзгу арзу-режаларимни айтишга муваффақ бўлолмадим. Хоҳловчилар бизнинг http://www.wdscode.guru/birdamlik  ва http://mulkdor.com сайтларимизга кириб, истаганларича қўшимча маълумот олишлари мумкин.

Ҳуррият ва демократиянинг асоси мулкдорлар синфи, қонунларга таяниб яшаш ва ишлаш эканлигини диктатор ва унинг ҳамтавоқлари яхши билишади Аммо уларнинг очкўзлиги, бойликка тўймаслиги ва жоҳиллиги оқибатида элимиз бошига мислсиз азоблар тушди. Ҳаракатимиз бунигдек оғир шаротидан чиқиш йўллари хусусида ўз Дастури, Қўлланма (биринчи), Қўлланма (иккинчи),  “Бирдамлик” ва «Мулкдор» сайтларида ўз ифодасини топган кўплаб, бошқа нозўравон рангли Оқ тинч фуқаровий инқилобни биринчи босқичини эълон қилиши, Ош – инқилобий босқичлар!, Ош – кўтар бош!, Ош –  оммавий шодлик!, Ош – қонун бўлсин бош!, Ўзбекистон фуқароларига Озодлик, Демократия ва Инсон ҳуқуқлари!, каби амалий тадбирлар ҳақидаги хужжатларда ва кўплаб мақолаларда халқимизга етарлича маълумот ва сабоқ бериб  келмoқда.

Бу салмоқли сиёсий, ташкилий, назарий ва амалий ишларни амалга ошириш ва юртимиздаги диктатурани бартараф қилишгина “Халқ ҳокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон”ни барпо этишимизга йўл очади. Шунинг учун ҳам биз ўн йилдирки нозўравон кураш байроғини баланд кўтариб курашмоқдамиз.

Суҳбатингиз учун ташаккур.  Ўйлаймизки, Баҳодир Чориев ва “Бирдамлик” Ҳаракатининг халқ учун жонкуйдириш фаолияти янада ривож топади.

Абдумалик Сармонов суҳбатлашди

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares