Кўмак маркази гуруҳи тузилди

Kumak Markazi

Муҳтарам дўстлар, азиз сафдошлар!
Ўзбекистон мустақил давлат булганига жорий йилда 25 йил тўлади. Ватан мустақиллиги учун бўлган курашларда, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишида ўзбек мухолифатининг хизматлари чексиздир. Сиёсий ҳаракатлар ва партиялар, инсон ҳақлари ташкилотлари, мустақил журналистлар ва ҳуқуқбонларнинг Ўзбекистонда демократик давлат барпо этиш учун кўрсатган жасоратлари ва фаолиятларини эътироф этмай иложимиз йўқ. Мустақилликнинг дастлабки 10 йиллигида ўзбек мухолифати ва ҳуқуқбонлари самарали фаолият юрита олишлари учун демократик давлатлар томонидан грантлар ажратилди ва бу грантлар ҳам давлат ташкилотлари, ҳам нодавлат ташкилотлар томонидан тўлиқ ўзлаштирилди. Грантлар асосида белгиланган лойиҳалар бўйича Ўзбекистондаги қатор муаммолар бўйича мониторинглар ўтказилди ва уларнинг натижаси ўлароқ дунё жамоатчилиги эътибори болалар меҳнати, қийноқлар каби муаммоларга қаратилди. Шунингдек, сиёсий ташкилотлар ҳам бу грантлардан наф кўришди. Бир неча демократик институтларнинг Ўзбекистонда фаолият олиб бориши, мухолифат вакиллари учун турли тренинглар уюштирилиши, сиёсий ўқув курсларининг ташкил этилиши бунга яққол мисол бўла олади.
Аммо 2005 –йил 13 майдан, яъни андижон воқеаларидан сўнг вазият кескин ўзгарди. Мухолифат вакиллари, ҳуқуқбонлар, мустақил журналистлар таъқиб ва тазйиққа олинди. Бу воқеаларга қадар ҳам сиқувда бўлган мухолифат вакиллларининг аҳволи янада оғирлашди. Тазйиқлар ёнига иқтисодий танглик ҳам қўшилди. Грант берувчи халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонда фаолиятига чек қўйилиши сиёсий-ижтимоий курашдаги бу тангликни янада чуқурлаштирди. Бугунги кунга келиб мухолифат вакиллари диктатура билан кураш йўлида турли иқтисодий қийинчиликларга дуч келишди.
Мухолифат сафларида бўлган юртдошларимизнинг асосий қисми ёши катта инсонлар экани ҳеч кимга сир эмас. Улардан бир қанчаси қамоқда, бир қанчаси чет элда, бир қанчалари эса бу дунёга кўз юмиб кетишди.
Баъзиларининг тақдиридан дунё хабардор, аммо кўпчилик мухолифатчиларнинг аҳволидан мутлақо бехабармиз.
Хабарлашиб турган сафдошларимизнинг ҳам аҳволлари танг: бир бор марказга келиб кетиш, ёки вилоятларга бориб келиш, сафдошлар билан йиғилиб дардлашиш нари турсин, хатто йўлкирага пул тополмай қолиш даражасида танг. Сиҳат-саломатлик ҳақида гапирмасак ҳам бўлади: йиллар давомида тортилган азоб ва ноҳақликлар ўз ишини бажарди. Аҳвол шундай давом этса, яқин йилларда Ўзбекистонда мухолифатчи қолмайди. Айниқса, мухолифат сафларида ёш фаолар йўқлигини инобатга олсак, ўзбек мухолифати ҳам ифтиҳорли, ҳам қайғули бир ҳотира бўлиб қолиш эҳтимоли бор.
Мана шу ҳолатларни инобатга олиб, биз кичик бир гуруҳ ташкил этиб, мухолифатчилар аҳволини яхшилашга, уларга фаолият юргизишларига тўсиқ бўлаётган моддий етишмовчиликларни қисман бўлсада бартараф этишга эришиш йўлларини изладик. Очиғини айтиш керак, грантларсиз сиёсий ташкилотлар ҳам, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам фаолият олиб боролмайдилар. Аммо иқтисодий, ижтимоий, сиёсий сиқувларга қарамай мухолифат фаоллари долзарб муаммоларни ўрганишга, муаммолар ечимини топишга баҳоли қудрат ҳаракат қилмоқдалар.
Мисол учун айтиб ўтмоқчимиз: мухолифат фаолларидан бир гуруҳи миллатлараро низолар манбаларини ўрганиб, уни дунёга маълум қилиш ва янги низоларнинг олдини олиш юзасидан иш бошлаган. Аммо ҳар доимгидек моддий етишмовчилик бу ишларнинг секинликлашишига сабаб бўлмоқда.
2005- йилга қадар АҚШ давлат департаменти Ўзбекистонда демократияни ривожлантириш учун 6.5 миллион доллар маблағ ажратиб келган ва бу маблағлар Ўзбекистон ичида ва ташқарисида Ўзбекистонда демократияни ривожлантириш, инсон ҳақларини яхшилаш учун ишлаган ташкилотларга офис, транспорт, оргтехника, ойлик маош, ва бошқа ҳаражатлар учун лойиҳалар асосида ўзлаштириб келинган, қолган қисми эса, грантлар асосида Ўзбекистон ичидаги ташкилотларга берилган. Сўнги 11 йил ичида АҚШ давлат департаменти дунёда демократияни ёйиш учун тасдиқлаган маблағининг фақат Ўзбекистонга ажратилган қисмигина ўзлаштирилмай қолган. 2005 йилгача Ўзбекистон учун грант кўринишида ажратилган маблағлар ҳажмидан келиб чиқиб, бугунги кунда ўзлаштирилмаган маблағ ҳажми бир неча ўн миллионга етиб қолгани АҚШ давлат департаментининг ҳисоботларидан маълум . Шундан келиб чиқиб, биз АҚШ давлат департаментидан Ўзбек муҳолифатига грантлар ажратиш тажрибасини қайта тиклашни, Ўзбек мухолифати учун ажратилган, аммо ўзлаштирилмай қолган маблағдан йиллар давомида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида қаланиб турган лойиҳаларни молиялаштиришни талаб қилиш ниятидамиз. Бундан ташқари Ўзбекистонни мустақил ва демократик давлат бўлиши учун курашган ва фаолияти учун жабрланиб, соғлигини йўқотган мухолифатчиларга соғликларини тиклаш учун ҳам маблағ ажратишларини сўраймиз. Мана шу мақсад атрофида бирлашиб,бир гуруҳ туздик ва уни “Кўмак маркази” деб атадик.
Бу ишларни биз қуйидаги йўсинда амалга оширамиз:
1. “Кўмак маркази” Ўзбекистонда яшаётган барча мухолифат фаоллари, мустақил журналистлар, Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ёки уларнинг оила аъзолари моддий кўмак сўраб ёзган аризаларни қабул қилади.
2. Тазйиқлар ортидан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган,¢иёсий бошпана олиш жараёни қийин кечаётган, моддий аҳволи оғир бўлган инсон ҳуқуқлари фаоллари, мустақил журналистлар ва сиёсий ҳаракат ва партиялар аъзоларини қўллов хатларини ташкиллаштириш ва моддий ёрдам ҳақидаги аризаларини тўплайди.
3. “Кўмак Маркази” гуруҳининг фейсбукда ўз саҳифаси бўлади ва мазкур саҳифада гуруҳ фаолияти ва ҳисоботи ёритилиб борилади.
4. Тўпланган аризалар”КМ” аъзолари томонидан ўрганилиб, умумлаштириб АҚШ Конгреси ва Давлат департаментига йўлланади. Шу билан бирга гуруҳ мурожаати ҳам тақдим этилади.
5. Ариза ёзувчи ўз аризасида минг доллардан беш минг долларгача бўлган миқдордаги ёрдамни ўзининг шахсий эҳтиёжи учун олиши кўзда тутилади. Ариза берувчи аризасида ўзининг қисқа сиёсий фаолияти тарихи ҳамда таржимаий холини ёзиши керак.
6. Мухолифат ташкилотлари, Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, ҳамда мустақил журналистлардан алоҳида грант учун ёзилган хатлар олинади ва улар ҳам умумий сўровга киритилади.

Гуруҳ раҳбари- Дилором Исҳоқова,
Аъзолар: Баҳодир Чориев, Ёдгор Турлибеков, Бахтиёр Исабеков, Санжарали Имомов.
Email: kumakmarkazi@gmail.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info