Исёнкор журналистларга ёрдам қўлини чўзинг!

 Таҳририятимизга Ўзбекистон телевидениесини судга берган исёнкор журналистлардан бири Малоҳат Эшонқуловадан мактуб келди. Малоҳат опа ўз мактубларида мамлакатимиз президенти Ислом Каримов билан учрашиб, бевосита суҳбатлашиш мақсадида саноқсиз хатлар ёзганликларини, лекин шу пайтгача жавоб бўлмаганидан қаттиқ изтиробда эканликларини куюниб ёзибдилар.

“Гап шундаки, биз 2 майдан буён ҳар куни Ислом Абдуғаниевичга “Бизни қабул қилинг” деган мазмунда (Хатни илова қилаяпман. Мазмуни билан танишасизлар) буюртма хати жўнатмоқда эдик. Хатни қабул қилиб олишганларини далолатловчи почта қоғозлари ҳам қўлимизда. Бир ойдан ошдики, на ҳа, на йўқ, деган жавоб йўқ. Мамлакатимиздаги мавжуд қонунчиликка асосан, ҳар қандай ариза ва шикоятга бир ой ичида ё у, ё бу маънода жавоб қилиниши лозимлигини биласизлар…

Хуллас, биз Ислом Абдуғаниевич Каримовга ёзган аризамизга кўра 27 июнь куни ҳукумат биноси олдида очлик эълон қилишга қарор қилгандик. Ўша кун яқин”, дейилади мактубда.
Малоҳат Эшонқулова ўз мактубига президент Каримовга ёзилган хатни ҳам илова қилибдилар ҳамда ўтказилажак очлик акцияси ҳақида халқаро ташкилотлар ва дунё жамоатчилигини хабардор қилишимизни сўрабдилар:

“Бундай ҳаракатимиздан муддао битта, дейилади мактубда, – мамлакат раҳбарини ЎзМТРКда бўлаётган жиноятлардан огоҳ этиш, севимли ишхонамизни бир ҳовуч маҳаллийчилик дардига мубтало бўлган, ижтимоий тенгсизликни ўзларига қурол қилиб олган, иқтисодий ўғирликларга ружу қўйган, порахўрликни авж олдирган бир ҳовуч муттаҳам арбобчалардан тозалаш, шу холос”.

Биз хориждаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, журналистлар уюшмалари ва мухолифат вакилларини Ўзбекистон телевидениесидаги коррупцияга қарши мардона курашаётган бу икки журналист ҳамкасбимизни қўллаб қувватлашга, уларга ҳар томонлама мададкор бўлишга даъват этамиз.

Таҳририят

*****

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИ
ИСЛОМ АБДУҒАНИЕВИЧ КАРИМОВга
“Ёшлар” телеканалининг собиқ
журналистлари
Эшонқулова Малоҳат
Амонова Саодатдан

МУСТАҚИЛ МАМЛАКАТИМИЗ ПРЕЗИДЕНТИ ҚАБУЛИГА КИРИШ УЧУН ҚИРҚ ТЎРТИНЧИ ИЛТИМОСНОМА АРИЗА

Муҳтарам Ислом АБДУҒАНИЕВИЧ!
Биз, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ёшлар” телерадиоканалининг собиқ журналистлари – Саодат Амонова ва Малоҳат Эшонқулова, 2009 йил декабр ойидан буён ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаев, хусусан, “Ёшлар” телерадиоканали директори Хайрулла Нуриддиновлар томонидан содир қилинаётган иқтисодий жиноятлар, маҳаллийчилик, ижтимоий тенгсизлик, гуруҳбозлик сингари ноқонуний ҳолатлар хусусида бонг уриб келаяпмиз. Сизга, шунингдек, Бош вазир Шавкат Мирзиёев номига сон-саноқсиз шикоят ва аризалар, телеграммалар йўлладик. Натижаси бўлмади. Оқибатда, биз А. Хаджаев ва Х. Нуриддиновларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари хусусида 2010 йилнинг 23 август куни матбуот анжумани ўтказишга мажбур бўлдик. Барибир, фойдаси бўлмади. Ниҳоят, 2010 йилнинг 30 август куни “Озодлик” радиоси орқали сизга очиқ хат билан мурожаат қилдик. Пировардида, А. Хаджаев ва Х. Нуриддиновлар томонидан бизга нисбатан тайзиқ ва таҳдидлар кучайиб кетди…. Шундан кейин биз 2010 йилнинг 6 декабр куни ЎзМТРК раиси А. Хаджаев, “Ёшлар” телерадиоканали директори Х. Нуриддиновлар ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб беришларини ва уларнинг жиноятларини хаспўшлашда жонбозлик кўрсатаётган Бош вазир ўринбосари Абдулла Негматович Ариповнинг истеъфосини сўраб, мамлакатимиз бош майдонида норозилик пикетини ўтказдик. Шунинг учун “Ёшлар” телерадиоканали директори Х. Нуриддиновнинг ноқонуний буйруғига асосан иккаламиз ҳам ишдан ноҳақ ҳайдалдик. Тўғри, айни кунларда биз ўз меҳнат ҳуқуқларимизни тиклаш мақсадида фуқаролик судига мурожаат этганмиз. Суд жараёнлари давом этмоқда.
Муҳтарам Ислом АБДУҒАНИЕВИЧ!
Бош вазир ўринбосари А. Арипов, ЎзМТРК раиси А. Хаджаев ва “Ёшлар” телерадиоканали директори Х. Нуриддиновлар томонидан бизга нисбатан қўлланилаётган таҳдид ва тайзиқлар кучи ортса ортиб бормоқдаки, камайган эмас.
Бош вазир ўринбосари А.Н. Арипов, ЎзМТРК раиси А. Хаджаев ва “Ёшлар” телерадиоканали директори Х. Нуриддиновларнинг махсус топшириғи билан айни кунларда бизга Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар идоралари, суд ҳокимияти, соғлиқни сақлаш тизимлари орқали турли ноҳақликлар, тайзиқ ва таҳдидлар тобора кучаймоқда.
Муҳтарам Президент!
Сиз юртимизнинг отаси, бизнинг суянган тоғимизсиз. Биз неки қилган бўлсак, мустақил давлатимизни А. Арипов, А. Хаджаев, Х. Нуриддинов каби буқаламун маддоҳлардан, иккиюзламачи манфур муттаҳамлардан тозалаш борасида Сизга яқиндан кўмак бериш мақсадида қилдик. Бироқ, овозимиз ҳамон Сизга қадар етиб бормаганлиги, эҳтимол, бошқача бир мазмунда Сизга етказилганлиги натижасида айни кунда ҳаётимиз хавф остида қолмоқда.
Муҳтарам Ислом АБДУҒАНИЕВИЧ!
Биз Сизнинг ҳузурингизга кириш, қабулингизга ёзилиш мақсадида президент аппаратига бир неча маротаба бордик. Мингдан минг афсуски, қабулингизга ёзилишнинг умуман, имкони бўлмади.
Муҳтарам Ислом АБДУҒАНИЕВИЧ!
Бизни ва оиламизни муқаррар фалокатдан ёлғизгина Сиз асраб қолишингиз мумкин. Бор умидимиз Сиздан.
Ана шу мақсадда овозимизни Сизга етказиш, ҳақиқатни қарор топтириш, адолатни тиклаш ва Сиздан ҳимоя сўраш илинжида ҳузурингизга киришни ният қилдик.
Муҳтарам Президент!
Илтимос, бизни қабул қилинг, дардимизни тингланг, амалидан фойдаланиб бизга таҳдид қилаётган арбоблар зулмидан ҳимоя қилинг!
Муҳтарам Ислом АБДУҒАНИЕВИЧ!
Биз айнан мана шу мазмунда, яъни бизни қабул қилишингизни сўраб шу йилнинг 27 июнь – оммавий-ахборот воситалари кунига қадар буюртма хат орқали Сизга ҳар куни мурожаат қилишдан чарчамаймиз.

Агарда хатларимиз Сизга етиб борса, Сиз шубҳасиз бизни қабул қилишга розилик билдирасиз. Бунга бизнинг ишончимиз комил.
Токи бизни қабул қилиш борасида Сиздан бизга ижобий хабар, жавоб келмас экан, демак, ҳали бизнинг мурожаатларимиз ҳам, ушбу буюртма илтимоснома хатларимиз ҳам “жонли деворлар”дан ўтиб, сизга ҳамон етиб бормаяпти, деган тўхтамга келамиз.
Барибир то Сизнинг қабулингизга кирмагунимизча тинчимаймиз. Модомики, хатларимиз, мурожаат, талабнома ва илтимосномаларимиз сизга етказилмас экан, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни бизни қабул қилмагунингизга қадар Президент аппарати биноси қаршисида расман очлик эълон қилишга аҳд қилганимизни маълум қиламиз.
Муҳтарам Ислом АБДУҒАНИЕВИЧ!
Тўғри, Сизга ва Бош вазирга қилган сон-саноқсиз мурожаатларимиз жавобсиз қолиши оқибатида, ЎзМТРК раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан бизга суд ҳокимияти, МХХ ходимлари, соғлиқни сақлаш тизими томонидан бизга қилинаётган ноҳақликлари, ноқонуний хатти-ҳаракатлари хусусида ҳорижий оммавий ахборот воситалари гапиришга мажбр бўлганимиз рост. Бироқ, бир ҳақиқатни билишингизни жуда-жуда истардик: хатларимиз ва саноқсиз мурожаатларимиз Сизга қадар етиб бормаганлиги натижасида ҳорижий ҳамкасбларимиз олдида дод-вой, арзу-ҳол қилиб, юзимиз қизариб, қаддимиз букилиб, мунғайиб, бошимиз эгилиши бизга ёқади деб ўйлайсизми? Асло! Аксинча, биз хорижлик ҳамкасбларимизга ҳамиша “Мана, бизнинг мустақил мамлакатимизда инсон қадр-қиммати, манфаатлари том маънода устун. Давлатимизда қонун устивор. Буни бизнинг мисолимизда яққол кўришингиз мумкин” дея оғиз тўлдириб, фахр ва ифтихор билан айтгимиз, шу мазмунда ғурур билан интервьюлар бергимиз келади. Аммо А.Н. Арипов, А. Хаджаев ва Х. Нуриддиновларнинг амаллари боис, қўллари устун келиб, барча жиноят ва кирдикорларини пул, пора эвазига ёпиб юборишмоқда. Натижада доимо биз жабрдийда бўлиб қолмоқдамиз.

Муҳтарам Президент!
Бизнинг бу ҳақ истаб қилаётган курашларимиз жараёнида томонларда кучлар тенгсизлиги мавжудлигини инобатга олишингизни ва бизга амалий кўмак беришингизни сўраймиз.
Илтимос, бизни қабул қилиб, арзларимизни ўз оғзимиздан эшитинг, ўтинамиз!

Айтинг, мустақил мамлакатимизга эл манфаати йўлида биз каби адолат истаб А. Арипов каби амалдорлардан ҳайиқмай, ҳақ гапни айтиш учун ўзларида журъат топган биз каби журналистлар – фуқароларингиз керакми? Ёки давлатнинг миллиард-миллард маблағларини ўмарган ҳолда ўз мансабларини суистеъмол қилган ҳолда, мамлакат қонунларини оёқ ости қилаётган ва ўз жиноятларини, кирдикорларини пора эвазига ёпди-ёпди қилиб юбораётган, энг муҳими Сизнинг ишончингизни оқламаётган Абдулла Арипов, Алишер Хаджаев, Хайрулла Нуриддинов каби амалдор муттаҳамлар керакми? Мана шу саволимизга жавобни ўз оғзингиздан эшитишни истаймиз. Агарда ҳақиқатдан ҳам мустақил давлатимиз ривожи учун биз каби журналистлар эмас, Арипов, Хаджаев ва Нуриддинов каби қонунбузарлар керак бўлса, буни ҳам айтинг. Биз тақдирга тан бериб, биз оғиз сўз демай, қарорингизни ҳурмат қилган ҳолда қишлоғимизга қайтиб кетиб, журналистлик билан эмас, деҳқончилик билан шуғулланамиз. Фақат бизга ҳақиқатни айтинг! Барчасини ўзингиздан эшитишни истаймиз!

Камоли эҳтиром ила,
Эшонқулова Малоҳат
Амонова Саодат.

Манзил: Тошкент шаҳри, Чилонзор, 23-мавзе, 16-уй, 39-хонадон.
Тел: +99897 770 35 75 ; +99897 727 36 61; уй. тел: 274-81-52
14 июнь, 2011 йил.

www.yangidunyo.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares