АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк 17 феврал куни расмий ташриф билан Тошкентга келди. Одатда президент Каримов билан учрашадиган Блейк бу гал Тошкентда вазир даражасида қабул қилинди.
Ушбу ташриф давомида Блейк Ўзбекистон расмийлари билан сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккинчи даврасини ўтказади, ҳамда Ўзбек-Америка бизнес форумида иштирок этади.
АҚШ дипломати шунингдек инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва маҳаллий билан журналистлар учрашади.
Блэйк ташрифигача АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида йиғилиб қолган энг ўткир масалаларга тўхталсак:
Хабарларга кўра, яқинда Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали Афғонистонга ўтувчи АҚШ ва НАТО юклари учун транзит ҳаққини оширган.
АҚШ эса, ўзининг Ўзбекистонга бериладиган молиявий ёрдамини бир оз камайтирган.
Ўзбекистон томони АҚШ нинг Ўзбекистондаги собиқ дипломати Жон Пурнелнинг “Wikileaks” томонидан ошкор қилинган ёзишмалари борасида жавоб берганича йўқ. Ушбу ёзишмаларда АҚШ дипломати бевосита президент Каримов оила аъзоларининг уюшган жиноий гуруҳлар билан яқин алоқада эканлиги ҳақида ёзган эди.
АҚШ президенти Барак Обаманинг Миср ва Тунисдаги воқеалардан сўнг авторитар ҳукмдорларга қарата билдирган огоҳлантируви ҳам Ўзбекистон ҳовлисига отилган яна бир тош бўлди дейиш мумкин.
Муносабатларнинг мазкур ўткир қирраларини АҚШ ва Ўзбекистон расмийлари асосан четлаб ўтиши кутилмоқда. Озодлик радиоси Роберт Блейк ташрифини “Twitter” ёрдамида қадамба- қадам кузатишга ҳаракат қилади.



