Мен ҳали мурғак бола чоғимдан, 5 ёки 6 ёшимданоқ доктор бўлишни орзу қилганман, шифокорликка ҳавас қўйганман. Оқ халат кийиб, одамлар дардига дармон бўлиш, уларни даволаш иштиёқида улғайганман. Менинг қалбимда докторликка илк ҳавасни отам уйғотганлар. Отажоним ҳамиша «Қизим келажакда доктор бўлади, мени қариган чоғимда даволайди», деб қулоғимга қуйиб келганлар. Отамнинг бу гаплари ҳали-ҳануз эсимда. Аслида мен ўқитувчилар оиласида туғилганман, ўқитувчилик ардоқли ва шарафли касб. Лекин бизнинг Ўзбекистонимизда бошқа соҳа вакиллари каби ўқитувчилар ҳам жуда кам ойлик маошига ишлашади. Ўқитувчиларнинг ойлик маоши ҳатто уларнинг оддий эҳтиёжларига ҳам етмайди. Яхши эслайман, болалик чоғларимда врачларга эътибор кучли эди, шу сабабли уларнинг фарзандлари бошқа соҳа вакиллари фарзандларига қараганда фаровонроқ яшашарди. Тўғри, инсон энг аввало ўзи танлаган касбига фидойи бўлиши лозим, лекин хоҳлаймизми-йўқми, барибир ҳамма нарса молияга бориб тақалади. Ҳамма яхши яшашни, ҳаётда ўз ўрнини топишни, фарзандлари ҳеч нарсага зориқмасдан яшашни хоҳлашади.
Мактабни битиргач, шаҳар шифохонасига санитарка бўлиб ишга жойлашдим, сабаби бизда ана шундай ёзилмаган қонунлар бор эди, яъни Тиббиёт институтига ўқишга кириш учун камида 2 йил санитарка бўлиб ишлаш тақозо этиларди. Бу ўша соҳага қизиқиш бор-йўқлигини ўрганиш, тиббиёт соҳасининг ўзига яраша қийинчиликларини англатиш мақсадида жорий этилганди. Шу тариқа ўзим туғилиб вояга етган Шаҳрисабз шаҳар шифохонасида 2 йил ишладим, сўнгра 1989 йилда Тиббиёт институтига ўқишга кирдим. Гарчи ўқиш қийин бўлса ҳам мароқли эди, чунки инсон танасини, вужудини ўрганиш, уни ипидан игнасигача билиш жуда қизиқарли эди.
Институтнинг 2 курсида ўқиб юрган чоғимда юртимиз ўз мустақиллигига эришди. Ўзбекистоннинг мустақиллигидан ҳамма қатори мен ҳам беҳад қувондим. Бироқ мустақил давлатга айланганимиздан кейин қатор иқтисодий инқирозлар бошланди, шундай бўлса-да, яхши кунлар келишидан умидвор бўлиб, институтни аъло баҳоларга битириш, яхши врач бўлиш сари астойдил ҳаракат қилдим. Институтни тугатганимдан кейин бир йил амалиёт босқичини ўтагач ҳақиқий врачга айландим ва Тошкент шаҳридаги поликлиникалардан бирида врач терапевт лавозимида ишлай бошладим. Орадан кўп ўтмай турмушга чиқдим, бирин-кетин 2 нафар фарзандли бўлдим. Фарзанд тарбиясига ажратилган таътилларим ниҳоясига етгач, яна соҳам бўйича севимли ишимга қайтдим.
Шу пайтларда Ўзбекистонда врачларнинг маоши жуда кам эди. Давлат шифокорларга ҳафтасига якшанба кунидан ташқари ҳар кунги 8 соатли иш учун атиги 100 долларга ҳам етмайдиган ойлик маош тўлашарди. Лекин шундай бўлса-да, мен каби касбига фидойи шифокорлар ишлашга мажбур эдик. Ҳолбуки, давлат тўлаётган ойлик маоши деярли ҳеч нарсага етмасди. Эр-хотин биргаликда ҳалол ишлаб рўзғор тебратиш қийин бўлиб қолгандан кейин, Ўзбекистонда иқтисодий инқироз борган сари авж олавергач, меҳнатимизга яраша ҳақ ололмагач, ойлик маошларимиз кам бўлганлиги боис турмуш ўртоғим врач бўлишига қарамай Россияга кетишга мажбур бўлди. Россияда 10 йил ишлаб, молиявий муаммоларимизни ўнглагач Ўзбекистонга қайтиб келишди. Афсуски, бу пайтда Ўзбекистон иқтисодиёти ботқоққа ботиб бўлганди. Буни ўз кўзи билан кўриб, қалбан ҳис қилиб ва фарзандларимизнинг вояга етиб қолганлигини инобатга олиб, турмуш ўртоғим Ўзбекистондан кетишга мажбур бўлди. Чунки юртимизда ҳалол ишлаб фарзандларни ўқитиш, уларнинг контракт пулларини тўлаш амримаҳол эди. Ойлик маошлари билан контракт пуллари ва яшаш тарзи умуман бир-бирига тўғри келмай қолганди. Ойлик маош ҳатто коммунал тўловларга ҳам аранг етарди. Ҳолбуки, энг қолоқ дея эътироф этилаётган Африка давлатларида ҳам шифокорлар биздан 10, 20 баробар кўп ойлик олишади. Врачларни ҳамма давлатларда ҳурмат қилишади, лекин Ўзбекистонда шифокорлар ҳар томонлама ижтимоий ҳимояга эга эмас. Шунинг учун ҳам ўзим билан бирга таҳсил олган кўп курсдошларим ва бошқа ҳамкасбларим чет элларга, ҳатто Африкадаги давлатларга, Яман, Бирлашган Араб амирликлари, Россияга кетиб қолишди ва ҳалигача ўша ерларда врач бўлиб ишлашади. Менинг назаримда Ўзбекистонда деярли малакали врачлар қолмади, ҳисоб ёки бармоқ билан саноқли десаям бўлади. Мен ҳам имкониятдан фойдаланиб, АҚШга келдим. Бу ерга келиб ҳаёт бутунлай бошқача эканлигини кўрдим. АҚШда тиббиёт ходимлари, врачлар ҳар ойда $5000-$10000 ойлик маоши олишади. Ундан кўп маош олувчиларни ҳам хоҳлаганча топиш мумкин. Врачларни молиявий муаммолар қийнамайди. Шунинг учун ҳам улар фақат ўз ишини қилишади, бошқа йўллар орқали пул топишни ўйламайди. Бу эса ўз устида ишлаши, тиббиёт соҳасини янада ривожлантириши учун туртки беради. Врачлар хаёли бошқа жойга бўлинмайди, фақат беморга қаратилади, маоши яхшилигидан пора деган нарса йўқ. Ўзбекистонда врачлар ойлик маошлар камлигидан касаллардан пул олишга мажбур, қўлга тушганларни порахўр деб жиноий жавобгарликка тортишади. Шунинг учун ҳам малакали врачлар қамоқхоналарда қолмоқда. Ҳамма нарса пулга бориб тақаляпти. Агар тиббиёт ходимларига бошқа давлатлар каби яхши маош тўланса, у ҳолда малакали врачлар бошқа давлатларга кетиб қолмайди, пора олмайди. Афсуски, ҳозирги ҳукумат масалани тубдан ҳал қилмасдан, врачлар маошини етарлича оширмасдан авж нуқтага чиққан порахўрликка чек қўйишга интилмоқда. Бу эса нотўғри йўл! Ўзбекистонда хоҳлаган фуқаролар врачларга қўл кўтара олади, уларни истаганча ҳақорат қилади, чунки врачлар қонунан ҳимоя қилинмайди. Ўзбекистонда тиббиёт соҳаси кучли ислоҳотга муҳтож. Агар аҳвол шу кетишда давом этса у ҳолда, Ўзбекистонда малакали врачлар қолмайди ё ишидан ҳайдалади, ёки бошқа давлатларга иш излаб кетади ёхуд қамоққа олинади. Ўзбекистондаги барча давлат ихтиёридаги тиббиёт муассасаларида тиббий хизматлар бепул дейилган, лекин шифокорлар ҳеч қандай дори-дармонлар, керакли нарсалар билан таъминланмаган, шу тариқа врач бемордан дори-дармонларни ўзи олиб келишни талаб қилади. Бу унсур албатта, одамларга ёқмайди ва врачни ҳақорат қилишади. Мен бугунги кунда Америкада тиббиёт соҳасида ишлай олмайман, чунки инглиз тилини мукаммал билмайман. Лекин инглиз тилини ўрганмоқдаман, тилни тўлиқ ўзлаштирганимдан кейин тиббиёт соҳасига ишга қайтиш ниятидаман. Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида мавжуд бўлган ҳар хил кирдикорларга барҳам берилишини, ўзбек шифокорларига эътибор ва ҳурмат кучайишини сидқидилдан хоҳлайман.
Мадина Назарова