Ӯзбекистон «Бирдамлик» Халк демократик ҳаракати қурултойини ӯтказишга жойларда кимлар ва нима учун тӯсқинлик қилди?
12-ноябрь куни кеч соат 20-00 ларда менга яшаш жойимдаги участка профилактика нозири катта лейтенант Бердибой Бердимуратов қӯнғироқ қилиб, Амударё туман Ички ишлар бӯлими бошлиғи муовини сӯраётганлигини айтди. Мен шу пайтда Нукусда эканлигим сабабли унга эртага боришимни билдирдим.
Бироздан кейин инспектор яна қӯнғироқ қилиб, устимдан шикоят тушганини, агар Нукусга машинада келса ӯзи билан бирга бора олишимни сӯради.
Милиция давлат органи, шу боис ҳам ҳурматга лойиқ. Бироз иситмам чиқиб, тӯшакда ётганимга ва масофа етмиш километрдан кӯплигига қарамай:
– Албатта, сиз чақириб турганингизда мен йӯқ дейишим тӯғри келмайди, дедим.
Соат 23-00 да инспектор етиб келди ва биз Манғитга, туман ИИБга қараб йӯл олдик.
Йӯл-йӯлакай катта лейтенантга устимдан тушган ариза каминани эртага Тошкентга, кейин Чимкентга, «Бирдамлик» қурултойига юбормаслик мақсадида қилинаётган амал эканини гапириб бордим.
Инспектор вақти-вақти билан ана шу қурултойга бормасангиз бӯлмайдими, Солижон оға, деб қӯярди.
Туман марказига ӯн турт чақирим қолганида Бердимуратов вақт кеч бӯлиб қолди, эртага эрталаб туман ИИБга келсангиз, деди.
Эртасига эрталаб терговчи хонасига бордим, ариза билан танишдим. Маълум бӯлишича, Манғитдан Баҳодир Қозоқов ӯз оиласи шаънига доғ тушириб, интернет-сайтга мақола ёзганимдан шикоят қилибди. Яъни мен Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ражаб Қозоқовнинг уйида табиий газ йӯқлиги боис у совқотиб вафот этди, деб ёзганмишман.
Каминанинг илтимоси билан мақолани принтердан чиқариб кӯрдик. Мақолада даъво қилишга арзигулик биронта жумла йӯқ.
(Қозоқовлар хонадонида табиий газ доимо бӯлган, мақолада ҳам газ ҳақида сӯз юритилмаган).
Шундай бӯлишига қарамасдан Б. Қозоқов, мақолани сайтдан олдиринг, шу йӯл билан келишиб қӯяйлик деган мазмунда бир неча марта таклиф билдирди. Мен таклифга кӯнолмаслигимни, чунки мақолада ҳеч қандай туҳмат аломатлари йӯқлигини ва сайт раҳбариятига мақолани олиб ташлаш юзасидан илтимос қилолмаслигимни айтдим. Ӯз навбатида шикоятчига қонун нуқтаи-назаридан ҳуқуқ идораларига талабини билдириб, ҳаракатни давом этдирса, мақола суд қарори асосида сайтдан олиниши мумкинлигини тушунтирдим.
Ички ишлар идорасидан соат 15-30 ларда чиқаётиб, терговчи Ортиқов ва Бердимуратовга:
– Агар бирон жойга чиқиш маън қилинадиган бӯлса, тегишинча ёзма равишда изоҳ берасизми? – деб сӯрадим.
Улар Қурултойга бормасангиз бӯлмайдими, деб сӯраш билан кифояландилар. (Гап очиқ-ойдин Чимкентда ӯтказилиши режалаштирилган «Бирдамлик» ХДП Қурултойи тӯғрисида борганди).
Мен:
– Қӯлимдан тутиб, тӯхтатмаса боришим керак, бу жуда муҳим,– дедим.
Таъкидлаш лозим-ки, барча сӯзлашувларимиз жуда маданиятли, ӯзаро ҳурмат тарзида ӯтди.
Эртасига, 13-ноябрда Нукус-Тошкент йӯналишида кечкурунги рейсда Тошкентга учдим.
14-ноябрь куни Ӯзбекистон-Қозоғистон чегарасида Ғишткӯприк постида паспортимга чегарадан чиқилганига доир тамға қӯйишди ва Қозоғистон чегарачилари назоратидан ӯтиб, миграция ҳужжатини тӯлдираётган пайтимда кимдир исм-фамилиямни айтиб, чақирди.
Ӯзбекистонлик чегара қӯшинлари ҳарбий хизматчиси дарров паспортимни олиб, қӯлимдан тортганича, ӯзи билан бирга юришимни талаб қилди. Ҳарбий билан бирга қайсидир хонага кирдик ва у ерда анча кутишга тӯғри келди.
Кейин паспортдаги «ӯтишга рухсат» тамғаси устига «бекор қилинди» белгисини босиб, ӯта мулойимлик билан орқамга кузатиб қӯйишди.
Ӯз-ӯзидан кӯриниб турибди-ки, Ӯзбекистон томони паспортимга рухсатнома босаетганида каминанинг фамилияси маън қилинганлар рӯйхатида бӯлмаган. Яъни, Б. Қозоқов аризаси тегишлилигича қайд қилинмаган. Агар қайд қилиниб, ҳисобот берилганида, қонуний ӯтказмаслик бӯйича қарор бӯларди. Назаримда менинг чегарадан ӯтишимни таъқиқлайдиган қарор компьютер базасига кеч жойлаштирилган. Шу боис Ӯзбекистондан Қозоғистонга ӯтишимга ҳеч нарса монеъоик қилмаган. Қарор ДХХнинг Чегара қӯшинлари базасига жойлаштирилгач ва менинг чегарадан ӯтганимга ҳеч қанча вақт бӯлмагани маълум бӯлгач чегарачиларнинг пайтавасига қурт тушган. Лекин ҳозиргача ёпиқ қолаётган Ӯзбекистон ички ишлар тизимида ким ҳам бу ҳақда қонуний жавоб берарди, дейсиз?!
Бу эса, президент Мирзиёев раҳбарлигида икки йил тоза ҳаводан нафас олаётган ӯзбекистонликлар йигирма беш йиллик бӯғилишдан ҳали-вери қутула олмаслигини англатади.
Каминанинг мухолифат аъзоси сифатидаги «Чимкент юриши»дан якка-ю-ягона мақсади — ушбу бӯғилишнинг қай даражада эканига диққат қаратиш ва Мирзиёев ҳокимияти вакиллари хоҳиш билдирсалар, Ӯзбекистоннинг нафас ростлаши учун баҳоли қудрат ёрдам беришдир.
Солижон Абдураҳмонов. Қорақалпоғистон Республикаси, Амударё тумани.
Бошқарўв ва Марказий Қўмита аъзоси
РS. Фуқаро Б. Қозоқов аризаси юзасидан иш, инспектор Б. Бердимуратовнинг телефонда айтишича, ҳаракатдан тӯхтатилган.