Мисрда ҳукуматга қарши намойишлардан икки ҳафтадан кўпроқ вақт ўтиб, Президент Муборак телевидение орқали халқига мурожаат билан чиқди.
Ҳусни Муборак сентябр ойида «эркин ва адолатли» президент сайловида ғолиб келган шахсга ҳокимиятини топширгунга қадар, конституцияга мувофиқ, ўз вазифасини бажаришда давом этишини айтди.
Жаноб Муборак унинг баъзи ваколатлари вице-президентга берилишини билдирди.
Миср раҳбари унинг истеъфосини талаб қилаётган намойишчилар талабларига конституция чорчўбасида жавоб беришини маълум қилди.
Аввалроқ Муборак етакчилигидаги партия бош котиби Ҳуссам Бадравий президент учун тўғри йўл вазифасини топшириш эканини айтганди.
Бош вазир Аҳмед Шафиқ эса Би-би-сига Президент Ҳусни Муборакнинг истеъфога чиқиши масаласи муҳокама этилаётганини билдирганди.
Бироқ Ахборот вазири жаноб Муборакнинг истеъфога чиқишини инкор этганди.
Қоҳирадаги Таҳрир майдонида бўлган Би-би-си мухбирининг айтишича, намойишчиларнинг кўтарингки руҳи Президент Муборак чиқишидан сўнгра, кескин ўзгарган.
Унинг нутқи намойишчилар ғазабини қўзғатган.
Намойишчилар «ё ўлим ё инқилоб,» дея қичқирмоқдалар.
Мисрни деярли 30 йилдан буён идора қилаётган президент
Анвар Содат ўлими ортидан қудратга келган Ҳусни Муборакнинг асосий шиори «барқарорлик» бўлди.
Унинг 30 йиллик президентлиги даврида «Фавқулодда ҳолат қонуни» кучда қолди.
Бу қонунга кўра, беш нафардан кўпроқ инсоннинг бир жойга тўпланиши манъ қилинганди.
Нил делтаси жойлашган кичик бир қишлоқда дунёга келган Ҳусни Муборак оддий бир учувчидан Миср ҳаво кучлари қўмондонлигигача кўтарилди.
У 1967 йилги урушда Исроил томонидан вайрон бўлган Миср ҳаво кучларини қайта тиклашга ёрдам қилди.
Ҳусни Муборак 1978 йилда Миср ва Исроил ўртасидаги тинчлик битимини имзолади.
Исроил-Фаластин можароси бўйича тутган мавқеъси Исломий ҳаракатлар орасида унга бўлган нафрат ва адоватни кучайтирди.
Бир неча суиқасддан омон қолган Ҳусни Муборак Исломий мухолифатчиларга қарши аёвсиз уруш очди.
Минглаб диндорлар ҳибсга олинди, қатл этилди.
Мухолифатдаги энг йирик «Мусулмон Биродарлари» партияси таъқибларга учради.
Партия фаолларини ҳибсга олиш ва қийноққа тутиш кенг қулоч ёйди.
Миср халқи устидан хавфсизлик кучларининг мутлақ назорати ўрнатилди.
Инсон ҳақларини поймол қилиш одатий ҳолга айланди.
Бироқ Исроил-Фаластин можаросида мўътадил йўлни тутган Миср ғарбнинг асосий иттифоқчисидир.
Ушбу дўстлик эвазига Миср АҚШдан йилига 2 миллиард доллар ёрдам олади.
Америка ёрдамларининг йирик қисми ҳарбий соҳага қаратилган.
Бироқ Миср халқи қашшоқликда умр кўрмоқда, мамлакат коррупция ва ишсизлик ботқоғига ботганди.
Ҳусни Муборак режимига қарши гуруҳлар сони ортиб бормоқда.
Ҳаёти интернетга узвий боғлиқ бўлган янги авлод ўзгаришларни талаб қилмоқда.
Норозилик мисрликларни кўчаларга олиб чиқди.
Миср халқи январ ойида Тунисда юз берган инқилобдан илҳом олгани хабар қилинади.
Мисрликлар оммавий тарзда полиция ҳукуматига қаршилик қила бошлашди.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/world/2011/02/110210_cy_egypt_mubarak.shtml



