ГУЛНОРА КАРИМОВА СИЁСИЙ ӮЙИН ҚУРБОНИ

ГУЛНОРА КАРИМОВА

 «Бирдамлик» Халқ-демократик ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Хон Туркистон билан суҳбат. 

— Ҳурматли Баҳодир Хон Туркистон, рости, Сизнинг сиёсий қарашларингиз кӯпчилик сиёсатчиларнинг қарашларидан тамомила фарқ қилади. Қандайдир сиёсий жараённинг бошидаёқ танлаган сиёсий позициянгизда охиригача содиқ қоласиз. Ноодатий қарашларингиз билан ҳатто манаман деган сиёсатчиларнинг фикри-зикрини остин-устун қилиб юборасиз. Масалан, АҚШда бӯлиб ӯтган сайловолди жараёнларида ӯзингиз ҳам бир мусулмон фарзанди бӯла туриб, мусулмонларга қарши фикр билдирган Дональд Трамп номзодини қӯллаб-қувватлашингизни билдирдингиз. Бундай қарашларингиз билан кӯпчилик мусулмонларни ҳанг-манг аҳволга солиб қӯйдингиз. Дунё аҳли, АҚШликлар, дунёнинг энг кучли сиёсатчилари сайловда Ҳиллари Клинтон ғалаба қозониши шубҳасиз аниқлигини билдира бошлаган бир пайтда ҳам Сиз Дональд Трамп, албатта, ғалаба қозонади, деган фикрдан қайтмадингиз. Бундай қарашларингиз туфайли Сизни сиёсий ғӯрликда айбловчилар ҳам пайдо бӯлгани сир эмас. Бироқ натижа ҳаммага маълум. Сиз танлаган номзод ғалаба қозонди. Сиз эса дӯсту душманларингиз олдида узоқни кӯра олиш қобилиятингизни яна бир карра намойиш этдингиз. Биз бу мисолни шунчаки обрӯйингизни ошириш мақсадида келтираётганимиз йӯқ. Буни яна бир карра эслашимизга айни кунларда дунё аҳлию ӯзбекистонликларнинг диққат-эътиборида турган Гулнора Каримова ишига оид яна шундай «бошқача» қарашларингиз сабаб бӯлди. Айтингчи, Гулнора Каримованинг қилмишларини қоралаётганлар, унинг шаънига «тош отаётганлар» сони кундан-кунга кӯпаяётган бир пайтда президентнинг, яъни ҳаётингизни остин-устун қилиб юборган шахснинг тӯнғич қизи ҳимоясига ӯтишингиз боиси нимада?

— Бошқаларнинг қандай фикрлашини билмадиму, аммо ӯзим бирор бир нарса хусусида фикр юритишдан олдин арқонни узоқ ташлайман. Ҳар бир масалага алоҳида ёндошиб, бугунги кунни эмас, ҳатто эртанги кунни ҳам эмас, балки индинга нима бӯлишини ӯйлаган ҳолда, ӯзимга-ӯзим такрор ва такрор саволлар бериб,  унга тайинли жавоб топгачгина оммага ошкор қилишга чоғланаман. Мен ҳамиша индинга қараб интиламан, индинга қараб ҳаракат қиламан. Узоқни кӯзлаб қилаётган бундай ҳаракатларимиз ҳаётда ӯзининг самарасини беряпти. Бошқача айтганда, бизнинг эртанги кунни ӯйлашимиз тактикада, индинни ӯйлаб иш тутишимиз эса стратегияда устун бӯлишимизни таъминлайди. Сиёсат оламида олдинга томон одимлашимизга индинни ӯйлаб, режали иш тутишимиз сабаб бӯлмоқда, дея айта оламан. Индинга ва эртага тааллуқли бӯлган стратегик ва тактик усулларга бугундан бошлаб кӯпроқ эътибор қаратаман ҳамда бир вақтнинг ӯзида бугун бажарилиши керак бӯлган вазифаларни, олдиндан бажарилиши керак бӯлган стратегик ва тактик амалларни қӯрқмасдан бажаравераман. Шу сабабли сиёсий қарашларимиз, фикрларимиз ӯзгаришсиз қолаверади. Бу эса ҳар бир сиёсий хатти-ҳаракатларга кучли, принципиал тарзда ёндошувимизни кӯрсатади. Шахсан мен, айрим «сиёсатчи»ларга ӯхшаб оқимга қараб иш тутмайман, яъни бугунги сув оқими билан бирга сузмайман.

— Facebookдаги саҳифангизда «Гулнора қамалмаганда унинг сиёсий фаоллиги ҳозирги диктатура режимини яксон қилар, порахӯр амалдорларнинг жиноятлари фош бӯлиб, қамоқларга ташланар эди», дегансиз. Ушбу фикрингизни батафсилроқ тушунтириб бера оласизми?

— Бугунги кунга келиб марҳум диктатор Ислом Каримовнинг сиёсати мамлакатни ҳар томонлама таназзулга олиб келгани деярли сир бӯлмай қолди. У ӯзининг ҳаддан ташқари ва беъмани, фақат ӯз фойдасига хизмат қиладиган қаттиққӯллиги туфайли ҳамиша халқнинг норозилик потенциалини бостириб келди. Мухолифат ва эркин фикрловчи кишилар кучли тазйиқ ва тақиблар туфайли ӯз сиёсий фаолиятларини нормал равишда олиб боролмай, фалаж ҳолга тушдилар. Сиёсий, диний  қарашлари ёки бошқа сабаблар туфайли давлат ишидан ҳайдалган, қамалиб чиққан амалдорлардан биронтасининг кейинчалик ҳукуматга қарши мустақил мухолиф ташкилот тузишга ҳаракат қилмагани, ҳатто фаолият юритаётган мухолиф ташкилотларга ӯтмагани, президент номзодига даъвогар бӯлмагани бу фикримизни тасдиқлайди. Диктатор Ислом Каримов ҳаёти давомида сиёсий амбицияга эга ҳар қандай амалдорларни кечириб ӯтирмади, уни яксон қилмагунча тинчланмади. Диктатор шунчаликка бордики, Ӯзбекистондаги барча олий ӯқув юртларидан сиёсатунослик фанлари фан сифатида ӯқитилиши йӯқоттирди, сиёсатшунослик кафедраларини ёптирди. Сиёсатшуносларнинг ҳаммасини ишсиз қолдирди. У ҳатто қизи Гулнора Каримовага ҳам «нима қилсанг қилавер, аммо сиёсатга аралашма, президент бӯлишни хаёлингга келтирма», деган ёндошувда бӯлган. Диктаторларнинг ӯз тахтларини ҳатто фарзандларидан ҳам қизғанганликлари тарихдан яхши маълум. Биз, шунингдек, бир қанча диктаторларнинг ӯз фарзандлари томонидан тахтдан ағдарилганини ҳам биламиз. Бунга эски консерватив қарашда бӯлган, Қатар давлатининг ривожланишига жиддий тӯсқинлик қилган Қатар амири Муҳаммад ал Тинийни унинг Англияда таҳсил олган ӯғли, либерал иқтисодиёт тарафдори Ҳамад ал Тиний томонидан 1995 йилда ағдарилгани мисол бӯла олади. Янги амир даврида Қатар тезкор суръатларда ривожланди ҳамда бугунги кунда дунёдаги аҳолиси энг бой давлатлардан бирига айланди.

Ислом Каримов Ӯзбекистондаги барча соҳалар ривожланишига энг кучли тӯсқинлик қилиб келаётган золим шахс эди. Биз фаолиятимизнинг дастлабки куниданоқ тинч ва нозӯровон кураш усулини қӯллаган ҳолда уни тахтдан ағдариш учун қӯлимиздан келганча ҳаракат қилдик. Бироқ сиёсий фаолиятимиз учун етарли даражада маблағ топа олмай қийналдик. Аниқроғи,  кучлар тенг эмас эди.   Шу сабабли ҳам биз дунёвий ва демократик тузум тарафдори бӯлган барча ӯзбекистонликларни ҳимоя қиламиз. Амалдаги диктатурага қарши курашга тайёр, Каримов яратган адолатсиз, зулм устига қурилган диктатура тузуми ӯрнига демократик тузум ӯрнатиш тарафдори бӯлган, фақат нозӯравон кураш усулини қӯлловчи ҳар қандай шахс ва гуруҳларни қӯллаб-қувватлаймиз. Афсуски, шунча йиллардан буён бизнинг критерийимизга фақат Гулнора Каримова бошчилигидаги гуруҳгина мос тушди.   

Ӯзбекистонда диктатор ва унинг яқин кишилари ҳар қандай йӯл билан ҳаддан ташқари кӯп бойлик тӯплаш имконига эга. Бу ҳеч кимга сир эмас. Биз уларнинг ҳаммасини мисол тариқасида қора ранг деб олсак, ана шу қора ранглар ичида қолган фақат битта оқ рангнинг ҳолатини бир бор кӯз ӯнгингизда гавдалантириб кӯринг! Қоралар ичида оққа айланиш Ӯзбекистон жамиятидаги юқори элита билан келишиб бӯлмайдиган ҳолдир. Ӯзбекистонда президент оиласига яқин бӯлиш жуда катта шанс, айниқса, Президентнинг қизи бӯлиш  катта имконият ҳисобланади. Кӯпгина шахс ва гуруҳлар бизнес соҳасида президентнинг қизи билан яқиндан ҳамкорлик қилишни исташади. Шундай ҳолларда қонуний йӯллар  билан ҳам жуда катта даромад топиш мумкин. Ана шундай имкониятлардан фойдаланган ҳолда Гулнора Каримова ӯз бойликларини бошқалариники каби ошириб борди. Албатта, биз суд органи эмасмиз, фақат адолатли суд Гулнора Каримовага тегишли бӯлган бойликларга ҳуқуқий баҳо бериши мумкин. Бизни фақат Гулноранинг сиёсий амбицияси ва мақсадлари қизиқтириб келган. Бундай қизиқишларимизга Гулнора Каримованинг ӯтган 26 йил ичида ҳукуматга энг яқин киши бӯлгани ҳолда, режимга қарши ӯз сиёсий қарашларини билдириб келгани туртки берди.

Аслида Гулнора Каримова либерал қарашларга эга аёл. У АҚШда таҳсил олган, демократик қадриятларни яхши билган, эркин бозор иқтисодиётини тушунган раҳбар. Гулнора отаси Ислом Каримовнинг нотӯғри олиб бораётган сиёсатини ӯз вақтида тушунган, англаб етган, мамлакатни тӯғри йӯлга солишни ӯйлаган инсон. Мана шундай вазият ва муҳитда Гулнора Каримованинг кучайган амбицияси шахсан Ислом Каримов ва МХХ томонидан қаттиқ қаршиликларга дуч келди. Гулноранинг асосий мақсади отасининг ӯрнига Ӯзбекистон президенти бӯлиш, мамлакатни бошқариш эди. У отасининг эрка қизи сифатида ӯз истак ва хоҳиши билан ҳозирги режимга қарши курашишга отланди. Дастлабки пайтларда Гулноранинг сиёсий майдондаги ҳаракатлари зое кетмади, ҳатто уни сиёсий фаолиятлардан ҳеч ким тӯхтата олмай қолди. У ӯзининг кучли ташкилотчилигини, ёшларни ӯз ортидан эргаштира олиш қобилиятлари ва бошқа хусусиятларини намоён эта билди. Бу эса режим тарафдорлари, айниқса, МХХ раҳбариятини жуда қаттиқ ӯйлантириб қӯйди. Шу тариқа МХХ Гулноранинг фаолиятини қӯл қовуштириб томоша қилишдан кӯра унга қарши курашишни афзал кӯрди ва ӯз агентларини Гулноранинг ташкилотига кирита бошлади. Агентлар Гулноранинг номини қора қилиш учун тинимсиз изланди, унга қарши ҳар хил бӯхтону туҳматлар уюштирди. Нима эмиш, Гулнора тадбиркорларнинг мол-мулкини тортиб олаётганмиш. Нима эмиш, Гулнора Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа бир қанча давлатларга ӯзбек қизларини фоҳишалик қилишга мажбуран жӯнатаётган эмиш. Нима эмиш, Гулнора тунги клубларда кайф-сафода юрган эмиш ва ҳакозо айблар. Бу каби айб ва туҳматларни биз у қамалмасдан олдин ҳам эшитганмиз. Шу ӯринда ҳақли савол туғилади. Гулноранинг синглиси Лола шунчалик оппоқ эдими? Нега у ҳақида ёмон фикр, гап тарқатилмайди? Чунки у аввал бошданоқ кенжа қиз сифатида отасининг вориси бӯлишга даъвогар эмаслигини расман эълон қилган эди. Шунинг учун ҳам отаси ва ӯзбекистонлик чекистлар унинг ишига аралашмади, бизнесига кӯз олайтирмади.

Шу ӯринда Гулнорага яқин бӯлган, у билан кӯп йиллардан бери ҳамкорликда фаолият юритган Фирдавс Абдухолиқовнинг Гулнора Каримовани қоралаб ёзган мақоласидан иқтибослар келтираман.

«Қисқа вақт ичида ҳудудларда ӯтказилган бундай ижтимоий акциялар оммавий тус олди. Машҳур тадбирларда илгари сурилган таклиф ва ғояларни амалга ошириш биргина ташкилотнинг имкон доирасига сиғмагани сабабли Фонд Форум қошида бир қатор нодавлат-нотижорат ташкилотлар очилди. Нодавлат телерадиостудиялар билан ҳамкорликда ана шундай ғоялардан бири — ёшлар журналистикасини ривожлантириш лойиҳасини амалга оширдик. Бу борадаги ҳаракатларимиз унинг шахсий эътиборида бӯлгани учун ассоциация аъзолари, жумладан, шахсан ӯзим унга кӯп бора миннатдорчилик билдирганман.

Биз, шунингдек, унинг фаолиятини кенг ёритганмиз. Маҳаллий ва хорижий сиёсат арбоблари, иқтисодиёт ва маданият ходимларининг интервью ва мулоҳазаларини эфирга узатганмиз — буларнинг бари бизга куч ва илҳом бағишларди. Бошқа кӯплаб маҳаллий ва хорижий ОАВлар ҳам Гулноранинг «йирик хайрия тадбирлари» ва уларнинг самарадорлиги ҳақида ҳаяжон билан хабар беришар, бу борада кино ва эстрада вакилларининг жӯшқин таассуротларини ҳам эфирга узатишарди. Бошқача қилиб айтганда, бутун мамлакатни қамраб олган хайрия тадбирларида иштирок этаётганларнинг аксарияти уларнинг беғаразлигига ишонишганди».

«2010 йилдан бошлаб эса, Гулноранинг музаффарона одимларини жаҳон матбуотида тарқалаётган, унинг ноқонуний тижорий фаолиятига оид турфа ахборотлар тез-тез таъқиб эта бошлади. Орадан маълум вақт ӯтиб, тадбиркорлик соясидаги яширин хатти-ҳаракатлари ҳеч кимни ажаблантирмай қӯйди.

Гулнора эса, айни пайтда ӯзини оқлаш, мамлакатда ва хорижда уни таъқиб этаётган, амалга ошираётган хайрия ишларига тӯсқинлик қилаётган аллақандай кучларни қоралаш мақсадида тез-тез матбуот анжуманлари уюштира бошлади».

«Айтиш жоизки, ӯша кезлари унинг атрофида ӯзининг тубан режаларини амалга оширишни истаган кимсалар тӯпланди. Турли гуруҳларнинг ӯз таъсир кучини орттириш мақсадидаги бир-бирига қарши ҳаракатлари хорижий матбуот ва мутасадди идораларнинг эътиборига тушди». (http://sof.uz/news/show/10455-firdavs-abduxoliqov-gulnora-karimova-haq).

Муаллиф Гулнорага қарши руҳда ёзган ушбу мақоласи орқали унинг атрофида МХХ жипслашганини билиб-билмай ошкор қилиб қӯйган. Бундан Г. Каримованинг атрофига МХХ ӯзининг агент ва бузғунчиларини киритиб, унинг ишларини чиппакка чиқаришга уринганликлари, Гулноранинг номиини қоралаб, обрӯсизлантиришга ҳаракат қилганликлари аён бӯлади. Биз бу каби ишларнинг бошида МХХ раҳбарияти ва Г. Каримованинг онаси Татьяна Каримова турган, деб айта оламиз.  Қисқаси, Гулнора Каримовада бироз қӯшимча вақт бӯлганда Ӯзбекистонда шубҳасиз рангли инқилоб бӯларди ҳамда ҳозирги диктатура режимига барҳам берилар эди.

— Баҳодир Хон Туркистон, Facebookдаги саҳифангизда «Агар бизда етарлича маблағ бӯлганида эди, Гулнора Каримованинг Ӯзбекистондан АҚШга ёки Европа Иттифоқига экстрадация қилинишини ва бу давлатларда унинг ҳуқуқлари ҳимояланган ҳолда одил суд ӯтказилишини талаб қилиб чиқар эдик», деган фикрингиз ҳам кутилмаган фикр бӯлди. Сизнингча, бу сафар ҳам, яъни ҳукумат ӯзгарган бир пайтда ҳам мамлакатимизда Гулнора ишига доир адолатли суд бӯлмадими? Ахир унинг қилмишлари илк бор расмий турда Ӯзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси томонидан фош қилдику. Фикрингизни кенгроқ шарҳлаб берсангиз.

— Гапнинг пӯсткалласини айтганда, Ӯзбекистонда умуман адолатли судлов тизими йӯқ. Ҳар қандай жиноий ишнинг тергов ва суд жараёнлари, улар томонидан чиқариладиган қарору ҳукмларнинг ҳаммаси аввалбошданоқ МХХ назоратида туради. Агар суд иши таъқиб қилиниши керак бӯлган шахсга тааллуқли бӯлса, судланувчи режимга қарши қисман хавфли саналса-да, у гарчи ҳар томонлама айбсиз бӯлса ҳам барибир қамоққа олинади. Бу ишлар унинг шахсини обрӯсизлантириш мақсадида амалга оширилади. Бордию судланувчи айбини бӯйнига олмаса, у ҳолда қийноқлар остида тергов қилиниб, алал-оқибат бӯйнига қӯйилади ва жазо тайинланади. Тергов вақтида ӯлдирилиш ҳолатлари  Ӯзбекистон Суд-ҳуқуқ тизимида бир неча бор рӯй берган. Бундай ишлар шахсан марҳум диктатор Ислом Каримов ва МХХ раиси Рустам Иноятов билан бамаслаҳат ҳолда амалга оширилган. Президент билиши шарт бӯлмаган, халқаро ҳамжамиятда шов-шув бӯлмайдиган шахсларнинг суд ишлари МХХ раҳбари ва унинг вилоят, туман бӯлимлари раҳбарлари томонидан ёзилган сценарий асосида олиб борилган. Терговлар қийноқлар, зӯравонликлар остида ӯтган, судьялар эса МХХ ёзиб берган суд қарорларини ӯқиб, «жиноий жавобгарлик» ва «жазо»ларни қонунийлаштирган. Прокуратура ходимлари эса МХХнинг ноқонуний аралашувларини тӯхтатиш ӯрнига аксинча улар билан ҳамкорликда ишлаганлар. Шу тариқа ҳар қандай иш юқорининг истак ва хоҳишларига мослаштирилган. Ҳар қандай протестлар йӯқ қилиниб, адолатсиз режим қонунлар доирасида адолатсиз ҳимоя қилинган. Прокуратура ходимлари жойлардаги ҳокимлар, ички ишлар идоралари раҳбарлари билан келишган ҳолда сердаромад тадбиркорларни ноқонуний равишда қамаб, қӯрқитиб, уларга қарши ҳар хил қийноқ ва зӯравонликлар уюштириб, тадбиркорлардан катта поралар олганлар. Ҳозирги кунда Ӯзбекистон прокуратурасининг коррупцион ва ноқонуний ишлар орқали топган даромадларининг ӯзи бир неча ӯн миллиард АҚШ долларини ташкил этиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Хӯш, шундай коррупциялашган ташкилотдан адолатли қонун устуворлигини кутиш мумкинми? Шахсан менинг устимдан айнан прокуратура ходимлари уюштирилган, фабрикация қилинган жиноий иш қӯзғатганлар. Менинг ҳаётимни аслида шулар остин-устун қилиб юборганлар.

Менимча, Гулноранинг жиноий иши ва ӯзи эртами-кечми Ӯзбекистондан четда қайта ӯрганилади, унинг ӯзи қайта суд қилинади ва, ӯйлашимча оқланади. Агар суд унга тегишли пулларнинг катта қисмини ноқонуний ӯзлаштирилган даромад деб топса, суд у ӯзлаштирган пулларни мамлакатда сиёсий ӯзгаришлар бӯлиб, давлат тепасига коррупциядан ҳоли ҳукумат келганда мамлакатга қайтаради. Суд томонидан қонуний деб топилган пуллар эса унинг ӯзида қолади. Бироқ Гулнора ӯзида қолган пул қисми билан ҳам мамлакатдаги сиёсий вазиятга ӯз таъсирини ӯтказа олади.

Энди Гулнора Каримованинг сиёсий фаолиятига эътибор қаратсак: У ғарбча маданият ва дунёқараш таъсирида улғайди ва тарбия топди. У хушомадгӯй эмас, тӯғри сӯз ва ишонувчан аёл.  Унда коммунистик тарбия ва коммунистик ғоялар умуман йӯқ. Демократик қадриятлар, дунёвий бошқарув тарафдори ва эркин бозор иқтисодиётини яхши тушунган мутахассис. Мавриди келганда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев собиқ коммунист, амалдор-аппаратчи, ҳозирги эркин бозор иқтисодиётини умуман тушунмайдиган, ҳатто советча режали иқтисодиётни ҳам яхши билмайдиган буйруқбоз. У советча билими ва советча бошқарув усули билан битта рамкага тушган раҳбар. Уни коммунистик тузум рамкада туришини шакллантирган ва у рамкадан чиқиб кета олмайди, деб ӯйлайман. Бунинг учун у бошқа давлатларда камида 5-10 йил ӯқиб,  бирор соҳада мутахассис бӯлиб ишлаб кӯриши керак эди. Шундан кейингина у ӯз рамкасини синдириб, парчалаб, ӯз билими ва тажрибасига таяниб, мустақил ишларни олиб бориши мумкин. Иккинчидан, у МХХ раҳбари Рустам Иноятов ва марҳум диктаторнинг рафиқаси Татьяна Каримоваларнинг қӯл остидаги қӯғирчоқ раҳбар.  Яъни у илгари кичикроқ рамкада бӯлса, ҳозирги кунда янада каттароқ рамка ичида турибди. Боз устига МХХ раҳбарияти ҳам Кремлга содиқ. Шундай экан, Шавкат Мирзиёевдан катта сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар кутиш хаёлпарастликдан, утопиядан бошқа нарса эмас. Унда ҳаракат бор, аммо барча ҳаракату интилишлари беҳуда ҳамда самара бермайди.

Гулнора Каримовада эса аксинча, ҳеч қандай рамка ва назоратлар йӯқ эди. Аниқроғи, уни на МХХ ва на отаси назорат қила олди. Шунинг учун ҳам у «тайёр рамка»га тушмади. Ӯз позициясида қатъий туриб фақатолдинга томон интилди ва айнан шундай «қайсар» саъй-ҳаракатлари туфайли қамоққа маҳкум этилди. У эркин, ҳур фикрли аёл. Ундан кучли сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар кутса бӯлар эди. Чунки у каби инсонлар ҳеч қачон Ӯзбекистонни рамкага солиб бошқармайди ва буни ӯзи ҳам истамайди. Гулнора Каримова, албатта, ғарб либерализмига ва демократик қадриятларга таянган ҳолда Ӯзбекистонда сиёсий ислоҳотлар олиб бориши аниқ эди. Мен юқорида Қатарнинг собиқ амири Муҳаммад ал Танийни унинг ӯғли Ҳамад ал Таний тахтдан ағдарганини, шу тариқа Қатар янги амир бошчилигида ҳамма соҳаларда кучли ислоҳотлар олиб бориб, дунёдаги энг кучли, аҳолиси бой давлатга айланганини беҳуда тилга олмадим. Қатар амири Муҳаммад ал Таний ҳам бизнинг собиқ президентимиз каби мамлакатда кӯплаб ислоҳотларга қарши бӯлган эди. Гулнора Каримованинг фаолиятига МХХ қарши чиқмаганида марҳум диктатор Ислом Каримов тахтдан ағдарилиб, Ӯзбекистоннинг янги президенти Гулнора Каримова бӯлар эди. Лекин у отаси изидан бормай Ӯзбекистонда барча соҳаларда ислоҳотлар ӯтказган бӯларди. Чунки бусиз унда бошқа чора қолмас эди. Ислоҳотлар бошлангач, албатта, ӯзбек мухолифатининг ватанга қайтишига имкон бериларди. Мухолифатнинг қайтиши, уларнинг мамлакатда сиёсий жараёнларга қатнаша олиши Ӯзбекистондаги ислоҳотларнинг тӯлиқ амалга ошишига имкон берар эди. Мана шундай вазиятларда ҳаммамизнинг олдимизда катта имкониятлар очилар эди.

— Жаноб Баҳодир Хон Туркистон, шу кунларда Г. Каримовага тегишли деб топилган ноқонуний пуллар хусусида ҳар хил гап-сӯзлар юрибди. Айримлар бу пулларни мамлакатга қайтариш керак деган фикрни илгари сурса, бошқалар, аксинча, бу пулларни коррупциялашган Ӯзбекистонга қайтариш керак эмас, деган фикрда. Сиз бу хусусда қандай фикрдасиз?

— Ҳозирги ҳукумат томонидан чет элда ӯқиб, ишлаб юрган ёшларни ватанга қайтариш, уларни ватан равнақига ҳисса қӯшишига даъватлар кӯп бӯляпти. Афсуски, ҳукуматнинг бу ҳаракатлари ҳам самарасиз қолаверади. Бугунги кунда Ӯзбекистонда минимал иш ҳақи 149775 сӯм, яъни 17,6 АҚШ долларини, ӯртача иш ҳақи эса 177 АҚШ долларини ташкил қилмоқда. Агар давлат амалдорининг иш ҳақини тахминан 400 АҚШ доллари деб олсак, ӯртача ҳисобда тӯрт кишилик оила учун киши бошига 100 АҚШ долларидан тӯғри келади. Амалдорларнинг оила аъзолари Ӯзбекистонда 100 АҚШ долларига кун кӯришга рози бӯладими? Бир пайтда Ӯзбекистондаги нарх-наво деярли АҚШдаги нарх-навога етиб қолганда улар учун бу пул етарлими? Йӯқ, албатта. Бугунги амалдорнинг ӯртача бир ойлик  харажатлари тахминан 10000 АҚШ долларини ташкил қилади дейишимиз мумкин. Бугунги аиалдор 400 АҚШ долларини маоши ҳисобидан, қолган 9600 долларни эса порахӯрлик ва коррупциядан топади. Чет элдан қайтиши сӯралаётган ӯзбекистонлик мутахассисларнинг АҚШда ӯртача иш ҳақи ойига 4000 доллар, шунга яраша яшаш учун ҳар ойлик ҳаражатлари 3000 АҚШ доллари. Демак, Ӯзбекистонда уларга 4000 АҚШ долларлик ойлик берилсагина ватанга қайтади. Ҳар бир ислоҳот ёшлардан тӯғри ишлаш, билим, куч-ғайрат талаб қилади. Шунга қараб ҳукумат ҳам ёшларни моддий рағбатлантириши керак, акс ҳолда ёшлар коррупцияга берилиб кетадилар.

Рангли инқилоб бу диктатура тузумларини ислоҳ қилиш учун энг тинч, самарали, нозӯравон кураш усулидир. Диктатурани ағдариш бу бир вазифа бӯлса, мамлакатни бир диктатурадан кейин янги ислоҳотлар билан коррупциядан ҳоли бошқариш бу иккинчи катта вазифадир. Биз Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракатининг иккинчи қӯлланмасида ёш мутахассис ва амалдорларни моддий томондан рағбатлатлантириш, коррупцияга берилиб кетмаслиги учун уларни мулкдорларга айлантириш мақсадида келажакда алоҳида бир миллиард АҚШ доллари атрофида рағбатлантириш фонди зарур эканлигини таъкидлаб ӯтганмиз. Ӯйлашимча, Гулнора Каримова ҳам мамлакат ёшларининг моддий таъминотини ошириш мақсадида алоҳида фондлар ташкил қилган. Чунки ҳукумат бошига келган  ва катта ислоҳотларни бошлаган мамлакат раҳбари ӯз ташаббуси ва назорати остида бошлаган ислоҳотлари самара бергунича камида 1-2 миллиард АҚШ доллари миқдорида ёшларни моддий рағбатлантириш фондлари бӯлиши керак. Акс ҳолда ёшларни қуруқ гап ёки ваъдалар билан  узоқ алдаб бӯлмайди. Агар АҚШ судлари Гулнора Каримовага тегишли пуллар Ӯзбекистонга қайтарилиши ҳақида қарорга келса бу пуллар фақат Ӯзбекистонда ҳақиқий демократик ислоҳотлар ва эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш ва ривожлантириш учун курашаётган Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракатига нозӯравон кураш ортидан Ӯзбекистонда иқтидорга келганидан кейин берилиши керак, деб ҳисоблаймиз. Биз алоҳида фонд ташкил қилиб, ана шу фонд орқали Ӯзбекистондаги турли соҳаларни ислоҳ қилишга киришган ёшларнинг турмуш тарзи яхши бӯлиши учун сарфлаймиз.

— Сизнингча, Гулнора Каримованинг қилмишлари жуда кеч бӯлса-да фош этилиши замирида қандай маънолар мужассам?

— Менимча, Ғарб давлатлари Ӯзбекистондан Гулнора Каримова ишини адолатли тарзда кӯриб чиқишини қатъий турда талаб қилган. Шу сабабли Ӯзбекистон ҳукумати Ӯзбекистонда «адолатли судлов тизими» борлигини ноилож намойиш қилди. Суд ишлари замирида Ӯзбекистоннинг «Биз Гулнорани адолат юзасидан тергаб, суд қилдик, у жиноятига яраша жазосини олди», қабилидаги кӯзбӯямачиликлар мавжуд. Тушунган одамлар бу ишлар Ӯзбекистон ҳукуматининг яна бир бор халқаро ҳамжамиятни алдашга уриниши эканини яхши билишади, деб ӯйлайман.

Рўзибой АЗИМИЙ  

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info