Араб кўчаларида бўлаëтган ғалаëнлар ҳокимиятни ўз шахсий мулкига айлантириб олган мустабид ҳукмдорларга қарши кураш йўли қандай бўлмоғи керак, деган саволни яна бир бор кун тартибига қўймоқда. Айни шу савол Озодлик «Баҳс майдони»га ҳам кўчди.
Мана бир неча кундирки Мисрдаги воқеалар бутун дунёдаги оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида қолмоқда.
1 феврал куни Қоҳирадаги Таҳрир майдонига икки миллионга яқин одам йиғилди.
30 йилдан бери президентлик курсисини бўшатмай келаётган Ҳусни Муборакнинг истеъфосини талаб қилиб майдонга йиғилган мисрликлар қўлида қурол кўринмади.
1 феврал куни Миср полицияси майдонда кўринмади.
1 феврал куни Таҳрир майдонидаги хавфсизликни намойишчиларнинг ўзлари таъминлади.
1 феврал куни Миср Армияси Таҳрир майдонидаги намойишчиларнинг хавфсизлигини майдон ташқарисида туриб таъминлади.
Қоҳиранинг Таҳрир майдонидаги митинг бундан қарийб 6 йил олдин, 2005 нинг 13 майида Андижоннинг Бобур майдонида ўтказилган митингни ёдга солди.
Таҳрир майдонидагилардан фарқли ўлароқ Бобур майдонига келганларнинг баъзилари қўлларида қурол кўринган эди.
Хўш, мисрликлар ҳукуматдан норозилигини қуролсиз изҳор қилиши мумкину ўзбекистонликлар қўлига қурол олмаса бўлмасмиди?
«Баҳс майдони» эшиттиришининг бугунги сони шу масала муҳокамасига бағишланади.
«Майдон»га Ўзбекистондан ташқарида яшаётган андижонлик қочқинлар тузган «Андижон: Адолат ва Тикланиш» ташкилоти вакили Шамсиддин Атаматовни ҳамда ўзини Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф, деб эълон қилиб «Бирдамлик» ҳаракатини тузганини айтиб келаётган, ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган Баҳодир Чориевни таклиф қилдик.
Шамсиддин Атаматов билан баҳсга Баҳодир Чориевни таклиф қилишимиз бежиз эмас.
Чунки Чориев буюк ҳинд мутафаккири ва давлат арбоби Маҳатма Гандининг зулмга қарши куч ишлатмаслик тўғрисидаги таълимотини тарғиб қилишга уриниб келмоқда.
«Баҳс майдони»нинг бир четида бугун бир холис тингловчи ҳам ўтиради. У баҳсга аралашмайди, баҳс тугагач, ўз таассурортлари билан ўртоқлашади, холос.
Холис тингловчи бўлиб беришни педагог олим Абдулла Абдураззоқ ўғлига таклиф қилдик ва домла таклифимизни лутфан қабул қилди.
http://www.ozodlik.org/content/article/2295421.html



