Би-би-си меҳмони – Ўзбек мухолифати фаоли Ботир Норбойга савол беринг

Ботир Норбой – Ўзбек мухолифати 1980 йилларда норасмий ҳаракат сифатида фаолиятини бошлашидан олдин ҳам ўзининг мухолиф қарашларини расмий доираларда изҳор этиб бошлаган зиёли.

У 1947 йилда Хива шаҳрида туғилган.

1971 йилда Ўзбекистон Миллий университети(собиқ Тошкент Давлат университети)нинг филология факултетини тугатган ва Тошкентдаги Ғафур Ғулом нашриётида фаолият юритган.

Михаил Горбачёвнинг қайта қуриш, ошкоралик сиёсатидан руҳланган зиёлилар қаторида Ботир Норбой ҳам 1930 йилларда қатағон қилинган истеъдодли ўзбек ижодкорлари Чўлпон ва Фитратнинг асарларини нашр этиш керак, деб ҳисоблайди ва Ўзбекистон коммунистик фирқаси раҳбариятининг мафкура сиёсатини минбарларда ошкора танқид қилади.

Тошкентда ташкил этилган «Оролни асраш қўмитаси»нинг фаоли сифатида Орол денгизининг қуриб бораётгани оқибатлари ва Оролни қутқариб қолиш зарурлиги ҳақида жамоатчиликни огоҳ этиш ҳаракатларида фаол иштирок этади.

«Москвадаги Сув вазирлигида махсус мажлис ташкил этиб, сизлар Оролни қуритдингиз, деб СССР вазирларига дўқ-пўписа ҳам қилганмиз», деб эслайди Ботир Норбой.

Норасмий ҳаракат сифатида фаолият бошлаган «Бирлик»нинг сафига Ботир Норбой биринчи кунлариданоқ қўшилади.

Ботир Норбой «Бирлик» Халқ ҳаракати ташкил этган илк очлик амалиётларининг биринчи иштирокчиларидан бўлган.

Бир неча марта қисқа муддатларга қамалган, сабаби «одамларни митингларга чиқишга даъват қилганим, Тоғли Қорабоғни озод қилиш қўмитасининг аъзоси бўлганим», дейди Ботир Норбой.

Филология фанлари доктори Ботир Норбой 1990 йилларнинг охирларидан Қозоғистондаги олий ўқув юртларида ўзбек тилидан сабоқ беришни бошлайди.

У бугун ҳам педагогик фаолият билан шуғулланиб келмоқда.

Ботир Норбой адабий мунаққидликка бағишланган қатор китоблар муаллифи.

Шу кунларда у Ўзбекистонда ижоди тақиқланган шоир ва ёзувчилар ижоди ҳақидаги китоб устида ишламоқда.

Би-би-си меҳмони Ботир Норбойга саволларингизни саҳифамизнинг қуйи қисмидаги махсус форма орқали ёки uzbek@bbc.co.uk электрон манзилимизга йўлланг.

Би-би-си меҳмони саволларингизга ҳам Интернет ва ҳам радио орқали жавоб беради.

Суҳбатнинг радио версиясини шанба кунги «Дараклар» дастурида тинглай оласиз.

Саволларини радио учун ўз овозлари билан беришни истаган тингловчиларимиздан ўзларининг телефон рақамларини ҳам ёзиб юборишни сўраймиз.

SMS рақамимиз:

+447786201124

Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?

Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2011/09/110904_talkingpoint_botir_norboy.shtml

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares