Азимий Рўзибой Азим ўғлидан ШИКОЯТ ХАТИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримовга
Тошкент шаҳар, Миробод тумани
Қўйлиқ 4-даҳаси, 20/1- уй, 12-хонадонда доимий яшовчи,
доимий пропискага эга
фуқаролиги йўқ шахс
Азимий Рўзибой Азим ўғлидан

ШИКОЯТ ХАТИ

Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

Мен Азимий Рўзибой Азим ўғли собиқ Қозоғистон ССРда туғилганман. 1989 йилдан 1993 йилгача Ўзбекистонда вақтинча прописка асосида яшаганман. 1993 йилдан то шу кунгача Ўзбекистон Республикаси пойтахти Тошкент шаҳрида доимий прописка асосида, ўзимга тегишли уйда яшаб келмоқдаман.

Ҳозирги кунгача Сизнинг номингизга Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилиш тўғрисида ёзган Илтимосномаларимга жавоб берилмаётир. Фақат 1995 йилда фуқаролик қабул қилиш бўйича ёзган ва топширган ҳужжатларимга жавоб берилган. 1999 йилда ва 2003 йилда ёзган Илтимосномаларимга эса жавоб йўқ.

Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

Мен айни пайтда фуқаролиги йўқ шахс сифатида Ўзбекистонда оғир аҳволда яшаб келмоқдаман. Тошкент шаҳар Миробод туман ИИБдан фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномасини олишда ва унинг ичига ёпиштириладиган «Дунёнинг барча давлатларига чиқиш учун», деб ёзилган чиқиш визасини ёпиштириб беришда қатор муаммолар бор. Менга Миробод туман ИИБ МХХ Раиси Рустам Иноятов буйруғи асосида Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш гувоҳномасини беришмаяпди ёки ҳар доим минг машаққатлар билан олишимга тўғри келяпди.
Миробод туман ИИБ ходимларининг айтишича мен «қора рўйхат»га киритилганман. «Қора рўйхат»га эса, МХХ ходимлари Алижон ва Бахтиёрларнинг «Эрк» партиясига аъзо деган туҳмати ва уларга «ишни ёпиш учун» 2000 АҚШ доллари пора бермаганим сабаб бўлган. Бу ҳақида мен Сизнинг номингизга 2006 йил 23 июнда ёзилган Шикоят хатимда батафсил маълумот берганман. Афсуски, ушбу шикоят хатимга ҳам жавоб берилмади. Шунинг учун бу сафар Шикоят хатни яна қайта қўшиб юборяпман. Ушбу шикоят хатимда ҳаммаси тўлиқ ёзилган.


Сиздан шикоятларимни ўрганиш бўйича тегишли органларга топшириқ беришингизни, менинг хатларимни шахсан ўзингиз назорат қилишингизни илтимос қиламан.

Ўзбекистонда 18 йилдан бери доимий яшаб келаётган мен фуқаролиги йўқ шахсни, журналистика соҳасида озми-кўпми муваффақиятга эришган ва ана шу соҳада Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган ўзбек фарзандини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилиш бўйича ёзган Илтимосномаларимга асосан фуқаролик беришингизни ҳамда мени жабрлаб келаётган МХХ ва ИИВ органлари ходимларига тегишли жавоб беришингизни илтимос қиламан.

Ҳурмат ва эҳтиром билан
Рўзибой Азимий
Тошкент шаҳри, Миробод тумани
10.04. 2007 йил

Copyright © 2018 Birdamlik.Info