ГУСТАВ ЯНОУХНИНГ ФРАНТС КАФКА БИЛАН СУҲБАТЛАРИДАН

Кафка прагалик ёзувчи Оскар Баум болалигида немис мактабида ўқиганини гапириб берди. Одатда, дарсдан кейин уйга қайтишаётганда немис ва чех болалар ўртасида тўполонлар рўй бериб турган. Бир сафар шундай тўполонда Оскар Баумнинг кўзларига қаламдон билан уришган ва кўзларининг тўр пардаси кўчиб, у кўр бўлиб қолган.

— Яҳудий Оскар Баум немис сифатида кўзидан айрилган, аслида у ҳеч қачон немис бўлмаган ва уни ҳеч қачон немис деб ҳисоблашмаган. Эҳтимол, Оскар — Прагадаги немис яҳудийларининг қайғули тимсолидир.

* * *

Чехлар билан немисларнинг муносабатлари борасидаги суҳбатда Г.Яноух бу миллатлар бир-бирини яхши тушунишлари учун чех тарихини немис тилида нашр этиш керак, деди.

— Фойдаси йўқ. Уни ким ўқийди? Чехлар билан яҳудийларми? Немислар ўқимаслиги аниқ, улар бу тарихни билишга, ўқишга уринмайди ҳам. Улар фақат эгаллашни ва бошқаришни хоҳлайди, тушуниш, одатда, бу йўлда тўсиқ бўлади, холос. Ёнингдаги одам ҳақида ҳеч нарсани билмасанг, уни эзишинг осонроқ кечади. Ўшанда виждон қийнамайди…

* * *

Кафка Г.Яноух олиб келган Алфонс Пакенинг «Рус инқилобининг руҳи»22 китобини варақлайди.

— Ташаккур. Ҳозир менинг вақтим йўқ. Афсус. Россияда одамлар мутлақо адолатли дунё қуришга уринишаётир. Бу, аслида, хурофий иш.

— Бироқ болшевизм динга қарши чиқаётир.

— У буни шунинг учун қилаётирки, чунки унинг ўзи — дин. Интервенция, исён ва қамаллар — нимадан далолат? Бу дунёда қутуриб авж оладиган, беқиёс шафқатсиз урушларнинг кичик муқаддималари…

* * *

Байроқлар ва шиорлар кўтариб йиғилишга бораётган ишчиларнинг каттагина тўдасини кўриб Кафка деди:

— Бу одамларнинг ўзларига ишончлари жуда баланд, улар қатъиятли ва яхшигина оёқлантирилган. Улар кўчани тўлдириб боришаётир ва шундан ўзларича дунёни эгалладик, деб ўйлашади. Бироқ улар хато қилишади. Уларнинг ортида котиблар, амалдорлар, устаси фаранг сиёсатчилар — ҳозирги замоннинг жами султонлари туришибди ва бу оломон улар учун ҳокимиятга йўл очаётир.

— Сиз омманинг кучига ишонмайсизми?

— Мен уни, бу тартибсиз, тийиқсиз бўлиб кўринган оломон кучини кўриб турибман, у ўзини тийиб, тартибга солиб қўйишларини хоҳлайди. Ҳар қандай ҳақиқий инқилоб якунида қандайдир Наполеон Бонапарт пайдо бўлади.

— Сиз рус инқилобининг бундан кейин кенг ёйилиб боришига ишонмайсизми?

— Тошқин қанчалик кенг ёйилса, сув шу қадар саёз ва бўтана бўлиб боради. Инқилоб тумандай тарқаб кетади ва фақат янги бюрократия қолади. Жафокаш инсониятнинг кишани канцелярия қоғозидан23 қилинган.

* * *

Г.Яноух Кафкага социал-демократлар клубида марксчи талабалар уюшмаси ташкил қилган Россиядаги воқеаларга бағишланган маъруза ҳақида гапириб берди.

— Мен сиёсат ишларини сира тушунмайман. Бу, албатта, камчилик, мен ундан бажонидил халос бўлардим. Бироқ менинг камчиликларим бисёр! Жуда яхши билганларим ҳам ёдимдан тобора кўтарилиб кетаётир. Макс Бродга ҳавасим келади, у сиёсатнинг мураккаб, чалкаш муаммоларини ҳам бинойидай тушунади. У рўй бераётган воқеалар ҳақида менга тез-тез, эринмай узоқ гапириб беради. Мен, ҳозир сизни эшитиб турганимдай, унинг гапларини тинглайман, шунга қарамай уларни тўла-тўкис тушунолмайман.

— Мен тушунарсиз гапираяпманми?

— Сиз мени тушунмадингиз. Сиз яхшилаб гапириб бердингиз. Гап менинг тушуна олишимда. Уруш, Россиядаги инқилоблар ва бутун дунёдаги бахтиқароликлар менда ёвузлик селидай тасаввур уйғотади. Бу тошқин. Уруш тартибсизликлар тўғонини очиб юборди. Инсоният уйининг таянч устунлари қулаётир. Тарихий жараён шахсларнинг эмас, балки фақат оломоннинг қўлида. Бизни туртишаётир, сиқишаётир, суриб кетишаётир. Биз тарихий ўзгаришларга дучор бўлаяпмиз.

— Бундан чиқдики, сизнингча, одам энди олам бунёдкори ҳисобланмас экан-да?

— Сиз яна мени тушунмадингиз. Аксинча, одам дунёни қуриш ва бунинг масъулиятини бўйнига олишни рад этди.

— Йўқ, бундай эмас. Ишчи партиялар сафининг ўсиб бораётганини кўрмаяпсизми? Омманинг фаоллашаётганини-чи?

— Ҳамма гап шунда-да. Ҳаракат бизни мушоҳада юритишдан маҳрум этади. Бизнинг дунёқарашимиз тораяди. Ўзимиз буни сезмаган ҳолда, тирик туриб, йўлимиздан озамиз.

— Одамлар жавобгарликни ҳис этмай қўяди, демоқчимисиз?

— Биз шундай яшаяпмизки, гўё ҳокими мутлақмиз. Шунинг учун қашшоқликка юз тутамиз.

— Бу нимага олиб келади?

— Фақат истак ва ваъдалар қолади, холос. Бироқ улар ишонч туғдирмайди.

— Агар ишонч бўлмаса, у ҳолда ҳаётнинг ўзи нима?

— Ҳалокат. Эҳтимол, йўлдан озиш, гуноҳкорлик.

— Гуноҳ нима?

— Гуноҳ нима… биз сўзни ва амални биламиз, бироқ биз ҳис этишни ва англашни унутганмиз. Эҳтимол, шунинг ўзи лаънатдир, яратганнинг қаҳри, нодонликдир… Мен сизга айтган бу гапларни ўйлаб бошингизни қотириб ўтирманг.

— Нега? Ахир, сиз жиддий гапирдингиз-ку.

— Шунинг учун ҳам. Менинг жиддийлигим сизга худди заҳардек таъсир қилиши мумкин. Сиз ёшсиз.

— Бироқ ёшлик ғўрлик эмас. У менинг ўйлашимга халал бермайди.

— Кўриб турибман, биз бугун ҳақиқатан ҳам бир-биримизни тушунмадик. Бироқ шундай бўлгани яхши. Тушунмаслик сизни менинг аччиқ умидсизлигимдан ҳимоя қилади, бу умидсизликнинг ўзи гуноҳ.

* * *

«Инсоният озодлиги: ўтмиш ва ҳозирги даврдаги эркпарвар ғоялар» номли китобни варақлаётиб, Кафка Арнолд Бёклиннинг «Уруш» ва В.В.Верешагиннинг «Урушнинг оқибати» картиналари нусхаларига узоқ тикилди.

— Туб моҳиятига кўра, уруш ҳали ҳаққоний тасвирланмаган. Одатда, алоҳида бир воқеа ёки унинг оқибатларини кўрсатишади — мана бу калла суяклари уюми каби. Бироқ урушда энг даҳшатлиси — барча мавжуд кафолатлар ва битимлар йўққа чиқади. Жисмоний, табиий воситаларнинг овози ўчирилади, руҳий-маънавий қадриятлар бўғиб ташланади. Бу худди саратон касаллига ўхшайди. Одам бир неча йил, ойлар, кунлар, соатлар эмас, балки атиги саноқли сонияларни яшайди. Ва ҳатто у шу сонияда яшамайди ҳам, балки уни англайди, холос. У шунчаки нафас олади.

— Бу ўлим яқинлигини ҳис этиш оқибатидан, шекилли.

— Бу ўлим нималигини билиш ва ундан қўрқиш оқибатидан.

— Барибир эмасми?

— Йўқ, булар бир нарса эмас. Ҳаётнинг моҳиятини тўла-тўкис англаган одам ўлимдан қўрқмайди. Ўлимдан қўрқиш амалга ошмаган, яшалмаган ҳаётнинг ҳосиласи, холос. Бу ҳаётга хиёнатнинг ифодаси.

* * *

Урушдан кейинги йиллардаги сон-саноқсиз анжуманлар хусусида:

— Бундай катта сиёсий йиғинларнинг савияси қаҳвахонадаги оддий учрашувдан фарқ қилмайди. Иложи борича қисқа гапириш ўрнига беҳад кўп ва жар солиб гапиришади. Бу ниҳоятда сершовқин жимлик. Бундай анжуманларда минбар ортида — бир четда яширинча пишитиладиган ишлар ҳақиқатан ҳам муҳим ва қизиқарли бўлади, бироқ улар ҳақида бир оғиз эслатилмайди ҳам.

— Бундан чиқдики, сизнингча, матбуот ҳақиқатга хизмат қилмайди.

— Ҳақиқат ҳаётдаги шундай камёб улуғ қадриятлар сирасиданки, уларни сотиб олиб бўлмайди. Одам уларни туҳфа каби, худди инъом этилган севги ёки гўзалликни олгандай олади. Газета эса — товар, у билан савдо қилишади.

— Демак, матбуот инсониятни чалғитишга хизмат қилар экан-да.

— Йўқ, йўқ! Ҳаммаси, жумладан, ёлғон ҳам ҳақиқатга хизмат қилади. Бироқ соялар қуёшни ўчиролмайди.

* * *

Бир газетадаги мақолада Европада тинчликнинг истиқболи ёмонлиги ҳақида сўз юритилади.

— Бироқ тинчлик шартномаси узил-кесил ҳал этилган-ку, ахир, — деди Г.Яноух.

— Узил-кесил ҳал этилган нарсанинг ўзи йўқ. Авраам Линколннинг сўзлари билан айтганда, адолатли ҳал этилмаган муаммони узил-кесил ҳал этилган, деб бўлмайди.

— Бу қачон амалга ошади?

— Ким билади? Одам худо эмас. Тарих ҳар қандай аҳамиятсиз дақиқанинг хатоликлари ва қаҳрамонликларидан яралади. Дарёга тош отишганда, сувда ҳалқалар ҳосил бўлади. Бироқ аксарият одамлар жавобгарликни чуқур англамаган ҳолда яшайди, менингча, барча кулфатларнинг илдизи шунда.

— Макс Хёлц24 ҳақида нима дейсиз?

— Ёвузлик воситасида эзгуликка эришиб бўларканми? Туб моҳиятига кўра, тақдирга қарши боришга уринаётган куч — ожизликнинг ўзи. Борини беришга ва борича қабул қилиб олишга тайёр одам кучлидир. Бироқ буни маркиз де Сад тушунмайди.

— Маркиз де Сад?

— Ҳа, маркиз де Сад, сиз менга кўрган-кечирганларини ўқишга берганингиз, ўша — замонамизнинг чинакам ҳомийси… У бошқаларни азоб чекишга мажбур этибгина қувончни ҳис этади, худди бойларнинг ҳузур-ҳаловати камбағалларнинг қашшоқлашуви ҳисобига бўлганидай.

* * *

Г.Яноух Кафкага Винсент Ван Гог чизган картина нусхасини кўрсатади.

— Нофармон тун қўйнида қаҳвахона олдидаги бу боғ нақадар чиройли. Бошқа картиналар ҳам яхши. Бироқ бу боғ мени мафтун қилади. Сиз унинг расмларини биласизми?

— Йўқ, билмайман.

— Афсус. Улар «Жиннихонадан хатлар» китобида қайта босилган. Эҳтимол, бирор жойда бу китобни кўриб қоларсиз. Мен расм чиза олишни жуда орзу қиламан. Доим бунга уринаман. Бироқ уринишларимдан ҳеч иш чиқмайди. Чизганларим нуқул аллақандай мавҳум чизмалар, кейин уларни ўзим ҳам тушунолмайман.

* * *

Экспрессионист шоирларнинг антологияси25 ҳақида:

— Бу китоб менинг кўнглимни хуфтон қилди. Шоирлар одамларга пешвоз чиқишиб уларга қўл узатишади. Бироқ одамлар дўстона узатилган қўлларни эмас, балки титраб-қақшаган кўзларни ва юракларни мўлжалга олган муштларни кўрадилар.

* * *

Платоннинг идеал давлат қонунларига доир асарининг янги нашри ҳақидаги суҳбатда Г.Яноух муаллифнинг бундай давлат таркибига шоирларни киритмай тўғри қилганига шубҳа билдирди.

— Бу тушунарли. Шоирлар одамларнинг кўзини очмоқчи ва шу билан мавжуд тузумни ўзгартирмоқчи бўлишади. Шунинг учун улар давлатга ёт унсурлар ҳисобланишади, ахир, улар ўзгариш бўлишини хоҳлашади-да. Давлат эса, ўзининг садоқатли аёнлари билан якдил — қоядай маҳкам туришни хоҳлайди.

* * *

Француз тасвирий санъати кўргазмасидаги Пикассонинг картиналари орасида кубистик натюрморт ва оёқлари ҳайбатли пуштиранг аёллар тасвирланган расмлар бор эди. Пикассо — «бебош деформатор», деди Г.Яноух.

— Мен бундай деб ўйламайман. У шунчаки, ҳали бизнинг онгимиз англаб етмаган хунукликни кўрсатган. Санъат — кўзгу, айрим пайтларда соатга ҳам ўхшайди — «олдинга кетиб қолади».

* * *

Конструктивистча картиналарнинг фотосуратларини томоша қилаётиб:

— Буларнинг барчаси ғаройиб Америка ҳақидаги, чекланмаган имкониятларнинг сеҳрли диёри ҳақидаги орзулар, холос. Бу, албатта, тушунарли, зотан, Европа торайиб, чекланишлар авжига чиққан мамлакатга айланиб бораётир.

* * *

Георг Гросснинг26 сиёсий мавзудаги расмлари нашрини варақлаётиб, Яноух: «Бу нафрат-ку!», деди.

— Умиди саробга айланган ёшлар. Бу муҳаббатга имкон йўқлиги оқибатида юзага чиққан нафрат. Кучли таъсир кўрсатишга интилиш — кучсизликнинг натижаси. Расмлардаги умидсизлик ва шафқатсизликнинг илдизи шунда. Айтганча, бир баёзда мен Гросснинг аллақандай шеърларини ўқидим.

Кафка расмларга ишора қилиб деди:

— Бу чизилган адабиёт.

* * *

Георг Гросснинг расмлари босилган китобни27 варақлаб:

— Капитал ҳақида эскича тасаввур — цилиндр кийган бақалоқ эркак камбағалларнинг пули устида ўтирибди.

— Бироқ бу фақат мажоз-ку, ахир.

— Сиз «фақат» дейсиз! Мажоз одамларнинг миясида ҳақиқий аҳвол шундай экан, деган фикрни туғдиради, бунинг нотўғрилиги эса ўз-ўзидан равшан. Бироқ янглиш фикр аллақачон пайдо бўлиб бўлган.

— Бундай тасвир нотўғри демоқчимисиз?

— Мен мутлақо бундай демоқчи эмасман. Тасвир ҳам тўғри, ҳам нотўғри. У бир жиҳатдан тўғри. Нотўғрилиги эса, ўша бир жиҳатнинг яхлит тасаввур сифатида кўрсатилганида. Цилиндр кийган бақалоқ камбағалларнинг елкасига чиқиб олган. Бу тўғри. Бироқ бақалоқ капитализмни акс эттиради, ана шуниси тўғримас. Бақалоқ муайян система доирасида камбағаллар устидан ҳукмронлик қилади. Бироқ унинг ўзи система эмас. У ҳатто бу системанинг ҳукмдори ҳам эмас. Аксинча, бақалоқнинг ўзи ҳам кишанда — у системанинг қули, бироқ расмда бу кўрсатилмаган. Тасвир тўлиқ эмас. Шунинг учун уни яхши, деб бўлмайди. Капитализм — бу ичкаридан ташқарига, сиртдан ичкарига, юқоридан қуйига ва қуйидан юқорига боғланиб кетган система. Ҳаммаси узвий, боғлиқ, ҳаммаси бир-бирига занжирбанд. Капитализм — дунёнинг мавжуд ҳолати ва жони…

* * *

— Ҳаққоний реаллик доимо ғайриҳаётий. Ёғочга ишланган хитой рангли гравюраларидаги аниқликка, тиниқлик ва ҳаққонийликка қаранг. Қанийди, шундай гапира олсанг!

* * *

— Ифода шакли менга унчалик тушунарли эмас, — деди Г.Яноух «Червен» журналида босилган Йозеф Чапекнинг линолеумга ишланган гравюраси ҳақида.

— У ҳолда сиз унинг мазмунини ҳам тушунмайсиз. Шакл мазмуннинг ифодаси эмас, балки мазмунга қизиқтириб жалб этадиган жиҳат, мазмунга кириладиган эшик, унга олиб борадиган йўл. У ҳаракатга хоҳиш туғдирса — шунда қасрнинг сир тутилган орқа тарафи ҳам очилади.

* * *

Прагада чиқадиган журналлардан бири сўровнома ўтказди. Унинг биринчи саволида: «Ёшлар санъати борми?» дейилганди. Г.Яноухнинг: саволнинг бундай берилган ғалати, негаки ё фақат санъат бор ёки ясамалик, дея билдирган эътирозига жавобан Кафка шундай деди:

— Бу саволда урғу «санъат» — отга эмас, балки белгиловчи сифат — «ёшлар»га берилаётир. Бундан англашиладики, саволни бераётган одам ижодкор ёшларнинг борлигига жиддий шубҳа билан қарайди. Бизнинг давримизда, ҳақиқатан ҳам, эркин, бирор-бир ғам-ташвишдан холи ёшларни кўз олдингга келтириш мушкул. Бу йилларнинг даҳшатли тошқини ҳаммасини ғарқ қилди, лойга белади. Жумладан, болаларни ҳам. Лойқа билан ёшлик, шубҳасиз, бир-бирини истисно этади. Бироқ, қаранг, ҳозирги ёшларнинг аҳволи қанақа? Улар лойқадан жирканмайди, уни ўзларига яқин олади. Лойқанинг устунлиги одамларга маълум. Ёшликнинг устунлигини эса улар унутишган. Шунинг учун улар ёшликнинг ўзига бўлган ишончига ишонқирамай қарашади. Ёшликка хос сурурли ишончдан холи санъат қанақа бўларкан?.. Ёшлик кучсиз. Ташқаридан бўлаётган босим эса жуда кучли. Ҳимояланишга мажбур бўлиш ва айни пайтда ён бериш башарани тириштириб юборадиган даражадаги оғриқли титроқни пайдо қилади. Ёш мусаввирларнинг тили ошкор этишдан кўра кўпроқ яширади.

Г.Яноух ўзи учратган ёш ижодкорлар, одатда, қирқ ёш атрофида эканини айтди.

— Тўғри. Кўпчилик бой берилган ёшлигининг ҳиссасини энди чиқаришаётир. Улар болаликда ўйнамаган бекинмачоқ, ҳиндулар каби ўйинларини энди ўйнашаётир. Албатта, улар қўлларида ўйинчоқ ўқ-ёй билан шаҳар боғидаги йўлакларда шовқин солиб чопқилашмайди. Йўқ! Улар кинотеатрда ўтиришади ва саргузашт филмларни кўришади. Шу, холос. Кинотеатрнинг қоронғу зали — улар бой берган ёшликнинг сеҳрли фонари.

* * *

Ёш ёзувчилар ҳақидаги суҳбатда:

— Мен ёшларга ҳавас қиламан.

— Бироқ сиз ҳали қариб қолганингиз йўқ-ку.

— Мен қариман, худди Абадий гушнадай… Мана, энди мен бу гапим билан ростдан ҳам сизни чўчитдим. Бу ҳазил қилиш учун бир уқувсиз уриниш, холос. Бироқ ёшларга мен чиндан ҳавас қиламан. Одамнинг ёши улғайгани сари, дунёқараши ҳам кенгайиб боради. Яшаш имкониятлари эса, аксинча, торайиб кетаверади. Охирида фақат биргина кузатишга, нафас чиқаришга имкон қолади. Шу сонияда одам босиб ўтган умр йўлига бир назар ташласа керак — биринчи ва энг сўнгги марта.

* * *

Г.Яноухнинг портфелидаги китоблар орасида детектив романни кўриб:

— Буни ўқиётганингиз учун ҳечам хижолат чекманг. Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо»си ҳам, мазмун-моҳиятига кўра, детектив роман. Шекспирнинг «Гамлет»и-чи? Бу детектив пиеса. Воқеалар кейинчалик ошкор бўлиб борадиган сирга асосланган. Бироқ ҳақиқатдан ҳам Катта сирнинг ўзи бормикан? Санъат ҳар доим ҳақиқат сари йўлга тушган экспедиция.

— Ҳақиқатнинг ўзи нима?

— Сиз мени, афтидан, ноўрин жумламдан илинтирганга ўхшайсиз. Аслида бу ундай эмас. Ҳақиқат — ҳар бир одам учун ҳаётда энг зарур нарса ва шунга қарамай буни кимдандир олиш ёки харид қилиш иложсиз. Ҳар ким уни ўз ботинида мунтазам яратмоғи даркор, аксинча, ҳақиқат ҳалок бўлади. Ҳақиқатсиз ҳаёт йўқ. Эҳтимол, ҳақиқат ҳаётнинг ўзидир.

* * *

Оскар Уайлднинг «Ниятлар» номли мақолалар тўпламининг немисча таржимасини варақлаб:

— Бу жилваланиб, ўзига жалб этади, фақат оғу шундай жилваланиб, ўзига торта олади.

— Сизга бу китоб ёқмайдими?

— Мен бундай демадим. Аксинча, бу китоб осонгина ёқиб қолиши мумкин. Ва унинг бир хавфли томони худди шунда. Ҳақиқат билан ўйнашиб ёзилган китоб хавфли. Ҳақиқат билан ўйнашиш ҳар доим ҳаёт билан ўйнашишдир.

* * *

Татрадаги санаторияга жўнаб кетишга ҳозирланаётган Кафка билан хайрлашаётиб, Г.Яноух унинг тез-орада соғайиб кетишига умид билдирди, «келажакда ҳаммаси жойига тушади, ҳаммаси яхши томонга ўзгаради», деди. Унинг шу гапидан сўнг Кафка қўлини кўкрагига қўйиб деди:

— Келажак бу ерда, ичда. Ўзгариш — бу ичдаги яранинг очилиши, холос.

— Соғайиб кетишингизга ишонмайсизми, унда нега санаторияга бораяпсиз?

— Ҳар қандай судланувчи суд ҳукмининг иложи борича орқага сурилишига эришишга уринади.

Tugadi.Bu gurungning avvali bunda:

yozuvchi.uz/Toshkent-non-shahri

yozuvchi.uz/Birortamizning-vijdonimiz-toza-emas

Ahmad Otaboy tarjimasi

ИЛОВА

Густав Яноухнинг Франтс Кафка

билан суҳбатларидан

Чехиялик мусиқачи ва адабиётчи Густав Яноухнинг (1903-1968) «Кафка билан суҳбатлар» китоби алоҳида хусусиятга эга.

Г.Яноух Кафка билан 1920 йили мартда «Arbeiter-Unfaal-luersicherungsanstflt» ижтимоий суғурта жамияти идорасида танишади. Бу идорада Кафка билан бирга Яноухнинг отаси хизмат қилган. Бир куни у ҳамкасбига ўғлининг шеърларини кўрсатади. Шундан сўнг Г.Яноух Кафка билан тез-тез учрашиб, суҳбатлашиб туришади. Г.Яноухнинг айтишича, 1926 йили Кафканинг ҳикояларини чех тилида нашр этишда қатнашаётганда у ношир Йозеф Флориандан кундаликларидаги Кафкага доир қайдларни нашрга тайёрлаш ҳақида таклиф олади. Г.Яноух кундаликларидаги шундай қайдларни кўчириб, чех тилига таржима қилиб Й.Флорианга беради, бироқ ўшанда бу иш нашргача бориб етмайди. Урушдан кейин у қоғозлари орасидан ва дўстларидан ўзининг чехча-немисча, немисча-чехча қўлёзмаларини топади, «Эски хотираларни тартибга солиш, саралаш ва қайта кўчириш билан чекланиб», «Кафка билан суҳбатлар», «Қайдлар ва хотиралар»ни (1951) нашр эттиради.

Албатта, Г.Яноухнинг китоби танқидий ёндошишини тақозо қилади: чунки, биринчидан, бу хотира, «хотирланаётган» одам ҳақида тўғридан-тўғри айтилган гаплар эмас; иккинчидан, 17-18 ёшли ўсмир Кафка билан учрашган ва суҳбатлашган вақт билан бу ҳақдаги қайдлар чоп этилган вақт орасида йигирма беш йил борлигини ҳам назарда тутиш керак: қолаверса, хотира ва қайдлар қандай мезонларга кўра «сараланган ва қайта кўчирилган»и бизга қоронғи. Бироқ бу масалада, афтидан, М.Броднинг бу ишга муносабатини эътиборга олиш лозим бўлади. У «Franr KAFKA. EINE Viographie» номли китобининг янги боб ва янги маълумотлар билан тўлдирилган учинчи нашрида 1947 йили Г.Яноух хотиралар қўлёзмасини юборганини айтиб, шундай ёзади: «Яноух келтирган Кафканинг гаплари ҳақиқий ва чинлигига ишонч уйғотади, уларда Кафканинг суҳбат тарзига хос белгилар яққол сезиларди — қайдларда бу услуб унинг асарларидагидан кўра қуюқ, нисбатан тиниқ. (…) Шунингдек, Яноух билан суҳбатларида муҳокама этилган мавзулар доираси ҳам, Кафка билан қилган кўплаб суҳбатларим туфайли, менга таниш ва уларда мен Кафкани қизиқтирган асосий масалаларни ҳеч бир қийинчиликсиз кўриб турибман».

Бу гувоҳлик ҳам, албатта, субъектив ва биз унга асосланиб Г.Яноухнинг китобини сўзсиз ишончли ҳужжат сифатида қабул қила олмаймиз. Шунга қарамай уни (асосан, адабиёт ва санъатга алоқадор, шунингдек, дунёқараши билан боғлиқ айрим муаммоларга доир фикрларини танлаб) тўпламга киритдик, зотан, бу китоб ҳам «Жаҳон кафкашунослигини » ташкил этган манбалар қаторидан мустаҳкам жой олган.

Мазкур тўпламга киритилган Кафканинг фикр-мулоҳазалари Г.Яноух китобининг қарийб ярмини ташкил этади. Учрашув ва суҳбатлар билан боғлиқ вазиятлар, ҳолатлар баёни, ташқи тавсифлар, Кафканинг суҳбат чоғидаги хатти-ҳаракатлари («Хижолат тортиб кулди», «ғамгин кулимсиради», «ўйланиб қолди»), имо-ишоралари ва ҳоказолар, Яноухнинг изоҳлари ҳам қолдириб кетилди. Биз фақат Кафканинг фикр билдириши учун туртки берган нарсага эътибор қаратдик ҳамда суҳбатдошининг орада ташлаб турган луқмаларини келтириб, уларни курсив ҳарфларда бердик.

ИЗОҲЛАР:

1. Ледерер, Эрнст (1904 — ?) — немис шоири ва мусаввири. Испаниядаги фуқаролар уруши қатнашчиси, немис концентрацион лагерида ҳалок бўлган.

2. Бу ўринда гап немис шоири ва драматурги Валтер Хазенклевернинг (1890-1940) «Халоскор» номли ҳамда австрялик драматург Артур Шницлернинг (1962-1931) «Яшил тўтиқуш» номли бир пардали пиесалари ҳақида кетаётир. Валтер Хазенклевернинг «Ўғил» (1914) драмасини саҳнага олиб чиқиш йигирманчи йилларда немис экспрессионистлари орасида урф бўлган.

3. Синг, Жон Миллингтон (1871-1909) — ирланд драматурги, унинг «Ғарб қаҳрамони» пиесаси дастлаб 1907 йили эълон қилинган эди.

4. Каспар Гаузер — сирли «топиб олинган бола», 1828 йили Нюрнбергда пайдо бўлган. Якоб Вассерманнинг «Каспар Гаузер ёхуд Юрак танбаллиги» романи унинг тақдирига бағишланган.

5. Эрнст Вайснинг (1884-1940) «Таня» драмаси 1920 йили ёзилган.

6. «Икки бошли нимфа» — немис ёзувчиси, экспрессионизм назарётчиси Казимир Эдшмиднинг (1890-1966) адабиёт ва ҳаёт ҳақидаги мақолалар китоби.

7. Яшаш ва севилишга… — Бу ўринда Кафка ёки Яноух томонидан «Фауст»дан олиб айтилган сатр хато ишлатилганми ёки атай ўзгартириб келтирилганми («Фауст»да: «Яшаш ва озодликка…» дейилган) — аниқлашнинг иложи бўлмади.

8. Моргенштерн, Кристиан (1871-1914) — немис шоири; «Дорга осилган одам қўшиқлари» тўплами (1905) муболағали-хаёлий шеърлардан таркиб топган; «Поғоналар. Кундаликдаги афоризмларда акс этган ҳаёт қиссаси» тўплами 1918 йили чиққан.

9. Алтенберг, Петер (1859-1919) — австриялик ёзувчи, шаклига кўра кичик-кичик жуда ажойиб ҳикоялар, лавҳалар, афоризмлар муаллифи.

10. Мейринк, Густав (1868-1932) — австриялик ёзувчи; «Голем» — ўрта аср яҳудий ривояти бўлиб, Г.Майринкнинг шу номдаги романига асос қилиб олинган.

11. Бехернинг «An den schlat» (1918) сарлавҳали шеъри назарда тутилади.

12. Эрнштайн, Алберт (1886-1950) — австриялик лирик ва новеллачи. Экспрессионистик услубдаги «Тубуч» қиссаси (1911) унинг илк китоби бўлиб, китобга дўсти, мусаввир ва драматург Оскар Кокошки (1886-1980) расмлар чизган. Урушга ва империализмга қарши ёзилган «Инсоният фарёди» номли шеърлар тўплами 1916 йили чоп этилган.

13. Шляф, Иоганнес (1862-1941) — немис ёзувчиси.

14. Мареш, Михаэл — чех шоири, у билан Кафка 1909 йили танишган ва улар биргаликда милитаризм ва клерикализмга қарши чиқишлар қиладиган сўл анархиячиларнинг «Klub mladych», ишчиларни сиёсий ва иқтисодий эзишларга қарши курашувчи «Vilem Korber» уюшмаси йиғилишларига бориб туришган. М.Мареш — Клаус Вагенбахнинг Кафка ҳақидаги хотиралар китобидаги кичик ёдномалар муаллифи. Суҳбатда 1920 йили чоп этилган «Мен узоқдан келдим» шеърлар тўплами ҳақида сўз юритилаётир.

15. Краус, Карл (1874-1936) — австриялик ёзувчи, публицист. 1899 йили «Машъала» журналига асос солган, 1911 йилдан у журналнинг ягона муаллифи бўлган (1936 йилгача журналнинг 922 сони чоп этилган).

16. Полгар, Алфред (1875-1955) — австриялик ёзувчи, танқидчи.

17. Жамм, Франсис (1868-1938) —француз шоири.

18. Блэй, Франц (1871-1942) — австриялик ёзувчи ва танқидчи. Унинг сатирик китоби 1920 йили нашр қилинган.

19. М.Горкийнинг Л.Толстой ҳақидаги хотиралари чех тилида 1920 йили Прагада чиққан.

20. «Тошкент — нон шаҳри» — А.С.Неверовнинг (1886-1923) қиссаси.

21. Темирни болғаламоққа амр этган худо… — немис шоири Эрнест Морица Арндт(1769-1860)нинг қўшиғидаги бир сатр. Бу қўшиқ ўз даврида Наполеонга қарши курашда жанговор мадҳияга, кейинчалик эса немис миллатчиларининг севимли қўшиғига айланган.

22. Паке, Алфонс (1891-1944) — немис ёзувчиси. «Рус инқилобининг руҳи» китоби 1919 йили чоп этилган.

23. Канцелярия қоғози — австрия бюрократик маъмурияти буйруғи билан тайин этилган аниқ ҳажмдаги варақ; барча иш ҳужжатлари, илтимосномалар, маълумоту ҳабарлар ва ҳоказолар шу қоғозга (ва фақат шунга!) ёзилиши шарт бўлган.

24. Хёлц, Макс (1889 — 1933) — немис инқилобчиси. 1920 йили реакцион капп исёни чоғида ўрта Олмонияда ишчиларнинг қуролли қўзғолонини бошқарган. Қўзғолон бостирилгач, қўлга олиниб умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган, 1928 йили авф қилинган. 1929 йилдан бошлаб собиқ совет иттифоқида яшаган ва ишлаган.

25. 1920 йили «Револт» нашриётида босилган «Инсоният шоми, Янги поэзия симфонияси» антологияси назарда тутилаётир.

26. Гросс, Георг (1893 — 1959) — немис мусаввири ва карикатурачиси.

27. Бу ўринда гап Гросснинг 1921 йили «Малик» нашриётида чиққан «Ҳукмрон синфнинг башараси» китоби ҳақида.

http://yozuvchi.uz/Yolgon-ham-haqiqatga-xizmat-qiladi

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares