Гулнора Каримова: Ҳокимиятга интилаётганим йўқ

31 Октябр 2013

Каримова хоним ҳокимиятни "дўзахий жой" деган
Каримова хоним ҳокимиятни «дўзахий жой» деган

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи бизнеси ва медия соҳасига бўлаётган босимлар ортидан ҳукумат тепасига келиш истаги йўқлигини билдирган.

Каримова хоним твиттердаги саҳифасида ҳукумат тепасини “дўзахий жой” дея таърифлаган.
“Мен ҳукмдор эмасман! ) Ва ушбу дўзахий жойга талпинаётганим йўқ…”, – деган Каримова ўз мухлисларининг бирига берган жавобида.
“Аёллар, ёшлар ва орзуларига ишониш кераклигини ваъда қилганларимга ишлаш учун уларнинг нима билан яшаётганини кўриш керак. Ана шунда улар сенга ишонишади ва нима қилсанг ҳақиқий … бўлади”, – дея фикрини давом эттирган у.
Каримова хоним отасининг меросхўри бўлишга лойиқ даъвогарлардан бири сифатида кўрилади. Ундан президент бўлиш ниятлари ҳақида бундан олдин ҳам кўп марта сўралган, аммо ушбу саволларга аниқ жавоб беришдан қочиб келган.

Ёпилишлар ортида давлат агентлиги

Яна бошқа ёзишмаларда Гулнора Каримова ҳукумат 4 телеканални ёпиб қўйганини тасдиқлаган. Каримовага тегишли эканлиги айтиладиган TV Markaz, NTT, Forum TV ва СофТС каналлари 21 октябр куни бир вақтнинг ўзида эфирда йўқолганди.
Твиттердаги Karl номли фойдаланувчи ушбу телеканаллар қонунчиликнинг 12 бандини бузганини ва шу сабабдан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг тавсияси билан ҳукумат ёпиш ҳақида қарор чиқарганини ёзади. У ушбу қонунбузарлик ҳолатларининг рўйхатини ҳам келтиради. Рўйхатда ушбу каналлар, “ОАВ тўғрисида”, Давлатнинг ёшлар сиёсати асослари, “Эркин ахборотни кафолатлаш ва принциплар тўғрисида”, “Реклама тўрисида”, “Муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунларни бузганликда айбланади.
Карл Каримовадан: “Шахсий каналлар Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ёпилдими”, дея сўрайди. Гулнора Каримова: “Ушбу рўйхат қанчалик аҳмақона туюлса ҳам, Ҳа”, – деб жавоб берган.
Каримова хоним Карлдан: “Сиз ушбу рўйхатни қаердан олдингиз, энди у ижтимоий мулкка айландими”, – дея сўрайди.
Бир ўқувчининг: «Ушбу каналлар энди кўрсатмайдими?» деган саволига Гулнора Каримова: “Шунга ўхшайди”, дея жавоб беради.

Сталин – бу менинг отам

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан барча теле ва радио каналлари фаолияти вақтинча тўхтатилганидан сўнг, Гулнора Каримова твиттердаги саҳифасида фаоллигича қолмоқда.
Каримова ушбу платформани давлат каналлари ва хизматларини аёвсиз танқид қилишда фойдаланаётгани кузатилади. Президентнинг тўнғич қизи ҳукмронлик интилиш ниятлари йўқлигини ёзишдан икки кун олдин ўзининг қатағон сиёсати билан танилган диктатор Сталин ҳақида пост қолдирган.
“Ўртоқ Сталин бўлган ва мавжуд… бу менинг отам! Ва бу то мен ўлгунча шундай қолади…” В Сталин (“Халқлар отасининг ўғли” филмидан)”, – дея ёзди.
Кузатувчилар Каримова хонимнинг бизнесига бўлаётган сўнгги босимлар ортидан ундан ғазабланган отаси Ислом Каримов турган бўлишини тахмин қилади.
Твиттердаги Сталин ҳақидаги битиклар Ислом Каримовга қаратилган ёки қаратилмагани номаълум.
Шу вақтгача Гулнора Каримова твиттерда отаси ҳақида илиқ фикрларда бўлиб келган. Унинг фаолиятига нисбатан бирон бир танқидий муносабат билдирмаган.
Гулнора Каримовага тегишли эканлиги айтиладиган 4 телеканал ва 3 радиоканал фаолиятининг вақтинча тўхтатилиши ортидан ҳуқуқ-тартибот органлари Каримова бошчилигидаги Фонд Форум фаолияти ва унга боғлиқ ташкилотлар устидан текширув бошлаган.
Тошкентда жойлашган хусусий очиқ акциядорлик тижорат Invest Finance банкдаги Фонд Форумнинг ҳисоблари, Terragroup, «Дом стиля» ва Гулнора Каримованинг расмий офисига тегишли барча ҳисоблар музлатилган.

http://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan/2013/10/131031_cy_karimova_rule

Copyright © 2018 Birdamlik.Info