Ўзбекистон: Ҳуқуқ ҳимоячи Елена Урлаевани яширин тарзда руҳий шифохонага жўнатдилар

 

Елена Урлаева

Тошкент ҳуқуқни муҳофаза қилиши органлари 1 март куни Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилар альянси (ЎҲҲА) лидери, таниқли ҳуқуқ ҳимоячи Елена Урлаевани руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий даволанишга ётқиздилар ва бу ҳақда унинг яқинлари ва қариндошларини хабардор қилмадилар.“Фарғона” манбаларининг маълум қилишича, Елена Урлаева 2 март куни Европадан келган қандайдир меҳмон, тахмин қилинишича, Жаҳон банкининг вакили билан учрашмоқчи бўлган эди. Бироқ бир кун олдин у уйига қайтмади, эртаси куни эса унинг яқинлари Урлаева касалхонага ётқизилганини билиб қолдилар. Бошқа маълумотларга кўра, Урлаева 1 март куни “Оқсарой” қароргоҳи олдида бир тошкентлик одамнинг ҳимоясига пикет ўтказишни режалаштирган, бироқ милиционерлар уни ТИИБга олиб кетдилар ва у ердан психиатрия касалхонасига жойлаштирдилар.

Эслатиб ўтамиз, Елена Урлаева олдин ҳам бир неча бор (2001, 2005, 2012 ва 2016 йилларда) психиатрия касалхонасига ётқизилган. 2005 йилда у мажбурий даволанишга қарши очлик эълон қилган ва халқаро ташкилотларлар Ўзбекистонда “жазоловчи психиатрия” ҳукм сураётгани, ҳуқуқ ҳимоячига босим ўтказилаётгани ҳақида баёнотлар билан чиқиб, ЎҲҲА лидерини озод этилишини талаб қилишганди.

Елена Урлаева деярли 17 йилдан бери Ўзбекистондаги ҳуқуқбузарлик қурбонларини очиқдан-очиқ ҳимоя қилиб келади. У мунтазам равишда пахта далаларига чиқиб, болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнатидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини қайд этиб келади, ноҳақ қамалганларни қўллаб пикетлар ўтказади, мухолифат кайфиятидаги тинч акцияларда иштирок этади, ёрдам сўраган маҳаллий аҳолининг мурожаатлари бўйича ҳаракатда юради. Урлаеванинг фаолияти анчадан бери Ўзбекистон расмийларининг аччиғини келтириб келади, улар ҳуқуқ ҳимоячини овозини ўчириш учун дўқ-пўписа, ҳақорат, ҳибсга олиш, калткалашларни қўллаб келишган. Бироқ у ҳуқуқлари бузилган одамларга ёрдам беришда давом этмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

Copyright © 2018 Birdamlik.Info