БУТУН ДУНЁДА ПАСПОРТ ГАРОВ СИФАТИДА ОЛИНМАЙДИ, ЛЕКИН ӮЗБЕКИСТОНДА МУМКИН

Мен Бердиалиева Умида Ҳасановна 2017 йилнинг ноябрь ойидан буён олдинги «Бирдамлик» Халқ демократик ҳаракати, ҳозирги «Бирдамлик» Халқ демократик партиясига аъзоман. Мен ҳам барча сафдошларим қатори жорий йилнинг 14-ноябрь куни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ӯтказилиши режалаштирилган Ҳаракатнинг навбатдаги иккинчи қурултойига боришга пухта тайёргарлик кӯргандим. Менга 12-ноябрь куни кеч соат йигирмаларга яқин тасодифан Агробанкдан Ғазал исмли банк ходими телефон қилиб шошилинч равишда банкка паспорт билан келиб кетишимни айтишди. Мен банк ходимига кечки пайтда ҳеч қаёққа бормаслигимни, машинамиз йӯқлигини билдирган эдим у хавотирга тушмаслигимни, уй манзилимни айтсам банк ходими уйимизга келиб паспортимни олиб кетишини, агар ишонмасам мени ҳам банкка олиб боришини айтди. Орада қисқа вақт ӯтгандан кейин уйимизга мен билан телефон орқали гаплашган Ғазал ва яна бир банк ходими келишди. Улар паспортимни ӯзлари билан бирга олиб кетишини, эртага эрталаб қайтариб беришини айтган эди, мен буни лозим топмадим ва банк ходимлари билан бирга банкка бордим. Банкка борганимиздан кейин Ғазал ксерокопия ишламай қолганини, паспортимни эртага эрталаб соат 7-00 да ӯзи қайтариб олиб бориб беришини ваъда қилиб, ӯзига ишонишимни қайта-қайта таъкидлаб хайрлашди. Лекин ваъдага мувофиқ Ғазал эрталаб соат 7-00 тугул 9-00 да ҳам паспортимни олиб келиб бермади. Хавотирга тушиб банкка бордим. Борганимда банк ходимлвридан бири Ғазалнинг ҳали келмаганлигини айтишди, уни кӯп кутишимга тӯғри келди. Келавермагач Агробанк бошлиғи хонасига Ғазалнинг устидан шикоят қилгани кирган эдим у ерда Ғазал ва мен таниган Китоб туман ИИБда ишлайдиган ички ишлар органи ходими суҳбатлашиб ӯтирганига кӯзим тушди. Мен ана шундагина улар паспортимни беҳудага олмаганлигини билдим. Мени кӯрган Ғазал бошлиқ хонасидан чиқиб  ҳисобот беришга шайланди. Ғазалга қараб ИИБ ходимининг эрталабдан банкда нима қилиб юрганини сӯраган эдим у мени чалғитишга уринди. ИИБ ходими банкка гӯёки қандайдир жанжални ҳал қилгани келганлигини билдирди.

Табиийки, мен Ғазалдан паспортимни сӯрадим. У айёрликка ӯтди. Бошлиғи эшитиб қолмаслигини илтимос қилган ҳолда «кеча тунда бир жойга базмга бориб маст бӯлиб қолганини, у ердан кучли сархуш ҳолда укаси олиб кетганини, мастликда курткаси ва куртка чӯнтагида менинг паспортим ҳам қолиб кетганини» худди хизмат кӯрсатган артист унвонига эга актёрлардан ҳам аъло даражада «ижро» этиб берди. Ғазал дастлаб оз вақт кутиб туришимни, паспортимни укаси олиб келиб беришини айтди, мен унинг бу сӯзлари «ӯйин» эканини қалбан билсам ҳам чиқмаган жондан умид дея Ғазалнинг укасини кутишга қарор қилдим,  лекин Ғазал яна ваъдага номувофиқлик қилди. Укасига айтганини қилдиролмаган банк ходими паспортимни олиб келгани чиқиб кетгани бӯйича нақ 3 кун ғойиб бӯлди. Шу куни кечгача банкда Ғазални кутдим. Охири яна такроран банк бошлиғи хонасига кириб ходимининг хатти-ҳаракатларини гапириб бердим. Бошлиқ ӯзини гӯёки ҳеч нарсадан бехабар шахсдек тутиб, Ғазални телефон орқали «росмана» қидиришга тушди. Мен фурсатдан фойдаланиб, банк бошлиғидан ҳам ИИБ ходими банкда нималар қилаётгани сӯрадим. Табиийки, у ҳам худди ходими каби ёлғонларга эрк берди.

Хуллас, 13-ноябрь кунини банк ходими қистовига кӯра ӯз қӯлим билан берган паспортимни қайтариб олиш илинжида деярли бир кунимни банк идорасида ӯтказдим. 14-ноябрь куни уйимизга ҳеч қачон келмайдиган, ҳолимиздан хабар олмайдиган Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Отабек Норбеков ва котиби Акрам Эргашевлар бир неча марта келиб «ҳолимдан» хабар олиб кетишди. Шу куни ҳеч қачон ақл ӯргатмайдиган маҳалла раиси «Давлат ҳамма нарсани, ҳатто шахс томонидан содир этилган жиноятни ҳам кечиришини, лекин хиёнатни асло кечирмаслигини» айтиб, доҳийона маслаҳатлар бериб кетди…

17-ноябрь куни Ғазалдан паспортимни қайтариб олдим. У ҳужжатимни қӯлимга бераркан: шу кунларда қаерга бормоқчи эдингиз? деган савол ташлади. Бизнинг Ӯзбекистонимизда оддий халқни тагида курсиси бор ҳамма соҳа вакиллари бемалол саволга тутаверади.

Аслида бу «тадбир» ДХХ буйруғига асосан Китоб туман ИИБ бошлиғи Шуҳрат Ибрагимов ташаббуси билан олиб борилди. У бу антиқа тадбирни шунчаки ӯзларига гард юқтирмаслиги, бирор кор-ҳол содир бӯлса дунё ҳамжамияти олдида юзлари шувут бӯлиб қолиши олдини олиб, уни Агробанк ҳамкорлигида ӯтказди. Мен бу ҳолатни ҳали 13-ноябрь куниёқ ёлғонларга, фирибларга, айёрона пӯписаларга асосан иш юритадиган жамиятимиз учун нормал ҳолат деб тушуниб етгандим. Бутун дунёда шахснинг паспортини гаров сифатида, алдов йӯллари билан қӯлга киритиш жиноят саналса-да жиноятни уюшган ҳолда содир этувчи биздаги органлар учун жиноят эмаслигини эса аллақачоноқ пухта англагандим.

Умида Бердиалиева,

Марказий Қўмита аъзоси

Copyright © 2018 Birdamlik.Info