Ўзбекистондаги мавжуд солиқ тизими йўқсиллардан ундирилишга қаратилган.
1999 йилнинг ноябрь ойида Тошкент фонд биржасидан Шаҳрисабз туманидаги чорвачиликка ихтисослашган “Кеш” очиқ турдаги акcиядорлик жамиятининг 60,5% акцияларини сотиб олдим. 2000 йил 25 февралда Шаҳрисабз туманидаги “Кеш” ОАЖнинг вақтинчалик Бошқарув Кенгаши раҳбарлигига тайинландим. 2000 йил апрелда ушбу жамиятнинг Умумий Йиғилишида Бошқарув Кенгаши раҳбари, яъни жамият раиси бӯлиб сайландим. Ушбу раҳбарлик лавозимига ҳеч кимга ҳеч қандай пора бермасдан, Ўзбекистондаги мавжуд қонунлар доирасида эришдим. Кейинчалик маҳаллий ҳокимият ва вилоят ҳокимияти амалдорлари мендан пора ундириш ҳаракатига тушди. Порага доир кескин жавобларим сабабли менга қарши туҳмат ва ноҳақликдан иборат жиноят иши қўзғатилди.
2000-2001 йилларда қатор ноҳақликларга дуч келдим, адолатсизлик қурбонига айландим. Ноҳақ айбловлар ортидан судландим, қамалдим, жиноят қилмасамда жиноятчига айлантиришди. Мол-мулкимни мусодара қилиб, талон-тарож айлади.
Қатъиятли иродам сабабли қонунбузарларга қарши охиригача курашишга бел боғладим. Мақсадим менга қӯйилган ноҳақ айбловларни бекор қилдириш, мол-мулкимни қайтариб олиш, ӯз ишимга қайтиш, раҳбар лавозимини эгаллаш ва менга келтирилган зарарларни қоплатишдан иборат эди. Мен бировга пора бериш ва пора олишдан йироқ бӯлдим, коррупциядан ўзимни узоқ тутдим. Шу сабабли Ўзбекистондаги мавжуд Конституция ва қонунлар доирасида кураш фаолиятимни бошладим.
Қамоқдаги пайтимда ҳатто менинг Nехiа шахсий автомашинамни ҳам вилоят прокуратураси топшириғи асосида Шаҳрисабз туман ДАН бўлимида сақлашди. Қамоқдан чиққач, бир неча ойдан кейин Nexia автомашинамни ДАН жарима майдонидан олиб чиқдим. Қамоқдан чиққанда моддий аҳволим жуда ёмон эди. Шу сабабли Nexia автомашинамда киракашлик қилиб кун кечирдим, 3-4 сўм пул ортириб адолат учун, ўз ҳақ-ҳуқуларимни тиклаш учун курашдим. 30 дан ортиқ турли- туман судларда қатнашдим. Топган пулларимни Қарши ва Тошкент йўллари учун, адвокатлар хизмати учун сарф қилдим. Яхшиямки киракашлик ишим жонимга аро кирди. Шу сабабли Қарши, Шаҳрисабздан Тошкентга машинамда йўловчилар олиб кетардим.
Судларга қатнаб анча ҳолдан тойдим, аммо нариги, яъни менга қарши бўлган томонни ҳам тинч қўймадим. Мени қамашаётганда менга фақат Шаҳрисабз тумани ва Қашқадарё вилояти ҳокимликлари, прокуратура, куч ишлатар тизими амалдорлари қарши турган эди. Кейинчалик ишим йириклашиб, пойтахт Тошкентни ҳам қамраб олди.
2003 йилда раҳматли Марат Зоҳидовнинг Халқаро Инсон ҳуқуқлари ташкилоти – ХИҲТ (МОПЧ)га аъзо бўлдим, мухолифат вакиллари билан таниша бошладим. Энди судлар, тортишувлар Тошкентга кӯчди ва бу ерда менинг қўлим баланд кела бошлади. Мазкур жангда ютиб чиқишим аниқлашиб қолди. Бу орада собиқ МХХнинг раиси Рустам Иноятовнинг топшириғига кӯра менга қарши МХХ бошчилигида Республика ташкилотлари жонланди. Мен бу тенгсиз жангда яна ютқаза бошладим. Нима бўлса-да курашни давом эттиришга, охиригача боришга ва ғалаба қозонишга аҳд қилдим. Вазиятни чуқур таҳлил қилиб ўргандим. Кучлар тенг эмас эди. Шундан кейин 2004 йил мартда мухолифат сафига ўтиш учун Баёнот бердим. Ўзимнинг ҳукуматга қарши мухолифатга ӯтганимни очиқ билдирдим.
2004 йил мартдан бошлаб менинг энг катта рақибим, мамлакатнинг собиқ президенти, диктатор Ислом Каримов эди! Эндиликда мен унга, унинг сиёсатига, у ташкил қилган сиёсий тузумга қарши кураша бошладим!
Шу ӯринда ӯзбек мухолифати ҳақида қисқача фикримни айтмоқчиман: Ўзбек мухолифати жуда тарқоқ, ғоясиз ҳамда моддий базаси умуман ташкиллашмаган бечоралар эди. Мухолифат фаоллари жуда ночор, ишсиз, пулсиз, ғариб аҳволда эдилар. Улар орасидаги баъзи бир чаққон ва эпчиллари халқаро ташкилотлардан Грантлар олиб, шунинг эвазига кун кўришарди. “Фредом Ҳаус” (Freedom House) нинг Тошкентдаги офисидаги ушрашувларда улар билан яқиндан танишиб, гаплашиб, вазиятни тушундим. Уларга кучли курашиш усули керак эди. Етакчиларининг Ўзбекистонни нега тарк этгани, уларнинг кимлиги менга маълум эмасди. Уларнинг мақсадларию ғояларининг ҳам қизиғи йўқ эди. Мени «Бирлик» ҳам, «Эрк» ҳам ўзига жалб қилолмади. 2003 йил Грузиядаги «Бахмал инқилоби» мени кучли қизиқтирди. Аммо мухолифатнинг бу инқилобга нисбатан муносабати кучли сезилмади. Шунда мен 2004 йилда мухолифат ичига Нозўравон кураш усулини олиб кириш учун ҳаракат қила бошладим. Очиғи, бошида менинг ўзимда на сиёсий билим, на сиёсий тажриба бор эди. Аммо ичимни ёндираётган аланга, ўт менга тинчлик бермасди.
2004 йил 10 апрелда мухолифатдаги «Бирдамлик» ҳаракатини туздим. Бу ҳаракатдан мақсад ўзбек мухолифатини нозўравон кураш усулларига жалб қилиш, уларга ғоявий ва ташкилий томондан мадад беришдан иборат эди. Фикримча, МХХ менинг сиёсий мақсадимни тезда тушуниб олди, аммо мухолифат фаоллари ва раҳбарияти мени тушунмади. Улар бошида «Бирдамлик» ҳаракатини МХХ тузиб берган деб аюҳаннос солишди, кейинчалик мендаги сиёсий амбицияни, Президент бўлмоқчи эканлигимни, ана шундай мақсадда Ҳаракат тузганлигимни кўп ёзишди, гапиришди. Улар мени бошида ўзларига сиёсий рақобатчи, кейинчалик душман сифатида қабул қилишди.
Уларнинг менга нисбатан бундай муносабати менинг жаҳлимни ҳам чиқарди. 2008 йилдан бошлаб уларга эътибор қилмай, янада жиддий сиёсий курашга киришдим. Энди менда мамлакатни қамраб олган адолатсизликка қарши нафрат пайдо бӯлди. Порахўрлик устига қурилган диктатурани фош этиш, мамлакатни хӯжакӯрсин сиёсий тузумдан халос қилиш истаги жонланди. Қалбимда она юртимни иқтисодий жиҳатдан ривожланган, кучли, қудратли давлат сифатида кўриш орзуси уйғонди. Ўзимда сиёсий амбиция пайдо бўлди. Ўзбекистонда Президент бўлсам ушбу олий ишларни амалга оширишга имкон туғилишини англаб этдим. Ўзимнинг шахсий ишларимга доҳил курашларимни, мақсадларимни вақтинчалик бир четга суриб қўйдим. Вақти-соати келганда ўзимнинг расман оқланишим учун, туҳматларга асосан менга қуйилган жиноят моддаларни бекор қилдириш учун, мол-мулкимни қайтариб олиш учун, менга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш учун, обрўйимни, шаънимни тиклаш учун керакли ишларини албатта амалга ошираман ва мен ҳеч қачон бу ишларни ўз назоратимдан четда қолдирмайман. Ахир мен шу ишлар туфайли сиёсий кураш йӯлига ӯтганман.
2008 йилдан бошлаб Нозўравон кураш усулидан ташқари Ўзбекистондаги иқтисодий, ижтимоий, маориф, тиббиёт ва бошқа соҳаларга кучли эътибор қарата бошладим. Мамлакатдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида бош қотира бошладим. Ривожланган давлатларнинг тарихи ва уларнинг мувафаққиятларини таҳлил қилиб ўргандим. Ўзбекистонда ҳар томонлама ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ва бошқа соҳаларда тубдан, инқилобий ўзгаришлар қилиниши зарур деган қатъий бир фикрга келдим. Шундан кейин Ўзбекистон халқини фаровонликка олиб чиқа оладиган, мамлакатни ривожлантира оладиган ва уни кучли ривожланган давлатлар қаторига қӯша оладиган сиёсий концепция устидан бош қотира бошладим.
Ва ниҳоят, Мулкдорлик — давлатчилик пойдеворини ишлаб чиқдик. Бу янги сиёсий давлатчилик платформаси бўлиб, у бунёд этилганда мамлакатда энг аввало, қонунчилик йўлга қӯйилади. Туб иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилади. Жумладан: пул-кредит сиёсатида янги «Турон» пул бирлиги муомулага киритилади, ерлар ўзбекистонликларга тўлиқ хусусийлаштирилиб берилади. Тадбиркорлик фаолиятларини ноқонуний текшириш 100% йўқотилади. Солиқ тизимида катта ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилади, ҚҚС (Қўшимча қиймат солиғи) бутунлай бекор қилинади. Унинг ўрнига 6% савдо солиғи жорий қилинади. Тадбиркорлар фақат топган фойдасидан (даромадидан эмас) 10% фойда солиғи тўлайдилар. Божхона соҳасида ҳам етарлича янги ислоҳотлар амалга оширилади. Мамлакатда янги Ижтимоий муҳофаза вазирлиги фаолият кӯрсата бошлайди. Бу вазирликнинг асосий вазифаларидан бири зарурият бўлганда ҳар бир ўзбекистонлик юртдошларни давлат томонидан ижтимоий ҳимояга олиш, ватандошларга турли ижтимоий-моддий кўмак бериш, уларни ижтимоий томондан тўлиқ ҳимоялашдан иборат бӯлади. Таълим ва маориф соҳасида ҳам жиддий ислоҳотлар амалга ошириш кўзда тутилган, жумладан, давлат бюджетининг нақд 50% таълим ва маориф соҳасига йӯналтирилади, бу мазкур соҳада бизнинг ислоҳотларимиз кўлами катта бўлишидан дарак беради. Мамлакатдаги барча олий ӯқув юртлари хусусийлаштирилади. Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларимиз режасига кўра Ўзбекистондаги барча тиббиёт муассасалари, соҳалари хусусийлаштирилади. Мамлакатда тиббий суғурта бозори ривожлантирилади. Агар юртдошларимиз тиббий суғурталарга эга бўлмаса, у ҳолда ижтимоий муҳофаза вазирлиги ходимлари юртдошларимизнинг тиббий ҳаражатларини тўлаб боришади. Мамлакатда ҳар бир юртдош сифатли тиббий ёрдамга эга бӯлади, ҳеч бир юртдош касал ҳолида ташлаб қўйилмайди. Куч ишлатар тизимлар, жумладан, ҳарбий кучлар янада ривожлантирилади. Ички ишлар Полицияга айлантирилади. ДХХ ходимларининн ва бошқа куч ишлатар тизимлари ходимларининг иқтисодий ва ижтимоий аҳволини яхшилаш учун янада кўпроқ моддий маблағлар ажратилади.
Мен юқорида Мулкдорлик — янги давлатчилик пойдевори ҳақида қисқача тўхталдим. Бу ҳақида «Бирдамлик» Халқ Демократик партияси дастурида Мулкдорликка оид ислоҳотлар ҳақида батафсил ўқишингиз мумкин.
Энди мамлакатдаги солиқ тизимидаги муаммоларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Ўзбекистондаги солиқ тизимини энг коррупциялашган, уюшган жиноий гуруҳ – Ўзбекистоннинг қонунлашган қароқчилари дейиш мумкин. Улар куппа кундуз куни тадбиркорларни талайдилар, хўрлайдилар, ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиб, умрларини қисқартирмоқдалар.
Мамлакатнинг солиқ тизими ушбу мамлакатнинг иқтисодий соғломлигини кўрсатувчи кўзгудир! Ўзбекистон солиқ тизими мамлакатда фаолият олиб бораётган бизнес вакилларининг фикри, режалари, имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши, солиқ тўловчи субъектлар ўз солиқларини оғриқсиз, қийналмасдан, ўз ихтиёрлари билан тўлашлари керак бўлади. Тадборкорни қон-қақшатиб ундан солиқ ундириб олиш мамлакатда коррупцияни, сояли иқтисодиётни ривожлантиради, мамлакатни таназзулга етаклайди. Янги солиқ тизимини солиқ ходимлари иштирокисиз ишлаб чиқариш,
амалга ошириш даркор, Парламентда Солиқ Кодексининг янги лойиҳаси қабул қилингач унинг ижросини солиқчилар зиммасига юклаш керак! Ўзбекистонда эса аксинча бўляпти. Яъни солиқчилар ўзлари тадбиркорларни қийнайдиган ва улардан пора ундириш учун имкон берадиган, тадбиркорларни солиқ ходимлари билан келишиб ишлашга мажбур қиладиган, порани кўпроқ олиб, солиқ тўловчини янада қаттиқ эзадиган, ўзларига хос ва мос бўлган Солиқ консепциясини ишлаб чиқарилган ва амалиётга тадбиқ этилган. Натижада тадбиркорлар сояли иқтисодиётни амалга ошириб, солиқчиларга катта поралар бериб фаолият юритиб келмоқда. Бу эса, мамлакат иқтисодиёти қуйига чўкишига олиб келмоқда.
Ҳозирги Ўзбекистонда тадбиркордан ундирилаётган солиқ ва мажбурий тўловларнинг умумий қиймати 50% дан ошади. Бу эса куппа кундуз куни амалга оширалаётган қароқчиликдан бошқа нарса эмас.
Нега Ўзбекистонлик тадбиркорлар дунё бозорини забт этолмаяптилар? Фақат коррупция ортидан топилилган ноқонуний пуллар, бизнесларни мисол қилиб келтирманг, мен тӯғри фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлар ҳақида фикр юритяпман. Бунинг сабаби қуйидагича: Ўзбекистонда давлатчилик пойдевори нотӯғри қурилган, шахсан мен ҳозирги давлатчилик пойдеворини йўқ ва ҳали қурилмаган деб биламан. Мамлакатдаги сиёсий бошқарув элитаси, қонунчилиги, солиқ ва божхона тизимлари, давлат амалдорлари ва куч ишлатар тизимларнинг тадбиркорлар ва бизнес қатламга нисбатан фаолияти адолатсизлик, ноқонунийлик, ўғирлик ва қароқчилик устида қурилган. Шу сабаб тадбиркорларимиз бойиб, кундан кунга кучайиш ўрнига жонлари омон қолганига шукур қилиб яшаб қолишмоқдалар, холос. Улар фақат кун кўриш, яшаб қолишни ўйлашмоқдалар. Солиқчилар улар учун жон олувчи азроилга айланган.
Ўзбекистонда солиқ солиш солиқ тўловчилар учун атайлаб оғир қийинчилик билан тушунадиган қилиб ишлаб чиқарилган. Уни иқтисодий ва махсус бухгалтерия билимларисиз тушуниб бўлмайди ҳамда ушбу тизимда баҳсли жойлар кўп. Гоҳида оддий солиқ инспекторлари ҳам баъзи бир солиқ ҳақидаги тушунчаларни тушунмайди.
Шу ерда бир савол туғилади? Туман, вилоят солиқ идораларига ишга кириш учун қанча пора бериш керак? Республика Солиқ Қўмитасига ишга кириш учун-чи? Ўзбекистонда бирор бир солиқ ходими охирги 10 йил ичида пора бермасдан ишга кирдими? Шундайлар борми?
Бу солиқ тизими бошидан охиригача порахўрлик, коррупция устида тузилган ташкилот. Солиқ Қўмитасининг раҳбари ва ҳар бир бўлим бошлиғининг амал лавозими миллионлаб АҚШ долларларини ташкил қилади, қолаверса, вилоят, туман бўлими раҳбарларининг амал лавозимлари ҳам жуда қиммат туради. Корхона ва ташкилотларни текширишга келган ҳар бир солиқ ходими ўзини «оч бўридай» тутади, корхона ва ташкилот раҳбарлари, бухгалтерларини юввош «қўй ва қўзидек» кўради. Текшираётган объектининг айбини қанчалик кўп топса, унга бериладиган пора миқдори шунча кўпаяди. Ҳар куни 2-3 маҳал текширишга келган солиқ ходимларини кафе-ресторанларда меҳмон қилиш, уларнинг кайфиятларини доим кўтариб туриш керак. Солиқчиларнинг жаҳлини зинҳор чиқармаслик, ғазаблантирмаслик лозим, акс ҳолда дарғазаб бўлган солиқчилар текширув хулосасини “даҳшатли» қилиб ёзиб, ишни Солиқ қўмитасининг ревизия бўлимига ошириши, кейин бу текширув прокуратура назоратида ўтиши мумкин. Прокуратурада яна катта наҳангларни боқиш, уларни қўлига катта миқдорда пора бериш тақозо этилади. Ўзбекистондаги солиқ тизими худди Нацистлар Германиясидаги Гестапо фаолиятига ўхшаб кетади. Оддий солиқ инспекторининг ноқонуний даромади текширувлар ортидан корхоналарни солиқдан қарздорлигини ёпти-ёпти қилиш, корхонанинг сояли иқтисодий фаолиятидан кўз юмиш, солиқ тўловларини камайтириш эвазига маълум миқдорда пора олиш, олинган поранинг кичик қисмини ўзига қолдириб, катта қисмини раҳбарларга узатишдан иборатдир. Коррупция занжири пастдан юқорига қараб уланиб кетади.
Сизнинг фикрингизча, Республика Солиқ Қўмитасининг раиси ушбу тизимдан келган, коррупциядан орттирилган ноқонуний пулларнинг ҳаммасини ўзида олиб қоладими? Йўқ, албатта, у ўзи сотиб олган лавозими харажатини чиқариб олгач, қолган ноқонуний орттирилган пулларни Республика собиқ президенти оиласига етказади, чунки улар биринчи оиланинг ҳимоясида ишлаб юрган. Худди шундай коррупция занжирини ҳамма соҳаларда масалан, прокуратура, Ички Ишлар, суд-адлия тизими, божхона, ҳокимият тизими ва бошқа соҳаларда ҳам кузатиш мумкин. Уларнинг ҳаммаси собиқ Республика Президенти оиласига ҳар ой катта миқдорда коррупциядан орттирилган пул маблағларини режали равишда топшириб турган. Бундай ҳолдан албатта ДХХ раиси, Бош Прокурор, Ички ишлар вазири ва бошқа юқори эшелондаги раҳбарлар хабардор бўлишган ва ўзлари ҳам ўзларига бириктирилган ноқонуний пул маблағларини узлуксиз биринчи оилага етказиб турган. Ҳар бир вилоят, туман бозорларида ноқонуний валюта олди-сотдилари узлуксиз ишлаб турди ва ҳозир ҳам ишлаб турибди.
Бир мисол келтирсам. Агар инглиз тилини пухта биладиган 5 нафар тадбиркор юртдошимиз қўлларида 1 миллион АҚШ долларли капитал бўлиб, АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини қўлга киритиб, эркин бизнесини йўлга қўйиш имконияти берилса, ушбу юртдошларимизнинг ҳар бирининг капитали 10 йилда 10 миллион АҚШ долларидан кам бўлмайди. Чунки АҚШ ҳукумати биринчи ўринда тадбиркорларнинг ӯзлари бойишига катта имконият беради.
Худди шундай 5 нафар америкалик тадбиркор Ўзбекистонга келиб ўз бизнесларини бошласа, улар Ўзбекистонда 10 йил ичида бизнес учун ажратган бор капиталларини бой бериши аниқ, агар яхши гумон қилсак, улар 10 йил ичида 1 миллион АҚШ доллари миқдорида киритган капиталини Ўзбекистондан зўрға олиб чиқиб кетишлари мумкин бўлади. Ушбу тадбиркорларнинг 10 йил ичида Ўзбекистонда чеккан азоб- уқубатлари, йўқотган вақти, эриша олмаган мақсадлари, кўпайтиролмай қолган капитали ва бошқа ташвиш ва йўқотишлар ўрнини ҳеч қандай йӯл орқали қайтаролмайди. Бас, шундай экан, капитал топган бизнесмен ўзига бироз ақл тополмайдими? Ҳукуматдаги амалдорларнинг қуруқ ваъдаларига учиб Ўзбекистонга келишга шошилса?!
Бизнинг Янги Солиқ Консепция лойиҳамиз ҳақида
Биз солиқ тизимида бутунлай бошқача ислоҳотларни амалга оширишни режалаганмиз. Солиқ тизими биз таклиф қилаётган янги электрон солиқ тушумларини назорат қилиш ва бошқарувчи «Диёнат» тизимига ўтказилади.
Янги «Диёнат» солиқлар тушумини назорат қилиш ва бошқариш электрон тизими ишга туширилса, у ҳолда яқин 2-3 йилда солиқ ходимларининг ҳозирги вақтдаги сонига нисбатан 40-50% га, 4-5 йилдан кейин 80% га камайтиради. Бу энг аввало, катта миқдорда бюджет пулларини тежаш имконини вужудга келтиради.
Ҳар бир солиқ раҳбари ва ходими қайта аттестациядан ўтказилади. Пора ва коррупцияга алоқадор раҳбар ва ходимлар ишдан четлаштирилади, уларнинг ўрнига янги мутахассислар пора ва коррупциядан ҳоли ишга қабул қилинади, уларнинг ойлик маошлари кескин оширилади.
Мамлакатда Янги Солиқ Консепцияси тадбиқ этилади. Ушбу солиқ консепциясига мувофиқ тадбиркор ва бизнесменлардан солиқлар юки кескин камайтирилади. Масалан, ҚҚС бутунлай бекор қилинади. Унинг ўрнига 6% савдо солиғи жорий этилади. Тадбиркорлардан даромад ёки айланма маблағларидан олинадиган солиқлар бутунлай бекор қилинади, улар фақат топган фойдаларидан фақат 10% фойда солиғи тўлайдилар холос.
Корхона, ташкилот, давлат идораларида ишлайдиган барча ишчи, ходимларнинг маошидан ҳаммадан бирдай 12% даромад солиғи ундирилади. Маошлардан олинадиган даромад солиғида қўлланиладиган шкаладан воз кечилади.
Мулк, ер ва бошқа солиқ ҳамда йиғинлар миқдори имкон қадар камайтирилади.
Бизнинг Солиқлар масаласида янги ёндашувдан мақсадимиз тадбиркор ва солиқ тўловчиларни қароқчиларча куч ва зўравонлик ишлатиб, уларни қўрқитиб, шантаж қилиб солиқ йиғиш эмас, балки солиқ тўловчилар ўз ихтиёрлари билан, ўз қизиқиш ва манфаатлари ортидан солиқ тўлаб боришни йӯлга қӯйишдан иборат. Биз ҳар қандай ноқонуний текширишларни 100% тўхтатамиз, қолаверса, текшириш деган тушунчани ва амалиётни кун тартибидан бутунлай олиб ташлаймиз.
Мисол учун тадбиркор ўз фаолиятини юритаётганда 100 миллион сўм даромад топди. У энди харажатларини чиқариб ташлаб, қилган фойдасидан 10% солиқ тўлаши шарт. Тадбиркор ўзига қулай ва осон бўлиши учун қилган харидлари чекини янги электрон солиқ тизими «Диёнат»га киритиб боради. Ҳар бир ишчи ва ходим ўзининг Ижтимоий муҳофаза номерига эга бўлиб, бунда юртдошлар давлат ижтимоий муҳофазасида бўлиш билан бир қаторда, ўзларига нафақа маблағларини ҳам йиғиб боради ва шу билан биргаликда АҚШдагидек бу ижтимоий муҳофаза рақами солиқ тушумларини назорат қилишда ҳам муҳим роль ўйнайди.
Энди биз тадбиркорлар фаолиятига қайтсак, ушбу тадбиркор ўз ишчиларига маош тўлаш билан биргаликда ишчи ходимларидан бир йўла 12% даромад солиғини давлат солиқ идорасига тўлаб беради ва ишчи ходимга ҳисобланган маош (12% даромад солиғи ичида)ини бирдан «Диёнат» солиқ тизимига киритиб қўяди. Тадбиркор имкон қадар кўпроқ харажатлар чекини электрон тизимга киритиб, камроқ фойда солиғини тўлашга ҳаракат қилади. Бу нормал ҳолат, бунинг учун кам солиқ тўлаяпсан, солиқни давлатдан яширяпсан деган текширувлар, тадбиркорни эзишлар бўлмайди. Балки тадбиркор умуман кам миқдорда солиқ тўлаши мумкин. Ана шундай ҳолларда электрон тизим сигнал бериб, офисда ўтирган солиқ ходими тадбиркор киритган чек, харажатларни кўздан кечириб, хатоликларини топиши ва тадбиркорга хатоликларини эмаил ёки телефонда тушунтириб қўйиши мумкин. Бунда тадбиркор ва солиқ ходими умуман учрашмайди ва бир-бирларини кўрмайди, танимайди. «Диёнат» солиқчиларга кўмак берувчи тизим солиқ ходимлари ва солиқ тўловчиларга йўл қўяётган хатоларини кўрсатиб боради ва ҳар ой, чорак ва йиллик солиқ тўлов миқдорини аниқлаб, тадбиркорга солиқдан қарздорлигини билдириб боради. Тадбиркорлар кўплаб бухгалтерия ходимларини қисқартиришлари мумкин бўлади, чунки бухгалтерларга иш деярли қолмайди.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, биз ҳар бир тадбиркор, корхона учун фойда рентабеллик коэффициентини жорий қиламиз. Тадбиркорлар, корхоналар кўпроқ фойда топиб, давлат хазинасига кўпроқ фойда солиғини тўлайдилар. Шунда уларнинг рентабеллик коэффициенти юқори бўлиб, банклардан паст фоиз қийматда, катта миқдорда кредит олишлари мумкин бўлади. Фойда кам чиқариб, солиқ кам тўлайдиган тадборкорларнинг рентабеллик коэффициенти паст бўлиб, улар банклардан кредит маблағлари олиб ишлатолмайдилар. Баъзи бир товламачи тадбиркорлар ғирромлик қилиб солиқчиларни лақиллатишга уринсалар, аслида улар фақат ўзларини алдаган бўлиб қолади. Ўз фаолиятини кенгайтираман, ривожлантираман деган тадбиркорлар солиқларни ўз вақтида, муаммосиз давлат хазинасига тўлаб борадилар. Мана сизга тадбиркорнинг ўз истак-хоҳиши билан солиқларни тўғри ҳисоблаб, ўз вақтида давлатга тўлаб бориш механизми. Бундай ҳолатда ҳеч ким тадбиркорнинг бошида турмайди.
Хўш, янги «Диёнат» солиқларни назорат қилиш ва бошқариш тизими – Янги муқобил Солиқ консепцияси мамлакатга нима беради?
Солиқлар юкининг камайиши ва солиқ тизимининг ишончлилигини таъминлайди, коррупциядан ҳоли тизим эканлиги ҳар бир тадбиркорга янги куч, кучли мотивация беради. Улар қўрқмасдан мавжуд Конституция ва қонунларга таянган ҳолда, ўз ҳақ-ҳуқуқларини пухта билган ҳолда ўзларида янги куч, ғайрат топиб, ӯз фаолиятларини кенгайтиришга, кучайтиришга ҳаракат қиладилар. Натижада янги иш жойларини ташкил қиладилар, ишлаб чиқариш ҳажми ошади. Мамлакат ичидаги бозор Ўзбекистон ичида ишлаб чиқарилган моллар билан тўла бошлайди, ортгани четга сотилади. Миллий пулимизнинг қадри ошади. Импорт ҳажми камайиб, четга оқиб, чиқиб кетаётган валютани кескин камайтиради, аксинча, четга моллар экспорт қилиш ҳажми ортиб, мамлакат валюта заҳираси ортишига олиб келади. Тадбиркорларнинг бойиши бошқа соҳалар ривожланишига катта туртки беради. Чет эл инвесторларининг келиши кескин ортади. Мамлакат ривожлана бошлайди.
Сотиш солиғи ҳақида
Биз ҚҚСни олиб ташлаб, ўрнига назоратсиз 6% сотиш солиғини қўллаганимиз билан мамлакат бирдан ривожланиб қолмайди. Янги Солиқ консепциясини қўллаш баробарида мамлакатда ички ишлаб чиқариш учун ҳаётий зарур бўлган қадамларни амалга ошириш керак. Жумладан, мамлакатда қонун устуворлиги ўрнатилиши, ерларни хусусийлаштириш, самарали пул-кредит сиёсатини амалга ошириш, божхона ислоҳотлари – хом ашё, технология, инвестиция лойиҳалари кириб келишига 0-5% атрофида божхона тўловларини тадбиқ этиш, тайёр маҳсулотларнинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши учун божхона тўловларини 50-100% қилиб белгилаш ва бу тартибга қаттиқ риоя қилиш керак. Ана шу қадамлар ортидан мамлакатимизда сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар кўпаяди, ички бозор тўлгач, бошқа давлатларга экспорт ҳажми ошиб боради.
6% ли Сотиш (истеъмол) солиғи мамлакатнинг солиқ тизимини барқарорлаштиради.
Ўзбекистон ичида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун янги истеъмол маданиятини шакллантириш лозим.
Ҳозирги ҳукумат ишлаб чиқарувчи корхона, завод, фабрикалардан имкон қадар солиқ юкуни камайтириши керак.
Мисол учун ҳозирги тадбиркор ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишдан топган даромадидан 50% дан ортиғини солиқ, божхона, ҳар хил тўловлар, жумладан, пора бериш, мажбурий эҳсон, моддий кўмакларга маблағ ажратиш ва бошқа ҳаражатларидан кейин у зўрға тадбиркорлигини сақлаб қолган ҳолда кун кечиради. Молиявий имкониятлари чекланганлиги боис у ўзининг шахсий ҳаёти ва яхши яшаши учун кўп нарса харид қилолмайди. Фаолиятини кенгайтиролмайди. Ўртаҳол тарзда кун кечиради. У бир ҳовли, орттирса битта квартира, бир машина ва бироз жамғарма пул маблағига эга бӯла одади холос. Ўртача олганда ўзбек тадбиркори – бой тадбиркорнинг барча бойлик, мол-мулкини 100 минг АҚШ доллари деб ҳисоблаш мумкин. Аслида шу бойликни орттиришгача у қанчадан-қанча амалдорлар, порахўрларни боқиб келди. Улардан орттиргандан қолгани шу бӯлади.
Агар биз ўзимиз ишлаб чиқарган ва ҳаётга тадбиқ қилмоқчи бўлган Янги Солиқ консепциямизни омма ичига олиб кирсак, у ҳолда, шубҳасиз, тадбиркорларнинг қўл-оёқларидаги сунъий кишанлар дарҳол ечилади. Тадбиркор ортиқча солиқ юкидан, ҳар хил ноқонуний тўловлардан, энг муҳими, пора бериш, солиқчи ва текширувчилар олдида эзилиш ва камсилитишдан холос бўлади. Тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш йӯлида астойдил изланадилар. Улар бошида 2-3 йил деярли давлатга солиқ тўлашмайди, бу ҳолатда мамлакатда бюджет танқислиги келиб чиқиши мумкин. Бу ҳолат мамлакат раҳбарияти учун жуда оғир кечади. Лекин биз дарҳол 6% сотиш солиғини ишга тушириб, уни қаттиқ назорат қилсак, бу ҳолатда мамлакат раҳбарияти учун оғриқсиз, бироз қийинчилик билан ўтади. Ҳар қандай тадбиркор 2-3 йил ичида анча ривожланиб олади. Шундан кейин топган фойдадан солиқ тўлашни бошлайди. Бюджет харажатларини 6 % сотиш солиғи ва 12% ойлик ва маошлардан ушлаб қолинадиган даромад солиғи орқали тўлиқ қоплаш мумкин.
Одатда ўзига тўқ ҳар бир киши ёки оила умумий даромадининг 75% ни шахсий истеъмол маҳсулотлари учун сарф қилади. Бунга истеъмол саватчасидан ташқари турли-туман тақинчоқ безаклар, уй жиҳозлари, турли-туман кийим-кечаклар, дам олиш учун сафарларга чиқиш ва ҳоказолар киради. Тадбиркорлар қанчалик бой бўлса, пули кўп бўлса, демак, у кўпроқ истеъмол маҳсулот ва хизматларини сотиб олади ва ҳар бир сотиб олган маҳсулоти ва хизмати учун тўғридан-тўғри 6% сотиш (истеъмол) солиғини тўлаб қўяди. Бу ҳолатда тадбиркор харидор ҳеч оғринмасдан, ҳатто сезмасдан давлатга солиқ тўлаб боради. Масаланинг яна бир томони бор, у ўзи билмаган ҳолда ўз эҳтиёжи учун кўплаб истеъмол маҳсулотлари ва хизматларини харид қилиш билан бирга бошқа тадбиркорларнинг ривожланишига катта туртки беради. Бу ҳам бозор иқтисодиётининг ўзига хос бўлган табиатидир. Қарабсизки, тадбиркорлар ўз даромади ёки фойдасидан давлатга кам солиқ тўласа-да, улар шахсий бойлик орттириш йўлида ўз ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш ишларини кенгайтирадилар. Янги корхоналар очадилар, янги ишчиларни иш билан таъминлайдилар, бозорга янги ва кўплаб маҳсулотлар етказиб бера бошлайдилар. Ўзлари бойигани ҳолда, ўзлари билмаган ва сезмаган ҳолда давлатни ҳам бойитади ҳам бошқа тадбиркорларни бойитишади. 25% умумий даромадини бойлар кӯчмас мулк сотиб олиш, қимматбаҳо қоғозлар сотиб олиш ва банкларга капитал сифатида қўйишади. Мамлакатда пулдорлар, бойлар сонининг кўпайиши мамлакат ичида ички капитал бозорини ривожлантиради. Бу эса иқтисодиётнинг ривожланишига катта туртки беради.
Мен таклиф қилаётган янги солиқ конcепцияси қабул қилинса уни шиддат билан амалга ошириш ва қўллаш шарт бӯлади. Тадбиркорлар иккиланмаслиги, солиқ ходимлари ҳар хил иқтисодий жиноятлар – коррупция ва пора олди- бердиларга аралашиб қолмаслиги керак.
Мен таклиф қилаётган янги солиқ конcепцияси амалга ошиши учун аввало мамлакатда кучли сиёсий ислоҳотлар ўтказилиши, сӯнгра қонунчиликда ислоҳотлар тўлиқ амалга оширилиши шарт. Иккита асосий ислоҳотлар тўлиқ амалга оширилгандан кейин мамлакатда бир неча соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириш бошланади, шулар қаторида иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш тақозо этилади. Ана шу вақтда иқтисоддаги бир неча ислоҳотлар қатори бир вақтнинг ўзида божхона ва солиқ тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишга киришилади. Бу қадамлар ортидан солиқ тизимидаги ислоҳотлар тўлиқ, биз кутган натижани бера бошлайди. Мамлакатда сиёсий соҳада ва қонунчиликда етарли ислоҳотларни амалга оширмаслик мен тақдим қилаётган янги солиқ конcепциясни қўллаш қарама-қарши натижаларга олиб келади, яъни мамлакат ривожланиши ўрнига, янада орқага кетади.
21 Март, 2019 йил
Баҳодир Хон Туркистон,
«Бирдамлик» Халқ Демократик партияси раиси