Қадамингиз халқингизга хайрли бўлсин !!!

%d0%bc%d0%b8%d1%80%d0%b7%d0%b8%d1%91%d0%b5%d0%b2

Халққа ёрдам қўлини узатябсиз. Отангизга рахмат…Энди Сизга ҳам ёрдам бериши учун халққа ҳам имкон беринг. Самимий таклифимни қабул этинг. Ниятим ўтмишдошингиз каби авторитар лидер бўб халққа қўрқув солиш эмас, аксинча авторитет лидер сифатида сиздан кейин ўнлаб давлат рахбарлари келиб кетганларида-ям, юз йиллар ўтсада авлодлар сизни алоҳида меҳр ва ифтихор билан ёдга олишларини истайман. Бунинг учун атрофингизга ялтоқи,  маддох, икки юзли манфаатпарастларни эмас, миллати учун бутун борлиғи, жонини беришга қодир, халқ орасидан чиққан оқил, мард, жасур, истеъдодли ташкилотчиларни жамоангизда бўлишлиги бениҳоя зарур.
Агар-ки сайланишингиз тантанаси туфайли зиндонларда тирик мурдаларга айланган диний-сиёсий махбусларни авф этсангиз, чет элларга қувғин қилинган мухолиф фикрли шахсларни бағрингизга олсангиз ўн миллионлаб инсоннинг ростмана меҳр-мухаббатига сазовор бўласиз. Такрор айтай халқни қўрқоқ юраксиз қилиш эмас, халқингиз сиз учун ҳар қандай шароитда шунчаки сиз тарафда турибгина қолмай, сиз учун жон тикиб ўлимга тик бора оладиган халқ бўлиши, сиз олиб борадиган сиёсатга боғлиқ.
Содиқ дўст лаганбардор бўлмайди…У ҳамиша дўстини тўғри йўлдан адашмаслиги учун камчилигини тўғрилаб,қоқилса суянчиқ бўлади. Мухолифат ҳам давлатнинг шундай содиқ дўстидур (Ҳеч бўлмаганда Россия каби ҳеч қачон хокимятга кела ололмайдиган мухолиф партиялар даражасига еткизсангиз ҳам ниҳоятда халқаро обрўга эга бўласиз).
Халқингизга фикрини очиқ айта оладиган эркинлик беринг… Оғир солиқлар, зўравонга айланган муассалар исканжасида қолишларига йўл қўйманг.
Ривожланган хориж юртларда иқтисодий рақобат ўта кучли. Шунга улар ўз сармояларини бошқа мамлакатларга тикиб фойда олишни кўзлашади. Агар-ки инвестор ўз ҳавфсизлиги ва моддий дахлсизлигига кафолат бўлса улар юртимизга дарёдек оқиб келишади.
Туркистоннинг тарихий хатосини тузатишдек, тарихий маъсулият зиммангизда турибди. Марказий Осиё халқларини бирлаб ягона “Турон” мамлакатини Сиз барпо этмасангиз ким қилади? Бу иш бир даврда, бир йўлбошчи рахнамолигида балки амалга ошмас. Бироқ Сиз бунга пойдевор қўйсангиз,миллат тарихида ўтган энг мўътабар йўлбошчиларнинг бири бўлишингиз муқаррар.

Сизга энг юксак боқий бахт тилаб юрист-драматург Санжарали Имомов.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info