СОҒЛОМ ФИКРЛИ ШАХСЛАРГА ХУРУЖ КАЛТАБИНЛИКДАН ДАЛОЛАТ

Sanjar aka

Санжарали ИНОМОВ:

СОҒЛОМ ФИКРЛИ ШАХСЛАРГА ХУРУЖ КАЛТАБИНЛИКДАН ДАЛОЛАТ

         Суҳбатдошимиз Санжарали Иномов, олий маълумотли ҳуқуқшунос, драматург. Собиқ ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг ҳуқуқшунослик факультетини тугатган. Санжарали Иномов бир неча асарлар муаллифи. Унинг қаламига мансуб «Шайтон ва фаришта», «Эргинамнинг орзуси», «Дада демасман», «Севаман дедимми?», «Кўчки», «Қорда ёнган муҳаббат» асарлари Ўзбек Давлат Миллий академик драма театрида, «Сойибхўжа операцияси», «Суперқайнона», «Суперқайнона-2» ва бошқа бир неча сценарийлари эса Муқимий номидаги мусиқали драма театрида 2010 йилга қадар бир неча марта кенг томошабинлар ҳукмига ҳавола этилган ҳамда мамлакатда энг севимли саҳна асарлари сифатида шуҳрат қозонган. Афсуски, драматургнинг 2010 йилдан кейин яратган асарлари шу кунга қадар саҳналаштирилмаган ва табиийки, томошабинлар ҳукмига ҳавола этилмаган. Бунга унинг соғлом фикрга эгалиги, яъни ҳукуматга нисбатан мухолифча қарашлари сабаб бўлган. 2002 йилдан буён мухолифат сафида. Мухолифат вакили бўлгани учун Ўзбекистон Республикаси МХХнинг жиддий назорати остига олинган. «Кўмак маркази» гуруҳи ишларида хайрихоҳ ва холис ёрдамчи.

         — Санжарали ака, айни пайтда «Кўмак маркази» мухолифатчиларнинг моддий аҳволини қисман бўлса-да яхшилашга қаратилганидан ҳамда келгусида соғлом фикрли мухолифат вакилларини етиштириш мақсадида ташкил этилганидан кўпчилик хабардор. Биз мазкур гуруҳ ишларида Сизнинг холис ёрдамчи эканингизни, гуруҳга келаётган хатлар ва аризаларга оид ўз таклиф ва маслаҳатларингизни дариғ тутмаётганингизни яхши биламиз. Агар сир бўлмаса, айтингчи, «Кўмак маркази» гуруҳига мурожаат этаётган шахслар қандай талабларга жавоб беришлари керак?

         — Айтганингиздек, «Кўмак маркази» гуруҳи асосий эътиборни мухолифатчиларга қаратади. Маълумки, дунёдаги бир қатор ривожланган демократик давлатлар демократия тамойиллари, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари топталаётган, ривожланишда орқада қолаётган мамлакатларда демократларнинг, жумладан, демократияга хилоф иш тутаётган давлат бошлиқлари сиёсатига қарши мухолифатнинг ва инсон ҳақ-ҳуқуқлари билан шуғулланувчи фаолларнинг самарали меҳнат қилишлари учун грантлар ажратади. Бу омил кўпдан бери бор. Бундай грантлар фақат давлат ташкилотларига эмас, шу билан бирга, нодавлат ҳамда сиёсий ташкилотларга ҳам берилади. «Кўмак маркази» гуруҳи айнан ана шундай ҳомий ташкилотлар орқали мухолифат сафидаги фуқароларга нафақат моддий, балки маънавий, руҳий жиҳатдан ҳам ёрдам беришни мақсад қилган. Бу каби хайрли ва эзгу ишга «Бирдамлик» Халқ демократик ҳаракатининг етакчиси Баҳодир Хон Туркистон (Баҳодир Чориев) алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги кунда гуруҳга ҳақиқатан кўпчилик мурожаат этмоқда. Биз гуруҳ аъзолари барча мурожаатчиларнинг ариза ва хатларини батафсил ўрганиб чиқамиз ва бунинг натижасида уларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка чиқарамиз. Аниқроғи, талабга жавоб берадиган аризалар, албатта, инобатга олинади. Яъни, ҳақиқатдан ҳам мухолифат вакили ёки вакиласи бўлган шахсларнинг аризалари эътибордан четда қолмайди. Бироқ бизга келаётган хатлар орасида ўзини мухолифат вакили сифатида таништираётган, аммо пухта ўрганишимиз жараёнида ундай эмаслиги аниқланаётган хатлар билан бирга аноним хатлар ҳам келмоқда. Афсуски, биз аноним хатларни қонун-қоидага мувофиқ ҳолда мутлақо ўрганмаймиз.

         — Мухолифатчилар орасида ёш фаолларнинг ниҳоятда камлигини нималар билан изоҳлайсиз?

         — Менимча, бунинг бир неча сабаблари бор. Мамлакатимизда соғлом фикрли одамларга нисбатан хуруж ва ҳар хил ҳужумларнинг устувор кучга эгалигини асосий сабаб сифатида кўрсатиш мумкин. Ҳар хил таъқибу тазйиқлар, дўқ ва пўписалар, сиёсий фаолияти туфайли туҳмату бўхтонларга гирифтор бўлган ва бўлаётган шахсларни кўрган ёшлар гарчи фикран мухолифатчи бўлса-да, реал ҳаётда мухолифатчилар сафига киришдан чўчитаётгани айни ҳақиқат. Қолаверса, бугунги кунда ёш авлод сиёсий жиҳатдан саводхон эмас. Ҳукуматимиз ёшларнинг сиёсий фаол бўлишини мутлақо хоҳламайди, аксинча, ёшларни сиёсатга яқинлаштирмасликка тиш-тирноғи билан ҳаракат қилади. Шу боис ёшлар сиёсат билан шуғуллангандан кўра «оч қорним, тинч қулоғим» ақидасига амал қилган ҳолда ўз соҳаси бўйича иш топиш, ишга жойлашиш, мабодо соҳаси бўйича иш тополмаса ўзига монанд бўлмаган қора ишда ишлаб бўлса-да қорнини тўйғазишни афзал билмоқда. Бир сўз билан айтганда, ҳозирги кунда ёшларимиз кўпроқ қорин ғамига тушиб қолган. Бугун Ўзбекистонда ишсизлик муаммоси энг катта муаммолардан бири экани, юртимизнинг кўп соҳаларда ниҳоятда орқада қолгани ҳеч кимга сир эмас.

         — Жорий йилнинг июль ойи бошларида Абдулла Тожибой ўғлининг «Ўзбекистонда ҳалол ва адолатли сайловлар учун» партиясини тузишга даъво қилаётганига оид шов-шувли хабарлар тарқатилди. А. Тожибой ўғли Ўзбекистонда ўзи таъсис этаётган партияни рўйхатдан ўтказишга Ўзбекистон ҳукумати томонидан рухсат берилганини, ҳатто бу борада давлат идораларидан ижобий жавоб олганини маълум қилди. Бугунги сиёсий шароитдан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда ушбу партиянинг расман фаолият юритишига ишонасизми, унинг рўйхатдан ўтиши ҳақида нималар дея оласиз?

         — Аввало, А. Тожибой ўғлининг мамлакатимизда сиёсий партия тузиш ташаббуси, бунинг натижаси қандай якун топишидан қатъи назар, юртимизда сиёсий фаолият авжланаётганидан далолат эканини алоҳида таъкидлагим келади. Тушунишимча, Тожибой ўғлининг ўз партиясини «Ўзбекистонда ҳалол ва адолатли сайловлар учун», деб номлаши замирида шу кунгача юртимизда бўлиб ўтган барча сайловларнинг ҳалол ва адолатли ўтмаганига оид ишора мужассам топган. Буни ҳар бир онгли одам яхши тушунади. Шундан келиб чиққан ҳолда, шахсан мен, ҳукуматнинг бундай номдаги партияни рўйхатдан ўтказишга рухсат беражагига мутлақо ишонмайман. Борди-ю, А. Тожибой ўғли айтганидек, ҳақиқатанан ҳукумат шундай ном остидаги мухолиф партияни рўйхатдан ўтказишга қаршилик билдирмаётган бўлса, биз бу каби омилларни ҳақиқий мардлик, сиёсий хатоларни тушуниш сари қадам, деб баҳоласак бўлади. Ўз навбатида, миямизда бошқача гумон пайдо бўлади. Яъни, рўйхатдан ўтиш арафасида турган «Ўзбекистонда ҳалол ва адолатли сайловлар учун» партияси, мабодо амалдаги ҳукуматга қарши сохта, қўлбола партия вазифасини ўтамасмикин, хориждаги мухолифатчилар партияси ва ҳаракатига қарши «партия» бўлиб қолмасмикин, деган шубҳа ўралайди. Чунки амалдаги ҳукумат, юқорида таъкидлаганимиздек, ўзига қарши мухолиф партияни рўйхатдан ўтказишдан тамомила манфаатдор эмас, бунга шунчаки рози бўлмайди. Борди-ю, рухсат беришса, А. Тожибой ўғлининг партияси «Бирдамлик» ХДҲ, «Эрк» партияларига тиккасига қарши курашадиган антимухолифатчи партия бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

         — Яқиндагина айни пайтда Швецияда яшаётган сиёсий муҳожир Ҳазратқул Худойберди «Ўзбекистон Озодлик ҳаракати» ташаббус гуруҳи мажлисини ўтказишга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги баёнотини маълум қилди. У Ҳаракатни Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказишнинг имкони йўқлиги сабабли хорижда расмийлаштиришга интилаётганини, тарафдорларини асосан ижтимоий тармоқлар орқали йиғаётганини, хориждаги ўзбекларга таянаётганини ошкоралади. Ҳазратқул Худойбердининг «Ўзбекистон Озодлик ҳаракати»ни таъсис этишига оид қандай фикрдасиз?

         — Билишимча, Х. Худойбердининг «Ўзбекистон Озодлик ҳаракати»ни тузишдан кўзда тутган мақсади юртимизда сиёсий ўзгаришлар учун замин яратишдан иборат экан. У бунинг учун Ўзбекистонда имконият ва шароит йўқлиги сабабли хориждаги ўзбекларга таянажагини билдирмоқда. Фикри ожизимча, мазкур ҳаракат чет элдаги мухолифат вакиллари ўртасидаги тарқоқликни янада кучайтиради. Мамлакатдан сиқиб чиқарилган, мамлакатда фаолият юритишига йўл берилмаган, хорижда асос солиниб, озми-кўпми тажриба тўплаган амалдаги партия ва ҳаракатлар фаолиятини янада сўндиришга хизмат қилади. Шундоғам ўлкада сиёсий эркинликлар бўлишига ишонмай қўйган халқнинг ишончини бадтар сусайтиради. Агар хориждаги мухолифатчилар ҳақиқатанан Ўзбекистонда янгилик яратиш иштиёқида бўлса, у ҳолда парчаланиши эмас, аксинча жипслашиши керак. «Фақат менинг фикрим тўғри, фақат менинг вазифаларим тўғри», деган нотўғри фикрлардан мамлакатда бирон бир ўзгариш рўй бермайди. Боз устига, давлат ва жамиятни ислоҳ қилишга киришган ҳар қандай шахс мафкура танлашда адашмаслиги лозим. Биз учун миллий эътиқодимиз ва дунёқарашимизга тамомила зид бўлган ва Ғарб либерализмига асосланган ҳар қандай мафкуралар ёт. Миллийлигимизга дарз етказилмаслиги керак. Менимча, Ўзбекистоннинг аграр давлат эканини инобатга олган ҳолда мамлакатимизда мулкдорчиликка асосланган демократик давлатни янада тараққий топтиришга оид ғояларни қўллаб-қувватлаш айни муддао.

Суҳбатдош: Рўзибой АЗИМ

Copyright © 2018 Birdamlik.Info