Ўзбекистон Халқ Ҳаракати – МХХнинг яширин лойиҳаси

Ўтган ҳафта “13 май Иттифоқи” Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига айлантирилгани ва Каримов режимига қарши бўйсунмаслик ҳаракатини бошлаганини эълон қилди. “Эрк” демократик партияси, “Андижон -Адолат ва Тараққиёт” ташкилоти ҳамда “Таянч” гуруҳи бирлашган бу янги ҳаракат фаолияти ҳақида ўзбек мухолифати фаоллари муносабати билан қизиқдик. Бизнинг суҳбатдошимиз таниқли кинорежиссёр, ўзбек мухолифати фаоли Абдулазиз Маҳмудов.
Юсуф Расул: -Ўзбекистон Халқ Ҳаракати илгари сураётган мақсад ва вазифалар ҳақида қандай фикрдасиз?
Абдулазиз Маҳмудов: -Мен бу ҳаракатни жиддийлигига ишонмайман. Лекин шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистон Халк Ҳаракатини орқасида ва бугунги мухолифатнинг умумий ҳаракатларини орқасида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) ни хиди сезиляпти. Ҳозирги жараёнда ҳукуматга асосий мухолиф куч – бу МХХ. Ўзларини мухолифат деганлар эса МХХ нинг қўғирчоқлари холос.Шуларни ичида сиз ҳам, мен ҳам қўғирчоқлармиз. Барчамиз сиёсий сахнада ўзимиз танлаган ролларни уйнаймиз ва ушбу ролларни МХХ назоратида ижро этамиз. Бизни фаолиятимиз бу Ўзбекистон рахбарияти олдида МХХ ни зарурлигини исботловчи далил.
ЮР.- Муҳаммад Солиҳ ҳам МХХ қўғирчоғими?
А.М.- Ҳа, Мухаммад Солиҳ акамиз хам…Илгаридан «миллатчи», «исломчи» «олабўжи» ролини уйнаяпти. Негадир уни сиёсий «рақиби» ва доим фош этивчи «демократ» Абдурахим Пўлатов акамиздан хали берича дараг йуқ. Ҳозирги МХХ ни ҳаракатларидан юқори табақаларнинг Каримовдан норозилиги яққол кўриниб қолди.Лекин…МХХ кўчаларга оммани чиқариб, томоша қилиб ўтирса натижа чиқмайди. Шунинг учун сиёсий мухолифатни ўйинга солади ва вактинча қўллайди…
Ю.Р.- МХХ ҳам Каримовдан қутулмоқчими?
А.М.:- Ҳа, мени тахминим бўича юқори табақали амалдорлар Каримовни кетказмоқчи шекилли…Ёки бу МХХ ўйинлари (аборт қилиш сингари) инқилобни олдини олишга ўхшаяпти. Хатто улар Ўзбекистонда инкилобий муҳит мавжуд эмаслигини яхши билишса хам… Бир илмий тажриба сифатида ўтказиладигон сиёсий лаборатория изланиши.
Мухолифат лидерларини ҳозирги чақириқларидан кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан одам. Қандайдир мухолиф куч бор эмиш, лекин ҳеч ким уларни билмасмиш. Улар ўзлари ни мавжудлигини сир сақлашаётган эмиш… Ҳаммаси ўзбекона ҳаракатлар… Ўқ отадигон бўлса ҳам панада ўтириб, милтиғини сал окопдан кўрсатиб, ғанимга эмас осмонга ўқ узиш билан баробар бир нарса. 20 йил давомида 100 та мухожир мухолифат намоёндаларини бир умумий ғоя атрофида бирлаштираолмаган шахслар 27 миллионлик Ўзбекистон ахолисини интернет давъати билан кучага чикарармиш. Во Ал – хазар!
Халқни кўчага олиб чиқиш учун бизга интернет эмас АЛ ЖАЗИРА керак. АЛ ЖАЗИРАНИНГ Марказий Осиё нусхаси. Лекин, бу яқин орада амалга ошмайдигон нарса. Ўзбекистонни Шимолий Африка билан солиштириб бўлмайди. Шимолий Африка тараққиёт йўлларига яқин худуд, ва тарихан Урта денгиз атрофида жойлашган умуминсоний тараққиётининг бешигларидан биридир…Хозирги Ўзбекистон эса тараққиёт йулларидан анча йироқда , халқни тафаккури 19 аср даражасида қотиб қолган, амалдорла- ри эса ўта худбинлик ва коррупция билан машхур қолоқ давлат.
Ўзбекистонда оламонни бошқарадиган лидернинг ўзи йўқ. Буни хам МХХ яхши билади. Бу харакатлар хориждаги сиёсий динозаврларни ўзларини борликларини кўрсатиб қўйиш учун хам керак бўлгандир. Кўрамиз…Балки оламон кўчаларга чиқар… Лекин бунга ишониш жуда қийин. Кенг оммани кўчага чиқиши учун халқни ичида яхши танилган харизматик ва ишончли лидерлари бўлиши керак.Атрофида уларни хурмат киладигон ва кўллайдигон, катта бир тоифа хам бўлиши керак.
Хуллас калом, янги тузилган Ўзбекистон Халк Харакатини чақириклари 1905 йилни 9 январ куни Санкт Петербургда содир бўлган поп Гаппонни чақириқларига ўхшайди. Яна бир бор такрорлаб айтмоқчиман, Ўзбекистонда инқилобий муҳитни курмаяпман. Буларни ҳаммаси МХХ нинг ўйинларига ухшайди. Яна ким билсин? Балким биз ёшлар ёк! Ёшлар куринмаяпти деган фикрларимиз ноўриндир…Балким биз билмаган танимаган кучлар 20 йил давомида махфий етиб чикишгандур. Бу саволларга жавобни бир ойдан сўнг курамиз.
Бу галаёнлардан натижа қандай бўлишидан қатъий назар фақат МХХ ютади. Бордию оламон кўчаларга чиқиб, намоишлар уюштириб, бирон бир жиддий талаблар куйилса МХХ ўзини одамларини ҳукумат тепасига олиб келади. Бордию оломонни кучи бўлмаса МХХ ҳамма ўзгача фикрлайдиган одамларни қора рўйхатини тузади ва жазолайди.Ва уш бу ишибилан араб мамлакатлари тасирида энди шаклланаётган оммавий сиёсий норози – ликлар уриғи абортини амалга оширади. Ва энг мухими «исломчи» Мухаммад Солих «олабўжини» «халифа тузиш жирканч ниятларини» бутун дунёга яна бир бор фош этади. Ва занг боскан давлат механизми гайкаларини янада қаттиқроқ қотириб қўяди.
Ю.Р.: – Сизни бу фикрларингиз ажабланарли. Наҳотки ўзини ўзбек мухолифатиман деб юрганлар ўзларини МХХнинг қўғирчоғи эканликларини билмайдилар?
А.М.: – Шунга ўхшайди. Илгари ҳам қайта қуриш даврида СССР НОРАСМИЙЛАР ҳаракати орқасида КГБ турган. Улар хитойча хунвейбинлар сингари ўрта буғиндаги коррупциялашиб қотиб колган бюрократияга карши ташкил этилганди.Ва пировардида МХХ тасиридан чикиб кетиб миллий озодлик харакатларига айланишди.
Ю.Р.:- Мен «Бирлик” партияси лидери Абдураҳим Пўлат ва унинг ўринбосари Пўлат Охунни МХХнинг чизган чизиғидан чиқмаслигини аниқ биламан. Лекин Муҳаммад Солиҳни МХХ билан ишлашига кўпчилик ишонмайди. Ёки Солиҳ жаноблари ўзи билмаган ҳолда МХХ сценариясини бажараяптими?
А.М.:- Биз улар билан ҳамкорлик қилишимиз шарт эмас. Лекин ўз фаолиятимизда уларни хидини вакти вактида сезишимиз мумкин… Баъзи пайтларда МХХ билан бизни ниятлари- миз яқин хам бўлиши мумкин. Бунга яққол далил сифатида ўзимни фильмларимни келтираман. Улар сизни сайтингизда чиқа бошлади… МХХ ҳаммасини кузатиб турибди. Лекин ҳалигача менга тазйиқ ўтказгани йўқ…
Ю.Р.: -Демак, МХХ бу филмларни намойиш этилишидан манфаатдор бўлиши мумкин, шундайми? А.М.:- Ҳа, фильмларни сайтга чиқиши уларга ҳам керак. Қирғизистондаги қирғинга расмий зарба бўлмагандан сўнг, ҳеч бўлмаса мухолифат номидан қирғиз хукуматини фош этувчи бирор бир материаллар чиқиши керак-ку! Бу уларга жуда маъкул келди менимча. Фурсатдан фойдаланиб амалдорларга бўлган « 20 йиллик мухаббатимни» чукурроқ изхор қилиш учун бошқа хужжатли фильмларимни хам сайтингизга қўяман.
Ўзбек дипломатиясини ва ҳукуматининг Ош фожиасидан сўнгги ҳаракатсизлиги, буларни нафақат ички сиёсатда ва иқтисодда, хатто ташқи дипломатияда ҳам ожизлигини кўрсатди. Улар давр талабидан анча орқада қолганлиги яққол кўриниб қолди. Шуни учун буларнинг бошқарувида Ўзбекистоннинг келажаги йўқ.
Ю.Р.:- Аслида мухолифат ҳукуматни кўзгуси бўлиши керак эди. Ҳозир эса ҳукумат ўз афти ангорини таний олмайдиган даражага келган. Бу ҳукуматни танқид қиладиган мухолифат йўқ. Ўз хатоларини кўра олмайдиган ҳукумат ана шундай вазиятда қовун тушуриб, ўзини сиёсий ноқобиллигини кўрсатиб қўяди…
А.М.:- Албатта…Лекин мухолифатни тан олиш, унга йул бериш учун юқори табақали давлат рахбарларини сиёсий маданияти бўлиши керак. Улар давлат микёсида фикрлашни ўрганишлари керак…20 йил давомида булар оддий, хар бир тараққий этган давлатларга хос замонавий удимни ўрганишмади. Ва мухолифатни шакллантириш сохасида бирон бир жиддий иш килишмади. Фукаролик жамияти тузиш муаммоси хам ўз ўрнидан силжигани йўқ. МХХ эса 20 йил давалат хафсизлигини рукач қилиб асосан мухолифатчиларни ва оддий фукароларни қириб, юқори табақадаги уюшган жинойи гурухларни химоя қилиб келди. Энди 20 йилни бехуда бой берганларга ёппасидан исён керак булиб қолибди. Лекин хали хам кеч эмас… Агар МХХ ва уларни орқасида турган тўраларни Ўзбекистонни сиёсий, иктисодий ва манавий ботқоқдан чиқариш ниятлари самимий булса. Оламонни исёнга чақирмасдан. Мухолифатни аф этиб, қамоқлардан чикариб, ватанга қайтариб партияларини руйхатдан ўтказиб, мамлакатда мавжуд сиёсий жараёнларга қўшиб ислохотлар ўтказиш керак. Бу амаллар халкимизи ишончини қозонади ва жамиатни жиддий узгаришларга олиб келади.Чунки сиёсий мухолифатни мавжудлиги бу давлатни соппа соглигини далолати. Мухолифат – давлатчилигни касаллиглардан асрайдиган иммунитет каби зарур нарса. Хақиқий мухолифат бу хукуматни башарисини уз-узига намоиш этадиган ойна . Ойнасиз хукуммат пардоз – андозни, иссиқ сувни ва совунни билмаган вахший махлук. Ва энг мухими, хакикий мухолифат юртни мустақиллигини, тараққиётини, осоишталигини кафолоти.
Энди яна бир МХХ га таклиф… Менимча ҳозирги Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини чақириқ ларини самарали амалга ошириш учун бир ой ичида Ўзбекистон ҳудудида бирон бир кўзга кўринган мухолифатчини йўқотиш, ёки бир нечасини қамаш лозим. Шунда – ПИАР АКЦИЯЛАР КЕСКИНЛАШАДИ… Оломон оммавий норозиликлар уюштириб кўчаларга чиқади. МХХ кучлари эса юқори табақали амалдорлар билан тезроқ Каримовни ишдан четлатишга муяссар булади ва ўрнига Каримовни дублёрини келтиради.
Қани энди биз умид килгандай Каримов тинч йўл билан президентликдан кетса, уни ўрнига демократик сайловлар билан марифатли, манавиятли шахс сайланса.. Лекин бу хом хаёл. Кўп мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқсак, фукаролик жамияти йўқ қолоқ давлатларда оломон фақат гўшт вазифасини бажаради. Тахт ва уни атрофига – мавжуд тузумни иккинчи, учинчи эшелон амалдорлари келади. Исъёнга катнашган айрим қурбонларга эса янги хукумат «Халқ Қахрамони» ордени беради.
Кўр хассасини бир маротаба йўқотади. Вакти вактида МХХ сценарийсидан чикиб кетишни хам ўрганишимиз керак.Ўзбекистон Халқ Харакатини чақириқларини МХХ ўйинлари деб гумон қилиб, сабр билан июнь ойини кутайлик. Эшмат ўғрини ўрнига Тошмат ўғри келиши учун халқимиз ўзини ўзи қурбон қилиши керак эмас. Агар бордию мавжуд тузум амалдорлари ичидан мард бир гурух чиқиб президентлик лавозими учун ошкор курашмоқчи бўлишса уларни ташқи ва ички мухолифат албатта қўллаши лозим. Сўзимни охирида мухолифатчи биродарларимдан узр сураб, тахмин ва гумонларим арзимаган тахмин ва гумон сифатида Янги Дунё сахифасида қолишини истардим.

WWW.yangidunyo.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares