Дастуримиз билан танишинг

ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИ, ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЗАМИНИДАГИ, ОЗОД ВА ФАРОВОН ЎЗБЕКИСТОН УЧУН!

ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ ДАСТУРИ

МУҚАДДИМА
Биз, жонажон Ўзбекистон фарзандлари ватан тақдири, халқ қисмати, шу она заминда яшаётган ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига мансуб шахс манфаати, ҳар бир фуқаромизнинг бугунги аҳволи ва келажаги учун қайғуриб, муқаддас диёримизнинг том маънога эга мустақиллигини юзага чиқариш, унинг иқтидорли, меҳнаткаш, заҳматкаш ва сабр-тоқатли халқини фаровон турмуш тарзига етказиш, ҳаётимизга эркин, ҳур ҳаёт нашидасини олиб кириш ҳамда давлат бошқарувида демократик тамойилларни кенг кўламда тадбиқ қилиш мақсадида: Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ демократик партияси (қисқача шакли “Бирдамлик” ХДП) га асос солдик.

Собиқ Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларини оёқости қилган ҳолда мамлакатни 27 йил давомида бошқарди. Бунинг натижасида Ўзбекистон давлати ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий соҳаларда таназзулга учради. Мамлакат муаммолар гирдобида қолди.
Каримов мамлакатда ўз диктатурасини ўрнатиб олгач, демократик, дунёвий мухолифатга қарши кучли зарба бериш ишларини бошлаб юборди. У ўзининг деспот усулига асосланган бошқаруви давомида Ўзбекистон халқини мамлакатни гўёки экстремизм, терроризм шарпаси “эгаллаб олган” деган сохта ва ёлғон баҳоналар билан қўрқитиб келди. Каримов ўзининг ушбу танлов йўлига қатъий амал қилган ҳолда Контитуция ва қонунларга риоя этиш лозимлигини талаб қилган шахсларни, унга ва давлат сиёсатига холисона қарши фикр билдирганларни шахсий душмани сифатида қабул қилиб, уларни қамоқхонларга маҳкум этди, қийноқларга солди ёки юртдан бадарға қилди.

Собиқ диктаторнинг вафотидан кейин иқтидорга келган янги Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг ўтмишдоши, устозидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда бир қатор ижобий ишларни амалга ошира бошлади. Бироқ янги раҳбар ҳам шу кунга қадар Ўзбекистонда адолатсиз, коррупцияга ботган давлат тузумига асос солган, давлатни қолоқлик гирдобига олиб келган диктатор, собиқ Президент Ислом Каримов танлаган йўлдан ҳалигача чиқиб кетолмаётир. Мамлакатда эркин демократик тамойиллар тушунчаси фақат қоғоздақолаётир, амалда эса эскича маъмурий-буйруқбозлик тузуми устуворлик қилмоқда. Эркин бозор иқтисодиётига ўтиш сиёсати ҳам эркин бозор иқтисодиёти қонуниятига асосан эмас, балки худди илгаригидек, маъмурий-буйруқбозлик усуллари орқали амалга оширилмоқда. Бу эса, ҳозирги Президент Шавкат Мирзиёевнинг энг катта сиёсий, иқтисодий хатоларидан бири саналади.

Биз, собиқ диктатор И. Каримов ва унинг издошларидан фарқли ўлароқ, жонажон юртимизда барча соҳаларда адолат ва қонун устуворлигини ўрнатамиз. Мамлакатда матбуот, сўз ва эътиқод эркинлигига кенг йўл очиб берилади, барча инсонларнингҳақ-ҳуқуқлари таъминланишига, Конституция ва мавжуд қонун ҳужжатларига биноан тўла кафолатланишига ва амал қилинишига, шунингдек, Ўзбекистонда демократик давлат ва жамият барпо этиш, шу билан бирга, қадриятларимиз ва анъаналаримизни эътиборга олиш ва ҳурмат қилиш, бизнинг асосий мақсадларимиздан бири мамлакатда тўлиқ эркин бозор иқтисодиётига ўтишдир.
Бу каби ғоят муҳим мақсадимизни амалга оширишда биз нозўровонлик йўлини танладик ва ўн йиллар давомида ана шу йўналишимизни кенг жорий этиш учун фаолият юритмоқдамиз.
Биз, “Бирдамлик” Халқ демократик партиясиасосчилари, фаоллари ва аъзолари ҳур ва фаровон ҳаёт истаб унга эриша ололмаётган, ҳақ ва ҳуқуқлари топталаётган халқимизнинг виждонли, ор-номусли, иродали, эл-юрт тақдирига бефарқ бўлмаган фарзандларини озод ва фаровон ҳаёт сари сиёсий кураш йўлига чорламоқдамиз! Қўрқувни, лоқайдликни, ёлғонларга ишонишни улоқтириб ташлаб, “Бирдамлик” сафларига киришни, ҳуррият сари биргаликда юришимизда ҳамроҳ бўлишни таклиф қилмоқдамиз.
Биз Ўзбекистондаги мавжуд яккаҳокимлик тузумини нозўравон кураш усуллари орқали ўзгартириш мумкинлигига ишонамиз. Ўзбекистон аҳолисининг ҳурриятга ва фаровонликка эришиши, Сиз ва бизнинг фаоллигимизга боғлиқ!

СИЁСИЙ ИСЛОҲОТЛАР
Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этади, чунки сиёсий ислоҳотларни амалга оширмасдан туриб, бошқа ҳар қандай соҳаларда ислоҳотларга қўл уриш мантиқан тўғри келмайди. Биз, албатта, Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш тарафдоримиз ва бу орзуларимизни амалга ошириш учун ҳамиша собитқадамлик билан курашамиз.
Ташқи сиёсатда:
– Халқаро ҳамжамиятлар билан сиёсий ва иқтисодий алоқалар йўлга қўйилиши билан бирга кўп векторли сиёсий алоқалар ўрнатилади;
– дунё ҳамжамияти олдида қабул қилинган мажбуриятлар ва имзоланган барча ҳужжатларга тўлиқ риоя қилинишига эришилади;
– дунёдаги кўплаб давлатлар фуқароларини Ўзбекистон ҳудудига 90 кунгача кириб келиши учун виза чекловлари олиб ташланади;
– ҳозирги кунда мамлакатда амалда бўлган ҳамда фуқароларнинг эркин ҳаракатига таҳдид қиладиган дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш визаси — ОВиР стикерини Ўзбекистон фуқароси паспортига муҳрлаш сиёсатига тубдан барҳам берилади;
– Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши борасида янги сиёсий ёндашув лойиҳаси ишлаб чиқилади ва ҳаётга тадбиқ этилади;
Ўзбекистон географик жойлашувига кўра денгизга чиқиш йўлларига эга эмас. Мамлакат учун сув йўли орқали дунё бозорига чиқиш ўта муҳим масала.
Шунинг учун, яъни халқаро сув йўлларига чиқиш учун қўшни Туркманистон ва Қозоғистон давлатлари билан музокаралар олиб бориб, Каспий денгизидан Ўзбекистон учун сув йўлини очиш, Каспий денгизи орқали дунё бозорига чиқиш режаларини амалга оширишдек маъсулиятли вазифалар ҳам кўндаланг турибди. –
Ички сиёсатда:
Парламент бошқарувига ўтиш;
Ўзбекистонда Конституция, қонунлар ва адолат устуворлигини ўрнатиш;
мамлакатда барча туман, шаҳар ва вилоят ҳокимлари сайланишини йўлга қўйиш;
Ички Ишлар Вазирлигида туб ислоҳотлар ўтказиш;
— Милиция номини Полицияга ўзгартириш ҳамда «Полиция ҳақида қонун» қабул қилиш;
— диний ва сиёсий жиноятлар билан жавобгарликка тортилган фуқаролар ишлари қайта кўриб чиқилиб, ноҳақ қамалган фуқароларнинг барчаси тамоман оқланиб, озодликка чиқариш ва уларни тўла-тўкис реабилитация қилиш ҳамда компенсация тўлашга эришиш;
Қонунчилик ислоҳотлари:
Ўзбекистон демократик, суверен, дунёвий давлат ва у ўзининг бош Қомуси — Конституция негизида бошқарилади. Афсуски, мамлакатимизда қонунчилик соҳаси жиддий оқсамоқда. Конституцион суднинг ваколатлари чекланган, ушбу суд қонунчиликда деярли кўзга кўринадиган иш олиб бормаяпди. У доим орқа планда – номи бору, ўзи йўқ ҳолатда, ҳеч ким сезмайдиган фаолият билан шуғулланмоқда.
Конституцион судга мамлакатимиз фуқаролари тўғридан-тўғри шикоят ёзолмайдилар, мурожаат қилолмайдилар. Мурожаат қилиш ҳуқуқлари фақат айрим ташкилотларга берилган! Бундай ҳолат Ўзбекистон фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқлари қонунан поймол қилинаётганидан далолат беради. Бу каби ноқонуний, адолатсиз ҳаракатларга, албатта, чек қўйилиши керак. Қолган қонунчилик соҳасидаги ташкилотлар, Адлия вазирлиги, Прокуратура, суд тизимлари, куч ишлатар тизимларда ҳам аҳвол ёмон. Мамлакатда порахўрлик, коррупцион занжир жуда кенг қулоч ёзган.
Биз, “Бирдамлик” Халқ демократик партияси амалдаги ҳукуматдан фарқли ўлароқ, Конституцион судга катта ваколатлар берамиз. Ушбу судга ҳар қандай Ўзбекистон фуқароларининг индивидуал, якка тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқини тиклаймиз. Суд таркибини 9 тага етказамиз. Шу тариқа, фақат битта Конституцион суд раиси ва 8 та судьялардан иборат коллегиал судлов таркиби қарор топади.
Конституцион судьялар бир умрга Президент тавсияси асосида парламент муҳокамасига тақдим этилади. Тақдим этилган кундан тақдирлашга бир ой вақт мухлат берилади. Бу мухлат ичида махсус ўрнатилган ва кейин жамоатчиликка етказилган ишонч гуруҳи барпо этилади. Бир ой давомида фуқаролар ичидан суд раислигига ва бошқа судьяларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида жабр чеккан, ноҳақликларга учраганлар ўз шикоятларини етказишади. Шунингдек, Конституцион суд раиси ва судьяларнинг коррупция жиноятлари ёки порахўрлик ҳақидаги фактлар бўлса ва бу фактлар ўз исботини топса, бу номзод автоматик равишда олиб ташланади. Шундан сўнг президент яна бир бор номзод кўрсатишга ҳақли бўлади. Кўрсатилган номзод муҳокамасида ҳам бундай ҳолат такрорланса, президент номзод кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум этилади ва номзод кўрсатиш ҳуқуқи ўз-ўзидан парламентга ўтади. Бу номзод ҳам айнан бир ой давомида халқ муҳокамасига қуйилади ва ҳар қандай жиноятлар ва қонунбузарлик ҳолатлари бўлмаган шахсгина Конституцион суд раиси ва судъялигига номзод сифатида кўрсатилиши мумкин.
Суд раисининг маоши ҳар доим юқори бўлади. Суд раисига тўлов миқдори мамлакатда йиллик ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (ЯИМ) умумий қийматининг 100 000 дан бир қисми миқдори асос қилиб белгиланади. Конституцион судьяларнинг ойлик маоши эса ЯИМнинг 150 000 қисмига асосан белгиланади. Демак, ҳозирги вақтдаги ЯИМнинг 31 миллиардига Конституцион судьянинг йиллик маоши 31 минг АҚШ долларини, ҳар бир Конституцион судьяларнинг йиллик маоши салкам 21 минг АҚШ долларини ташкил қилади. Судьяларнинг йиллик маошлари ҳам мамлакатимизда ЯИМ ортишига боғлиқ ҳолда ошиб бораверади. Ундан ташқари, барча судьялар давлат томонидан ҳимояланади ва ҳимоя ишлари, моддий ва техник базани яратишни молиялаштириш давлат зиммасига қолади.
Мамлакат Конституциясига керакли халқчил ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилади;
Мамлакатда икки фуқароликка қонунан рухсат берилади.
Президентга мамлакат Парламенти томонидан импичмент эълон қилдириш имкони қўшилади.
Конституцион суднинг асосий вазифаси мамлакатда сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон Конституциясига мос равишда фаолият олиб борилишини назорат қилишдан иборат.
Мамлакатда ўтказиладиган Парламент ва Президент сайловларига қонуний баҳо берилади.
Давлат бошқарувидаги сиёсий партиялар ва мухолифатдаги партияларнинг сиёсий фаолиятига қонунан баҳо берилади, агар уларнинг фаолияти мамлакат Конституциясига зид деб топилса, фаолиятлари мамлакатда тақиқланади.
Агар Парламент мамлакат Президентига импичмент эълон қилса, импичмент Конституцион суд қароридан кейин кучга киради.
Агар Президент мамлакат Конституциясига бўйсунмасдан, уни ҳурмат қилмасдан фаолият олиб борса, Парламент унинг фаолиятига импичмент қўйиш ҳақида қарор чиқаради.
Аҳоли, сиёсий ҳаракатлар, партиялар, ташкилотлар, мустақил шахслар муайян масалалар бўйича референдум ўтказиш учун 100 минг имзо тўпласалар, Конституцион суд ушбу талабни кўриб чиқиб, имзолар сони етарли бўлса ва ушбумасала мамлакат Конституциясига хилоф бўлмаса, у ҳолда уларнинг мамлакат миқёсида референдум ўтказишларига рухсат беради.
Исталган фуқаро мамлакат Конститициясига риоя қилмай, унга хилоф равишда фаолият олиб бораётган бирор бир амалдор ёки мансабдорнинг устидан Конституцион судга мурожаат қилса, даъвогарнинг далиллари исботланса, Конституцияга хилоф иш қилинаётганлиги аниқланса, ушбу амалдор ёки мансабдорга нисбатан Конституцион суд хизмат текширувини бошлашга изн беради ва унинг устидан жиноий иш қўзғатилиб, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Конституцион суднинг асосий принциплари:
— мустақиллик;
— қонун устуворлиги;
— шаффофлик;
Ҳар бир йил якунида Конституцион суд фуқароларга ҳисобот бериши шарт қилиб белгиланади.
ДХХ Президент ихтиёридан чиқарилади.
Бизнинг бошқарув фаолиятимиз давомида ДХХни шахсан Президентга бўйсунишдан чиқарилиб, Парламент назоратига ўтказилади. ДХХ фаолияти тўлиқ қонун доирасида олиб борилишига эришилади. Фуқароларни ноҳақ қамаш, қийноққа солиш ёки ўлдиришда айбдор бўлган ДХХ ходимлари халқ ва қонун олдида жиноий жавобгарликка тортилади.
Хориждаги ўзбекларнинг ватанга қайтиши ва ҳокимиятга келиши учун замин ҳозирланади.
Диктатор, собиқ Президент И. Каримовнинг қатағон сиёсати сабабли Ўзбекистонни тарк этган мухолифат вакилларининг ватанимизга қайтишлари учун ҳуқуқий замин яратилади. Уларга қарши очилган сохта жиноят ва қидирув ишлари бекор қилинади. Уларнинг Ўзбекистон ижтимоий ва сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишлари учун шароитлар яратилади.
Меҳнат муҳожирларининг ҳақ-ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олинади.
Хорижга иш излаб кетган ўзбекистонликлар (меҳнат муҳожирлари)нинг умумий сони турли ҳисобларга кўра 5-6 миллион кишини ташкил этади (биргина Россияда 3.2 млн.), бу миллионлар — ўзбек халқининг ишга яроқли қатлами. Собиқ раҳбар Каримов ҳам, ҳозирги Ўзбекистон ҳукумати ҳам хорижда ноиложликдан ишлаётган миллион-миллион юртдошларимизни ҳуқуқий, тиббий ёки бошқа турда ҳимоя қилаётгани асло сезилмайди. Ваҳоланки, хориждаги ўзбекларнинг йиллик пул жўнатмалари сўнгги пайтлар йилига 4-6 миллиард доллар бўлган, бу эса ялпи ички маҳсулотнинг 20% ини ташкил этишини англатади.
Биз ҳокимиятга келгач, дунёдаги ўзбекларнинг барчаси давлат ҳимоясига олинади. Яқин ва узоқ хориждаги катта шаҳарларда Ўзбекистон консулликлари очилади ва Ўзбекистон фуқароларининг барча ҳуқуқий муаммоларини қулай ва тез суръатда ҳал этиш учун шароитлар яратилади. Паспортларни янгилаш ва йўқолган ҳужжатларни тиклаш мазкур консулликларда амалга оширилади.
Ҳарбий хизмат профессионал ва контракт асосида адо этилади.
Ҳарбий хизмат тўла контракт хизматига ўтказилади. Армияда профессионал қўшинлар хизмати йўлга қўйилади. Армия бугунги дунё тажрибасига мувофиқ ҳолда «Миллий Гвардия» тарзида қайта тузилади ва битим асосида шакллантирилади.
Бу каби сиёсий ислоҳотларни ўтказишдан кўзланган мақсад Ўзбекистонни сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, илмий, технологик ва маънавий бўхрондан олиб чиқишдан иборат. Бу ислоҳотларни амалга ошириш орқали мамлакатимизнинг жадал суръатларда ривожланишига замин яратилади

ИҚТИСОДИЙ СОҲАДА
Асли советча режалаштириш бўйича иқтисод соҳасида ўқиган диктатор, собиқ Президент Ислом Каримов мамлакатимиз Ўзбекистон иқтисодини ҳам советча режалаштириш орқали бошқарди. Унинг билимсизлиги, иқтисодни билмаслиги мамлакатимиз ва халқимизга жуда катта қимматга тушди. Совет ҳукумати парчаланиши арафасида Болтиқбўйи давлатлари ўз ихтиёридаги совет пулларидан тезроқ қутулиш мақсадида Совет давлатидан жуда кўп миқдорда металл маҳсулотлари сотиб ола бошлади. Бизнинг ҳукуматимиз эса совет пулидан тезроқ қутулиб, ўз пулини тезда муомалага киритиш ўрнига Ўзбекистон миллий валютаcини ишлаб чиқаришни пайсалга солди. Миллий валюта дастлаб сўм-купон сифатида жорий этилди. Бу орқали халқнинг иқтисодий аҳволини янада қийинлаштирди. Аҳоли камбағаллаша бошлади.
Каримов ҳукумати фақат 1994 йилга бориб миллий валюта – сўмни муомалага киритди. Дастлаб 1$ 6 сўм қилиб белгиланган бўлса, бугунги кунда 1 АҚШ доллари 8000 (саккиз минг) сўмдан ошиб кетди.
Солиқ ва божхона ставкалари жуда баланд. Мамлакатда электр, газ, сув, йўллар, канализация ва ишлаб чиқариш учун бошқа хомашё таъминотлари жуда катта муаммолигича қолмоқда. Коррупция даражаси ҳамма соҳада устун.
Деярли 70% аҳоли ишсиз, улар шулардан катта бир кисми бошқа давлатларда қийин шароитларда оила боқиш мақсадида ишламоқда. Совет даврида мавжуд бўлган деярли барча корхоналар касодга учраган. Мамлакатда ҳозиргача пахта, ғалла мажбурий режа асосида йиғиштирилади. Халқнинг иқтисодий турмуш тарзи ёмон.
Совет даврида ўртаҳол бўлган ўзбекистонликлар бугунги кунда қашшоқ ва камбағалларга айланган. Мамлакат бозор иқтисодиётига шу кунга қадар тўлиқ ўтмаган.
Рақобатни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш давлат миқёсида қўллаб-қувватланиши керак, рақобат кучайган сари кичик ва ўрта бизнес ривиожланиши таъминланади. Бу ўз навбатида коррупцияга, монополияга барҳам беришга олиб келади. Хусусий мулк эгалигини кафолатлаш ва барқарор фаолият олиб бориш, доимий даромадларнинг ошиб боришини таъминланади. Иқтисодий сиёсатнинг энг муҳим вазифаларидан бири хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш.
Маълумки, ҳар қандай давлат иқтисодиёти, солиқ сиёсати энг муҳим роль ўйнайди. Аммо Ўзбекистон Республикасида солиқ тизими ва тадбиркорлар ва бошқа объектлардан ундирилаётган солиқ ҳажми жуда катта ва асосланмаган. Яъни даромад ҳамда маошлар даражасидан келиб чиқмаган. Бу ҳолат мантиқий яъни фуқароларнинг даромади, иш ҳақи ва ижтимоий мувофиқлик ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва солиқ тўлаш тизимини тўлиқ ўзгартириш, уларнинг турларини камайтириш.
Биз халқимиз, ўлкамиз ривожига қаратилган улкан лойиҳамизни танлаш, қўллаш асосида, келажакда мавжуд зўравонлик, порахўрлик, адолатсизлик амалиётига таянган каримовча диктаторлик режими ўрнига мулкдорликка асосланган давлат барпо этиш ниятидамиз. Чунки фақат мулкдорларгина мустақил, ўз ҳаёт йўлини ўзи белгиловчи, мустаҳкам оила бўла олади. Бу Германия, Франция, Англия, Италия, Испания, Япония, Швеция, Швецария, Жанубий Корея, Туркия ва бошқа қатор мамлакатлар мисолида яққол кўриниб турибди.

Пул-кредит сиёсати
Миллий валютамиз сўмнинг тарихи Ўзбек халқининг хони Ўзбекхонга (Хонлик даври 1312-1341 йиллар) бориб тақалади. Ўзбекхон даврида оғирлиги 204,8 грамм бўлган ялпоқсимон кумуш қуймалар «сўм» деб аталган. Унгача сўм ( сом, тоза, соф) олтин сўзи Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғотит-турк» асари (1068)да учрайди. 1938 йилга келиб совет давлатининг пул бирлиги рубль амалиётга тадбиқ этилди. Ушбу пул бирлиги Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда сўм (сом) ҳам деб атала бошланди. Совет иттифоқи парчалангандан кейин Ўзбекистон дастлаб 1993 йилнинг 15 ноябрида «Сўм-купон»ни, 1994 йилнинг 1 июлида эса «Сўм» миллий валютамизни муомалага киритди. Қўшни Қирғизистон 1993 йилнинг 10 майида «Сом» миллий валютасини, Қозоғистон 1993 йилнинг 15 ноябрида «Тенге» миллий валютасини, Тожикистон 1995 йилнинг 10 майидан 2000 йилнинг 29 октябригача дастлаб Тожикистон рублини, 2000 йилнинг 30 октябридан бошлаб «Сомони» деб номланган миллий валютасини, Туркманистон эса 1993 йилнинг 1 ноябридан эътиборан «Манат» миллий валютасини муомалага киритди.
1990 йилдан буён Ўзбекистонда муомалада бўлган пуллар тарихига назар ташлаймиз: 1990 йилнинг 1 январида Ислом Каримов Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг раҳбари, Ўзбекистон Коммунистик партиясининг Бош котиби эди. Шу пайтларда 1 совет рублининг қиймати 0,56 АҚШ долларга тенг эди. Совет иттифоқи парчалангандан кейин 1992 йилнинг 1 январида совет рубли ўрнини Россия рубли алмаштирди. 1 Россия рублининг АҚШ долларига нисбатан қиймати худди аввалгидек $0,56 қийматида сақланиб қолинди.
1992 йилнинг декабрига келиб 1 АҚШ доллари 125 рублни, 1993 йилнинг ноябрь ойида эса бу кўрсаткич 1247 рублни ташкил этди. Бу 1990 йилнинг 1 январига нисбатан пулнинг 2227 (!) баробар қадрсизланганидан далолат беради. Болтиқбўйида жойлашган Латвия, Литва ва Эстония давлатлари 1992 йилнинг ёз ойларида муомалага ўзларининг миллий валюталарини жорий этдилар. Мисол учун Эстония 1992 йилнинг 20 июнида ўз миллий валютаси «Эстония кронаси»ни муомалага киритди. Ўша вақтда 1 эстон кронаси 10 рублга тўғри келар эди, бу тахминан 1 АҚШ доллари деганидир. Совет иттифоқи парчалангач фақат Болтиқбўйи давлатлари ўз вақтида миллий валюталарини муомалага киритиб, бундан жуда катта иқтисодий самара кўрдилар. Ўтиш даврида Болтиқбўйи халқлари ўзларининг миллий валюталари қадрсизланишини деярли сезмадилар ва бундан халқлари озор чекишмади.
Ўзбекистон халқи ўзбек миллий валютаси «Сўм-купон»ни ҳаётга тадбиқ этиш орқали жиддий зарар кўрди. 1993 йилнинг 15 ноябрига қадар совет пулининг, кейинчалик Россия рублининг 2227 (!) баробар қадрсизланиши сўм-купоннинг ҳам қадрсизланишига олиб келди. 1 Россия рублига тенглаштирилиб муомалага киритилган янги сўм-купонимиз қисқа фурсат ичида жиддий равишда қадрсизланди. Дастлабки йилларда мамлакатда Россия рубли билан сўм-купон бир хил тенгликда ишлатилган бўлса-да, орадан ойлар ўтиб сўм-купонимиз янада қадрсизлана бошлади. 1994 йилнинг 1 июлида 1 Россия рублига 10 сўм-купони тўғри келди. Бу вақтда эса 1 АҚШ доллари 2100 рублни ташкил этди. Демак, бу ҳолат сўм-купонимиз муомалага киритилган 1993 йилнинг 15 ноябридан 1994 йилнинг 1 июлигача яна қўшимча 477 (!) баробар, 1990 йилдан буён жами 2227+477=2704 (!) баробар қадрсизланганлигини англатади.
1994 йилнинг 1 июлидан янги кўриниш ва қийматдаги «Сўм» миллий валютамиз муомалага киритилди. 1:1000 қиймат билан янги сўм, сўм-купонга алмаштирилди. ЎзР Марказий банки томонидан 1994 йил 1 июлдан бошлаб ЎзР ҳудудида хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қийматини қуйидагича белгилаганди:
1 АҚШ доллари = 7,09 сўм; 1 Россия рубли = 3,53 сўм.
Бугун – 2018 йил 16 октябрь куни ўзбек сўмининг бошқа валюталарга нисбатан қиймати қуйидагича:
1 АҚШ доллари = 8208.04 сўм; 1 Россия рубли = 123.85 сўм. Демак, ўтган 24 йил давомида ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан 1157 (!) мартага яқин, яъни 115769 (!) фоизга қадрсизланган. Умуман, ўзбек халқи қўлидаги пуллар 1993 йилнинг 15 ноябридан буён ўтган 25 йил ичида 477+1157=1634 (!) баробарга, 1990 йилнинг 1 январидан буён 2018 йилнинг 8 октябрига қадар жами 2227+477+1157=3861 (!) ёки 386100% (!) қадрсизланган.
Агар оддий тил билан тушунтирилса, 1990 йилнинг 1 январида 10 минг рублга Жигули русумли автомобиль сотиб олиш қийматига эга бўлган 10 минг рубль орадан 28 йил ўтиб 10 минг рубль пулга 3 дона гугурт қутиси беради деганидир. Солиштириб айтадиган бўлсак, ўз вақтида кучли сиёсий ислоҳотларни амалга ошириши ортидан эркин фуқаровий жамият, демократик давлатга айлана олган ва бозор иқтисодиётига тўлиқ ўтган Эстония 2011 йилга 1 ЕУР=15.65 ЭEК курси билан тўлиқ Евро пул бирлигига ўтиб кетди. 28 йил давомида Эстония халқи умуман пул қадрсизланишини бошдан кечирмади.
Солиштириш учун қўшнимиз Қирғизистонга назар ташлаймиз: Қирғизистон 1993 йилнинг 10 майида ўз миллий валютаси «сом»ни жорий қилганда 1 қирғиз сўми 4 АҚШ долларига тенг эди. Демократик давлатга айлана олган, иқтисодий томондан Ўзбекистондан камроқ ривожланган бўлса-да, аммо бозор иқтисодиёти шароитида яшаётган Қирғизистонда 14 сентябрь 2018 йил ҳолати бўйича 1 АҚШ доллари 68.96 КГС тенг. 25 йил ичида қирғиз сўми бор-йўғи 17,24 (!) баробарга қадрсизланган, холос. Агар биз қўшни Қирғизистон билан ўзимизни солиштирсак, охирги 25 йилда қўлимиздаги пуллар қўшнимизга нисбатан 1634/17,24=94,77 (!) баробарга қадрсизланганлигини кўрамиз.
Бизнинг асосий мақсадимиз бундан кейин ўзбек халқини ҳозирги кунда нотўғри олиб борилаётган сиёсий-иқтисодиётнинг қурбонига айланиб қолишдан сақлашдир. Мамлакатда кучли сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар керак. Иқтисодий ислоҳотда энг муҳим қадам бу пул-кредит сиёсатини тўғри амалга ошириш ҳисобланади. Биз Турон пул бирлигини муомалага киритиш орқали ўзбек миллий валютасининг қадрини дунё миқёсида кескин тарзда оширамиз, бу эса мамлакатимизнинг иқтисодиёти ривожланишида муҳим роль ўйнайди. Қўшни давлатлар билан иқтисодий интеграcияларни кучайтириш орқали Турон пул бирлигининг ўрни беқиёс бўлади.
Ерга эгалик қилиш ҳуқуқи халққа бир умрга берилади.
Ерлар тўлиқ хусусийлаштирилади ҳамда фуқароларга қимматбаҳо қоғозлар орқали тенг тақсимлаб берилади. Ерга мулкчилик ҳуқуқи бир умрга берилади ҳамда мулкдор ундан тўлиқ фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Давлат буюртмаларига боғлиқ бўлган пахта, ғалла ва пилла етиштириш бутунлай бекор қилинади.
Иқтисодга давлатнинг аралашуви минимум босқичга туширилади.
Солиқ ва божхона ставкалари имкон қадар соддалаштирилади ва камайтирилади.
Ташқи дунё билан иқтисодий алоқалар кучайтирилади. Сармоядорлар ва хусусан чет эл инвесторлари учун қулай шароитлар яратилади, жумладан, кўп фуқаролик таъминланади. Сармоядорлар ҳар қандай чекловлардан озод этилади.
Мамлакатда замон талабларига жавоб бера оладиган, янги транспорт коммуникацияларига алоҳида эътибор қаратилади.
Электр энергияси ишлаб чиқариш, узатиш ва истеъмолчига етказишни кафолатлайдиган даражада тўлиқ янгиланади.
Аҳолининг тоза ичимлик сувига ва газ таъминотига бўлган эҳтиёжи тўлиқ ижобий ҳал қилиниши учун кескин чора-тадбирлар қилинади.
Давлат иш жойларини яратиб беради, деган советлардан қолган сиёсий тушунчадан бутунлай воз кечилади. Бу ўтмиш сиёсати давлат янги иш жойларини яратаётган тадбиркор, ишбилармон, сармоядорларга қулай шароит ва имкониятлар яратиб бериш орқали барҳам топади.
Бундай ислоҳотлар натижасида мамлакатда қашшоқлик ва камбағалликка бутунлай барҳам берилади. Хусусийлаштирилмаган корхоналар тўлиқ хусусийлаштирилади. Ҳар бир инсон, ҳар бир оила мулкдорлар сафида бўлади ва ўз мулки, бойлиги, пули, ерига эга бўлиб, мамлакатда мулкдорлар сонини кўпайтиради.
Бундан ҳамма бирданига пулдор, бой бўлиб қолади, деган хулоса чиқмаслиги керак. Лекин ҳар бир оддий ишчи, деҳқон, фермер, хизматчи ўз иш жойига, пул жамғармасига, уй-жойига, машинасига эга бўлишига замин ҳозирлайдиган мулкдорликка асосланган давлат пойдевори бунёд этилади.
Бизнинг ислоҳотларимиз натижасида Ўзбекистон ташқи дунёда худди бугунги кундай ҳақ-ҳуқуқсиз, ижтимоий ҳимоядан маҳрум бўлган меҳнат муҳожирлари сифатида эмас, аксинча, олий маълумотли, кучли, ўз соҳасини пухта биладиган, давлат ижтимоий ҳимояси ва қонунлар ҳимоясида бўлган малакали кадр сифатида катта маошлар ҳисобига, бошқа давлатлардан ишга таклиф қилинган таклифномалар орқали Ўзбекистондан ташқарида иш топишга эришади.
Сармоядорлар, мулкдорлар, ширкатлар дахлсизлиги таъминланади, яъни улар устидан доимий равишда махсус текширувлар ўтказилмайди. Ўтган йиллар мабойнида юқори ташкилотлар, жумладан собиқ МХХ, прокуратура, солиқ органлари ва бошқа ташкилотларнинг мунтазам равишда ўтказган ноўрин текширувлари натижасида мамлакатда коррупция авж олибгина қолмасдан ишбилармонлар гуруҳи касодга учрагани ҳам бу тажрибани амалиётга тадбиқ қилишимизга туртки бермоқда. Ҳар бир мулкдор, сармоядор, ширкат эгаси, ўз имкониятларининг катта, ўрта ёки кичиклигидан қатъий назар, ўз фаолиятини кўнгилдагидек, қонунлар доирасида давом эттиради.
Мулкдорлик тузуми бу мулкдорликка асосланган демократик жамият тузумидир. Мулкдорлик тушунчаси – бу эркин бозор иқтисодиётига ўтилган, либерал иқтисодиётнинг кенг кўринишидир.
Сув масалалари
Ўзбекистонда ичимлик суви ва ерларни суғоришдаги сув муаммолари ўта долзарб муаммо ҳисобланади. Аҳолининг аксар қисми сифатли ичимлик суви билан таъминланмаган. Қишлоқ хўжалиги, хусусан пахтачиликка мослашган ерларда сув катта миқдорда исроф бўлмоқда. Дарё, ариқ, канал сувларидан ўзбошимчалик билан хўжасизларча фойдаланилмоқда. Сувга бўлган муносабат ўзгариши, сув муаммолари тўлиқ даражада ижобий ҳал этилиши керак.
Биз сув муаммоларини ҳал қилиш вазифаларини битта вазирлик – Сув хўжалиги вазирлиги ихтиёрига ўтказамиз. Мазкур вазирлик, энг аввало, мамлакатимиздаги барча ичимлик сувларини, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун мўлжалланган ариқ, дарё, канал сувларини, сув захираларини, омборларини, Орол денгизи муаммосини, зах-зовур сувлар йиғиндисини, шўр ва шўрхок сувлар, канализация, оқова сувлари йиғиндисини ва уларга қайта ишлов бериш масалаларини, шунингдек, қўшни давлатлар билан бўлган сув сиёсати муносабатларини, келажакда Ўзбекистонда сув йўлини қуриш масалаларини ўз зиммасига олади.
Сув вазирлиги қошида сув масалалари ва муаммоларини ҳал қилиш илмий-тадқиқот институти ташкил қилинади. Бу институтга сув соҳасинияхши биладиган олимлар, малакали мутахассислар ишга таклиф қилинади. Мазкур институт сув масалаларига оид ҳар қандай муаммолар, масала ва унинг ечимлари хусусида Сув вазирлигига йўл-йўриқ, илмий ҳисобот, маълумот, таклиф ва ечимлар бериб боради. Сув вазирлиги эса Сув хўжалиги ишлари бўйича илмий-тадқиқот институти томонидан берилган ечимларни ҳаётга тадбиқ этади, сув масалаларига доир ислоҳотларни амалга оширади. Ўзбекистон бўйича аҳолига сифатли ичимлик сувини керагича етказиб бериш ишлари йўлга қўйилади.
Аҳоли сувни сув ўлчагич ускуналари ёрдамида олади ва ана шу сув ўлчагичлар ёрдамида фойдаланилган сув учун ўз вақтида ҳақ тўлаб боради. Ичимлик сув нархи Ўзбекистон бўйича ягона тариф асосида жорий этилади ва бир хил нархда бўлади.
Ўзбекистондаги барча ерлар, жумладан, полиз ва боғ-роғлар, экинзорларнинг хусусийлаштирилиши натижасида ичимлик ва суғориш учун ишлатиладиган сувга нисбатан талаб кескин равишда ошиши табиий ҳолдир. Аҳолига, деҳқон, фермер хўжаликларига экин майдонларини суғориш учун эҳтиёжга монанд талаб қилинган сувларни тўлиқ миқдорда, ўз вақтида етказиб бериш давлат иқтисодиётига жуда қимматга тушади. Бу каби омилларни инобатга олган ҳолда аҳолига сув етказиб беришга доир барча турдаги харажатлар истеъмолчилар зиммасига юкланади. Барча турдаги истеъмол ва экинзорларни суғориш учун сарфланадиган сувлар истеъмолчиларга Сув хўжалиги вазирлиги томонидан сув қувурлари, каналлар ва бошқа сув транспорти воситалари орқали сифатли тарзда етказилади. Сув хўжалиги соҳасида амалга оширилажак бундай ислоҳотлардан кўздатутилган мақсад, истеъмолчиларнинг сувга нисбатан беписандлигига барҳам бериш, сувларнинг ортиқча исроф қилиниши, йўқотилиши, очиқ ҳавзалардаги сувларнинг буғланиб кетиши ёки ер остига сингиб кетиши ҳолатлари олдини олишдан иборат. Эркин бозор иқтисодиёти шароитида сув масалаларида катта иқтисодий харажатларни қоплаш мақсадида экин майдонларини суғориш учун сарфланадиган сувлар давлат томонидан белгиланган муайян нарх асосида сотилади. Сув сотишдан тушган пуллар Сув хўжалиги вазирлиги ҳисобига тушади ва мазкур вазирлик бу даромадларни аҳолига сув етказиб бериш ускуналарини харид қилиш, электр харажатлари, теника, ишчи кучи, ёқилғи, эҳтиёт қисмлар ва бошқа харажатларни қоплаш учун сарфлайди.
Суғориш ишлари учун ишлатиладиган сув нархи туманларга кетган харажатлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади. Унга кўра, ҳар бир туман учун ҳар хил нарх белгиланиши ҳам ёки республика бўйича ягона нарх белгиланиши ҳам мумкин.
Деҳқон-фермерлар ўзларининг шахсий мулки – хусусийлаштирилган ерларида, ўзлари истаган деҳқончилик турлари билан шуғулланиши, етиштирган маҳсулотларини Ўзбекистон ичида ёки мамлакат ташқарисида эркин тарзда сотиши мумкин. Ана шундай вазиятларда истеъмолчилар сувни астойдил тежашга ўтадилар. Чунки деҳқон ва фермер хўжаликлари бундан буён харажатлар рўйхатига суғориш ишлари учун сарфланган сув харажатларини ҳам қўшиб ҳисоблай бошлайди. Бундан ташқари, давлат миқёсида томчилатиб суғориш, илдиздан суғориш технологиялари кенг тадбиқ қилинади. Бу эса сувга бўлган муносабат яхши томонга ўзгаришига олиб келиш билангина чекланиб қолмасдан, Орол денгизига етиб борадиган сувнинг миқдорини ҳам сезиларли даражада оширади.
Биз иқтидорга келгач, бугунги кунда бутунлай қуриб бораётган Орол денгизини қайта тиклаш ишлари билан астойдил шуғулланамиз. Орол атрофи экологиясини яхшилаш, минтақани халқаро сув йўллари билан туташтириш мақсадида Орол денгизида бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишга киришамиз. Жумладан, Каспий денгизи ўртасида кемалар қатнай оладиган каналлар қуриш учун ҳаракатларни бошлаймиз.

МАОРИФ СОҲАСИДА
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида келтирган маълумотларга кўра мактабларда 11 минг нафар ўқитувчи етишмаслиги аниқланган. Бунинг энг биринчи сабаби ўқитувчиларнинг ойлик маоши кам эканлиги ва ижтимоий ҳимояланмаганлиги асосий сабаб деб кўриляпти.
Ҳар қандай моддий йўқотишни тиклаш мумкин, аммо маънавий йўқотишни қайта тиклаш осон кечмайди. Афсуски, диктатор Каримов билимли, зиёли, маданиятли, юксак маънавиятли ўзбек халқини маънавий қашшоққа айлантирди.
Бугунги маориф соҳасидаги чуқур инқироз бизни бир неча ўн йилларга тараққиётдан орқада қолдирди. Ҳозирги кунда мамлакатда маориф соҳаси тубдан издан чиққан. Мактаб ва коллежларни битираётган ёшларнинг аксарияти билимсиз.
Маориф соҳасида ўтган йиллар давомида амалга оширилган янгиликлар ўзини оқламаганлиги бугунги кунга келиб юзага чиқмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда олий таълим тизимида жиддий депсинишлар, йўқотишлар рўй берди. Олий таълим тизимига бакалавр ва магистр йўналишларининг тадбиқ этилиши натижасида мамлакатда олий маълумотли кадрлар сони кескин камайиб кетди. Бунга магистр (яъни, олий маълумот эгаси) йўналиши учун жуда кам талабалар қабул қилиниши туфайли бакалавр (яъни, тўлиқсиз олий маълумотли) йўналишини тугатган талабалар олий маълумот эгаси бўлолмай қолиши ҳамда тўлиқиз олий маълумот дипломи билан ишга жойлаша олмасликлари каби омиллар яққол мисол бўла олади. Бу каби камчиликларни инобатга олган ҳолда биз олий таълим тизимида туб ислоҳотлар олиб борамиз. Иқтидорли ўқувчилар ва коллеж талабаларининг билим потенциалларини инобатга олган ҳолда уларнинг олий ўқув юртига ўқишга киришлари учун имтиёзларни жорий қиламиз.
Биз маориф соҳасида қуйидаги ишларни амалга оширамиз:
Давлат бюджетининг тақрибан ярми маориф соҳасига ажратилади;
1 ёшдан мактаб ёшигача бўлган фарзандлар болалар боғчаларида тарбияланади. Бу боғчалардаги таълим ва тиббий хизмат тўлиғича давлат тарафидан молиялаштирилади. Тиббий суғуртаси бўлмаган болалар 18 ёшгача давлат тарафидан суғурталанади;
Ота-оналарнинг мактаб таъмири ёки бошқа тадбирлар учун пул йиғишларига батамом чек қўйилади;
Мактабларда ўқитиш уч босқичда олиб борилади. Бошланғич таълим — 3 йил, ўрта таълим — 5 йил, юкори таълим – 4 йил ўқитилади. Мактабларда жами ўқиш муддати 12 йил қилиб белгиланади.
Мактаб ёшидаги болалар учун замон талабларига кўра янги қурилган ёки замонавий кўринишда таъмирланган ва илмий асосларга таянган мактабларда таълим дастури йўлга қўйилади. Ўқиш эрталаб соат 8-30 дан кеч соат 15-00 гача давом этади. Мактабда уч маҳал иссиқ овқат, бепул транспорт, бошланғич синф мактаб ўқувчилари учун 2 соатли дам олиш муддати кўзда тутилади. Мактаблар 100% бепул бўлади, болалар мактаб формаси билан давлат томонидан таъминланади.
Қолаверса, маориф ходимларининг маошлари кескин ошиши натижасида уларнинг мулкдорлар сафига қадам қўйиши учун катта имкон яратилади. Мактаб ёки бошқа ўқув масканлари ўқувчи-талабалари, ўқитувчи-ходимлари қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа юмушлардан бутунлай озод қилинади.
Машғулотлар ҳафтада 5 кун давом этади.
Мактабгача таълим гуруҳлари,1 бошланғич ва ўрта умумий таълим муассасалари 5 кунлик машғулот тартибига ўтказилади.
Бугунги глобаллашаётган дунёда ҳар соҳадаги рақобатбардошлик учун мактаб болалари ёшлигидан ўта пухта билим эгаси бўлиши керак. Улар мактабда икки ёки ундан ортиқ тилни яхши ўзлаштириши, иқтисод, пул, бизнес соҳаларини етарлича ўрганиши муҳим. Биз мактаб болаларига иқтисодий билимларини ошириш, уларни пулга сиғинишга эмас, пулга зарурий восита сифатида қараш лозимлигини тушунтириб боришимиз лозим. Бунинг учун биз ҳозирги замон мактабларидаги 5 балли баҳолашдан қисман воз кечамиз.
Ҳар бир мактаб остонасига қадам қўйган бола учун унинг номига ичида $100 миқдорда пули бўлган алоҳида дебит карта очиб берилади. Бу дебит картада боланинг мактабни битиришигача ҳамма йиққан пуллари тўпланиб боради. Мактабни битиргач, бола ушбу маблағни фақат мактабдан кейинги таълим учун сарф қилиши мумкин. Ҳар бир мактаб ўқувчиси билим олишига қараб баҳоланиб борилади ва йилига $500 дан $1000 гача баҳо-пул тўплаши мумкин. Болаларнинг билимини баҳолашда ҳозиргидек 5 балли баҳолаш давом этаверади, аммо ҳар ойнинг якунида ўқувчилар тўплаган балларининг йиғиндиси муайян миқдордаги пулга айлантирилиб, бу пуллар болаларнинг шахсий ҳисоб-рақамига қўйилиб борилади. Ҳар чорак якуни билан болаларнинг хулқи, одоби, билими яна бир натижаланиб, уларнинг ҳисоб-рақамларига мукофот тарзида алоҳида мукофот пули қўшиб борилади.
Болаларга баҳо сифатида берилаётган пуллар маориф соҳасига ажратилган бюджетдан олинади. Юқори синф ўқувчилари учун мактаб ичида ва атрофида ҳар хил ишлаб чиқариш ва турли пулли хизматларда кунига 2-4 соатдан ишлаш йўлга қўйилади ҳамда улар ишлаб топган даромадлар ўз номларидаги банк ҳисобларига бориб тушади. Болаларнинг ҳар бир касб ва соҳа билан оз бўлса-да танишиши, меҳнат қилиб кўришлари учун имкон берилади.
Турли соҳаларга доир меҳнат билан таништирилган болалар келажакда ўз соҳаларини мактабнинг ўзидаёқ аниқлаб олишларига эътибор қилинади. Мактабнинг битирувчи синф ўқувчиларига мактабда ўз меҳнатлари эвазига ишлаб топган пулларининг 5% ини устозлари билан кичик бир фонд тузишиб, дунёдаги ёки республикамиздаги фонд биржаларининг қимматбаҳо қоғозлар савдо-сотиқларига қатнашишларига ўз устозларининг назоратида рухсат берилади. Улар акцияларни сотиб олишлари, фойдаси билан сотиш ҳуқуқини қўлга киритишади. Бундан кўзланган мақсад шуки, келажакда ҳар бир мактаб ўқувчиси қайси касбни ёки соҳани танлашидан қатъи назар, иқтисод ва бизнес соҳасини ҳамда мактаб билимларидан ташқари камида иккита чет тилини пухта ўрганиб чиқишларига эришиш. Биз мактабларда қачонки оммавий равишда ана шундай кўрсаткичларга эришсак, шундагина биз маориф соҳасини тўлиқ ислоҳ этдик, деб айта оламиз.
Мактабларда жаҳон тилларини, айниқса, инглиз тилини чуқур ўрганиш учун етарли даражада шароитлар яратилади. АҚШ ва бошқа ривожланган мамлакатларга кўплаб талабалар жўнатилади. Мактаб битирувчиларининг мактаб даврида ўз ҳисобларида йиғилиб қолган пуллари кўпгина Олий ўқув юртларига тинчлик бермаслиги табиий, чунки Олий ўқув юртлари тўлиқ хусусийлаштирилгач, домлалар пора олиб кун кўришни эмас, аксинча билимли, иқтидорли ҳамда ўз ҳисобида кўпроқ пули бўлган мактаб битирувчиларини ўз Олий ўқув юртларида ўқишларини истайдилар. Oлий ўқув юртлари қанчалик кўп даромад топса, ана шу даргоҳ ўқитувчиларининг иқтисодий аҳволи шунчали яхшиланиб бораверади. Олий ўқув юртининг рейтинги мунтазам равишда ошиб бориши унинг ҳисобига пул маблағлари кўп миқдорда кириб келаётганидан далолат беради.
Албатта, бу йигит-қизлар Олий ўқув юртларини битиришлари ортидан ушбу Олий ўқув юртларининг обрўси яна-да ошади, бу эса Олий ўқув юртига қизиқишнинг ортишига, ушбу Олий ўқув юртининг рейтинги, шу билан пул тўлаб ўқиш баҳосини ҳамда ушбу масканда даромаднинг кескин ошиши натижасида профессор ва домлаларнинг маошларини кескин ошишига туртки бўлади.
Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари ва тест синовлари бутунлай олиб ташланади. Мактабни битираётган ўқувчиларнинг мактабни битирмасдан туриб олий ўқув юртларига киришлари учун замин яратилади. Бунинг учун мактабда олган пул-баҳолар мактаб битирувчисига аниқ имкон беради. Агар ўқувчи ўзи истаган йўналиш бўйича мамлакатдаги олий ўқув юртларига киролмаса, унинг ҳисобидаги пул маблағи, тилларни билиши, билимининг кучлилиги дунёдаги янада таниқли олий ўқув юртларига бориб, бемалол ўзи танлаган йўналиш бўйича ўқишга кириш имконини беради.
Маориф соҳасидаги ислоҳотларимиз мамлакатимиз ёшларининг билимли, иқтидорли, маънан кенг дунёқарашга эга шахс сифатида тарбиялайди. Қолаверса, мактабларда иқтисодий соҳалардан ҳам дарс берилиши, болаларимизнинг келажакда Мулкдорлар сафини кўпроқ тўлдириши учун хизмат қилади.
Улар келажакда кучли олий ўқув юртларида ўқиши, кучли билим эгалари бўлиши ортидан Ватанимиз Ўзбекистонга катта ёрдам қилади. Қолаверса, маориф соҳаси ходимларининг Мулкдор бўлишга эришиши, уларнинг ҳаётларини фаравонликка олиб чиқади.
Нострификация (чет эл олий укув юртлари дипломларини Узбекистонда тан олиниши)га тўлиқ эришамиз.

Мамлакатдаги таъмирталаб мактаблар қайта таъмирдан чиқарилади ва янги мактабларга эҳтиёжманд ҳудудларда янги мактаб бинолари барпо этилади. Ўқувчиларни мактабларга олиб бориб қайтиш учун бепул транспорт жорий этилади. Ўқувчилар форма, иссиқ овқат, тиббиёт хизмат, ўқув қуроллари билан бепул таъминланади. Ўқитувчиларга ойлик маош уларнинг меҳнатига яраша тўланади. Мамлакатдаги барча олий ўқув юртлар тўлиқ хусусийлаштирилади. Давлат бюджетининг тақрибан ярми маориф соҳасига ажратилади.

ТИББИЁТ СОҲАСИДА
Тиббиёт соҳаси халқимизнинг энг ташвишли, оғриқли соҳаси ҳисобланади. Эсласангиз, ўтган асрнинг 80-йиллар охирига қадар Ўзбекистонда бепул ва жуда сифатли тиббиёт тизими йўлга қўйилган эди. Бугун эса диктатор, собиқ Президент И. Каримовнинг 27 йиллик бошқаруви ортидан тиббиёт соҳаси тўлалигича касодга учради. Кучли малакали шифокорлар мамлакатни бутунлай тарк этдилар ёки бошқа давлатларга иш қидириб кетдилар. Соҳага давлат тарафидан етарлича эътибор қаратилмади. Хусусийлаштириш тўлиқ олиб борилмади, қисман хусусийлаштирилган муассасаларга нормал фаолият юритиш учун изн берилмади. Тиббиёт ходимлари ичида малакасизлик, порахўрлик авж олди.
Бугунги тиббий муассасаларда электр ва газнинг йўқлиги, биноларнинг таъмирга муҳтожлиги, жойларда тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармонларнинг етишмаслиги, тиббий ходимлар маошларининг камлиги туфайли соҳани тарк этаётганлиги каби омиллар соҳаниннг касодга учраганлигидан далолат беради. Айни пайтда мазкур соҳа тўлиқ ислоҳотга муҳтож!
Тиббиёт соҳаси тўлиқ хусусийлаштирилади.
Биз тиббиёт соҳаси тўлиқ хусусийлаштирилиши тарафдоримиз. Бу соҳани қўллаб-қувватлаш, хусусийлаштириш жараёнлари қонун доирасида олиб борилади. Соҳага доимий равишда давлат эътибор қаратиб боради. Мамлакатда профилактика ишлари ҳамда касалликларнинг олдини олиш мақсадида аҳолининг тиббий ҳимоясини кучайтириш ҳамда мамлакатда янги малакали ходимларни етиштириш ишлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоят ва туман тиббит бўлимлари томонидан олиб борилади.
Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир туманида патронажлик хизмати ташкил этилиши йўлга қўйилади. Патронажлик хизмати ҳар бир тумандаги ногиронлар ва кексаларга тиббий ёрдам кўрсатишни ўз зиммаларига олади. Патронажлик хизматини молиялаш Ижтимоий таъминот вазирлигига, тиббий ходимлар билан таъминлаш эса, Соғликни сақлаш вазирлигига юклатилади.
Ногиронликни аниқлаш ва белгилаш комиссияси (ВТК) ўта коррупцион системага айланганлиги сабабли ногиронликни аниқлаш ва белгилаш бемор бириктирилган хусусий клиникалар тасарруфига ўтказилади.
Давлат ихтиёрида қолаётган тиббиёт муассасалари, уларнинг бинолари, олий ва ўрта ўқув юртлари, шифохоналар, туғуруқхоналар, тиббиёт бўлимларининг барчаси тўлиқ хусусийлаштирилади. Хусусийлаштириш жараёнида ҳар бир тиббиёт муассасаси пухта таъмирланиб, уни замонавий дунё талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтирилади ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланади.
Шундан кейин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу муассасаларни тиббиёт соҳасида ишлаётган, ушбу муассасанинг Бош шифокори, ёрдамчи шифокорлари, ҳамширалари ёки ушбу туманда шу соҳада ишловчи тиббиёт ходимларига туман аҳолисининг тиббиёт соҳасини хусусийлаштириш учун ташкиллаштирилган сайлов натижалари ортидан муассасанинг янги эгаси, Мулкдор сайлаб олинади.
Бу масканларда янги мулкдорни аниқлашда ҳар бир хусусийлашаётган тиббиёт муассаса учун муқобил равишда камида беш ёки ундан ортиқ номзод билан сайловлар ташкиллаштирилади. Сайловлар холис ва эркин олиб борилиши учун республика ва маҳаллий матбуотда тўлиқ ёритилиб борилади. Ушбу замонавий тиббий муассаса халқнинг ўзи сайлаган янги Мулкдорга 10 йил ичида кредит тарзида хусусийлаштириб берилади. Ушбу тиббиёт муассасаси фақат Соғлиқни сақлаш вазирлигига тўлиқ бўйсунади.
Давлат ушбу маҳаллий сайлов ортидан хусусийлашган мулкни Янги Мулкдорга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ажратилган иқтисодчи-бошқарувчи билан бирга топширади. Ушбу тиббиёт муассасасини иқтисодий бошқараётган Бошқарувчи давлат томонидан берилган кредит пуллари банкларга тўлиқ қайтгунга қадар ушбу муассасада қолиб ишлайди ва хусусийлашган тиббиёт муассасасининг молиявий томонини тўлиқ назорат қилиб боради ва янги Мулкдорга қарзлари тўланиб ўтгунга қадар 10 йил давомида кўмак кўрсатиб турилади. Тиббиёт муассасалари аҳолига 100% пуллик хизмат кўрсатадилар. Мамлакатда тиббий суғурта тўлалигича йўлга қўйилади. Суғуртага эга бўлмаган ва кам таъминланган кишиларга давлат томонидан янги тузилажак Ижтимоий ҳимоя вазирлигидан аҳоли учун бепул тиббий суғурта ажратилиши йўлга қўйилади.
Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар ортидан хорижда ишлаб юрган малакали мутахассисларни ватанимизга қайтишига замин яратилади. Тиббиёт олий уқув юртлари хусусийлаштириши ортидан соҳада порахўрлик йўқолади. Олийгоҳларда юқори малакали шифокорлар тайёрланади. Халқимиз сифатли тиббий хизматдан фойдалана олиш имконига эга бўлади. Аёллар, ёш болалар, қариялар, ногиронлар ва ишсизлар учун давлат томонидан тиббий хизмат ва ижтимоий муҳофаза кафолатланади.

МАДАНИЯТ СОҲАСИДА
Бир миллатни ўлдирмоқ учун, унинг тарихини, тилини, маданияти ва маънавиятини ўлдирмоқ кифоя. Афсуски, Ислом Каримов даврида маданият соҳаси ҳам абгор аҳволга туширилди. Соҳанинг тўлиғича давлат назоратига олиниши, соҳани молиялаштиришнинг камайтирилиши ёки баъзи бирларининг ёпилиши асло тузатиб бўлмас хато деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистон эли қадимдан дунё илми, маданияти ва ривожи марказларини бунёд қилган, жамият, табиат, тиббиёт ва коинот сирларини очиб, куч адолатда, инсонни қадрлашда эканини кўрсатувчи, тараннум этувчи китоблар, рисолалар, достонлар яратиб, умумжаҳон тараққиётига етук хисса қўшган. Тоталитар Шўролар даврида ҳам халқимиз саноат, қишлоқ хўжалиги, техника, илм, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларида тинмай меҳнат қилиб, Ўзбекистонни етакчи республикалар қаторига кўтарди.
Биз бугунги режим томонидан тугатилган ёки кам молиялаштирилган маданият ва санъат соҳасидаги барча тизимларни қайта кўриб чиқиб, уларга бюджетдан маблағ ажратамиз.
Биз тарихимиз, ўтмишимизни ўрганиш жараёнида миллатимиз вакилларини маънавиятли, билимли, жасоратли, мард, тўғри сўз қилиб етиштиришда маданият соҳасида ислоҳотларимиз имкон беради. Бу соҳанинг ходимлари, жонкуярларининг халқимиз хизматига қўшаётган хизматлари беқиёс бўлади.

ИЖТИМОИЙ СОҲАДА
Бизнинг ижтимоий ҳимоямиз ва ижтимоий таъминотимиз дунё бўйича энг ёмон аҳволда. Мамлакатда ёш болали оналар, нафақа ёшидаги кишилар жуда кам нафақа ва моддий ёрдам оладилар. Бу ушбу қатламнинг ижтимоий ҳимоясизлиги жуда ачинарли эканидан далолат беради. Биз ижтимоийсоҳада бугунги кунда дунёдаги энг қолоқ давлатлар билан тенглашиб қолдик.
Мамлакатда ишсизликнинг авж олишига, ишсизларга моддий таъминот ажратилмаслигига, сифатсиз ёки қиммат тиббий хизматнинг пайдо бўлишига, болаларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимоясиз ҳолатга тушиб қолишига, умуман, халқимизнинг ижтимоий ёмон аҳволга гирифтор бўлишига диктатор, собиқ Президент И. Каримовнинг мамлакат Конституцияси ва қонунларини оёқости қилиб республикани жинояткорона 27 йил давомида нолегитим ва нолегал бошқаргани сабабдир.
Мамлакатимиздаги оғир иқтисодий аҳволни билиб, ижтимоий соҳага давлат томонидан кам эътибор берилаётганлиги, қолаверса, ижтимоий соҳа ходимлари ичида кенг тарқалган коррупция иллатлари бу соҳада аҳволни янада ёмонлаштирди. Ёлғиз оналар, ногирон кишилар, балоғатга етмаган фарзандлар, нафақага чиққан нафақахўрларга ижтимоий соҳа ходимлари томонидан қўлланилаётан адолатсизликларга бутунлай чек қўйиш вақти келди.
Биз мамлакатдаги пенсия жамғармаси, хотин-қизлар қўмитаси фаолияти, маҳалла раислари томонидан кам таъминланган оилаларга тарқатилаётган моддий пуллар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФХДЁ) каби ташкилотларни ўз ичига олган Ижтимоий ҳимоя вазирлигини тшкил этамиз ва бу вазирлик зиммасига яна бир қанча қўшимча вазифалар юкланади.
Пенция жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Маҳалла жамғармаси ва маҳалла қўмиталарида фаолият юритаётган фаол ходимлар ҳамда мутахассислар суҳбат ва қайта аттестаcиядан ўтказилиб, янги тузиладиган Ижтимоий таъминот вазирлигига ишга олинади.
Ушбу Ижтимоий таъминот вазирлиги ходимларининг ойлик маоши республикада ДХХ ходимлари маошига тенглаштирилади.
Бу вазирлик учун алоҳида хизмат формалари таъсис қиланади.
Вазирликнинг вазифалари:
Мамлакатда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган инсонларни ўз ҳимоясига олади. Ёш болали ёлғиз оналар, балоғат ёшига етмаган ёшлар, қариялар, ногиронлар, ишга лаёқатсиз бўлган инсонлар ҳолидан доим хабардор бўлади. Ёш болаларга ёрдам пулибелгилайди ва унингтўловларини амалга ошириб боради.
Ёшга доир нафақага чиққан кишиларга нафақа ажратиш миқдорини аниқлайди, нафақасини белгилайди ва тўловни ойма-ой амалга ошириб боради.
Ногиронликка чиқадиган кишиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишларини ташкиллаштиради, уларнинг ногиронликка доир нафақа миқдорини белгилайди ва ногиронларга ойма-ой тўловлар тўлаб борилишини жидди назорат қилади. Уларнинг ҳолидан хабар олиб туради ва яшаш учун қулай шароитлар яратиб беради.
Ишсизларнинг оилавий, иқтисодий аҳволи ўрганилиб, ҳар 3 ойга ишсизлик ёрдам пуллари ажратилади ва уларга тўловлар амалга оширилади.
Қишлоқ жойларда, маҳаллаларда яшовчи аҳолининг иқтисодий, ижтимоий аҳволидан хабардор бўлади, маҳалла раислари иштирокида тўй ёки қандайдир маърака қилмоқчи бўлган хонадонларга бориб, тадбир эгаларининг иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб тўй ёки маъракаларни ўтказишлари учун маслаҳат ва тавсиялар беради. Агар хонадон эгаси Ижтимоий таъминот вазирлигининг маслаҳат ва тавсияларига қулоқ солмасдан, тадбирни ўзбошимчалик билан ўтказиб, қарзга ботса ёки иқтисодий аҳволи ёмонлашса, у ҳолда Ижтимоий таъминот вазирлиги ушбу оилани 3 йил давомида Ижтимоий таъминот вазирлигидан ҳар қандай кўмак олишдан маҳрум қилади.
Янги оила қураётган ёшларнинг тўйларида иштирок этади, уларга Никоҳ ҳақида гувоҳнома тақдим этади.
Ижтимоий таъминот ходимлари ўз қарамоғидаги, ҳимоясидаги кишиларни ҳимоялаб, судларга даъво аризаларини киритиши, даъвогорларни ҳимоялаши мумкин.
Мамлакатда ойлик истеъмол саватчаси иқтисодчилар томонидан ишлаб чиқарилгач, Ижтимоий таъминот вазирлиги мамлакат аҳолисининг барча қатламлари, ҳар ой шу истеъмол саватчасидан кам бўлмаган миқдорда, иқтисодий даромадга эга бўлишини диққат билан кузатиб боради. Агар бирор бир киши ҳар ойда ана шу истеъмол саватчасига етарли миқдорда иқтисодий даромад тополмаса, унда бу киши моддий, ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоя сўраб, Ижтимоий таъминот вазирлигининг жойлардаги бўлимларига мурожаат қилиши ва улардан керакли кўмак олиши мумкин бўлади.
Ушбу вазирликни тузишдан кўзда тутилган асл муддао давлат бюджетидаги ижтимоий таъминот учун ажратилган барча маблағларни ҳеч бир талон-тарожсиз тийинигача эгаларига етказиб бериш, бу соҳада авж олиб кетган порахўрлик, коррупцион занжирларни буткул йўқ қилишдан иборат.
Ўзбекистонда аёллар ва болалар, ногиронлар ва ишсизлар учун бериладиган нафақа ва ёрдам пуллари Маҳалла қўмиталаридан, Ижтимоий таъминот вазирлиги зиммасига кўчирилади ва улар садақа сифатида эмас, балки давлат ва жамиятнинг таънасиз, беминнат ёрдами сифатида, зарур миқдорда берилиши йўлга қўйилади. Шу тариқа юртимиз аҳлининг ижтимоий муҳофазаси тубдан яхшиланади.
Аввало, ёлғиз оналарга давлат томонидан етарли ёрдам берилади ҳамда уларнинг касби бўйича юқори маош тўланадиган соҳалардан иш топишига кўмаклашади. Ногиронларнинг жисмоний имкониятлари эътиборга олинган ҳолда яхши иш ҳақи тўланадиган соҳаларга ишга жойлаштириш таъминланади.
Мамлакатда нафақа ва моддий ёрдам кўрсатиш ишлари қайта кўриб чиқилади ва халқимизнинг моддий имкониятларини ошириш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилади. Мамлакатда бизнинг ислоҳотларимиз даврида,  давлатнинг одил ва оқилона сиёсати ҳамда ўз ҳалол меҳнати натижасида, аҳоли қашшоқлик-камбағалликдан бутунлай қутулади.  Биз уларнинг Мулкдорлар сафига ўтишлари учун барча ишларни амалга оширамиз.
Биз ҳукумат бошқарувига келгач, бизнинг ижтимоий соҳада амалга оширган ислоҳотларимиз туфайли халқимизнинг турмуштарзи яхшиланади. Нафақалар оширилади, қашшоқликка, камбағалликка юз тутган кишилар, оилалар махсус қисқа муддатли мактабларг абепул ўқишга жалб қилиниб, уларнинг иқтисодий саводхонлиги оширилиб борилади. Уларга мактабни битириш якунида ўз бизнесларини яратиш учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Бизнес режалар тузишда, ишга жойлаштиришда кўмаклашилади, доимий маслаҳатлар бериб борилади. Ҳар хил тоифадаги ногиронлартўлиқ иш ўринлари билан таъминланадилар. Мамлакатимиз аҳолиси ўртасида ижтимоий тенглик ва барқарорлик йўлга қўйилади.

БОШ МАҚСАД — ЎЗБЕКИСТОНДА МУЛКДОРЛИК ТУЗУМИ!
Биз сизнинг ишончингизни оқлашга ва сиз учун хизмат қилишга тайёрмиз!
Мамлакатимиз дунё давлатларининг охирги ўнлигидан эмас, балки биринчи ўнлигидан ўз жойини муносиб эгалласин!
Ғоямиз — Ўзбекистонда Мулкдорлик тузумини шакллантириш!
Мақсадимиз — Мулкдорлик тузуми шаклланиши баробарида халқимизнинг фарвонлигини ошириш!
Ўзбекистон учун энг мақбул тузум бу – Мулкдорликка асосланган Демократик, Эркин, Фуқаровий жамиятдир. Биз буни қисқача қилиб “Мулкдорлик тузуми” деб номлаганмиз.
Мулкдорлик тузуми бу – авваламбор, адолат ва ҳуқуққа асосланган давлат бошқаруви тузуми. Зеро, Мулкдор ўз сўзига ва ўз ҳақини ҳимоя қилиш имконига эга бўлади.
Мулкдорлик тузуми бу – эркин бозорга асосланган иқтисоддир. Иқтисодга давлат қонун доирасидан бошқа ҳолларда аралаша олмайди.
Мулкдорлик тузуми бу – ўзбек халқининг дини ва миллий қадриятларига асосланган янги ижтимоий сиёсатдир.
Мулкдорлик тузуми бу – халқимизнинг турмуш даражаси ортиши кафолатидир.
Мулкдорлик тузуми бу – Ўзбекистондаги барча Ерлар тўлиқ хусусийлаштирилади ҳамда фуқароларга қимматбаҳо қоғозлар орқали тенг тақсимлаб берилади. Ерга мулкчилик ҳуқуқи бир умрга берилади ҳамда мулкдор ундан тўлиқ фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мулкдорлик тузуми бу – Маориф соҳаси учун давлат бюджетидан нақд ярим маблағ ажратилиши ҳамда маориф ходимларининг турмуш даражаси яхшиланиши, янги авлоднинг билим даражаси ўсишидан далолатдир.
Мулкдорлик тузумидан энг кўп манфаат кўрадиган тараф бу – халқ, энг кўп йўқотадиган тараф эса бугунги ҳукумат тепасидаги коррупция ботқоғига ботган тузум ва порахўр амалдорлар. Шунинг учун ҳам ҳокимият Мулкдорлик тузумига, бу тузумни ёқлаётган “Бирдамлик” Халқ демократик партиясига ҳамда Партия фаолларига қарши турли тазйиқ ва қоралаш кампанияларини ўтказиб келмоқда. Аммо бизни бир нарса қувонтиради, ватандошларимиз орасида Мулкдорлик тузуми ҳақида хабардор бўлаётган ва уни қўллаётган кишилар тобора кўпаймоқда. Бизнинг келажакка умид билан қарашимизнинг сабаби ҳам мана шу!
Мулкдорлик тузумида мамлакатда солиқ ва божхона ставкалари камайтирилади.
Хусусийлаштирилмаган корхоналар хусусийлаштирилади.
Чет эл инвесторлари учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратилади, икки фуқаролик йўлга қўйилади.
Мулкдорлик тузумида янги темир йўллар, автомобиль йўллари ишга туширилади, янги электр, газ, ичимлик суви тармоқлари қурилади.
Мулкдорлик тузумида тиббиёт соҳаси буткул хусусийлаштирилади.
Мулкдорлик тузумида бугунги “Сўм” бекор қилинади ва янги “Турон” пул бирлиги муомалага киритилади.

Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Партиясининг Дастури 15 ноябрь 2018 йилда, бўлиб ўтган Қурултойида қабул қилинди.

Ҳамкорликка умид, ишонч ва эҳтиром ила,
Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ-демократик Партияси
Email: birdamlik@gmail.com 

Our idea is to build a solid CLASS OF OWNERS in Uzbekistan!

Our goal is to increase the well-being of our people as we are building the class of owners

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares