Мен Зафар Ҳандамов 15-ноябрдан эътиборан партияга айланган собиқ «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатига 2018 йилдан буён аъзоман. Шу кунга қадар «Бирдамлик» ХДП фаолиятига аъзо сифатида қӯлимдан келганча ёрдам бериб келмоқдаман. Партия раҳбарияти ва Бошқарув кенгашининг менинг фикр-мулоҳазаларимни инобатга олиши, айрим ғояларимни қӯллаб-қувватлаши, партия сафида ӯз ӯрнимга эгалигим партиядаги фаолиятимга завқ-шавқ бахш этади.
«Бирдамлик» ХДҲнинг Қозоғистон Республикаси Чимкент шаҳрида ӯтказилиши режалаштирилган Иккинчи қурултойига ҳам катта тайёргарликлар, Партиянинг келгуси ишларида асқотадиган ғоялар билан борган эдим. Бироқ, афсуски, «Бирдамлик» ХДПнинг навбатдаги қурултойини Партия етакчиси ва асосчиси Баҳодир Хон Туркистон билан бир даврада юзма-юз ӯтириб ӯтказиш имконига эга бӯла олмадик. Бунга Ӯзбекистон ҳукуматининг демократик тамойилларга хилоф равишда тутган йӯли, нодемократик тамойилларга зид ишларга Қозоғистон ҳукумати, куч ишлатар органларини ҳам жалб қилгани сабаб бӯлди.
Чимкентда бӯлиб ӯтажак Қурултойга мен режа бӯйича 13-ноябрь куни тушдан кейин Тошкентга, 14-ноябрь куни эса Чимкентга бормоқчи эдим. Лекин 10-ноябрь куни кечки соат 18-00 дан кейин Самарқанд вилояти Қӯшработ туман ИИБнинг Терроризмга қарши кураш бӯлимидан Сардор исмли ходими уйимизга келиб, шахсимни тасдиқловчи ҳужжатим — паспортимни ҳеч қандай изоҳ бермасдан олиб кетиб қолди. Ушбу воқеани Фейсбук тармоғидаги шахсий саҳифам орқали ёритганимдан кейин орада икки соат ӯтгач ҳужжатимни қӯлимга олиб келиб берди. Ана шу воқеадан кейин мен Қурултойга боришга доир режаларимни ӯзгартиришга мажбур бӯлдим. 11-ноябрь куни эрта тонгданоқ Чимкентга қараб йӯлга чиқдим ва кӯзлаган манзилимга тунги соат 21-00 дан кейин етиб бордим.
Мен Қозоғистонга кетганимдан кейин Қӯшработдаги уйимизга куч ишлатар тизими ходимлари келиб, онамга ва рафиқамга ҳар хил босимлар ӯтказган. Улар бу иш билан чекланиб қолмасдан опа-синглим, куёвим ва қайнағамга ҳам кучли босим ӯтказишга ҳаракат қилган. Агар 15-ноябргача орқага қайтмасам, қариндош-уруғларимга қийин бӯлишини, бошқа ҳеч қачон қайтиб келмаслигимни айтиб, руҳий азоб беришга интилган, «яхшигина» пӯписа қиқилганОнамга агар ӯғлингиз тинч ва осуда яшашни хоҳласа, у ҳолда Баҳодир Хон Туркистон билан алоқани йиғиштиришим шартлиги уқтирган. Бироқ пӯписачи куч ишлатар органи зодимларидан биттаси ҳам қариндош-уруғларимга ӯзларининг кимлигини айтмаган, қариндошларим сӯраганда эса шахсларини тасдиқловчи ҳужжат ҳам кӯрсатмаган.
Чимкентдан Тошкентга қайтиб келгач, биз «Бирдамлик»чилар ӯз олдимизга қӯйган мақсадимизга эришиш учун «Бирдамлик»нинг Иккинчи қурултойини онлайн тарзда ӯтказдик. 15-ноябрь куни эрталаб соат 9-00 да бошланган Қурултойимиз 16-ноябрь куни ниҳоясига етди. Шу оралиқда мен ӯз сафдошларим билан бирга Тошкентда бӯлдим. Қурултой тугагандан кейин уйга келдим. Лекин уйга қайтганимдан кейин мени ҳеч ким сӯраб келмади. Сӯраб-суриштиришларим натижасида аниқладимки, мен Чимкентда эканимда уйимизга келган кишилар вилоят ДХХ хизматчилари, маҳалла фуқаролари йиғини раиси ва ходимлари ҳамда туман ҳокимиятида ишлайдиган вакиллар экан. Биз умид қиламизки, амалдаги ҳукумат келгусида, яқин келажакда «Бирдамлик» Халқ демократик партияси Ӯзбекистонимизда фаолият юритишига, рӯйхатдан ӯтишига расман рухсат беради ва бу адолатли иш бӯлади.
Зафар Ҳандамов,
Марказий Қўмита аъзоси