Tаъзия

Мансур Машуров

Жорий йилнинг 6 август куни Тошкент шаҳрида ҳуқуқ фаоли, «Альянс» ҳуқуқ ҳимояси гуруҳининг етакчиси Елена Урлаеванинг умр йўлдоши Мансур Машуров оламдан ўтди.
Ҳуқуқбон Елена Урлаева 2015 йилда инсон ҳуқуқларини холисона ва жасурлик билан, ўз ҳаёти ва соғлигини хавф остига қўйиб ҳимоя қилгани учун Пер Ангер халқаро мукофотига сазовор бўлган. Бундай мукофот ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан бўлган энг жасур фаолларга инсонийлик ва демократияга қўшган ҳиссалари учун берилади. Шу кунгача юртдошларимизга адолатсизликка қарши курашда амалий ёрдам кўрсатиб келаётган Елена Урлаева Ўзбекистондаги ноҳақликларга қарши чиқишлари учун милиция ходимлари томонидан бир неча марта дўппосланган. Ҳуқуқбон 2000 йилда беш йилга озодликдан маҳрум этилган. Кейинчалик жазо чораси мажбурий даволашга ўзгартирилган. У гарчи руҳий жиҳатдан соппа-соғ бўлса-да, ҳозирги кунгача бот-бот мажбурий даволанишга тортилиб келинмоқда. Бу каби давомли ҳужумлар ва таъқиблар эса, унинг ҳуқуқ ҳимоячиси экани билан бевосита боғлиқлигига шубҳа йўқ.
Биз, шу кунларда бошига оғир кўргуликлар тушган, умр йўлдошидан айрилиб, бўзлаётган дўстимиз, маслакдошимиз Елена Урлаева ва унинг оила аъзоларига таъзия билдирамиз.

Баҳодир Чориев,
«Бирдамлик» Халқ демократик ҳаракати етакчиси.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info