Гапнинг очиғи, биз Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов оламдан ўтгунга қадар юртимизда фаолият юритаётган сиёсатчилар, бош вазиру унинг ўринбосарлари, вазирлар ва мавжуд партия раҳбарларини деярли танимас, ҳатто уларнинг исм-шарифларини яхши билмас эдик. Аммо россиялик сиёсатчилар марҳум Борис Немцов, Владимир Жириновский, Геннадий Зюганов, Дмитрий Медведов, Буюк британиялик Тони Блэр, АҚШлик Жон Керри ва бошқа бир неча чет эллик сиёсатчиларни яхши танирдигу, уларни кўриб, нутқларини эшитиб ва фаолиятларини кузатиб: «қани эди, бизда ҳам ана шундай кучли сиёсатчилар, нотиқлар бўлса», деб фақат ва фақат орзу қилардик. Худога шукур, мамлакатимизда гапирадиган нотиқлару сиёсатчилар йўқ эмас, бор экан. Уларнинг борлиги И. Каримов вафотидан кейин аён бўлди. Буни бир ой ичида, деярли ҳар ҳафтада янги номлар кашф этилаётганидан билсак бўлади.
Шахсан мен шу кунларда кашф этилаётган янги номлар тугул 13 йилдан бери Бош вазир бўлиб ишлаб келаётган Шавкат Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли, сиёсий фаолияти-ю амалга ошираётган ишлари ҳақида ҳам ҳеч нарса билмас эдим. Чунки шу пайтгача Бош вазир бўлиб ишлаб келаётган Ш. Мирзиёевнинг нутқларини, баёнотларини ва амалга оширган ишларини на газета саҳифаларида ўқиганман ва на оинаижаҳонда кўрганман. Аниқроғи, Каримов даврида нафақат Бош вазир Ш. Мирзиёевнинг, ундан бошқа бирор бир мансабдор шахснинг ёки ҳукумат аъзосининг ҳам қандайдир баёнот билан чиққанини эслай олмайман. Бугун биз Ш. Мирзиёевнигина эмас, балки унинг Адҳам Икромов, Улуғбек Рўзиқулов деган ўринбосарлари борлигини биляпмиз, Меҳнат вазирининг фамилияси Абдуҳакимов эканини аста-секинлик билан бўлса-да билиб, яқиндан таниб боряпмиз. Уларнинг ҳар хил учрашувларда иштирок этиб, нутқ сўзлаётганидан, баёнотлар билан чиқаётганидан, ҳатто ўзбек матбуоти сарлавҳаларида исм-шарифлари қўйилаётганидан воқиф бўляпмиз. Балки бу — бизнинг шахсга сиғинишдан қутулаётганимиздан далолатдир.
Бугун мамлакатимизда Президент сайлови тарғибот-ташвиқот ишлари жонланди. Мавжуд тўртта партия — «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод Сарвар Отамуротов, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Ҳотамжон Кетмонов, «Адолат» социал-демократик партиясидан номзод Наримон Умаров ва ЎзЛиДеПдан номзод Шавкат Мирзиёевлар жойларда ўзларининг сайловолди дастурлари билан аҳолини яқиндан таништирмоқда, улар билан учрашувлар ўтказмоқда. Тан олиш керак, бу йилги Президент сайлови бўйича кампания (гарчи кимнинг президент бўлиши олдиндан маълум бўлса-да) олдинги сайловларга нисбатан ўзгачароқ тус олгани кузатилмоқда. Буни номзодларнинг ўз баёнотлари билан оммавий ахборот воситаларида кўп чиқишлар қилаётгани, муаммоларни дадил айта олаётгани ва масалани ошкорасига кўндаланг қўяётгани билан изоҳласак ҳам бўлади. Масалан, номзод Шавкат Мирзиёев гарчи ўз нутқларида биринчи президент Ислом Каримов сиёсатини давом эттиришини бот-бот такрорлаётган бўлса-да, Каримов сиёсатига тўла-тўкис ва оғишмай амал қилиш давр талабига жавоб бермаслигини ҳам беихтиёр ошкор қилиб қўйяпди. Шу ўринда унинг сўнгги икки ой ичида гапирган нутқларидан парчалар келтирамиз:
«Халқнинг давлат органларига эмас, давлат органларининг халққа хизмат қилиш пайти келди».
«Муаммоларнинг асосий сабаби — кадрларни танлаш, тарбиялаш ва жой-жойига қўйиш жараёнлари билан бевосита боғлиқ. Янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермайди».
«Аксарият давлат органларининг иш услуби давр талабига жавоб бермайди».
» Бу рақамлар жойларда одамларнинг дарду ташвишлари билан ҳеч бир мутассади раҳбар астойдил шуғулланмаётганини кўрсатади».
«Ўзбекистонда судлар фақат айблов ҳукми чиқариш билан машғул бўлганини тан олмасдан иложи йўқ»…
Бизнингча, Ш. Мирзиёевнинг ушбу эътирофлари билвосита ўзидан олдинги шахснинг давлат бошқаруви ва кадрларни тайинлашдаги муваффақиятсизликларига бориб тақалмоқда…
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзоди қўйилган Хотамжон Кетмоновнинг сайловолди дастури ва баёнотлари ҳам борган сари кишининг диққатини ўзига жалб қилмоқда. У аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини доимий такомиллаштириб бориш зарурлигини қайд қилмоқда. Ҳ. Кетмонов ўзининг очиқлиги билан кундан кунга сайловчилар қалбини ром қилаётир. Қуйида унинг Твиттердаги ўз саҳифасида ёритган баёнотларини келтирамиз:
«Ўзбекистонда сиёсатчиларни ҳеч ким танимайди, бу катта муаммо». «Орамизда ўғриларнинг борлиги бизни ҳайратлантирмайди, аксинча, бизни уларнинг ҳукумат идораларида жавлон ураётгани ва милициялар таъқибига учрамасликлари ҳайратлантиради».
«Ҳақиқий етакчи бу — жиддий, ўз позициясига эга нормал мухолифатни тан олган етакчидир. Ўзбекистон етакчиларининг энг катта нуқсони шундаки, улар буни билишмайди. Мухолифат чет элда бўлмаслиги керак! Мухолифат ҳамиша халқ ичида ва орасида бўлмоғи шарт ва зарур!».
«Мени кўп ҳолларда бизнинг катта муаммоларимиз эмас, балки кичик сиёсий икир-чикирлар қийнайди».
«Миллий тикланиш» партиясидан номзоди илгари сурилган Сарвар Отамуратовнинг дастуридан «миллий тикланишдан миллий юксалишга эришиш ғоясини амалга ошириш, ички сиёсатда иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига, халқимизнинг фаровонлиги ошишига эришиш, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатда миллий манфаатларни ҳимоялаш ва мақсадни илгари суриш, Ўзбекистон халқининг миллий-маданий ва маънавий-ахлоқий қадриятлари, урф-одатларини сақлаш ва бойитиш» чора-тадбирлари ўрин олган. С. Отамуротов, шунингдек, лотин ёзувини жорий этиш соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш, ўсмирларга зарарли энергетикларни сотишни таъқиқлашни ҳам таклиф қилмоқда.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров эса «Инсон — мамлакатнинг асосий бойлиги», «Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони», «Адолат — ҳар бир инсон учун» тамойилларини кенг кўламда жамиятга жорий этиш ниятида. Н. Умаров сиёсий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, демократик қадриятларнинг мустаҳкамланиши ва ривожланиши, жамиятда адолат, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги таъминланиши учун бор кучини сафарбар этишга ваъда бермоқда.
Хуллас, худди олдинги сайловлардагидек бу сафарги сайловда ҳам сайловчилар барибир ҳеч нарсани ҳал қила олмасалар-да сайлов тарғиботи қизғин паллага кирмоқда. Албатта, АҚШдаги президент сайловидагидек номзодлар ўзаро дебатлар уюштириб, халқни оғзига қаратаётгани йўқ. Аммо бу сафарги сайлов арафасида қисман бўлса-да сўз эркинлиги жонлангандек. Матбуотда Бош вазирнинг «Виртуал қабулхонаси»га келиб тушаётган ўн минглаб шикоятлар завқ-шавқ билан ёритилмоқда. Шикоятларга эътибор бериб қаралса, биринчи президентнинг камчиликлари фош этилаётгани кузатилмоқда. Чунки аксарият муаммолар сўнгги икки ой ичида эмас, балки йиллар давомида ўз ечимини топмаганлиги аёнлашмоқда. Энг ачинарлиси, бу каби муаммоларнинг Ш. Мирзиёев давлатда иккинчи одам бўлган пайтида ҳал қилинмаганидадир.
Алқисса, ўзгаришлар элас-элас кузатиляпди. Аммо асосий муаммолар эътибордан четда қоляпди. Сиёсий, диний маҳбуслар, муҳожирлар, мухолифат вакилларига оид масалаларга панжа орқасидан қараш давом этяпди. Чет элларда яшаётган миллатдошларимиз, юртдошларимизнинг Ўзбекистонга қайтишига доир талаблари инобатга олинмаяпди. Юртимиздаги мансабдорлар, зиёлилар камчиликларни рўйи-рост айтишга журъат қилмаган бир чоғда, бундай нуқсонларни баралла тилга олган сиёсий етакчилар, мухолифат фаоллари ҳамон қадрланмаяпди. Кенг оммани тўлғантираётган яна бир масала — конвертация очиқ муаммолигича қоляпди. Ваҳоланки, бу каби муаммолар нафақат энг долзарб, шу билан бирга, энг доғли муаммолар ҳисобланади. Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги таъминланмаяпди. Зеро, сўз эркинлигига эришмай туриб, қудратли ва демократик давлат барпо этиш амримаҳолдир.
Рўзибой Азим