Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Руслан Давлетовга

 

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Руслан Давлетовга

Ўзбекистон Республикаси 100047, Тошкент ш., Сайилгоҳ кўчаси, 5

Тел: +99871-207-04-43

E-mail: info@minjust.gov.uz

Очиқ Хат

Ҳурматли Жаноб Вазир Руслан Давлетов!

Ўзбекистон Конституцияси бўйича Ўзбекистон –Суверен Демократик Республика ҳисобланади. Амалдачи?

Ўзбекистон Конституциясининг Иккинчи бўлим. Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларидаги VIII боб. Сиёсий ҳуқуқлар бобидаги 34-модда шундай ёзилган:

“Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.”

Мухолифатдаги Бирдамлик Халқ Демократик партияси (аввал Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракати) ташкил қилинган 10 апрел, 2004 йилдан буён Ўзбекистонда Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтолмай кўп йиллар сарсон бўлди. Сиёсий фаолиятимиз Ўзбекистон Республикаси куч ишлатар тизимлар томонидан қаттиқ тазйиқ ва таъқибларга учраб келди,

Бирдамлик ўзининг фақат нозўравон кураш усули орқали 15 йиллик сиёсий фаолияти давомида Ўзбекистондаги диктатура режимига қарши курашиб ҳеч бир Ўзбекистон фуқароларига на жисмоний на моддий зарар еткизмади. Ҳеч бир инсонни бурнини қонатмади, аксинча Республика куч ишлатар тизимлари томонидан шу йиллар давомида Бирдамликнинг 4 нафар фаоли ўлдирилди, бир қанчаси ноҳақ қамалди, жиннихоналарга ташланди, кўплари ватандан қувилдилар, ватандан қувилганларнинг барчасини Ўзбекистон фуқаролиги бекор қилинди. Фаолларимизга нисбатануюштирилган жиноят ишларига судялар томонидан ноҳақ катта жарималар солинди, фаолларимиз доим тазйиқ ва таъқиблар ичида юрдилар.

2016 йил мамлакатда янги раҳбар Шавкат Миромонович Мирзиёев келганда биз мухолифатдаги Бирдамлик Демократик ҳаракати (ҳозирда партия) янги Президент сиёсий ислоҳатларга йўл беради, мухолифат ватанга қайтади деб ўйладик. 2017-2018 йиллар Ўзбекистон ичида кичик йиғилишлар ўтказиб турдик. Бирдамлик ХДҲ 2018 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистонда ўзининг янги қурултойини ўтказиш ва Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтиш ҳаракатини бошлади. Шахсан менинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигим, собиқ Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2004 йил 28 апрелидаги антиконституцион қарори билан мени Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқарилдим. 4 йил ҳеч бир давлатнинг фуқароси бўлмай юриш ҳаётимни оғирлаштиргани учун 2018 йилнинг 12 январида АҚШ фуқаролиги олдим.

Ўзбекистонга бориш учун Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига Виза олиш учун 11 сентябр, 2018 йилда мурожаат қилдим. Менга Ўзбекистонга киришим учун Виза берилмади. Ўзбекистондаги фаолларимизнинг қурултой олди йиғилишлари Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари томонидан тазйиқ ва босимларга учрай бошлади. Шулардан бириChashmai Nur” кафесидаги 15 сентабр кунига режалаб қўйган йиғилишимизни барбод бўлиши. Бу ҳақда қўйидагилинкда ўқишингиз мумкин: https://centre1.com/uzbekistan/sovet-aktivistu-birdamlika-prosto-zhivi/

Яна шуни эътиборга олишингизни сўрайман. Мамлакатда сўз ва матбуот эркинлиги бор деб кўп айтиляпти, афсуски бизнинг www.birdamlik.info ва www.mulkdor.com сайтларимиз ҳамон Ўзбекистонда тақиқда.

Биз Ўзбекистонда ташкилотимизнинг қурултойини ўтказолмаслигимиз аниқ бўлгач, қўшни Қозоғистон давлатининг Чимкент шаҳрида қурултойимизни ўтказишга келишиб олдик. Катта ҳаражатлар қилиб меҳмонхоналардан 60 кишилик жой, қурултой учун зал ва бошқ хизматларни пулини олдиндан тўлаб, қурултой иштирокчиларини Чимкентга таклиф қилдик. Афсуски Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари бизни қўшни Қозоғистонга ҳам тинч қўйишмади. Кўплабвилоятлик фаоллар ва қурултой меҳмонлари вилоятларда ушлаб қолинди. Тошкент шаҳридаги қурултойга қатнашмоқчи бўлганлар фаоллар ва қурултой меҳмонлари эса Ўзбекистон-Қозоғистон чегараларида ушлаб қолиниб, асоссиз Ўзбекистонга қайтарилди. Қозоғистонга бир муддат олдин бориб олган 4 фаолимиз шармандаларча Қозоғистон давлатидан депорт қилинди, улар ҳақида ҳатто маҳаллий Твлар Қозоғистон ҳукумати куч ишлатар тизимлари маълумотига асосланиб террорчилар деб айтилди. Қурултой олди кунлари мен Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида эдим.Қирғизистондан Қозоғистонга ўтишимда менга ҳам Қозоқ чегарачилари АҚШ паспортимга депорт уриб, ортгаҚирғизистонга қайтаришди. Бирдамликнинг Ўзбекистондаги етакчиси Қаҳрамон Махмедов ҳам Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтиш жараёнида Қозоқ чегарачилари томонидан паспортига 5 йил депорт ўрилиб, Ўзбекистонга қайтарилди. Биз ноиложликдан, аввал Ўзбекистонда, кейин Қозоғистонга режалаган қурултойимизни Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг тазйиғи ва босимлари натижасида ўтказолмагач, Қирғизистондан туриб интернетдаги бир қанча ижтимоий иловалар ёрдамида онлайн кўринишда ўтказдик.

Ҳурматли Жаноб Вазир Руслан Давлетов!

Бизга нисбатан ҳамон куч ишлатар тизимларининг тазйиқ ва босимлари тўхтамаётир. Бирдамлик Халқ Демократик партиясининг котиби Қаҳрамон Махмедов қонун бўйича 10 кун ичида олиши мумкин бўлган паспортини ҳамон ололмади. Бу ҳақда мана бу линкда танишишингиз мумкин: Ҳаммага ишлаган қонун ва қарорлар нега мухолифат фаолларига ишламайди?  http://mulkdor.com/news/28928/ .

Яна бир партиямизнинг аъзоси Умида Бердиалиева ҳам худди шундай аҳволда, куч ишлатар тизимларнинг тазйиғиортидан унга янга паспорт олишга изн берилмаяпти. Умида Бердиалиева ҳақида ушбу мақолада ўқишингиз мумкин:Бизда нега адолат қоғозда ва оғизда қолган, нега амалда йўқ?!    http://birdamlik.info/news/42226/ .

Ҳурматли Жаноб Вазир Руслан Давлетов!

Сиз ҳақингизда биз илиқ гапларни эшитяпмиз. Биз мухолифатдаги Бирдамлик Халқ Демократик партияси Ўзбекистонда Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтиб, Ўзбекистон Конституцияси ва мавжуд қонунлар доирасида фаолият юритишни, келажакда ўз дастурларимиз асносида мамлакат Парламент ва Президент сайловларида иштирок этишнихоҳлаймиз. Бизга ижобий кўмак кўрсатингизни сўраймиз. Агар рўйхатдан ўтишимизга рўхсат қилолмасангиз, сабабларини бизга билдиришингизни сўраймиз.

Мухолифатдаги Бирдамлик Халқ Демократик партиясининг асосчиси ва раҳбари

Баҳодир Хон Туркистон

20 ноябр, 2019 йил.

Email: birdamlik@gmail.com.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info