МХХ ТАЙЁРЛАГАН МАСХАРАМУЗ САЙЛОВЛАР СЦЕНАРИЙСИ

Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ
Shuhratjon Ahmadjonov
Сайловларда фақат сайловчилар ютқазади. [1, 33-б.]
ЭДГАР УОТСОН ХОУ (1853-1937)

МУНДАРИЖА
Кириш сўзи.
1. 2000 йилги Президентлик сайловидаги шармандалик.
2. 2007 йилдаги Президентлик сайловидаги рақобат имконияти.
3. МХХ сайловларда нега жонбозлик кўрсатмоқда?
4. 2014-2015 йилги сайловлар сценарийси.
5. Халқ демократик партияси.
6. Миллий тикланиш демократик партияси.
7. Адолат социал-демократик партияси.
8. Либерал-демократик партия.
9. Айрим хулосалар.
Фойдаланилган адабиётлар.
КИРИШ СЎЗИ
Маълумки, 2014 йил 21 декабр ва 2015 йил 4 январ кунлари Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, 2015 йил 29 март куни Президентлик сайловлари бўлиб ўтди.
Ўзбек зиёлилари ва мухолифат фаоллари фикрича, бу сайловлар спектакл ва унинг бош режиссери Президент Ислом Каримовдир. Ҳақиқатан ҳам шундай. Лекин спектакл сценарийси қанақалиги, уни саҳналаштирувчилари ва бош ролларни ижро этувчилар кимлар эканлиги тўғрисида аниқ ахборот йўқ.
Асосий мухолифат сайтларидан бири бўлмиш Ўзбекистон халқ ҳаракатининг www.uzxalqharakati.com сайти АҚШда, мен фойдаланаётган Вашингтон шаҳри ва Виржиния штати кутубхоналар компютерларида 2015 йил 10 февралдан бери очилмади. Менимча, АҚШ ва ўзбек махсус хизматлари келишган ҳолда бу сайтга тўсиқ қўйишди. 2015 йил феврал охирроғида бир куни Виржиния штати кутубхонаси компютерида www.uzxalqharakati.com сайти очилди: лекин сайтда охирги маълумот 2015 йил 19 феврал кунгиси эди, яъни 19 февралдан кейин бу сайтда чоп этилган мақолалар умуман йўқ эди. АҚШ махсус хизматлари Ўзбекистондаги Президент Ислом Каримов номзоди ва сохта сайловларни мана шундай йўл билан қўллаб-қувватлади. Сайловлар тугагач ва Ислом Каримов қайта “сайлангач” бугунги кунда – 2015 йил 16 апрелда www.uzxalqharakati.com сайти нормал очилмоқда ва унда барча мақолалар нормал кўринмоқда.
Кейинги сайловларда ҳам Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарияти яна сохта сайловлар билан қўлбола парламент ташкил этиши, Президентликка Эшмат ёки Тошмат номзодини илгари суриб, худди шундай ёки шунга ўхшаш сценарий қўллаши мумкин. Шу сабабли бу сценарийни ўзбек зиёлилари, жумладан ўзбек мухолифати билиб қўйса ва бундай сохта сайловлар ўтказилишига қарши тинч чора-тадбирлар режаласа фойдали бўлади.
МХХ тайёрлаган сайловлар сценарийси ҳақида ёзишдан олдин 2000 йил 9 январ кунги Президентлик сайловида бўлган битта шармандали воқеани эслатай.
Ушбу мақолани Ўзбекистондаги сайловлардан кейин, яъни кечикиброқ ёзаётганим сабабини мақолам охиридаги P.S. да баён қилдим.
1. 2000 ЙИЛДАГИ ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВИДАГИ ШАРМАНДАЛИК
2000 йил 9 январ куни Мустақил Ўзбекистон тарихида 2-марта Президентлик сайлови бўлди. Ушбу сайловда Халқ демократик партиясининг собиқ раиси, Президент Ислом Каримов ва Халқ демократик партияси Марказий Қўмитасининг 1-котиби Абдулҳафиз Жалолов Президентликка номзод сифатида қатнашди. Мамлакатимиздаги авторитар сиёсий режим одатдагидек сайловни матбуотда кенг ёритди ва ушбу демократия ўйинини “демократик сайлов” дея бонг урди. Фикр-мулоҳазали кўпгина кишилар учун бу сохта гап эканлиги аён эди.
Сайловолди кампанияси давомида номзодларга тенг шароитлар яратилмади, масалан, А.Жалоловга телевидение ва радио орқали гапириш учун қонунларда ёзилганидек етарлича эфир вақти берилмади ва ҳоказо. Бундай шароитда СССР даврида коммунистлар партияси номенклатураси вазифаларида курашиб чиниққан А. Жалолов амалдор сифатида ўз ролини нозик маҳорат билан ижро этди: у сайлов куни – 2000 йил 9 январда ўз рақиби – Ислом Каримовга овоз берди. Қизиғи шундаки, у овоз бериб сайлов участкасидан чиққач, хориж ва маҳаллий журналистлар саволларига жавоб бера туриб айнан Ислом Каримовга овоз берганини ҳам айтди. Мен бу интервюни 2000 йил январда Тошкентда телевизор орқали кўргандим.
Маркази Германияда жойлашган Конрад Аденауэр номли Фонд 2004 йилда “Инсон ҳуқуқлари мониторинги (Мониторинг по правам человека)” (Т., 2004. – 280 б.) номли китобни чоп этди. Мен шу китобни олиш учун 2004 йил 21 май куни Конрад Аденауэр номли Фонднинг Тошкентдаги Марказий Осиё ваколатхонасига бордим. Фонд идорасига кираверишдаги йўлакда тасодифан Абдулҳафиз Жалоловни учратдим. Мен саломлашдим. Салом-аликдан кейин савол бердим: “Абдулҳафиз ака, сиз 2000 йил 9 январ куни ҳақиқатан Ислом Каримовга овоз берганмидингиз?” У: “Ҳа” деб жавоб берди. Мен унга: “Сиз ўшанда ҳеч ким кутмаган ишни қилдингиз. Сиз Ислом Каримовга овоз берганингиз ва бу ҳақда журналистларга очиқ-ойдин айтганингиз учун шахсан мен қойил қолгандим. Раҳмат!” дедим. Мен бу ҳақда 2005 йилда [3]-мақоламда рус тилида ёзгандим.
Менимча, ўша 2000 йил январ кунлари бундай “муқобил сайловлар” ҳақида дунё аҳли билгач Ўзбекистондаги авторитар сиёсий режимнинг ўзига хос, ўзига мос демократияси устидан роса кулган бўлса керак. Шахсан мен 2000 йилги Президентликка бўлган сайловни эслаганимда беихтиёр кулгим келади.
2. 2007 ЙИЛДАГИ ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВИДАГИ РАҚОБАТ ИМКОНИЯТИ
2007 йил 23 декабр куни бўлган Президентлик сайловида ХДПнинг ўша пайтдаги раиси Аслиддин Рустамов Президент Ислом Каримовга жиддий рақобат қилиши мумкин эди. Фақат унга сайлов кампанияси олиб бориши учун радио ва телевидениеда етарлича вақт беришмади. 2007 йил 23 декабр куни сайлов пайтида жиддий сохтагарчиликлар сабабли Ислом Каримов катта фарқ билан ғалабага эришди.
Шу ерда Аслиддин Рустамов таржимаи ҳолини келтириб ўтай.
«Аслиддин Ашурбаевич Рустамов Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига (2007 йилдаги, А.Ш.) номзод.
Аслиддин Ашурбаевич Рустамов 1962 йил 22 январда Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Хоса қишлоғида хизматчи оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, Самарқанд Давлат университети ва Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг Иқтисодий мутахассисликлар магистратурасини тугатган. Филолог-ўқитувчи мутахассислигига эга, халқаро молия-кредит муносабатлари магистри.
Меҳнат фаолиятини 1983 йилда Пайариқ туманидаги 53-мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 1990-1992 йилларда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти йўриқчиси, шўъба мудири, бўлим мудири бўлиб ишлаган, 1992-1994 йилларда Пайариқ туманидаги 25-мактаб ўқитувчиси бўлган.
1994 йилда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилояти кенгашига, ўша йилнинг ўзида партия марказий аппаратига ишга ўтиб, 1998 йилгача катта референт, ташкилий ишлар бўлими мудири ўринбосари вазифаларида ишлаган.
У Акциядорлик тижорат «Турон» банкида бошқарма бошлиғи, банк Кенгаши котиби лавозимларида ҳам ишлаган.
1999 йилда партия Марказий кенгаши котиби этиб сайланган. А.Рустамов 2003-2005 йилларда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси бўлган.
2004 йилда А. Рустамов Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган. 2005 йилдан буён Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси сифатида фаолият кўрсатмоқда.
2007 йилнинг июлидан – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари.
Оилали, тўрт фарзанди бор. Рафиқаси И.Астанақулова – Тошкент шаҳридаги 63-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.
А. Рустамов юртимизда тинчлик-тотувлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, жамиятда меҳр-оқибат ва бағрикенглик ғояларини қарор топтириш борасидаги хизматлари учун «Дўстлик» ордени билан тақдирланган» [4]
Мен 2006 йил 26 август куни www.turonzamin.org сайтида «Президентлик сайловлари: Ўзбекистонда демократияга икки босқич орқали ўтиш мумкин” номли [5]-мақоламни чоп эттиргандим. Унда Ўзбекистонда демократияга икки босқич орқали ўтиш учун мамлакатимиз ичкарисидаги зиёлилар ва мухолифат бирлашган ҳолда 2007 йил 23 декабрдаги президентлик сайловларида Аслиддин Рустамов номзодини қўллаб-қувватлаш ва Ислом Каримовни мағлубиятга учратиш орқали Ватанимизда босқичма-босқич эркин, демократик сайловларга ўтишни таклиф қилгандим.
Мен [5]-мақолам охирида бундай ёзгандим.
“Энди кейинги босқичларга ҳам назар ташлайлик. Агар биз – мухолифатчилар мана шундай номзодни топиб, 2007 йил 23 декабрдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонсак ва у 2008 йил январида президент этиб сайланса, кейинги воқеалар бундай ривожланиши мумкин. Янги президент умумий амнистия эълон қилади ва сиёсий муҳожирлар ҳориждан Ўзбекистонга қайтади, турли, жумладан мухолиф сиёсий партиялар Адлия вазирлигида рўйхатга олинади, имконият даражасида қонунларга ўзгаришлар киритилади ва зарур янги қонунлар тайёрланиб, Парламент томонидан қабул қилиш чора-тадбирлари кўрилади.
2009 йил декабрида Ўзбекистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлади. Шунда Демократик Ўзбекистон Конгресси, “Бирлик” халқ ҳаракати партияси, Эрк демократик партияси, Озод Деҳқонлар партияси ва бошқа партиялар ўз обру-эътиборларига яраша парламентга депутатлар сайланишига эришади. 2010-2014 йиллар давомида депутатлар фаолият олиб боришади ва халқимиз кимнинг ким эканлигини амалда кўради ҳамда билиб олади. Натижада 2014 йилги президентлик сайловлари халқаро демократик талаблар даражасида ўтади, Худо хоҳласа. Агар мухолифат партиялар ва мавжуд сиёсий партиялар ўзаро келиша олса, 7 йиллик президентлик муддати 5 йил қилиб ўзгартирилиши ва навбатдаги президентлик сайловлари 2012 йилда бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда мана шундай қадамма-қадам, босқичма-босқич ишлар орқали демократик сиёсий тизимга тинч йўллар билан ўтишимиз мумкин. Агар мухолифат лидерлари ва фаоллари ушбу оддий ва муҳим стратегик (асосий) йўлни тушуниб етишмаса ва ҳаракат қилишмаса, мухолифат 2007 йил 23 декабрдаги президентлик сайловларида ё умуман иштирок этмайди, ё у ёки бу кўринишда иштирок қилиб ҳам мағлубиятга учрайди. Оқибатда халқимиз учун нақадар муҳим бўлган бу масала 2014 йилдаги президентлик сайловларига қолади. У даврга келиб ким бор-у, ким йўқ (масалан, Шукрулло Мирсаидов 2012 йил 2 ноябр куни вафот этди, 2015.28.03, А.Ш.), нима бўлиб, нима қўйиши ёлғиз Аллоҳгагина аёндир” [5]
Образли қилиб айтсам, 2006 йилда ҳам, кейин ҳам бирлашмади ўзбеклар ва Ислом Каримов ҳамда Рустам Иноятов раҳбарлигидаги Миллий хавфсизлик хизмати 2007 йил 23 декабрдаги сохта сайловларда ҳам, 2015 йил 29 мартдаги масхарамуз Президентлик сайловида ҳам ғалаба қозонди.
3. МХХ САЙЛОВЛАРДА НЕГА ЖОНБОЗЛИК КЎРСАТМОҚДА?
Айрим ватандошларимда савол туғилиши мумкин: нега МХХ раҳбарияти ва вилоятдаги раҳбарлари Ўзбекистон сайловларида бунчалик жонбозлик кўрсатади?
Биринчи сабаби: Ўзбекистондаги мавжуд қонунлар ва қонун ости актларга асосан МХХ раҳбариятидаги бирорта шахс сайланмайди. МХХ раҳбарлари ва ходимларининг барчаси тайинланади. МХХ бевосита Президент Ислом Каримовга бўйсунганлиги боис у қайта президент этиб сайланса, МХХ раҳбарияти ҳам ўз вазифаларида қолади, кўпчилигининг мансаба ва даражаси ошиши мумкин. Мабодо Ўзбекистоннинг бошқа фуқароси Президент этиб сайланиб қолса-чи? У ҳолда янги президент биринчи галда МХХ раҳбариятига ўзи ишонган шахсларни тайинлайди. Бу эса МХХ раҳбариятида ва жойларда жиддий ўзгаришларга олиб келади. Буни МХХнинг бугунги раҳбарияти жуда яхши тушунади. Шу сабабли МХХ сайловларда жон-жаҳди билан Ислом Каримов қайтадан президент этиб сайланиши ва Олий Мажлисда ўзларига маъқул бўлган депутатларгина бўлишини хоҳлайди ва бунга эришиш учун барча чора-тадбирларни қилди, қилмоқда ва қилади.
Иккинчи сабаб: бу дунёда барча инсонлар, ҳатто пайғамбарлар, шоҳлар, президентлар ҳам, жумладан сиз билан мен ҳам, Президент Ислом Каримов ҳам вақти соати келиб вафот этади. Агар мабодо 77 ёшли Президент Ислом Каримов бу ҳаётни тарк этса, навбатдан ташқари Президентлик сайлови ўтказилиши аниқ. Ўшандай вазиятда мавжуд парламент МХХ жонига аро киради ва МХХ кўрсатган йўл-йўриқ асосида сайлов ўтказилиб, МХХ га маъқул бўлган номзод Президент этиб «сайланиши»да муҳим ўрин тутади. Охир-оқибат МХХнинг бугунги раҳбарияти деярли ўзгаришсиз ўз ўрнида қолади ва мамлакатимиз раҳбарлари ҳамда бойликлари устидан ўзининг ифлос усуллари билан орқаваротдан бошқарувини давом эттирайверади.
4. 2014-2015 ЙИЛГИ САЙЛОВЛАР СЦЕНАРИЙСИ
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати 2000 йилги Президентлик сайловларидаги шармандаликдан ва 2007 йилда Аслиддин Рустамовнинг жиддий рақобат қилиши мумкинлигидан хулоса чиқариб, МХХ 2014-2015 йилги сайловларга анча эрта ва пухта тайёрланди.
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўзларига номақбул бўлган депутатлар йўлини кесиш чораларини ўйлаб кўрди. МХХ учун осонроқ йўли – сиёсий партиялардан депутатликка номзод кўрсатиш босқичидаёқ МХХ талабларига мос, МХХ айтганини сўзсиз бажарадиган номзодларнигина ўтказишга эришиш эди. Бу билан номақбул номзодларни сайловгача кесиб ташлашга эришиларди. Бундай депутатликка номзодлар рўйхатини тузиб партия қурултойларида тасдиқлаш учун авваламбор сиёсий партиялар раҳбарларини МХХ га маъқул бўлган ва МХХ кўрсатмаларини сўзсиз бажарадиган раҳбарлар билан алмаштириш эди. Партия раҳбари ўзгартирилгач, партиянинг Марказий Кенгаши аъзолари орасида ҳам жиддий “тозалаш” ўтказилади ва МХХ талабларига мос келадиган кишилар қўйилади.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган 4 та сиёсий партия раҳбар амалдорлари учун 2013 йил амал курсларидан олиниш йили бўлди ва улар бирин-кетин алмаштирилди. Ҳар бири тўғрисида алоҳида кўриб чиқай.
Ушбу партия раҳбарлари навбатдаги сайловларгача, яъни камида 2020 йилгача ўз мансабларида қолишини ҳисобга олиб, уларнинг таржимаи ҳолини ҳам келтирдим.
5. ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ
Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП)нинг тарихи ва унга 1996 йил июнга қадар Президент Ислом Каримов раис бўлганлиги тўғрисида [6]-мақоламнинг 1-қисмида ёзгандим.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП) Марказий Кенгашининг 2013 йил апрел ойидаги навбатдан ташқари VIII пленумида партия Марказий Кенгаши раиси бўлиб 2005 йилдан бери ишлаб келаётган Латиф Ғуломов вазифасидан четлаштирилди ва ўрнига Ҳотамжон Кетмонов тайинланди [7]. Шу ерда унинг таржимаи ҳолини келтириб ўтаман.
“Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига (2015 йилдаги, А.Ш.) номзод Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов 1969 йилда Андижон вилоятининг Балиқчи туманида туғилган. Миллати — ўзбек. Маълумоти — олий, 1993 йилда Андижон давлат тиллар педагогика институтини тамомлаган.
Фото 2. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов © xs.uz
Меҳнат фаолиятини 1993 йилда Фарғона вилояти, Тошлоқ туманидаги 28-сонли ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 1995 — 2004 йилларда Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси бош мутахассиси, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.
2004 — 2013 йилларда Андижон вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари лавозимида меҳнат қилган. Бу даврда Ҳотамжон Кетмонов вилоятда жамоат ташкилотларини ривожлантириш, минтақанинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ечишда уларнинг ролини ошириш учун зарур шароитларни яратиш бўйича амалий чораларнинг ҳаётга татбиқ қилинишида фаол иштирок этди.
Унинг бевосита иштирокида вилоятда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол ривожлантириш, ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий онгини юксалтириш, фуқаролик бурчларини англашлари йўлидаги фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
2013 йилда Ҳотамжон Кетмонов Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси этиб сайланди. Ўтган давр мобайнида партиянинг марказда ва жойлардаги ташкилий кадрлар салоҳиятини сезиларли даражада оширди, партия электоратини ўйлантираётган ижтимоий-иқтисодий масалаларни ечишда партия ташкилотларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан ҳамкорлигини яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширди.
2014 йилда у Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди. 2015 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Оилали, уч нафар фарзанди бор” [8]
2014 йил 6 октябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари қонунда талаб қилинган сайловчиларнинг 40 мингдан зиёдроқ имзосини тўплаб парламент сайловида иштирок этиш учун зарур ҳужжатларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим қилди.
ЎзХДП VII қурултойи 2009 йил 10 ноябр куни бўлганди. Ҳотамжон Кетмонов ХДП раҳбари этиб тайинлаган 2013 йил апрелида бўлган VIII пленумдан кейин ЎзХДП VIII қурултойи 1 йилу 7 ой ўтгач, яъни 2014 йил 5 ноябр куни Тошкентда бўлди. Ушбу 1 йилу 7 ой давомида ХДПдан кўрсатиладиган 135 номзодлар МХХнинг орқаваротдан кузатиши орқали сараланди. Ва ниҳоят, қурултойда Ўзбекистондаги 135 та сайлов округи орқали ХДПдан қўйиладиган 135 депутатликка номзодлар рўйхати тасдиқланди.
Ҳотамжон Кетмонов 2015 йил январ ойида ХДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари этиб тайинланган.
2015 йил 29 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ҳотамжон Кетмонов эришган натижа ҳақида ҳам айтиб ўтай.
«2015 йил 6 апрель куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмоновга 552 минг 309 нафар ёки 2,92 фоиз сайловчи овоз берди” [9]
6. “АДОЛАТ” СОЦИАЛ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ
Фото 3. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг 2013 йил июн ойидан бери раиси Наримон Умаров. [10]
Ўзбекистонда “Адолат” социал-демократик партияси тузилаётгани ҳақида дастлаб Ўзбекистон Республикасининг собиқ вице-президенти, раҳматли Шукрулло Мирсаидов (1939-2012) “Озодлик” радиоси орқали 1994 йил ноябр ойида хабар қилганди. У ўз сафдошлари билан бирга партиянинг Устави ва Дастурини тайёрлади. Кейин улар партиянинг вилоятлардаги ташкилотларини туза бошлашди. 1997 йил сентябрда Ўзбекистон инсон ҳақлари жамияти (ЎИҲЖ)нинг 2-қурултойи Тошкент шаҳри, Абай кўчасидаги Республика Билимлар уйида бўлганди. Шунда Шукрулло ака минбардан туриб унинг “Адолат” партиясида 15 минг нафар аъзо борлиги ҳақида айтганди.
Ўзбекистондаги диктаторлик сиёсий режими зудлик билан яширин равишда худди шу номда, яъни “Адолат” номли янги партияни туза бошлади. Натижада 1995 йил 18 феврал куни Тошкентда “Адолат” социал-демократик партиясининг таъсис қурултойи бўлди. Партия раҳбари, яъни Сиёсий Кенгашнинг 1-котиби этиб ўша вақтда “Халқ сўзи” газетасининг бош муҳаррири бўлиб ишлаётган Анвар Жўрабоев (1948-2015) сайланди.
Бир томондан қараганда қуйидаги факт жуда ғалати, бошқа томондан қараганда бу диктаторлик режимига хос бўлган оддий ҳолатдаги факт: ўша қурултой бўлган куннинг ўзида – 1995 йил 18 февралда “Адолат” СДП Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинди ва партия раҳбариятига 184 рақамли гувоҳнома берилди [11, 160-б.].
“Адолат” социал-демократик партияси раҳбарияти ёзган партия тарихини www.adolat.uz сайтидан бироз қисқартириш билан келтираман.
“Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси 1995 йил 18 февралда партиянинг Биринчи таъсис Қурултойида тузилган.
Ўзбекистонда социал-демократик партиясини тузиш ғояси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида 44 депутатни ташаббускорлар гуруҳига бирлаштирди. Ташаббускор гуруҳ саъйи ҳаракатлари билан Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси ва республикамиз барча вилоятларида ташаббускор гуруҳлар тузилиб таъсис Қурултойига тайёргарлик кўрилди. Партиянинг Низоми ва Дастури лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Сиёсий Кенгашнинг биринчи Пленумида Анвар Жўрабоев – Сиёсий Кенгашнинг биринчи котиби, Абдували Ғуломмаҳмудов, Нажмиддин Комилов, Ҳалимбой Бобоев ва Улуғбек Дониёровлар – Сиёсий Кенгаш котиблари этиб сайландилар.
1996 йилнинг ноябрида партия Сиёсий Кенгашининг навбатдан ташқари Пленуми бўлиб ўтди. Пленумда ташкилий масала кўрилди: бошқа ишга ўтганлиги сабабли Анвар Жўрабоев Сиёсий Кенгаш биринчи котиби лавозимидан озод этилди. “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши биринчи котиби этиб Турғунпўлат Даминов сайланди.
Партиянинг I Қурултойидан кейинги даври оёққа туриш, ташкилий ва ғоявий жиҳатдан ўсиш даври бўлди. Жойларда кўплаб фуқаролар “Адолат” СДП сафларига кира бошладилар. Янги-янги бошланғич партия ташкилотлари тузилди. 1999 йилга келиб партия аъзолари сони 40 мингга яқин кишига етди.
1999 йил 9 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг II Қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойда партия сайловолди дастури қабул қилинди, партиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига номзодлар кўрсатилди, шунингдек, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиесий Кенгаши ва Марказий Тафтиш комиссияларининг янги таркиблари сайланди. Қурултой куни бўлиб ўтган Сиёсий Кенгаш ташкилий Пленумида Сиёсий Кенгаш биринчи котиби этиб Турғунпўлат Даминов, котиблари этиб Абдували Ғуломмаҳмудов, Равшан Хайдаров, Анвар Жўрабоев, Тўхтамурод Тошев ва Мўтабар Содиқовалар сайландилар.
Қурултойдан кейин, 1999 йил декабрида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига «Адолат» СДПдан 11 депутат ва маҳаллий Кенгашларга 60 депутат сайланди.
2000–2004 йилларда партиямизда хотин-қизлар билан ишлаш сезиларли даражада фаоллашди. Бу Сиесий Кенгаш қошида тузилган Хотин-қизлар Кенгашининг фаолияти жонланганлигидан дарак беради. 2003 йилдан бери Сиёсий Кенгаш қошида “Ёш адолатчилар” Кенгаши фаолият кўрсатиб келмоқда.
(2004 йилда «Адолат» СДП нинг II қурултойи бўлган, А.Ш.)
2004 йил декабрь – 2005 йил январь ойларида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон «Адолат» СДПдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига икки киши – Мир-Акбар Раҳмонқулов ва Мамазоир Хўжамбердиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 10 киши – Дилором Тошмуҳамедова, Исмоил Сайфназаров, Абдурафиқ Аҳадов, Абдулла Абдуназаров, Худоёр Маматов, Мамит Асқаров, Собир Турсунов, Ойша Ахунова, Зуҳра Ботирова ва Юсибжон Нишоновлар сайландилар. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайловларида эса партиядан 169 та депутат сайланди.
Парламент сайловлари натижаларидан келиб чиққан ҳолда 2005 йил 24 январида партия Сиёсий Кенгашининг навбатдан ташқари II Пленумида чақирилди. Унда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши биринчи котиби этиб партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Дилором Ғофуржоновна Тошмуҳамедова сайланди.
2005 йилнинг биринчи чорагида партия ҳаётига тааллуқли яна бир муҳим сиёсий воқеа содир бўлди. Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон «Фидокорлар» Миллий-демократик партияси фракциялари билан биргаликда ташкил этилган Демократик блокка кирди.
2007 йил 3 ноябрда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг IV Қурултойи ўтказилди. Қурултой ишида 150 яқин делегатлар, партия фахрийлари, партия фаоллари, меҳмонлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Унда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
2007 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Дилором Ғофурджоновна Тошмуҳамедовага рўйхатга олинганлиги тўғрисида гувоҳнома топширди. 2007 йил 23 декабрь Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Д. Ғ. Тошмуҳамедова 434 минг 111 сайловчининг овозини олиб 3 ўринни эгаллади. Бу сайловда иштирок этган сайловчиларнинг 2, 94% ни ташкил этади.
2008 йилнинг 27 сентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг X Пленуми бўлиб ўтди. Пленум ишида ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Д.Ғ.Тошмуҳамедованинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери этиб сайланганлиги муносабати билан, партияга аъзоликни вақтинча тўхтатиб туриш ва шу муносабат билан Сиёсий Кенгаш раиси лавозимидан озод этиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партия фракциясининг аъзоси Исмоил Саифназаров номзоди тавсия этилди ҳамда бир овоздан маъқулланди” [12]
2013 йил июн ойида Адолат социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Исмоил Саифназаров ўз вазифасидан озод этилди. Унинг ўрнига Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Наримон Умаров тайинланди [7]. www.kun.uz сайтида 2013 йил 7 июн куни чоп этилган [7]-мақолада “Ўзгариш қачон бўлгани ва сабаблари маълум эмас” деб ёзганди.
Сабабини мен айтишим мумкин: бу ўзгаришларнинг сабаби 2014 йил декабридаги Олий Мажлисга ва 2015 йил 29 март куни бўладиган Президентлик сайловига тайёргарлик кўриш, аниқроқ қилиб айтсам сайловлар спектакли сценарийси асосида партия раҳбари ўзгартирилганди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров сценарийда кўрсатилганидек Президентликка номзод бўлиб қатнашди. Унинг таржимаи ҳолини келтираман.
“Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Умаров Наримон Мажитович 1952 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати – ўзбек. Маълумоти – олий.
1974 йилда Тошкент политехника институтини тамомлаган. Мутахассислиги – мухандис-гидрогеолог. Геология-минералогия фанлари номзоди.
Меҳнат фаолиятини 1974 йилдан “Гидроингео” илмий текшириш институтида катта техник ходим лавозимидан бошлаб, илмий ишлар бўйича директор муовини лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди. У суғорилаётган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ гидрогеологик прогнозларни ишлаб чиқиш, ер ости сувларидан иқтисодиётда оқилона фойдаланиш йўналишларида тадқиқотлар олиб борди.
1997–2009 йилларда Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси ҳузуридаги Аналитик назоратга ихтисослашган давлат инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаб, атроф табиий муҳит ҳолатини мониторинг қилишда ягона давлат тизимини ишлаб чиқиш бўйича ишларни бошқарган.
2009–2013 йилларда Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритиб атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда бевосита иштирок этган.
2009 йилдан “Экосан” экология ва саломатлик халқаро хайрия жамғармасининг бошқаруви раиси, 2013 йилдан Ўзбекистон “Адолат”СДП Сиёсий Кенгаши раиси этиб сайланган. Эгаллаб турган лавозимида давлат ҳокимяти вакиллик органларидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳларининг фаолиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиб келмоқда.
2014 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди, 2015 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Оилали. Уч нафар фарзанднинг отаси. Рафиқаси Х. Хўжаева – Республика онкология илмий маркази шифокори.
2012 йилда Наримон Умаров “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган” [12]
Наримон Умаров 2015 йил январ ойида “Адолат”нинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари этиб тайинланган.
2015 йил 29 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Наримон Умаров эришган натижа ҳақида ҳам айтиб ўтай.
«2015 йил 6 апрель куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Наримон Мажитович Умаровга 389 минг 24 нафар ёки 2,05 фоиз сайловчи овоз берди” [9]

7. МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ
Фото 4. Ўзбекистон “Миллий Тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгашининг 2013 йил июн ойидан бери раиси Сарвар Садуллаевич Отамуратов (1973). [13]
Бир гуруҳ Ўзбекистон ёзувчилари, маданият арбоблари ва олий ўқув юрти зиёлилари ташаббуси билан 1995 йил 3 июн куни Тошкентда, Киночилар уйида «Миллий Тикланиш» демократик партиясининг Таъсис қурултойи бўлди. Қурултойда партиянинг Устави ва Дастури қабул қилинди, партия раҳбари этиб Ўзбекистон Фанлар академияси Қўлёзмалар институти директори 69 ёшли Азиз Қаюмов сайланди. 1995 йил 9 июн куни МТ ДП ЎзР Адлия вазирлигида рўйхатга олинди [10, 160-б.]. 1996-2004 йилларда МТ партияси Марказий Кенгаши раиси бўлиб ёзувчи Иброҳим Усмонович Ғафуров ишлади. У МТ партиясининг матбуот органи бўлмиш «Миллий Тикланиш» газетасининг бош муҳаррири эди.
МТ партияси 2-қурултойи 1999 йил октябрда, 3-қурултойи эса 2004 йил 31 октябр куни Тошкентдаги Киночилар уйида бўлди. 3-қурултойда МТ партияси Марказий Кенгаши раиси этиб журналист ва ёзувчи Хуршид Набиевич Дўстмуҳамедов (1951) сайланди.
2013 йил 2 май куни «Миллий тикланиш» демократик партияси пленумида партия раиси Ахтам Турсунов ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилган ва Сарвар Отамуратов партия Марказий кенгаши ижроқўми раиси этиб тайинланганди. Бу ҳақда [8]-мақолада бундай ёзилганди.
“2013 йил 2 май куни «Миллий тикланиш» демократик партияси пленумида Бюджет масалалари ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси ўринбосари Сарвар Отамуротов партия Марказий кенгаши ижроқўми раиси этиб тайинланган эди. Партиянинг аввалги раиси – Ахтам Турсунов ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилган” [8]
Сарвар Отамуратов таржимаи ҳолини «Миллий тикланиш» демократик партияси сайти www.mt.uz/uz/ дан келтираман.
“Отамуратов Сарвар Садуллаевич 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек. Маълумоти – олий. 1995 йилда Тошкент давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) имтиёзли диплом билан битирган. 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия Академиясини, 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Социология фанлар номзоди. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари.
2000 йилда «Ўзбекистон мустақиллиги шароитида ёшларнинг социал фаол қисмининг миллий ўзлигини англаш ва унинг амал қилиши» (социологик таҳлил) мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.
1995-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги валюта-иқтисод Бош бошқармасида бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари ва Бош бошқарма бошлиғи вазифаларида ишлаган. 2006-2010 йилларда мамлакатимиз суғурта компанияларида фаолият олиб борган.
С. Отамуратов 2009 йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган.
2010-2014 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
2015 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.
С. Отамуратов бир қатор илмий монографиялар ва қўлланмалар ҳамда 50 дан ортиқ илмий мақолаларнинг муаллифи.
Оилали. Икки нафар фарзанди бор» [13]
«Миллий Тикланиш» демократик партияси раҳбарияти ёзган партия тарихини www.mt.uz сайтидан бироз қисқартириш билан келтираман.
“2008 йил 20 июнь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ва Фидокорлар миллий демократик партиясининг бирлашув қурултойи бўлиб ўтиб, ушбу икки партия негизида янги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси (ЎзМТДП) ташкил этилди.
2008 йил 11 август куни ЎзМТДП Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан (қайта, А.Ш.) рўйхатдан ўтди ва 194-II-сонли гувоҳнома берилди.
2008 йил 13 август куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ва Ўзбекистон «Фидокорлар» миллий демократик партияси фракцияларининг қўшма таъсис йиғилиши бўлиб ўтди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДПнинг янги фракцияси тузилди” [14]
“Партия 14 та ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри), 29 та шаҳар ва 171 та туман Кенгашларига эга.
2014 йил 1 январь ҳолатига кўра, партия аъзолари сони 176 676 нафарни, бошланғич партия ташкилотлари сони 5327 нафарни ташкил этмоқда. Шундан, хотин-қизлар 78 293 нафар, 30 ёшгача бўлганлар 85 990 нафар, таълим соҳаси вакиллари 73 458 нафар, соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари 20 516 нафар, жамоат ташкилотлари вакиллари 9720 нафар, маданият соҳаси вакиллари 9359 нафар, олий маълумотга эга бўлганлар 62 670 нафар, илмий даражага эга бўлганлар 451 нафарни ташкил этмоқда.
Партия вакиллари орасида фан ва таълим, маданият ва спорт, санъат ва адабиёт ҳамда бошқа соҳаларда фаолият олиб бораётган обрўли, шунингдек Ватанимиз, халқимиз шон-шуҳратини дунёга танитаётган, халқимиз меҳрига сазовор бўлган Ўзбекистон Қаҳрамонлари Исахон Бахромов, Мавлуда Исматова, Ўзбекистон халқ рассоми Ортиқали Қозоқов, “Ўзбекистон ифтихори” унвони соҳиби, ФИФА рефериси Равшан Эрматов, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, бокс бўйича олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев, Аббос Атоев каби таниқли шахслар шунингдек, партиямиз аъзолари орасида давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари соҳиблари, фан докторлари ва фан номзодлари бор” [15]
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси 2015 йил январда Акмал Саидовни президентликка номзод этиб кўрсатди. У 2007 йилги президентлик сайловларида ҳам номзод сифатида кўрсатилганди. Ўшанда Акмал Саидов сайловда қатнашган сайловчиларнинг 2,85 фоиз овозини йиға олганди [16]. Унинг таржимаи ҳолини келтираман.
Фото 5. Акмал Холматович Саидов (1958) [17].
“Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Холматович Саидов 1958 йилда Тошкент вилояти Янгийўл туманида туғилган. Миллати — ўзбек. Маълумоти — олий, Тошкент давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Юридик фанлари доктори. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзоси.
1985-1989 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг катта илмий ходими ва бўлим мудири, 1989-1991 йилларда Ўзбекистон Ёшлар ташкилотлари қўмитасининг раиси, 1991-1992 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг директори, 1992-1993 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жаҳон муаммолари институтининг директори, 1993-1994 йилларда Тошкент давлат юридик институтининг ректори лавозимларида ишлаган.
1994-1996 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Франция Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, айни вақтда ЮНЕСКОда Ўзбекистоннинг Доимий вакили сифатида фаолият кўрсатган.
1996 йилнинг ноябридан бошлаб Акмал Саидов Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг директори лавозимида ишлаб келмоқда.
1997 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати этиб сайланган.
2000 йилдан ҳозирги вақтгача Акмал Саидов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан Акмал Саидов миллий ҳуқуқий тизим асосларини шакллантиришда фаол иштирок этиб келмоқда. У Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий комиссияси аъзоси бўлган, фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий асосларини яратишга, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонунларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этиб келган.
«Ўзбекистон — Бельгия» депутатлик гуруҳи раиси ҳамда «Ўзбекистон — Европа Иттифоқи» парламентлараро ҳамкорлик бўйича қўмита аъзоси ҳисобланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқларига бағишланган турли анжуманларида, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг инсонийлик мезонларига бағишланган тадбирларида, Европа Иттифоқи тузилмалари ва шу каби бошқа халқаро форумлар ишида иштирок этган.
Акмал Саидов халқаро ва қиёсий ҳуқуқ профессори, бир қатор хорижий ва халқаро юридик жамиятлар ва уюшмалар аъзоси, ҳуқуқшуносликка оид дарсликлар, илмий асарлар ва мақолалар муаллифи.
Оилали, икки нафар фарзанди бор.
«Меҳнат шуҳрати» ва «Дўстлик» орденлари билан мукофотланган» [17]
2015 йил 29 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Акмал Саидов эришган натижа ҳақида ҳам айтиб ўтай.
«2015 йил 6 апрель куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзод Акмал Холматович Саидовга 582 минг 688 нафар ёки 3,08 фоиз сайловчи овоз берди” [9]
8. ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ
Мен [3]- ва [6]-мақоламда ёзганимдек, Президент Ислом Каримов ва Миллий хавфсизлик хизмати 1992 йилда Ўзбекистон тижоратчилари ва ишбилармонларини бирлаштирувчи қўлбола «Ватан Тараққиёти» партиясини тузиш ташаббуси билан чиқишди ва уни ўзлари хоҳлаган йўлга бошқармоқчи бўлишди. Лекин унинг уддасидан чиқишмади ва «Ватан Тараққиёти» партияси 2000 йил 14 апрел куни Тошкентда “Фидокорлар” партияси билан қўшиш орқали тугатилди. Шундан 3 йил ўтгач Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номи остида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар партиясини қайтадан тузишди. Бу ҳар бир сайловда Президент Ислом Каримов номзодини кўрсатадиган қўлбола партия бўлди.
2003 йил 4-5 октябр куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Кумушкон” дам олиш сиҳатгоҳида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЛДП)нинг Таъсис қурултойи бўлди, буни ЛДПнинг Таъсис анжумани десак тўғрироқ бўлади. ЛДП Ташкилий қўмитаси раҳбари этимб “Пахтабанк” директори Қобилжон Тошматов сайланди [18].
Эътибор беринг: Ўзбекистон Мустақиллигининг деярли 24 йили давомида янги сиёсий партия бўлмиш ЛДП Таъсис анжумани Тошкент шаҳри ташқарисида, яъни вилоятда ўтказган ягона партиядир. ЛДПнинг Таъсис анжумани мана шу даражада мукаммал ва махфий қилиб ўтказилди.
2003 йил 4-5 октябр куни Президент Ислом Каримов кейингиҳар бир сайловда ушбу партиядан ўз номзоди кўрсатилиши мўлжалланган Либерал Демократик Партияси Ташуббус гуруҳи аъзолари билан учрашди. Ислом Каримов бунгача бирорта партия Ташаббус гуруҳи аъзолари билан учрашмаганди.
ЛДП тарихига доир бошқа маълумотларни партиянинг расмий веб-сайти бўлмиш www.uzlidep.uz сайтидан келтираман.
“2003 йил 4-5 октябрь – бир гуруҳ ташаббускорлар – кичик бизнес вакиллари, тадбиркорлар ва фермерлардан иборат мулкдорлар қатлами, ишлаб чиқаришнинг юқори малакали мутахассислари ҳамда бошқарув ходимлари, ишбилармонлар манфаатларини ифода этадиган ва ҳимоя қиладиган умуммиллий сиёсий ташкилот, яъни партия тузиш ташаббуси билан чиқишди.
2003 йил 7 октябрь – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ушбу ташаббускор гуруҳ аъзолари билан учрашди.
2003 йил 15 ноябрь – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Таъсис Съезди бўлиб ўтди. Унда партия Дастури ва Устави тасдиқланди, Сиёсий Кенгаш ҳамда Марказий назорат-тафтиш комиссияси таркиби сайланди.
Шу куни Тошматов Қобилжон Фаттохович Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси этиб сайланди.
2003 йил 3 декабрь – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтди.
2004 йил 1 январь – «XXI asr» ижтимоий-сиёсий газетасининг илк сони нашр этилди.
2004 йил 24 май – O`zLiDeP Сиёсий Кенгашининг навбатдаги II Мажлисида Ахмеджанов Махамаджон Ахмедович Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси этиб сайланди.
2004 йил 26 декабрь – партия илк бор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда муваффақиятли иштирок этди. 41 нафар депутатлик ўрнини эгаллаган O`zLiDeP парламентда энг йирик фракцияни ташкил этди. Шунингдек, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига 1908 нафар депутат сайланди.
2005 йил 25 июль – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг навбатдан ташқари III Съезди бўлиб ўтди. Унда партия Дастури ва Уставига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
2005 йил 19 март – O`zLiDeP Сиёсий Кенгашининг навбатдаги V Мажлисида Тешабоев Мухаммадюсуф Муталибжонович Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси этиб сайланди.
2006 йил 7 декабрь – O`zLiDeP Сиёсий Кенгашининг VIII Мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига бўшаб қолган ўринлар учун номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
2007 йил 6 ноябрь – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг IV Съезди бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига навбатдаги сайловда O`zLiDePдан номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Партия Съезди томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ислом Абдуғаниевич Каримов номзодини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Мазкур йиғилишда И.Каримов «Ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилиш – олий саодатдир» номли маъруза билан иштирок этди.
2007 йил 27 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтган сайловда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ислом Абдуғаниевич Каримов ғалаба қозонди.
2008 йил 20 сентябрь – O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда партиянинг дастурий вазифаларини ҳаётга татбиқ қилиш ҳамда «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонун талабларини бажариш доирасида партия тузилмалари ва депутатлик гуруҳлари томонидан олиб борилаётган ишлар ҳолати ва навбатдаги вазифалар ҳақида»ги масала кўриб чиқилди.
2009 йил 27 декабрь – O`zLiDeP Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда муваффақиятли иштирок этди. 53 нафар депутатлик ўрнини эгаллаган O`zLiDeP иккинчи бор парламентдаги энг йирик фракцияни ташкил этди. Шунингдек, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига 2159 нафар депутат сайланди.
2010 йил 18 декабрь – O`zLiDeP Сиёсий Кенгашининг II Мажлиси бўлиб ўтди. Унда Президент Ислом Каримовнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» номли маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган O`zLiDePнинг аниқ мақсадли комплекс чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди.
2011 йил 15 июль – парламентдаги O`zLiDeP фракцияси ташаббуси билан мамлакат тарихида илк бор Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг «Демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш борасида Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар дастури, шунингдек, «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури ижросининг бориши тўғрисида»ги ҳисоботи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма йиғилишида эшитилди.
2012 йил 31 март – O`zLiDeP Сиёсий Кенгашининг IV Мажлиси бўлиб ўтди. Унда «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш Концепцияси» ҳамда «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурининг ижроси бўйича O`zLiDeP томонидан 2012 йилда амалга ошириладиган партиявий лойиҳалар тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
2013 йил 2 декабрь – O`zLiDeP Сиёсий Кенгашининг навбатдаги VI Мажлисида Содиқжон Турдиев Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси этиб сайланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 11 та қўмитадан 4 тасида O`zLiDeP фракцияси аъзолари раис ва яна 4 тасида раис ўринбосари лавозимида фаолият олиб бормоқда. Шу кунгача O`zLiDeP фракцияси аъзолари Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган 300 дан ортиқ қонун лойиҳаларининг муҳокамаси ва қабул қилинишида бевосита ва билвосита иштирок этган.
Шунингдек, фракция аъзолари томонидан O`zLiDePнинг Сайловолди платформасида белгиланган устувор вазифаларни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида 20 га яқин қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди ва уларнинг аксарияти фермерлик ҳаракати ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда тайёрланди.
Жумладан, «Фермерлик фаолиятини ташкил этиш янада такомиллаштирилиши ва фермерлик ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Тадбиркорик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисида»ги қонунларига, шунингдек Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасидаги ташаббуслар қонунчиликда ўз аксини топди. Бундан ташқари, O`zLiDeP депутатлари ташаббускор гуруҳи томонидан «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига сайлов қонунчилигига Фермерлар кенгашларининг раисларини халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлигига номзод этиб кўрсатишни таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш юзасидан таклифлар киритилди.
Ўтган давр мобайнида парламент эшитувлари ва назорат-таҳлил фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, фракция ташаббуси билан Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисларида 6 та, фракция аъзолари етакчилик қилаётган қўмиталарда 30 дан ортиқ эшитув ва қонунларнинг жойларда ижро этилиши юзасидан 70 дан ортиқ назорат-таҳлил фаолияти амалга оширилди.
2010 йил 2 февраль – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида O`zLiDeP фракцияси ташаббуси билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳамда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракциялари ўртасида «Демократик кучлар блоки»га бирлашиш тўғрисида Битим имзоланди.
Бундан ташқари, O`zLiDeP ўзининг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, қуйидагиларни амалга оширган. Хусусан:
2005 йил – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ташаббуси билан Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ташкил этилди. Айнан, мазкур Ассоциациянинг саъй-ҳаракати билан бугун мамлакатимизда фаолият юритаётган ва аҳолининг турли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилаётган 400 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари ягона тузилмага бирлашди. Партия ушбу ташкилот фаолиятига яқиндан кўмак бериш тарафдори.
2006 йил – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси таъсисчилигида Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ташкил этилди. Шу кунга қадар 4000 мингга яқин тадбиркор ва фермерларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари Марказ томонидан ҳимоя қилинди. Бундан ташқари, мамлакат парламентида тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солувчи қатор қонунлар қабул қилинди, шунингдек, ҳукумат томонидан тегишли қонуности ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
2012 йил – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Бош битим имзоланди. Ҳозирги кунда мазкур битим доирасида табдиркорлар муаммоларини яқиндан ўрганиш ва уларни ўз вақтида бартараф этиш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
2013 йил – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Бош битим имзоланди. O`zLiDeP Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ва унинг ҳудудий тузилмалари билан ҳамкорликда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, фермерлар олдида турган муаммоларни ўрганиш, уларни ҳал қилишни асосий вазифа деб билади ва бу борадаги ишларни янада кучайтириб боради.
Партиянинг марказий нашри – «XXI asr» ижтимоий-сиёсий газетаси.
Партиянинг расмий веб-сайти: www.uzlidep.uz, E-mail: uzlidep@uzlidep.uz, uzlidepinform@mail.ru” [19]
2013 йил 2 декабрь – O`zLiDeP Сиёсий Кенгашининг навбатдаги VI Мажлисида Содиқжон Турдиев Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси этиб сайланди [19]. Шу ерда Содиқжон Турдиев таржимаи ҳоли ҳақида маълумот келтираман.
Фото 6. Ўзбекистон Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2013 йил 2 декабрдан бери раиси Содиқжон Турдиев (1952). [20]
“Содиқжон Турдиев 1952 йил 3 декабрда Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида, ишчи оиласида туғилган, миллати – ўзбек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (O‘zLiDeP) аъзоси.
1969-1975 йилларда Тошкент халқ хўжалиги институтида (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) иқтисодчи мутахассислиги бўйича таҳсил олган.
Меҳнат фаолиятини 1975 йилда Андижон вилояти Улуғнор туманидаги ширкат хўжаликда катта иқтисодчи лавозимида бошлаган. 1975 йилдан 2005 йилгача бўлган даврда С. Турдиев Андижон вилоятида хўжалик бошқаруви йўналишида турли лавозимларда фаолият юритган.
С. Турдиев 2005 йилдан ўз меҳнат фаолиятини мамлакатимизда тобора улкан аҳамият касб этиб бораётган фермерлик ҳаракати билан боғлади ва 2012 йилгача “Асака жилоси” фермер хўжалигига раҳбарлик қилди.
2010-2013 йилларда у Халқ депутатлари Асака тумани Кенгаши депутати сифатида фаолият юритган.
2012 йил 14 ноябрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Фермерлари кенгаши таъсис конференциясида Ўзбекистон Фермерлар Кенгаши раиси лавозимига сайланган ва ҳозирги даврда ушбу вазифада фаолият олиб бормоқда.
2013 йил 2 декабрда бўлиб ўтган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши VI мажлисида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси этиб сайланган.
2015 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда.
С.Турдиев 2012 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.
Оилали, беш нафар фарзанди бор» [20]
2014 йил декабрдаги парламент сайловлари натижаларига кўра, ЎзЛиДеП Қонунчилик палатасида энг кўп, яъни 52 та депутатлик ўрнига ва бош вазир номзодини таклиф қилиш ҳуқуқига эга бўлди. 2015 йил 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари этиб сайланди. [21]
ЎзЛДП Сиёсий Кенгаши мажлиси 2015 йил 15 январ куни партия Съездига мамлакат Президенти лавозимига Ислом Каримов номзодини кўрсатиш тўғрисида таклиф киритди [22]. Унинг таржимаи ҳолини келтираман.
Фото 7. Ислом Абдуғаниевич Каримов (1938) [23].
“Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Миллати — ўзбек. Олий маълумотли, Ўрта Осиё политехника ва Тошкент халқ хўжалиги институтларини тугатган. Муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликларига эга. Иқтисод фанлари номзоди.
Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлаган. 1961 йилдан 1966 йилгача В. П. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади.
1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан Республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди.
1983 йилда Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, Республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди.
1986 — 1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби, 1989 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимларида ишлади.
1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди.
1991 йил 31 август куни Ислом Каримов тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди.
1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.
1995 йил 26 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига кўра Ислом Каримовнинг Президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди.
2000 йили муқобиллик асосида ўтган сайлов натижаларига кўра, Конституцияга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Ислом Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.
2007 йили муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.
У оилали, икки фарзанди, беш нафар набираси бор. Рафиқаси Т. А. Каримова — мутахассислиги бўйича иқтисодчи, иқтисод фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар академияси Иқтисодиёт институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаган, айни пайтда — пенсияда.
Ислом Каримов суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда бу борада матонат ва жасорат кўрсатганлиги учун «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони, «Мустақиллик» ва Амир Темур орденлари билан тақдирланган. Шунингдек, у бир қанча хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан ҳам мукофотланган.
Ислом Каримов Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси. Айни вақтда у иқтисодиёт, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун кўплаб хорижий мамлакатлар университет ва академияларининг фахрий фан доктори ҳамда академиги этиб сайланган” [23]
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тайёрлаган масхарамуз сайловлар сценарийси асосида ўтказилган сайловлар ҳақида Марказий сайлов комиссияси эълон қилган умумий натижага ҳам эътибор берайлик.
«2015 йил 6 апрель куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан келган баённомаларга асосан 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтган сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 798 минг 52 нафар сайловчидан 18 миллион 942 минг 349 нафари овоз беришда иштирок этганини аниқлади. Бу сайловчилар умумий сонининг 91,08 фоизини ташкил қилади.
Сайлов натижалари кўрсатганидек, ушбу муҳим тадбирда иштирок этган сайловчиларнинг 17 миллион 122 минг 597 нафари ёки 90,39 фоизи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ислом Абдуғаниевич Каримовни ёқлаб овоз берди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзод Акмал Холматович Саидовга 582 минг 688 нафар ёки 3,08 фоиз сайловчи, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмоновга 552 минг 309 нафар ёки 2,92 фоиз сайловчи, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Наримон Мажитович Умаровга 389 минг 24 нафар ёки 2,05 фоиз сайловчи овоз берди» [9]

МУНДАРИЖА
Кириш сўзи.
1. 2000 йилги Президентлик сайловидаги шармандалик.
2. 2007 йилдаги Президентлик сайловидаги рақобат имконияти.
3. МХХ сайловларда нега жонбозлик кўрсатмоқда?
4. 2014-2015 йилги сайловлар сценарийси.
5. Халқ демократик партияси.
6. Миллий тикланиш демократик партияси.
7. Адолат социал-демократик партияси.
8. Либерал-демократик партия.
9. Айрим хулосалар.
Фойдаланилган адабиётлар.
9. АЙРИМ ХУЛОСАЛАР
1. Турли мамлакатлардаги 178 та ташкилотни бирлаштирган Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация (FIDH) Ўзбекистонда сайловни “маскарад” (“кўзбўямичилик”) деб атагани ҳақида Озодлик радиосида 2015 йил 29 март куни айтилганди. Мен бу фикрга қўшиламан.
“Турли мамлакатлардаги 178 та ташкилотни бирлаштирган Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация (FIDH) Ўзбекистонда сайловолди кампанияси чоғида шаффофликка ҳам, қонунийликка ҳам, инсон ҳақларига ҳам риоя қилинмаганидан ташвиш изҳор қилди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, Ўзбекистондаги президент сайлови «маскарад»дан, кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас” [24]
2. 2015 йил 29 март куни хорижда яшаётган бир гуруҳ ўзбек мухолифати вакиллари ташкил этган “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши ўтказилган Президентлик сайлови ҳақида қарор ёзиб, унда қисман бундай ёзилган.
“Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши Бирлашган Миллатлар Ташкилотини, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотини ва Ғарб демократик давлатлари раҳбарларини Ўзбекистонда ўтказилаётган Президентлик сайлови натижаларини тан олмасликка, амалдаги Президент диктатор Ислом Каримов томонидан қонун бузилганини, сайловни ташкил қилиш ва ўтказишда халқаро ва конституциявий талаблар қўпол равишда бузилганини жамоатчилик билан муҳокама қилишга чақиради.
“Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши Ўзбекистонда ўтказилаётган Президентлик сайловини ғайриқонуний ва ноҳалол деб ҳисоблайди. Шунингдек Ислом Каримовни Ўзбекистон Республикасининг янги Президенти сифатида тан олмайди» [25]
Мен ушбу қарорга қўшиламан ва қўллаб-қувватлайман.
3. Мақоламда баён этилган сценарий асосида бугунги кунда Ўзбекистонда тиши ўтмас, МХХ орқаваротдан бошқара оладиган қўлбола парламент шакллантирилди. Буни оддий мисолда ҳам кўриш мумкин бўлади. 1990 йилда СССР Парламенти “Милиция тўғрисида” номли қонунни қабул қилганди. Ўзбекистон Мустақилликка эришганидан буён ўтган деярли 24 йил мобайнида “Милиция тўғрисида” номли қонун Олий Мажлис томонидан қабул қилинишига асосан МХХ раҳбарияти қаршилик қилиб келмоқда. Ҳозирги парламент ҳам ушбу қонунни қабул қила олмаса керак, деб ўйлайман.
4. Мен ушбу мақоламнинг Кириш сўзида ёзганимдек, кейинги сайловларда ҳам Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарияти яна сохта сайловлар билан қўлбола парламент ташкил этиши, Президентликка Эшмат ёки Тошмат номзодини илгари суриб, худди шундай ёки шунга ўхшаш сценарий қўллаши мумкин. Шу сабабли бу сценарийни ўзбек зиёлилари, жумладан ўзбек мухолифати билиб қўйса ва бундай сохта сайловлар ўтказилишига қарши тинч чора-тадбирлар режаласа фойдали бўлади.
5. 2014-2015 йилги сайловлар орқали Миллий хавфсизлик хизмати Ўзбекистондаги барча муҳим воқеаларда, айниқса давлатни авторитар бошқаришда асосий куч бўлиб қолаётганини яна бир марта исботлади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
1. От А до Я: 300 лeт амeриканского афоризма (А дан Я гача: амeрика афоризмига 300 йил) /Состав., прeдисл., пeр. с англ. А.Ливeрганта. – М.: ТEРРА Книжний клуб, 1998. – 208 с.
Хоу, Эдгар Уотсон (1853 – 1937) – АҚШ ёзувчиси.
2. Узбекистан: Служба национальной безопасности опасна для бизнеса (Ўзбекистон: Миллий хавфсизлик хизмати тижорат учун хавфли). – http://www.fergananews.com/articles/7047 (www.fergananews.com 2011.18.08).
3. АХМАДЖОНОВ Ш. Политические партии Узбекистана: шесть зарегистрированных и одна «скрытая» (Ўзбекистон сиёсий партиялари: олтитаси рўйхатга олинган ва биттаси “яширин”). –
Часть 1. – http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1109149980 (www.centrasia.ru 23.02.2005 12:13);
Часть 2. – http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1109221680 (www.centrasia.ru 24.02.2005 08:08);
Часть 3. – http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1109310000 (www.centrasia.ru 24.02.2005 08:40);
http://www.liveinternet.ru/users/4799013/rubric/5478522/ (www.liveinternet.ru Дневник «Турон_Шухратжони», Рубрика «Статьи 2005 года», 04.12.2014).
4. Халқ демократик партиясидан номзод – Аслиддин Рустамов. – http://www.bbc.co.uk/…/2…/11/071121_biography_rustamov.shtml (www.bbc.co.uk/uzbek/ 2007.22.11)
5. АҲМАДЖОНОВ Ш. Президентлик сайловлари: Ўзбекистонда демократияга икки босқич орқали ўтиш мумкин. – http://turonzamin.org/…/prezidentlik-saylovlari-o%e2%80%9…/… (www.turonzamin.org 2006.26.08).
6. АҲМАДЖОНОВ Ш. Ўзбекистондаги сиёсий партиялар: бештаси рўйхатда ва биттаси махфий. –
1-қисм. – http://dunyouzbeklari.com/archives/89216 (www.dunyouzbeklari.com 2014.07.12);
2-қисм. – http://dunyouzbeklari.com/archives/95633 (www.dunyouzbeklari.com 2015.26.02).
7. «Адолат» социал-демократик партияси етакчиси ўзгарди. –
http://kun.uz/2013/06/07/adolat/ (www.kun.uz 2013.07.06)
8. Ўзбекистон Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли ва дастури. –
http://kun.uz/…/uzbekiston-prezidentligiga-nomzod-hotamjon…/ (www.kun.uz 2015.26.02)
9. ХИДИРОВ Қ. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари эълон қилинди. – http://elektions.uz/uzb/events/current_topics/5575/… (www.elektions.uz/uzb/ 2015.07.04
10. Умаров Наримон Мажитович. Таржимаи ҳол. – http://adolat.uz/umarov-narimon-majitovich/ (www.adolat.uz 2015)
11. Ўзбекистоннинг янги тарихи. 3-китоб. Мустақил Ўзбекистон тарихи //Тузув. Н.Жўраев, Т.Файзуллаев. Редколлегия: А.Азизхўжаев (раис), Б.Ахмедов, С.Камолов ва бошқ./ – Т.: «Шарқ», 2000. – 560 б.
12. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг вужудга келиши. – http://adolat.uz/partiya-tarixi/ (www.adolat.uz )
13. Партия раҳбарлари. Сарвар Садуллаевич Отамуратов ЎзМТДП Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси раиси. – http://www.mt.uz/uz/hefs-of-party/chefs.html (www.mt.uz/uz/ )
14. Партия тарихи. – http://mt.uz/uz/partiya/history.html (www.mt.uz/uz/ 2011.06.10)
15. Партия бугун. – http://mt.uz/uz/partiya/party-today.html (www.mt.uz/uz/ )
16. “Миллий тикланиш”дан Акмал Саидов Ўзбекистон Президентлиги учун курашади. – http://sharh.uz/siyosat/item/3018-akmal-saidov (www.sharh.uz/siyosat/ 2015.16.01).
17. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Холматович Саидовнинг таржимаи ҳоли ва дастури. – http://xs.uz/…/3796-%D1%9E%D0%B7%D0%B1%D0%B5%D0%BA%D0%B8%D1… (www.xs.uz/index.php/component/k2/ Sayt “Xalq so’zi”, 2015.28.02)
18. Ушбу факт Ўзбекистон телевидениеси Биринчи каналидаги “Таҳлилнома” ахборот дастурида 2003 йил 5 октябр куни соат 19:30 да айтилганди.
19. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси тарихидан. – http://uzlidep.uz/uzc/about/partiya-tarihi (www.uzlidep.uz )
20. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев. – http://uzlidep.uz/…/ozlidep-siyosiy-kengashi-izhroiya-kumit…
21. Содиқжон Турдиев ЎзЛиДеПнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбарига айланди. –
http://kun.uz/…/sodiqjon-turdiev-uzlidepning-qonunchilik-p…/ (www.kun.uz 2015.06.01)
22. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши мажлиси партия Съездига мамлакат Президенти лавозимига номзод кўрсатиш тўғрисида таклиф киритди. – http://uzlidep.uz/…/ozlidep-siyosiy-kengashi-mazhlisi-parti… (www.uzlidep.uz/uzc/ 2015.15.01)
23. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таржимаи ҳоли ва дастури. – http://xs.uz/…/3806-%D1%9E%D0%B7%D0%B1%D0%B5%D0%BA%D0%B8%D1… (www.xs.uz/index.php/component/k2/ 2015.27.02).
24. FIDH Ўзбекистондаги сайловни “маскарад” деб атади. – http://www.ozodlik.org/content/article/26926600.html (www.ozodlik.org 2015.29.03)
25. Мамлакатдаги Президентлик сайловига доир ва Ўзбекистон ФЖнинг «Муқобил Ўзбекистон» Мувофиқлаштириш Кенгашини тузиш ҳақидаги Баёнот. – http://virtualuzbekistan.org/2015/03/744 (www.virtualuzbekistan.org 2015.29.03)
E-mail: jiz54@mail.ru , ergash1955@yahoo.com

2015 йил 29 апрел
АҚШ, Вашингтон шаҳри.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info