Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради

%d0%b0%d0%b1%d0%b4%d1%83%d0%bb%d0%bb%d0%b0-%d0%be%d1%80%d0%b8%d0%bf%d0%be%d0%b2

Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов шу йил 5-ноябрь куни 75 ёшида АҚШнинг Хюстон шаҳрида вафот этди.
Абдулла Орипов 1941 йили Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Некўз қишлоғида деҳқон оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатгач, Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика бўлимига ўқишга кириб, уни 1963-йилда тамомлади.
У ўзининг ижодий ва меҳнат фаолиятини нашриётда муҳаррирликдан бошлади. Кейинчалик Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб, Бутуниттифоқ Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш идорасининг Ўзбекистондаги раҳбари вазифаларини бажарди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини бошқарди.
Абдулла Орипов ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик асарларида она юртимиз ва халқимизга, миллий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғусини катта маҳорат билан тараннум этди. Унинг бетакрор ижоди миллий руҳи ва халқчиллиги, ҳаётийлиги билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади.
Атоқли шоир ярим асрдан зиёд ижодий фаолияти давомида бир неча китоблар ёзди. Унинг биринчи китоби «Митти юлдуз» 1965-йилда чоп этилди. Шундан буён шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1967), «Онажон» (1969), «Руҳим» (1971), «Ўзбекистон», «Қасида» (1972), «Хотирот» (1974), «Юртим шамоли» (1974), «Ҳайрат» (1979), «Ҳаким ва ажал» (1980), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «Ҳаж дафтари» (1999) ва бошқа шеърий тўпламлари босилди.
Жаҳон адабиётининг Данте, Некрасов, Украинка, Тарас Шевченко каби мумтоз намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратди. Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари рус, қардош ва дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди ва алоҳида китоб ҳолида нашр этилди.
Мустақиллик йилларида шоирнинг ижодий ва ижтимоий фаолияти янада ёрқин намоён бўлди. Ватанимиз озодлигини, халқимизнинг эркин, обод ва фаровон ҳаётини тараннум этадиган, инсон қадр-қимматини улуғлайдиган бир қанча янги шеърий асарлари, она тилимиз, миллий қадриятларимиз, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлашга бағишланган китоблари, бунёдкор замондошларимизнинг фидокорона меҳнати, юртимиздаги улкан ислоҳот ва ўзгаришлар ҳақидаги публицистик мақолалари кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотди.
У тажрибали ижодкор, жонкуяр ташкилотчи сифатида кўплаб ёш истеъдод эгаларига устозлик қилди.

Абдулла Ориповнинг ўзбек адабиёти ва санъатини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвонлари билан мукофотланган эди.

Атоқли шоир, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Абдулла Ориповнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Баҳодир Чориев,

«Бирдамлик» Халқ демократик ҳаракати етакчиси.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info