АЙБДОРЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ ёки ип шолча борасида бадиҳа

Ғафур ЙЎЛДОШЕВ

(ҳажвия)

G'afurjon aka Yo'ldoshevИжтимоий тармоқда менга хабар қолдирган нотаниш аёлнинг аввал суратига қарадим, хушбичим, жозибадор эди. Сўнг хабарни ўқидим, қисқагина: ”Скайпда гаплашамиз, адресни ёзинг!” – тамом, бор-йўғи шу!
Аввалига, “бу спам”, деб ўйладим. Лекин, қизиқиш ҳиси тинчлик бермай аёлнинг суратига яна қайта қарадим, ўзбек жувонига хос тароватидан, нигоҳидаги дилбарликдан шубҳам тарқагандай бўлди.
Кимлигини билайчи, деб, саҳифасига кирдим. Туғилиши бўйича мендан ўттиз беш ёш кичик экан. Маълумотлар катагининг бирида, “Свердловскда Овошохранилише институтини тугатган”, деб ёзилибди. “Овошохранн-н… қизиқ, шунақа институт борми?” дедим-да, аёл ҳақидаги бошқа маълумотларга қарадим. Аммо, қолган катаклар бўм-бўш эди.
“Ўзи ҳақида маълумот ёзмабди, демак тармоқда янги аъзо ёки шубҳали одам”, деб ўйларканман, компьютер “дут”лаб, аёлдан яна бир хабар келганини билдирди.
“Анжанликлар қўрқмас бўларди, скайпда адрес борми?” дебди навбатдаги хабарида аёл.
“Анжанликлар қўрқмас бўларди…” – ҳамиятимни қўзғади, шартта скайпдаги адресимни ёздим. Ёпирай, шу замоно скайп “пип-пип”лади!
“Жавоб бериш” тугмасини босиб, саломлашиш учун нафас ростларканман аёл чинқирганча сўкишни бошлади:
– Сен иплос! Сен ватанфуруш! Нимага президентимизни ёмонлаб интернетда ёздинг?! Сен аслида президентимизни ҳаром тукига ҳам арзимайсан, билдингми, ҳаромидан бўлган! Андижонда одамларни отганинг етмасмиди, жаллод! Энди юртимизни ҳам қонга ботириб, Украинага ўхшатиб, уруш қилмоқчимисан ҳароми, ватангадо! Биласанми сендақа иприсқиларни чотингдаги … – бу ёғи уят гап. Даҳшатли уят гаплар бошланди.
Мен шу вақтгача ҳатто эркак кишидан-да эшитмаган мутлақо шармсиз гап-сўзларни аёлдан – суратидан хушбичим, келишган, лобар бир жувондан эшитардим.
Гангиб қолдим. Ҳушим бошимдан учди.
– Ҳ-эй, иплос ватангадо, даминг ичингга тушиб кетди-ю! – шанғиллашда давом этарди аёл. – Гапир! Бу ерда қанча хотинларни зўрлаб, чотини ял… – Во-Оллоҳ! Бунақа бешарм гаплардан Худойим Ўзинг сақлагин!
Қизариб кетдим, шармсиз гапларнинг бунақа хиллари борлигини билмасканман!
Аввалига компьютерни шартта ўчириб қўйгим келди. Лекин бекордан-бекорга айбланаётганим, устига-устак уят гаплар билан ҳақоратланаётганим алам қилди.
Ниҳоят аёл нафас ростлаш учун жим қоларкан дарҳол сўрадим:
– Ҳўй, менга қаранг! Гапингизга далил-исбот борми?
– Қанақа далил?! Қанақа исбот, иплос, ватанфуруш?! – аёл тағин сўкинишни бошлади. Аллақанча беҳаё гаплардан кейин сўровимга жавобларни ҳам айтди: – Ана, ЭСНБда минглаб далиллар бор! Қайси бирини айтай, сен ит эмганга, а?! Мен ЭСНБга ишонаман, билдингми! Бутун халқ ЭСНБга ишонади! Билдингми, пид…(ўрисча уят сўз)?! Биз президентимизга ишонамиз! Уруш қилиб, юртимизни қонга ботирмоқчи бўлган сендақа пид…(қайта ўша ўрисча уят сўз)ларга ҳеч ким ишонмайди! Сен иплослардан бизни ЭСНБ сақламаса, ким сақласин! Туф сендақа юзсизга! Ватанни сотиб ватангадо бўлганга, тфу-у!!!
– Хўп, ўша ЭСНБдан биронта далилий маълумотни менга айта оласизми?! – сўрадим иложи борича ўзимни босиб.
Аёл тағин-да шанғиллади:
– Ҳаааа, иплос! Ҳаромхўр, бузғунчи, кў… – навбатдаги уят сўзида мени эркакликдан ўчирилдим. – Ўзинг кимсан-у, ватанни сотиб ватангадо бўлган бир иплоссан-у, тағин сен ЭСНБдан далил сўрайсанми, шарманда! ЭСНБда мени энг яқин танишим ишлайди. Ўша акам айтдилар, сен ифлос юзлаб хотинларни чоти … – шартта компьютернинг овозини пасайтирдим.
Англадимки бу аёл фақат ўзининг гапини маъқуллайдиганлар хилидан экан. Тортишиш, ҳақиқатни талаб қилиш бефойда. Сезилиб турибди, мени айблаш учун аниқ далил-исботи йўқ.
Авваллари, бу кабиларга, диктатор режимининг алдовига ишонган бир пандавақи-да, дея индамасдим. Бироқ бугунги ҳақоратлар жондан тўйдирди, суҳбатдошимнинг бир таъзирини бергим келди.
– Биласизми, сизнинг ҳамма гапларингиз тўғри, – дедим тушкун бир руҳда суҳбатдошимга.
– Ҳа ана! – шанғиллади аёл ва гўё менинг айбларимни бўйимга қўйган одам бўлиб, хурсанд ҳолда, уят гаплари билан яна аллақанча “сийлади”.
Аёл гапдан тўхтагач, мен тағинда тушкунликда давом этдим:
– Ҳа, афсус, ҳамма гапларингиз тўғри. Ўшанда, уффф, биласизми, ўшанда, Анжонда одамларни отганим учун ҳозир аттанг қиламан, энди иложи йўқ-да. Энди нима қилай, шу… биласизми, ўшанда катта пул беришганди-да! Энди… нима дейди… ёшми-қарими отўрганмиз-да! Қўлимдаги микрофоним ҳам махсус, ичида пистолети бор эди. Ҳозир энди ҳаммасига афсус қиламан…
– Бу ҳали ҳолваси, э-турқингга сени қуртлар… (уят сўзлар)! Етти қават гўрларда сасиб, чириб, … (бу ёғи уят гапга айланди)! Ҳали дўзахда қиёматгача ёнасан… (яна уят сўзлар)! Ҳаромхўр, бузғунчи, кў… (яна мени эркакликдан ўчирди)!
– Ҳа-энди, кечирасизлар-да, – дедим хокисорлик билан, – Ўзбекистон халқи мени кечирсин! Шу… қандай айтсамикин… мана яхшиям ўзингиз боғландингиз, биласизми… ҳалиги… мени сизга битта илтимосим бор эди.
Аёл дарҳол чийиллади:
– Ватанни пулга сотиб, халқни отган иплос, пид…, жаллоднинг илтимосини мен бажармайман! Билдингми кў..!
– Йў-мен… унақа… ҳалиги… илтимос ҳам …мас-у, – дедим тутилиб, товушимдаги хокисорликни кучайтириш учун.
– Ҳэ? Нима? – сўради аёл.
Англадим, суҳбатдошим, илтимосимга қизиқди.
– Ҳа шу… унақа катта нарсамас ўзи… – атайин гапимдан тутилганча, аёлни яна-да қизиқтирдим.
– Ҳэ-нима-у?! – илтимосимни билишга қизиқанини аёл бутунлай ошкор этди.
– Ҳалиги… шу сиз… онангиздан бир сўраб кўрсангиз, илтимос-да! Ҳалиги… ип шолчани ҳали ҳам ташлаб юбормадимикин? Илтимос-да…
Аёл таажжубда ҳиринглади:
– Ия, хи-хи-хий! Қанақа ип шолча?! Сен жаллодни томинг кетиб қопти-ю, а! Мани уйимда, ма-бунақа, қалин-қалин эрон гиламлар! Ман иприсқи шолчаларга туфлимни ҳам артмайман! Билдингми кў..!
– Э-афсус! Афсус-с! – дедим тарвузи қўлтиғидан тушган одам тилида. – Демак онангиз ташлаб юборибдиларда, а? Афсус! Мен ўша ип шолчани ҳалиям сақлаётгандир-ов, деб, ўйлаб, қандайдир… қанақадир умид қилиб юрардим-да.
– Сен нима деяпсан ҳароми?! Причём батда ойимлар! – деди аёл. – Ҳўв жаллод! Қайдан топдинг бунақа ип шолча деган гапни, пид…?!
– Йў-илтимос… ҳалиги… сиз мени тўғри тушунинг, – ялинишни бошладим, – сиз аввал бир ўйлаб кўринг, ип шолча уйингизда… ҳа бир четидами ва ё… масалан омборхонани бир бурчигидами тургандир? Уни онангиз ташлаб юборганига, ҳечам ишонгин келмаяпти. Ўлай агар, ҳечам ишонгим келмаяпти!
Аёл жаҳл билан “Этт-т, сен…” деб гап бошламоқчи бўлди-ю, бирдан овози пасайиб, “Ип-п шо-ол-ча-аа”, дея ўйланганча, жимиб қолди.
Бу вазиятдан кайфиятим кўтарилди, тахминлаб айтган гапим рост бўлиб чиқаётганди. Мабодо аёл, йўқ, унақа шолча бизникида йўқ, деганида ҳам, бари бир гапни айлантириб, онангиз ташлаб юборибди-да, дея мудаоимни асосий қисмига ўтмоқчи эдим. Бироқ, аёлни гапдан тўхтаб ўйланиб қолиши – мен чамалаб отган хомаки “ўқ” нишонга текканидан далолат эди. Энди “отни қамчилаш” қолганди ва мен қувонч билан “қамчиладим”:
– Ҳэх-хайрият-эй, демак ҳалиям бор, а?! Ташлаб юбормаганлар, а?! Ҳайрият-эй! Билардим! Аниқ билардим!!
– Сен ватанфурушни шпионлигинг тўғри! Ойимларни ип шолча сақлашини қаттан биласан, сен иплос? – сўради аёл. – Шпионларга уйимиздаги эски-тускигача ўқитадими, а? Иштонларимизни нечталигини-ям ҳисоб-китоби бордир, а?!
Мен аёлнинг охирги саволини гўё эшитмагандай, гапимда шод-хуррам давом этдим:
– Онангиз ҳали ҳам ип шолчани сақлаяптиларми, а?! Вей билардим! Ўлай агар билардим! Мен билардим, онангиз уни ташлаб юбормаслигини билардим!!
Аёл ўшқирди:
– Нимани билардинг?! Хўв, нимани билардинг, иплос, пид… ватангадо?! Ўша зормандани ташлаб юборинг деб, минг марта айтганман! Ойимлар, “Бу отамнинг отасидан ёдгорлик, исталин замонида совға”, деб ҳечам унамайдилар. Омборхонадаги шкафни пастида ётувди, ойимлар уйда бўлмаганида лўлига бериб юбораман дейман, доим эсимдан чиқади.
– Йўғ-э! Йўқ-йўқ, унақа қилманг! Ҳечам унақа қилманг! Илтимос, унақа қилманг! Тарихни ёқворасиз-эй!
– Сен иплос, кў…! Олдин менга айт! – шанғиллади аёл. – Чет эл шпионлари мени уйимдаги эски шолчани қаттан билади, а?! А, қаттан билади?!
– Эққ-қанақа шпионлик? Бу ип шолчани онангиз билан икковимиз биламиз холос, – дедим сирли қилиб.
– Нима?! – чийиллади аёл. – Тўхта-тўхта! Сен ит эмган нима деяпсан?! Ойимларни сан қаттан танийсан-э?! А?!
– Йў-ў-сиз… – атайин гапдан тутилдим, – сиз.. ҳалиги… нимайди-я… мен ўшанда… ҳалиги… телевизор тузатадиган уста эдим… ойингиз устахонага келиб, эрим қамоқда!! Ҳалиги… қамалиб қолган!! Телевизорни ўзим олиб келолмайман, илтимос, уйимга бориб тузатиб берсангиз, пулини тўлайман, деб… ўшнақа дўвдилар-да, – гапдан тўхтаб, нафас ростлагандай бироз кутдим. Аёл жим эди. Демак, тўғри йўлдан кетаётганимни, отаси ҳам қачонлардир қамалганини билдим, акс ҳолда аёл, отам қамалмаган, деб бақирарди. Жим турибдими, демак отаси қамалган ва уйларида эски шолча бор, энди бу ёғига бемалол “от чоптирсам” бўларди: – Ашнақилиб, эртасига уйларингизга бордим. Телевизорни кўрдим, тузатдим. Қайтадан жойига тўғрилаб қўяман деганимда, телевизорнинг ёнидаги… ҳалиги… қамоқдаги адангизни суратларига қўлим тегиб, пастга тушиб кетди. Расмни оламан деб, шундоқ энгашувдим, палакатми ё пешонага ёзилганими, билмай қолдим, ўзим ҳам чаппа йиқилдим-да! Ўша ип шолчани устига йиқилдим-да! Онангиз сизга ўхшаб росаям ақлли эканлар! Жудаям сергак эканлар! Мени турғизаман деб қўлини узатган жойида, бошлари айланиб кетдиларми, устимга таппа тушдилар-да. Лўппигина, дўндиқ онажонингиз нақ қучоғим…
– Ҳўй-ҳўй! Бўлди-еэ, индамасам жа! – деди аёл.
Бироқ мен аёлни гапиртирмадим:
– Ҳэс-сиз тўхтанг-э! Мана сиз ниҳо-оят-да гўзалсиз! Чиройлисиз! Кўҳликсиз! Ана, расмингизни кўриб турибман латофатлисиз! Лобарсиз! Қош-кўзларингизни қаранг, вей, жудаям гўзал! Онангиз ҳам ўшанда сизга ўхшаб сарвиқомат! Ҳар қандай эркакни гангиб қўярди, жуда гўзал эди-да! Ўлай агар, сиз билан онажонингизни гўзаллигини олдида ҳар қандай эркакни томи кетиб қолади! Сизлардаги гўзаллик бу – соф гўзаллик! Брилиант гўзаллик!! Эх-мм-м… мана ҳозир гапиряпман-у, томоғим қуруқшаб кетяпти. Хуллас калом, мен ўшанда… ўша ип шолчани тепасида… ойижонингиз шундоқ қучоғимга…
– Бўлди дедим-эй! Ваабшее! – деди аёл.
Мен яна уни гапиртиргани қўймадим:
– Тўғри, тан оламан, мен ўшанда жиноят қилдим! Биламан, ёмон жиноят қилдим! Лекин сиз ҳам мундай тушунинг-да, мен ойингизларни зўрлаган бўлсам, севиб зўрлаганман!
– Эттт… ҳозир… – аёл гапиришга уринди.
– Йў-шошманг! Мана ойижонингизлар ҳам мени унутмаган эканлар-у! Ўша, ип шолчани ташлаб юбормабдилар-у! Демак, ойижонингизни кўнглида ҳам бир гап борки, сизни дунёга келишингизга далилий ашё бўлган ўша ип шолчани ҳали ҳам ташлаб юбормабди! Қойилман ойижонингизга! Тасанно!
– Уффф-пп бошим гангиб кетди! – деди аёл. – Ва-абше тугадим! Нима бўляпти ўзи!
– Мен сизни тушунаман, – дедим аёлга. – Бу сиз учун албатта кутилмаган гап… ҳалиги… нимайди… Хўп, мен ҳам гапимни йўқотиб қўйяпман. Хуллас, сиз ҳали уйга борганингизда, чой-пой ичиб, ҳол-аҳвол сўрагандан кейин, секин, шошилмасдан, “Ойижон, мени тақдирим юртбошимизники билан бир хил экан-а?” деб сўранг.
Аёл портлаб кетди:
– Нима?!! Юртбо… ққ-қанақа юртбош?! Причём баитда юртбош?!!
– Ия ҳали-ям етиб бормади? – дедим бемалол ва гапим замиридаги ишончни мустаҳкамлаш учун урғулаб, ўктам товушда тушунтира бошладим. – Биринчидан, сиз дунёга келишингизга асос солинган вақтда дадангиз қамоқда бўлганлар, тўғрими?! Тўғри! Энди, иккинчидан, юртбошингизни дунёга келишига асос солинган пайтда-ям отаси қамоқда бўлган!
– Ббб-бўлди-эт! – жеркиди аёл. – Бунақа нарсаларни фақат шу ватанфурушлар тўқиб чиқаради! Иплослар! Пид…лар! Юртбошимизнинг оталари қамалган! Қа-мал-ма-аган-н!!!
– Эб-барака топгур, тўхтанг-эй! Гапимни эшитасизми ё гапирмайми?! Ана, бўпти, гапирмайман! Бўлди.
– Йўқ! Бўлгани йўқ! – чинқирди аёл. – Энди охиригача гапириш! Эркак киши охиригача гапиради! Қани, эшитаман!
Суҳбатдошимда аёлларга хос қизиқиш инстинкти бошлангани сезилди.
– Бир нарса қизиқ, – дедим ва салмоқладим: – Мана сиз юртбошингизни яхши кўрасиз, садоқатлисиз, тўғрими? Тўғри! Бироқ юртбошингизга ҳар томонлама ўхшар экансиз десам, хурсанд бўлишни ўрнига, негадир менга бақирасиз, ҳайронман. Аслида, ҳў-ҳўв қанча одамлар, мен юртбошимга ўхшасам деб, кечасию-кундузи орзу қилишади! Тўғрими? Тўғри! Қанча одам ойнага қараб ўзининг бурнини, қулоғини, оғзини солиштиради, лабларини чўччайтириб ё қимтиб кўришади, президентга ўхшармиканман деб-да. Шунда ҳам агар ўхшаса уларнинг фақат юзлари ўхшаши мумкин, лекин сиз каби отаси қамоқда ётганида, дунёга келишига асос солинган вазият ҳеч кимда йўқ! Мана сиз, шу томондан президентингизга айнан ўхшашсиз!
– Ҳа ўхшайман! Ватанфурушлар куйиб ўлсин! Мен юртбошимга ўхшашимдан фахрланаман! – чийиллади аёл.
– Сизнинг хусусиятингиз ҳам типик! – суҳбатдошимни янада оловлантирдим. – Чапанича сўкинишингиз ҳам айнан юртбошингизга ўхшайди. Билишимча, жаҳлингиз чиққанида одамни тепиб, тасирлатиб уриб кетасиз – бу одатингиз ҳам нақ президентингизга тортган!
– Тортган! Ўхшайман! – деди аёл фахр билан. – Ватанфурушлар куйиб ўлсин, юртбошимизга ўхшайман! Керак бўлса юртбошимиз учун ҳамма нарсага тайёрман! Ёт деса – ётаман, тур деса – тураман! Тушунарлими?! Баъзи ватанфуруш, итдан тарқаган, иприсқи кў…ларга ўхшаб юртбошимизга тош отмайман! Ҳа-хўп, мани ади-бади айтишга вақтим йўқ! Анови гапга далил борми?
– Қайси гапга? Қанақа далил?
– Қамоқда ўтирган бўлса… нимайди-я… ҳа-ўшанга-да… далил борми? – аёл, юртбошимизнинг отаси қамоқда ўтирган бўлса, бунга далил борми, дея дангал сўраёлмай чайналди.
Мен атайин гапни айлантирдим:
– Ия! Одам ўзининг отасини қамалганини ҳам билмайдими?! Қизиғ-у!
– Уф-пп! Вой-бу ватангадоларга тушунтиргунча тамоғим энасиникига кириб кетади ҳозир! Ўзимни адамларни айтаётганим йўқ, анов гапга исбот борми деяпман?!
– Яна қайси гапга?
– Намунча етим қўзига ўхшамаса булар! – бўғилди аёл. – Юртбошини отаси қамалган, ўшанда туғилган деб, ҳозиргина ким гапирди?! А?! Ё, мен айтдимми, а?! Ё бу ёғи, бизни тилдан илинтириш ўйини кетаяптими, а?!
– Ҳа уми? Ҳа тўғри, у гапни мен айтдим.
– Ана ўшанга далил борми?
– Далиллар кўп, тиқилиб ётибди. 1936 йили отаси беш йилга қамалганидан кейин, орадан икки йил ўтиб, 1938 йили, яъни отаси қамоқда бўлганида туғилган деб ёзилган. Ҳмм… менимча, бу борада биринчи Усмон Ҳақназаров ёзувди.
– Стоп! Ким?! – сўради аёл. – Ватанфурушлар билан гаплашганда ҳар бир гапини ёзиб олиш керак. Ҳа савил, ручкам қайда қолди-я, ҳа мана топдим. Фамилияси ким? Исми?
– Ус-мон-нн Ҳақ-на-за-ров-в, – дея чўзиб айтдим. – Интернетдаги ўрисча сайтларнинг жуда кўпида ҳам бу бор. Интернетга кириб, ўрис тилида сўров беринг, чиқади. Кўп сайтларда бу турибди.
– Хўп, мен буни аниқлайман, – деди аёл ва дарров товушига амирона тус берди: – Ўшнақа бўпти-ям, хўп, нима бўпти?! Осмон узилиб ерга тушибдими!
– Йў-энди… валади зино…
– Стоп! – деди аёл. – Ҳозир ёзиб олай. Волити зано! Бу шпионларнинг ҳаммасини исм-фамилияси ватангадо бўлганидан кейин ўзгариб кетаверади а? Ким у? Волити фамилиясими ё исмими?
– Йў-бу… – аёл ҳароми деган сўзнинг синонимини билмаслигидан таажжубим ортиб, бирров тутилиб қолдим. Бироқ тезликда ўзимни қўлга олиб, мавзуни суҳбатдош ёқтирадиган тарафга бурдим: – Бу… бу оддий сўз, яъни валади зино одам президент бўлса, мамлакатдаги ҳамма аёлларни юртбошининг онасига ўхшатиш, онасининг йўлидан юришга ҳаракат қилиш тадоруклари ҳукумат томонидан моҳирлик билан олиб борилади, деган мазмундаги сўз.
– Тушунмадим? Аниқроқ! – буюрди суҳбатдошим.
– Яъни… аёл том маънода эркин бўлади дегани.
– Ҳаа-а, шунақами. Унда яхши сўз экан. Майли буни ҳам ёзиб қўйдим, во-оли-ити за-ано-о.
– Йўқ, хато кетди, – дедим мен. – Валади зино бўлади. Ва-ааа-л-а-ди зи-и-н-но.
– Ҳаб-барибирмасми! Ким буни ёзилишига ким қараб ўтирибди. Аёллар эркин бўлади деган бўлса, бу сўз яхши сўз экан, тамом! – деди аёл.
– Ҳа-да, – тасдиқладим мен ва ўз гапимдан ўзим илҳомланганча давом этдим. – Ҳамма аёллар эркин бўлади. Кўчалардаям очиқ-сочиқ юрўвради. Таралабедод, кайф-сафо, айш-ишрат бўлади! Хоҳлагани билан хоҳлаганда маишат қилиб, хоҳлагандан яна бошқасига бориб, юрўвради! Ҳатто устида эри бўлса ҳам рухсат бор дегани – бу! Мана сиз каби гўзал аёлларни умри битта эркак билан чириб кетмайди! Эрни қош-қовоғига қараб, уйда зиндон бўлиб ўтирмайсиз!
– Вў-блин! Закони! – деди суҳбатдошим мавзу ёққанини билдириб.
– Ҳўҳ-ҳўв, ҳамма чет мамлакатларда шунақа-ю! – илҳом парийси энди мени елкамга миниб, от чоптиргандай ниқтарди: – Ана, Арабистонда ҳам шундай-ю! Масалан бир жувон кўчада, бирор эркакни ёқтириб қолса, қани, бу ёққа юр деб, уйига олиб кириб кетўвради! Агар уйида эри бўлса, эрига, боринг, болалар билан бир кўча айланиб келинг, деб, эрини чиқариб юборади…
– Ҳўв, лапша илиш йўқ! – деди аёл. – Арабистонда дин кучлилигини биламиз!
– Тўғри! Ислом дини у ерда кучли, бироқ, уйига бошқа эркакни олиб киргандан кейин бир косадаги сувдан навбат билан ичиб, ўзларини-ўзлари никоҳлаб олишади-да! Тамом, йўл очиқ!
– Бунақа қонунларни ҳам ўрганиш керак экан, – деди аёл ва буюрди. – Аввалги гапимиз чала қолганди, ўшанга қайтайлик!
– Ҳа, аввалги гапимиз, а? Демак сиз юртбошингизга ҳар томондан ўхшаркансиз деяётгандим…
– У гап айтилди, энди давомини эшитаман, – деди аёл.
– Давоми, нимайди?
– Анови… ғийбат, юртбошинининг онасини ғийбати… хўп агар шунақа бўлса, ўша одам борми?! Ҳозир тирикми?!
– Қайси одам?
– Ҳа-а-л-латабоша! – бўғилди аёл. – Э-бу… бу ватанфурушларнинг ҳаммаси латабош бўладими, а?! Ҳа-ахир юртбошининг онаси билан… – гапининг давомини айтолмай аёл тутилди. – Ўшада… ўшнақа бўлган бўлса, ўша одам борми?
– Ҳа-а-эй, – дедим ва кейинги сўзларимни ҳар бирига урғу берганча, доналаб сўрадим: – Юртбошингизнинг! Онасини! Отаси эмас! Ип шолча устида зўрлаган ўйнашининг исмини сўраяпсизми?!
– Уфп-паразит! Ўша одамни исми борми?!
– Йўқ, бунақаси кетмайди, – дедим мен. – Агар ҳозир у одамнинг отини айтсам, кейин сиз интернетдаги мақолани ўқимайсиз, тўғрими? Йўқ, бунақа дангасалик кетмайди! Сиз эринманг, албатта вақт топиб интернетга киринг, ўзингиз ўқиб гувоҳ бўлинг. У ерда яна бошқа жа-ям қизиқ, жа-ям кўп гаплар бор. Уларни ҳам билиб оласиз. Келинг, яхшиси мен ҳозир сизга бошқа бир гапни айтаман. Бу гап, яъни мен ҳозир сизга айтадиган гап, ҳеч қайси интернетда йўқ. Ё айтмайми? Хоҳламасангиз айтмайман.
– Қанақа гап? – қизиқди аёл.
– Сиз ҳозир, тўппа-тўғри ҳозир, ҳамма ишингизни ташлаб, уйингизга боринг! – дедим суҳбатдошимга. – Уйга бориб, ип шолчани яхшилаб, тўрт томондан ва ўнгидан-терсидан суратга олинг! Сифатли қилиб, қайта-қайта олинг! Бутун диққатингизни тўплаб, суратга олинг! Кейин ЭСНБдаги акангизни олдига бориб, илтимос қилинг, ЭСНБнинг гапи ўтади, ип шолчанинг суратини музейга қўй-дир-тир-син!
– Музейга?! Уп-пуф-ф-ф! Причём батда музей?! – аёлнинг сўровидан анқайганини тасаввур қилиш қийин эмасди.
– Ҳа музейга! – тасдиқладим мен. – Чунки, мана қаранг! Яхшилаб эшитинг! Юртбошингизни дунёга келишига асос солинаётган вақтда, онасининг тагига ёзилган ашёвий далилни – яъни ип шолчани кимдир ташлаб юборган ё лўли-пўлига бериб юборган! Оқибатда сиз каби фуқароларга ҳақиқатни очиқ-ойдин айтишолмаяти! Чунки фуқароларга кўрсатадиган ашёйи далил йўқ! Шунинг учун сиз ҳозир, тўғри уйингизга бориб, ип шолчани аввал расмга олинг! Кейин уни сейфга солиб, яхшилаб беркитиб қўйинг – бу биринчидан! Иккинчидан, тозалайман деб йиртиб-нетиб юборманг, у табаррук шолча! Ҳали замонлар келади, уни абадий турадиган қилиб мумёлашади! Хуллас, авайлаб-асраб, сейфга беркитинг! Учинчидан, расмини музейга қўйдирсангиз, кўпчилик кўриб, бу гўзал аёл юртбошимизга айнан ўхшар экан, дейишади! Сизга миллионлаб одам ҳавас қилади! Биласизми, музейга ҳукумат вакиллари киради, вазирлар киришади. Улар ип шолчани кўриб, тарихини эшитиб, эй-гап бу ёқда экан-у, деб кейин сизга катта амалларни беришади. Эҳтимол Олий Таълим вазири бўлиб кетарсиз. Ана ундан кейин бақувват, келишган ёш-ёш йигитлар хизматингизда бўлади. Йигитларнинг ичидан ўзингиз ёқтирган бирини котиб қилиб оласиз. Доим орқангиздан илҳақ юради, оғзингиздан чиққан ҳар бир гапингизни айпотига муҳрлайди. Вой-вўй! Ана ундан кейин қанчадан-қанча одамларни сизга ҳавас келиб, зарҳал рамкадаги расмингизни уйининг тўрига, ишхоналарига, катта-катта қилиб илиб қўйишади! Сиз тўғрингизда, китоблар ёзишади: “Валади зиноларнинг бетакрор соҳибаси” деб! Сиз тўғрингизда, кинолар ишлашади: “Валади зиноларнинг энг сулув соҳибжамоли” деб! Ҳўҳ-ҳўв, нафақат сиз хатто сизнинг дунёга келишингизга тамал тоши бўлган ашёйи далил борасида ҳам қўшиқлар куйлашади: Ип шолча-ю, ип шолча, яшасин-о ип шолча, бор бўлсин-о, ип шолча, деб! Бу ёғини ўшанда кўрасиз, росаям машҳур бўлиб кетасиз! Ишларингиз юришгандан-юришиб кетади! Ана ундан кейин юртбошингизни ўзи, шахсан ўзи, “Қани, ўша аёлни мен ҳам бир кўрай-чи, сўраб кўринглар, қачон вақти бўлиб, Оқ саройга келаркин”, дейди! Тушуняпсизми, юртбошининг шахсан ўзи сизни кўришга, гаплашишга иштиёқманд бўлади! Яна бир гапни мен ишонч билан айтаман, юртбошингиз сиз билан гаплашганидан кейин, “Мана шу аёл менинг ўрнимга президент бўлсин, ўшанда, албатта келажагимиз буюк бўлади”, дейди! Ана! Ип шолчанинг вазни қанчалик эканлигини ана энди тушундингизми?! Боринг, энди тезлик билан уйингизга боринг!
– Бўпти, ўзиям вақтим тугаётувди! – деди аёл ва хайр-хўшни насия қилиб скайпни ўчирди.
Оҳ! – шу дамда, юрагимнинг тубидан бир қувонч келди: Қанийди, “Юртимизнинг тинчлигини бузмоқчи…” деб, бизга иддаолар ёғдираётган пандавақиларнинг барчаси: “Менинг онамни шу ватангадо зўрлаган!” деган жумлани ҳам ўз бўҳтонларига қўшиб қўйишса эди. Маза қилардим, уларнинг таниш-билиш орқали музейларга қўйган ип шолчаларига қарардим, ёнидаги ойижонларининг расмларига қарардим!
Эҳтимол, пандавақилардан энг кўпининг онасини зўрлаган одам бўлиб Гиннеснинг рекордлар китобига номим кирарди?
Балки, Ўзбекистон Қаҳрамони деган унвонни ҳам беришармиди?
Оҳ! – юрагимнинг туб-тубида қувончлар вулқони вақирлаяпти!!!
***********
26 март 2015 йил
Торонто

Copyright © 2018 Birdamlik.Info