ҚОЗОҒИСТОН СИЁСАТЧИ ҚАҲРАМОН МАҲМУДНИ АСОССИЗ ДЕПОРТ ҚИЛДИ

Таниқли сиёсатчи, Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ демократик партиясининг Ўзбекистондаги раҳбари Қаҳрамон Маҳмудни Қозоғистон ҳукумати 5 йил муддатга Қозоғистон ҳудудига киришини таъқиқлаб, орқаворотдан депорт қилди. Сиёсатчи ўзининг Қозоғистондан депорт қилинганини кеча 5-декабрь куни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига йўл олганда, Қозоғистон чегарасидаги паспорт назорат пунктида  божхона ходимлари орқали билди.

Сиёсатчи Қаҳрамон Маҳмуд Қозоғистондан депорт қилингунга қадар Қозоғистон ҳудудида сайёҳ, меҳмон сифатида Қозоғистондаги зиёратгоҳларда ва дўст-ёронлариникида меҳмонда бўлган, Қозоғистонга эмин-эркин бориб келган ва ҳеч қачон Қозоғистоннинг ички ва ташқи қонунларини бузмаган.

Қаҳрамон Маҳмуд Қозоғистонга боришда илк бор 2018 йилнинг 11-ноябрь куни шу йилнинг 15-ноябрь куни “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракатининг Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўтказилажак иккинчи қурултойида иштирок этиш мақсадида таъқиққа учраган. Ўшанда Қозоғистон чегарачилари уни чегарадан ўтказмаган. Божхона ходимлари Қаҳрамон Маҳмудга таъқиқ сабабини айтмаган.  Қаҳрамон Маҳмуд дастлабки кунларда бу ҳолатни “Бирдамлик” ХДҲ қурултойининг ўтказилишига қарши тўсиқ деб изоҳлаган. Чунки 11-14-ноябрь кунлари оралиғида “Бирдамлик”нинг бошқа фаоллари ҳам чегара ҳатлаб ўтишда турли тўсиқларга дуч келаётганди.

Қаҳрамон Маҳмуд 5-декабрга қадар ўзининг Қозоғистондан депорт қилинганини билмаган. Сабаби сиёсатчига на Қозоғистон ҳукумати ва на бошқа тегишли органлар унинг Қозоғистондан депорт қилинганини на оғзака ва на ёзма равишда билдирмаган.

Бугун 6-декабрь куни Қаҳрамон Маҳмуд Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчихонасида бўлиб, у ерда масъул ходим билан учрашган. Бироқ Элчихонадан ҳам тайинли жавоб ола олмаган. Элчихонанинг масъул ходими унга Қозоғистон ҳудудида бўлган чоғида ички миграция қоидаларни бузганлиги, ёки Россия Федерацияси томонидан депорт қилинган бўлса ана шу омиллар туртки берган бўлиши мумкинлигини айтган ҳолда хайрлашган. Лекин амалдаги мавжуд қонунларга кўра чет эл фуқаролари ўзи вақтинча яшаётган ёки сайёҳ, меҳмон сифатида борган давлатнинг ички қонунларини бузган бўлса, миграция қонунларига хилоф иш тутган бўлса у ҳолда ушбу чет эллик ўз юртига етиб борганда эмас, ўша мамлакат ҳудудида турган чоғида депорт қилишади ва бу ҳақида расман огоҳлантиришади. Қаҳрамон Маҳмудни депорт қилишда эса бу қоиданинг тамоман акси қўлланилган, яъни ҳали Қозоғистон ҳудудига ўтмаган шахсни Қозоғистондан депорт қилишган.

Биз ушбу масала бўйича бир неча экспертлардан, ҳуқуқшунослардан фикр сўрадик. Маълум бўлишича, бу ерда  асосий ишлар Қозоғистон томондан эмас, Ўзбекистон томондан амалга оширилмоқда. Қозоғистон Ўзбекистон ҳукумати топшириғини ижро этмоқда. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ҳукумати, тегишли органлари Қозоғистондаги тегишли органлардан унумли фойдаланмоқда. Шу тариқа Ўзбекистон “оппоқ”, Қозоғистон эса демократия душманига айланмоқда. Бу ерда шунчаки оддий иш эмас, балки “Бирдамлик” Халқ демократик партиясининг Ўзбекистондаги раҳбарини сиқувга олиш, унинг эмин-эркин фаолият юритиши учун тўсқинликлар яратиш бўйича иш кетмоқда, яъни “Бирдамлик” ХДПни синдириш чоралари кўрилмоқда. Ўйлаймизки ва умид қиламизки, халқаро ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи нуфузли муассасалар, марказлар таниқли сиёсатчи Қаҳрамон Маҳмуд тақдирига бефарқ қолмайди.

Рўзибой Азимий,

Мустақил журналист

Copyright © 2018 Birdamlik.Info