2019 йилнинг 22 декабрида Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига нодемократик сайловлар бўлиб ўтди

БАЁНОТ

24 декабрь, 2019 йил.

2019 йил 22 декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига нодемократик сайловлар бўлиб ўтди.

Ушбу сайловларга мухолифат партиялар, жумладан, мухолифатдаги Бирдамлик Халқ Демократик партиясининг иштирок этишига йўл қўйилмади.

Бирдамлик ХДП ушбу сайловда қатнашиш учун 2017 йилдан ҳозирлик кўра бошлаган эди. Шу муносабат билан биз 2018 йилда Ўзбекистонда Бирдамлик Халқ Демократик Партиясининг қурултойини ўтказиш ҳаракатига тушдик.

Аммо Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари партиямиз қурултойини Ўзбекистонда ўтказишга йўл бермади. Натижада биз Қурултойимизни қўшни Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида ўтказишни режалаб, қурултой ишларига жиддий тайёрландик. Афсуски, 2018 йилнинг 14 ноябрида ўтказилиши режаланган қурултойимизга Ўзбекистон Республикаси куч ишлатар тизимлари қўшни Қозоғистон Республикаси куч ишлатар тизимлари билан ҳамкорликда партия лидери ва бир қанча фаолларини 2018 йилнинг 11-14 ноябрь кунларида Қозоғистондан депорт қилишди. Шу тариқа,  партиямизнинг қурултойи ҳатто қўшни Қозоғистон Республикасида ўтказилишига ҳам изн берилмади. Ноилож аҳволда қолган биз партия фаоллари, қурултойни интернет орқали 15-16 ноябр кунлари онлайн тарзда ўтказишга мажбур бўлдик.

Ўзбекистон ҳукмрон доира вакиллари, масъул органлар партиямизни Ўзбекистондан рўйхатдан ўтказишимизга ҳанузгача тўсқинлик қилиб келмоқда. Ҳатто 2019 йил 20 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири номига ёзган хатимиз ҳам жавобсиз қолмоқда. Мухолифатга, шахсан мухолифатдаги Бирдамлик Халқ Демократик Партиясига бўлаётган ҳар хил тазйиқ ва таъқиблар туфайли биз куни кеча бўлиб ўтган Парламент сайловида қатнаша олмадик.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ, агар сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 33 фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса, сайлов ўтган ҳисобланади. Марказий сайлов комиссияси ўз баёнотида сайловда Ўзбекистон аҳолисининг 71 фоизи қатнашди, деб ёлғон ҳисобот берди. Аслида эса сайловда қатнашганлар сони 30 фоизга ҳам етмайди. Боз устига ушбу сайлов ҳам ўта ноқонуний, сохтакорлик ва қўшиб ёзишлар билан бўлиб ўтди. Буни ҳатто халқаро кузатувчилар, нуфузли ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТ ҳам алоҳида таъкидладилар.

Ушбу сайлов ҳокимиятнинг ноқонуний назорати ва қаттиқ кузатуви остида бўлиб ўтганини юртдошларимиз, кенг жамоатчилик, жамоатчилик кенгаши ҳам тасдиқламоқда. Номзодларнинг катта қисми олдиндан ҳокимият томонидан тайинлангани сайловда иштирок этган, аммо адолатсизликлар туфайли ғалаба қозона олмаган номзодлар ҳам эътироф этмоқда.

Тасодифан номзодлари тасдиқланган, мустақил фикрга эга, режим учун хавфли бӯлган баъзи номзодларнинг сайловда ғолиб бўлишига куч ишлатар тизимлари, маҳаллий ҳокимият, қонунчилик органлари ва марказий сайлов коммиссияси ўзаро келишган ҳолда қаттиқ қаршилик кўрсатишди.  Мана шундай номзодлар имкон қадар сайловдан сиқиб чиқарилди.

Сайлов мухолифатнинг иштирокисиз ўтди. Демак ушбу сайлов ҳам нодемократик ва нолегал ҳисобланиши шарт. Шу сабабли сайлов натижалари бекор қилиниши, ноқонуний деб топилиб, қайтадан мухолифат партиялар иштирокида демократик, шаффоф сайловлар ўтказилиши шарт!

Ҳозирги ноқонуний сайлов бекор қилинмас экан, ривожланган демократик давлатлар Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини узиб, Ўзбекистонга қарши санкция қўллашлари керак.

Мухолифатнинг ватанга қайтишига йўл берилмаса Ўзбекистонда халқ пули ҳисобидан ташкиллаштирилиб ўтказилаётган сайлов ўйинлари ҳеч қандай самара бермайди. Бундай сайловлар Ўзбекистон халқининг равнақи, фаровонлигига эмас, балки ноқонуний йўллар билан ҳукуматни эгаллаб олган Президент Мирзиёев бошчилигидаги бир тўда амалдорларнинг шахсий бойиши учун хизмат қилади, холос. Ушбу сайловдан кейин Ўзбекистон халқи яна 5 йил диктатура қучоғига ирғитилиб, адолатсизлик қурбонига айланади.

Биз бугунги кунда Каримов-Мирзиёев режимини қўллаётган айрим ривожланган демократик давлатларни Мирзиёев ҳукуматидан мухолифатдаги Бирдамлик Халқ Демократик Партиясини Ўзбекистонда мухолиф партия сифатида қонуний рўйхатдан ўтишига оид босимлар ўтказишга чақирамиз.

Бирдамлик Халқ Демократик Партияси Бошқарув Кенгаши

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info