Маълумки, 8, 9-январь кунлари ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, ўзларига ўтказилаётган ҳар хил босимлар бўйича Президентга арз қилиш истагида Ўзбекистон Республикаси Президенти қабулхонаси олдида 4 нафар киши норозилик намойишига чиққан эди. Улар орасида Нафосат Оллашукурова ҳам бор эди. Пикет иштирокчиларидан 3 нафарига жарима солинган, Нафосат Оллошукуровани эса Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Яшнобод туманида жойлашган махсус ушлаб туриш муассасига 5 суткага маҳкум қилган эди. Муассаса 14-январь куни кеч соат 18-00 да Нафосат Оллошукуровага рухсат берди. Биз Нафосат Оллошукурова тутқинликда сақланаётган пайтда «Бирдамлик» Халқ Демократик партияси фаоллари икки марта муассасага бориб, Нафосат билан учраша олмаган эдик, бизни муассаса навбатчи соқчиси қонунга биноан ичкарига киритиш мумкин эмаслиги таъкидлаб, киритмади.
15-январь куни мен Нафосат Оллошукурова билан кечки пайтда учрашдим. Учрашувда асосий эътиборни Нафосатнинг тутқинликда ўтган 5 суткасига доир воқеалар тафсилотига қаратдим. Нафосатнинг менга айтишича, у тутқинликда экан, қарийб 4 кун тинимсиз тергов қилинган. Тергов жараёнида унга кучли босимлар остида ҳар хил саволлар берилган. Жумладан, «Бирдамлик» ХДПга доир саволлар ҳам беришган, яъни намойишга чиқишига «Бирдамлик» ХДПнинг алоқаси бор ёки йўқлигини ҳамда мендан олинган пул ҳақида маълумот сўрашган. Нафосатнинг гапларидан менинг орқамдан назорат ўрнатилгани маълум бўлди. Нафосат, тергов жараёнида терговчиларга «Бирдамлик» ХДПга алоқаси йўқлигини такрор ва такрор айтган. Шундай бўлса-да, терговчи воқеани «Бирдамлик» ХДП билан боғлашга интилган.
– Мен Нафосатдан тутқинликда чоғида терговчилар томонидан жисмоний қийноқлар бўлдими, деб сўрадим.
Нафосат ҳеч қандай жисмоний қийноқлар бўлмаганини, аммо кучли руҳий босимлар бўлганини яширмади.
— Пикетни «Бирдамлик» билан боғлашнинг кимга кераги бор эди? деган саволимга Нафосатнинг жавоби: бу ерда терговчи асосий эътиборни атайин сизга, «Бирдамлик» фаоли Қаҳрамон Маҳмудга қаратишга уриниб, Ўзбекистонда давлат тўнтариши, яна қандайдир инқилоб қилишда айблаб, мени қамоққа олиш ҳаракати борлигини сездирди. Нафосатнинг айтишича, терговчи мени Шуҳрат Рустамов деган нотаниш шахс билан боғлашга ҳаракат қилган. Шахсий босимлар туфайли мен «Бирдамлик» фаоли эмасман деб айтишга мажбур бўлдим. Мен «Бирдамлик»да фақат таржимон ва журналист сифатида фаолият юритишимни айтдим. Нафосат менга учрашувимиз сўнгида менинг орқамда кузатувчилар бор бўлиши, махсус ёлланган одамлар қўйилган бўлиши мумкинлигини алоҳида огоҳлантирди.
Мен Нафосат билан учрашиб уйга қайтганимда, кеч соат 18-30 лар атрофида мени эшигимнинг олдида участка ички ишлар органи инспектори кутиб турган экан. Бу Нафосатнинг огоҳлантириши тўғри эканини исботлади.
Хулоса сифатида куч ишлатар тизими ходимларига шу гапни айтаман. Менинг митинг, пикет ва намойишларга ҳеч қандай алоқам йўқ ва бундан хабардор ҳам эмасман, шунингдек, Шуҳрат Рустамов деган шахсни ҳам танимайман. Мендан ва «Бирдамлик» фаолларидан жиноятчи ясашнинг кимга кераги бор экан? Ахир Ўзбекистон ўзини демократик давлат деб эълон қилган эмасми? Демократик давлатда ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир сиёсий ташкилотларнинг фикри инобатга олинмайдими?
Қаҳрамон Маҳмуд